Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Фан ва техника

*Олий таълим ва туризм

Янги факультет — янги имкониятлар

Мамлакатимиз ўзининг бой маданий мероси, бетакрор анъана ва маросимлари, санъат асарлари, осори-атиқалари, кўҳна тарихий обидалари билан дунё¬га маш¬ҳурдир. Шу оламшумул шуҳрати боис юртимизга ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан минглаб сайёҳлар ташриф буюришади. Уларнинг кўпчилиги дунёга шариф шаҳар номи билан донг таратган, мозийнинг ноёб гавҳари ҳисобланган, шунингдек, Исмоил Сомоний мақбараси, Минораи Калон, Арк, Ситораи Моҳи Хосса каби асрларга бўйлашган обидаларни, қадимий миллий архитектура санъати сирларини ўзида жамлаган эртакнамо Бухорони бир бора бўлса-да кўриш, ундан завқ олиш учун келишади.

Шуни инобатга олиб, мустақиллик йилларида Бухоро вилоятининг туризм инфратузилмасини такомиллаштиришга ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони соҳа тараққиёти учун янги имкониятлар очиб бериш билан бир қаторда, амалга ошириш зарур бўлган бир қанча ислоҳотларни ҳам белгилаб берди.

Вилоятимизда туризмни ривожлантиришнинг ҳали фойдаланилмаган катта потенциали мавжуд бўлиб, бу борада унинг -бизнес, конференциялар, маданий-билиш, экологик, чўл, экстремал, тиббий, фольклор-этнографик туризм каби кўплаб турларини таклиф қилиш шарт-шароитлари мавжуд. Ҳудуддаги рекреацион ресурслар туристларни бутун йил мобайнида қабул қилиш имконини беради. Бу имкониятлар туризм секторини малакали кадрлар билан таъминлаб боришни талаб қилади. Зеро, туризм соҳасида инфратузилмани яратиб беришнинг ўзи соҳани ривожлантириш учун етарли эмас. Ушбу соҳада муваффақиятнинг калити, авваламбор, кадрлар, уларнинг билими, малакаси, кўникмалари, қобилияти билан узвий боғлиқдир. Шундан келиб чиқиб, воҳадаги нуфузли олий таълим даргоҳи, 85 йилдан ортиқ тарихга эга Бухоро давлат университети олдига муҳим вазифа — ҳудуд учун зарур малакали кадрларни ўз вақтида етказиб бериш вазифаси қўйилиши, табиий. Ушбу мақсадда яқинда университетда мавжуд бир қатор йўналишлар асосида янги туризм факультети ташкил қилинди. Унда туризмга ихтисослашган таълим йўналишлари билан бир қаторда соҳага яқин бўлган иқтисодиёт, тасвирий ва амалий санъат каби йўналишларда ҳам кадрлар тайёрланмоқда.

Университетимизда туризмга ихтисослашган "Сервис (туризм ва меҳмонхона хўжалиги)" бакалавриат таълим йўналиши дастлаб 2008 йилда очилган эди. 2012 йилда бу таълим йўналишини илк бакалаврлар битириб чиқишди. 2010-2011 ўқув йилидан бошлаб "Меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш", 2013-2014 ўқув йилида "Туризм" ва "Хизматлар соҳаси" бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда "Туроператорлик фаолиятини ташкил этиш", 2014-2015 ўқув йилидан "Туризм" магистратура мутахассисликларига талабалар қабули амалга оширилди.

Айни пайтга келиб, ушбу йўналишларни битириб чиққан талабалар 120 нафарни, магистрлар 8 нафарни, таълим олишда давом этаётганлар эса 336 нафар талаба ва 7 нафар магистрантни ташкил этмоқда.

2020 йилга келиб, олий ўқув юртимиз томонидан соҳага етказиб берилган тайёр кадр¬лар сони 475 нафардан ошиши режалаштирилган. Демак, туризм соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш борасида анча ижобий натижаларга эришилаётганини таъкидлаш мумкин бўлади.

Янги факультетда таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Факультет профессор-ўқитувчиларининг каттагина қисми хориждаги етакчи университетларда малака ошириш ва илмий тадқиқот сафарларида бўлиб қайтишган. Масалан, туризм йўналишида дарс берувчи 11 нафар профессор-ўқитувчи Европа ва Осиё¬нинг кўзга кўринган олий таълим муассасаларида тажриба алмашган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифаларга мос равишда талабаларга 4 та фан инглиз тилида ўтилмоқда. Соҳага оид хориж адабиётларининг базаси яратилган. Факультетда энг сўнгги русумдаги техник жиҳозлар билан таъминланган синф хоналари ташкил қилинган. Электрон доска, видеопроекторлар, овоз бериш тизимларидан дарс жараёнларида самарали фойдаланиб келинмоқда. Талабалар университет ҳузурида очилган марказлар ва курсларда инглиз, француз, немис, корейс, япон тилларини ўрганиш имкониятига эгалар. Корейс ва япон тиллари иккинчи хорижий тил сифатида ўқув режаларига киритилиши мўлжалланган.

Талабаларнинг амалиётини ташкил этишда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудудий бошқармаси билан яқин ҳамкорлик ўрнатилди. Бошқарма томонидан вилоятда фаолият кўрсатаётган меҳмонхоналар ва бошқа туристик корхоналарда амалиётчиларга бўлган эҳтиёж аниқланиб, уни қондириш мақсадида талабалар тегишли субъект¬ларда амалиёт ўтамоқдалар.

Факультетда халқаро алоқалар намунали тарзда йўлга қўйилган. Сантьяго де Компостела университети, Валенсия политехника университети (Испания), Брюссель эркин университети (Бельгия), Рованиеми университети (Финляндия), Салоники технологик таълим университети (Греция), Падуя университети, Пиза университети (Италия) каби кўплаб етакчи олий таълим муассасалари билан илмий тадқиқотлар борасида ҳамкорлик ўрнатилган. Европа Комиссиясининг Темпус ҳамда Эрасмус Мундус дастурлари доирасида ушбу университетларда 2010-2016 йиллар мобайнида 20 нафарга яқин талаба ўқиб қайтди, 10 дан ортиқ тадқиқотчи, 8 нафар профессор-ўқитувчи илмий изланишлар олиб борди. 2016-2017 ўқув йилининг ўзида 8 нафар талаба, 1 нафар магистрант хориж университетларига ўқишга, 5 нафар профессор-ўқитувчи малака ошириш ва илмий тадқиқотлар олиб боришга юборилади.

Иқтидорли талабалардан 6 нафари БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ¬томонидан ташкил қилинган танловларда мунтазам равишда иштирок этиб, ғолиблар сафидан ўрин олиб келишмоқда. 2 нафар талаба туризм йўналишидаги илмий изланишлари учун Навоий номли Давлат стипендияси совриндори бўлди, 1 нафар профессор-ўқитувчи "Ўзбекистон белгиси" давлат нишонига лойиқ кўрилди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтлари билан мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида доимий ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

"Бухоро вилоятида 2013-2016 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш комплекс чора-тадбирлар дас¬тури" доирасида Бухоро туризм коллежига Туркия ва Австриянинг етакчи туризм коллежлари билан ҳамкорлик ўрнатишига ёрдам кўрсатилди.

Университетимизда Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрдаги "2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорида қўйилган¬ ¬вазифаларни бажаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, анъанавий ҳунарманд¬чилик билан боғлиқ билим ва кўникмалар, тасвирий санъат, амалий санъат, қадимий қўлёзмалар борасида илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда, талабаларимиз "Ипак ва зираворлар фестивали"да миллий ҳунармандчилик намуналари билан қатнашмоқда. Шунинг¬дек, фестиваль доирасида ўтказиладиган халқаро конференцияни ташкил этиш ва ўтказишда фаол иштирок этиб келинмоқда.

Мамлакатимизда туризм ва сервис соҳасининг тобора тараққий қилиб бораётганлиги туризм факультети олдига бир қатор долзарб вазифаларни қўймоқда. Бунда илм-фаннинг ишлаб чиқариш соҳаси билан ўзаро манфаатли ва инновацияларга таянадиган самарали алоқаларини йўлга қўйишнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар танланган:

—туризм ва сервис соҳаси эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда малакали, юқори билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлашда давом этиш;

—туризм таълими соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш;

—ҳудуддаги туризм соҳаси вакиллари, олий таълим муассасалари, лицейлар, коллежлар профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари, илмий тадқиқотчилар, мутахассислар ўз ишланмалари, илмий мақолалари ва таклифлари билан иштирок эта оладиган интерактив лойиҳани амалга ошириш ва ҳ.к.

Режалаштирилган асосий ишлардан бири Европа Иттифоқининг Темпус дастури доирасида "Туризмда инновацион тадқиқотлар маркази"ни ташкил қилишдир.

Янги факультетнинг самарали фаолият кўрсатиши мамлакатимиз ва вилоятимизда туризмнинг янги сифат босқичига кўтарилишига замин тайёрлайди.

Абдуқобил ТЎЛАГАНОВ, БухДУ ректори. Аброр ЖЎРАЕВ, туризм факультети декани в.б.

:: орқага № 19, 01.03.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.