Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

*Шоир Тилак Жўра таваллудининг 70 йиллигига

Жўмард ва дилкаш инсон эди

Ўзбекнинг ардоқли шоири, Бухоронинг эрка фарзанди Тилак Жўра ҳақида сўз айтмоққа чоғланганда болаликнинг юрак торларини чертувчи энг тотли хотираларини ёдга оласан, киши. Зотан, бу инсоннинг юриш-туришида ўзига хос лирика, ўзига хос шеърият бор эдики, унинг ҳаёти, феъл-хўйи тўғрисида билганларингни ҳаяжонсиз қоғозга тушириш маҳол.

Тилак ака кўп китоб ўқирди. У киши, айниқса, дунё шеърияти намуналарини севиб мутолаа қиларди. Эсимда, Қоракўлнинг кўҳна Сайёт кентидаги Қуйи Жанафар қишлоғида ҳеч бир тўй биз, болакайларсиз ўтмасди. Шовқин-сурон, ўйин-кулги... Буни яхши билган кексалар оёқ остида ўралашиб, меҳмонларнинг таъбини хира қилишмасин деб, болалар учун тўйдан бир кун олдин алоҳида ош ташкил этишарди. Тўйхонага кираверишда эса катталар бизни кутиб олишар, бу "маърака"га ўзгача файз қўшарди. Жуманазар бобо, Очил ака сингари ёши улуғ кишилар бизни тўхтатиб, шеър айтиб беришимизни талаб қилишарди. Шундай ҳолатларда доимо Тилак ака жонимизга оро кирарди. Устозлар ижодидан, ўз шеърларидан кетма-кет ўқиб бергач, оқсоқоллар унга қўшиб бизни ҳам ичкарига киритиб юборишарди. Бу борада акамиздан кўп марта қарздор бўлганмиз...

Бу инсон билан талабалик давримда Тошкентда кечган дамлар ҳам ёдимда. Унинг уйи талабалар тўпланиб, мушоира-ю суҳбат қиладиган доимий манзилгоҳ эди. Бу ерда Тилак акани йўқлаб келган шоиру ёзувчиларни, илм-фан, санъат намояндаларини кўриш, уларнинг гурунгидан баҳра олиш бизга завқ-шавқ бағишларди. Бундай суҳбатларда Тилак ака очилиб кетарди. Умуман, у қўли очиқ, борини меҳмони олдига тўкадиган одам эди. Аммо хушомаду ғийбатни, майда гапни ёмон кўрарди.

Бир куни Тилак акани бир гуруҳ эски дўстлари йўқлаб келишди. Дарҳол янгамизга кўмаклашиб, дастурхонга уннадик. Ошналар ўзаро сўрашиб, ўтган-кетганни эслаб ўтиришди. Ногоҳ улфатлардан бири даврага етиб келолмаган бир дўсти ҳақида гапираркан, суҳбатни ғий¬батга айлантириб юборди. "Фалончининг бурни кўтарилиб кетган-да, бизни кимсан демайди..." қабилида иддао қилди. Шунда Тилак ака бирдан ўрнидан туриб кетди. "Эй, Кумуш, — деди аёлига важоҳат билан. — Келтирган нарсаларини халтага сол-да, қўлларига бер! Буларнинг ¬кетадиган вақти бўлди. Менинг уйимда ғийбатга ўрин йўқ".

Биз, даврадошлар бир амаллаб у кишини тинчлантирдик. Ҳалиги улфат узр сўраб, тортиниб, қимтиниб ўтирди. Тилак ака эса бундай ноқулай ҳолатни қанчалик тез келтириб чиқарган бўлса, ноўн¬ғайликни ҳам орадан шунча тез кўтарди. Шеър ўқиб, сўзни кулгига улаб, вазиятни юмшатиб юборди.

Бу инсоннинг топқирлиги, қувваи ҳофизаси чўл бағрида ўтган бир мушоира чоғи ҳам яққол кўринганди. Тилак ака шеър ўқишга тушган маҳал ногаҳон бир илон яқинлашиб, шоирнинг шундоққина қаршисида чайқалиб турди. Шунда ҳамма ваҳимага тушди. Тилак Жўра эса унга бамайлихотир қараб, "Эй илон, кўрмаяпсанми, меҳмонлар бор. Мен эсам шеър ўқияпман. Халал бермасанг-чи..." деди. Шундан сўнг ҳалиги махлуқ судралганча буталар орасига кириб кетди.

Умуман, Тилак ака ижодкор сифатида ҳам бир сўзли, жўмард инсон эди. Шу боис унинг асарларидаги ўткир, кескир сўзу мисралар кишини ҳаяжонга солмай қўймайди. У айни шундай фазилатлари сабаб кўплаб ёш истеъдодларнинг чинакам устози, таянчию суянчи бўлганди. Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид, Шукур Қурбон, Ғулом Мирзо каби эл суйган ўнлаб ижодкорларнинг ўзларини Тилак Жўра мактаби давомчилари дея таъкидлаганлари ҳам бежиз эмас. Бу ҳол эса ўз навбатида шу инсонга хос фазилатларнинг умрбоқийлигидан далолатдир.

Шамсиддин ЙЎЛЛИЕВ, Ўзбекистон халқ артисти.

Сулаймон ШОДИЕВ.

Қайга кетди йигит чоғида?

Гуллар териб юрган назм боғида,

Дўстлар ардоғида, юрт қучоғида,

Эркаликлар қилган гоҳи-гоҳида

Шоир қайга кетди йигит чоғида?

Баҳорин авжини, ёрини ташлаб,

Севган фарзандини—норини ташлаб,

Чертиб турган жаранг торини ташлаб,

Шоир қайга кетди йигит чоғида?

Дунё талашмаган, нон талашмаган,

Обрў талашмаган, шон талашмаган,

Умрининг роҳатин шеърга алмашган

Шоир қайга кетди йигит чоғида?

Онажонин севган дунёдан ортиқ,

Тошканддан Сайётга қорасин тортиб,

Онам, дея келган дунёдан ортиб,

Шоир қайга кетди йигит чоғида?

От чоптириб чиқса қайтаман, дерди,

Қолган гапни қирда айтаман, дерди,

Наҳот шеър айтмайди, қайтмайди энди,

Шоир қайга кетди йигит чоғида?

Қайтолмади, унсиз фарёди қолди,

Сочларин тимдалаб Сайёти қолди,

Мунғайган эл-улус, авлоди қолди,

Шоир қайга кетди йигит чоғида?

Сўзга завол йўқдир, шеърга ўлим йўқ,

Жони сўзга фидо эрга ўлим йўқ,

Тилак Жўра деган шерга ўлим йўқ,

Шоир ҳамон яшар йигит чоғида.

Абдунаби ҲАМРО.

Кўнглидай пок бўлар дунё

Қаҳратон чекингай, зулмат чекингай

Баҳор нур қўшиғин айтиб келганда,

Разолат йўқ бўлгай, туҳмат чекингай

Бир кун Тилак Жўра қайтиб келганда.

Илондай инига беркингай риё,

Ашкдай тиниқ сувга тўлади дарё,

Шоирнинг кўнглидай пок бўлар дунё

Бир кун Тилак Жўра қайтиб келганда.

Ўша кун нафратлар барҳам топади,

Одамлар Сайётга томон чопади,

Тангрим ёмонликнинг йўлин ёпади

Бир кун Тилак Жўра қайтиб келганда.

У кун диллардаги яра тузалгай

Одамлар шоирдан улги, кўз олгай,

Шоирлар устоздан қарзга сўз олгай

Бир кун Тилак Жўра қайтиб келганда.

Бўлгай бир беғубор, ғаройиб замон,

Оламда қолмагай битта ҳам ёмон,

Шоирга муносиб бўлгайдир жаҳон

Бир кун Тилак Жўра қайтиб келганда.

Ҳозирча, меҳмонга интиқ мезбондай

Кам-кўстин тузатгай дунё пайдар-пай:

"Тағин хижолатда қолмай, ҳарқалай

Бир кун Тилак Жўра қайтиб келганда."

Ниятлар соф бўлар, диллар пок бўлар

Баҳор гул қўшиғин айтиб келганда,

Ҳасадлар, ғаразлар буткул йўқ бўлар

Бир кун Тилак Жўра қайтиб келганда...

Азалий мавзу ўқувчилар талқинида

Ватанфурушлик ҳамда лоқайдликнинг оқибати ҳалокат эканлиги маълум. Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ижросидаги "Айбдор" номли спектаклда айни шу ҳақиқат гавдалантирилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур асар вилоят ҳокимлиги маданият, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, "Камолот" ЁИҲ ҳудудий кенгашининг ташаббуси билан тайёрланиб, Бухоро давлат мусиқали драма театрида намо¬йиш этилди.

Ёш режиссёр Аброр Ортиқов томонидан саҳналаштирилган ушбу пьесада мол-дунё васвасасида юртидан кечган, чет элларда турли зарарли оқимларга қўшилиб қолганларнинг қилмишлари тасвирланади. Хусусан, Беҳруз Қаҳҳоров талқинидаги жангари Кабул террорчи тўдаларга бош бўлиб, ватандошларини хўрлайди. Уни қабоҳат йўлидан ёшликдаги жўраси, софдил, мард йигит, чин ватанпарвар Азамат (А. Ортиқов) қайтаришга уринса-да, бари зое кетади. Кўзи қонга тўлган Кабул ўша дўстини ҳам, унинг севгилиси Мафтуна (Зарина Низомиддинова)ни ҳам аяб ўтирмайди. Азамат эса алдов йўли билан Яқин Шарқдаги жангарилар қўлига тушиб қолган қизни қутқариб, ўзи мардларча ҳалок бўлади.

— Спектакль давомида менга, айниқса, фарзандлари ёвуз кимсалар чангалига тушган ота-оналарнинг оҳу ноласи қаттиқ таъсир қилди, — дейди Бухоро муҳандислик-технология институти қошидаги 1-академик лицейда таҳсил олаётган Отамурод Бозоров.—Ўйлайманки, тенг¬дошларимиз ижросидаги ушбу асардан ёш томошабинлар ўзлари учун тегишлича хулоса чиқаришди.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири.

*Ижодкор ва давр

Адабиёт — мангу уйғоқ виждон

"Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги Президент фармойиши мамлакатимиз аҳолиси, зиёлилар, олимлар томонидан қизғин маъқуллаб кутиб олинди.

Китоб — маънавият офтоби. Шундай экан, унга муносабат шу жўшқин давримиз талабларига мос ва хос бўлиши лозим. Мухбиримиз Абдужалил Халиловнинг журналист, ёзувчи ва таржимон Жўра ФОЗИЛ билан суҳбати бугунги кунда адабиёт ва китобнинг жамиятда тутган ўрни, ёзувчи шахси ва унинг масъулияти хусусида бўлди.

— Шоир ва ёзувчиларга ил¬ҳом бағишловчи баҳорнинг сўнгги кунларида Сиз билан учрашганимиздан хурсандмиз. Шу фараҳбахш дамларда адабиёт, сўз санъати ва умуман, ижодкор сўзининг кишилик жамиятидаги ўрни ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик.

—Бу жуда кенг қамровли савол. Муқаддас китобларнинг бирида аввал Cўз пайдо бўлган эди, Cўз Худо эди ва Cўз Худонинг қўлида эди, дейилади. Менимча, Cўз қадр-қиммати ҳақида бундан ошириб айтиш қи¬йин. Ўз навбатида, адабиёт улкан Cўз стихиясидир. Адабиёт на сар¬ҳадлар, на жўғрофий кенг¬ликлар ва на миллатни тан олади. Адабиёт — буюк умуминсоний қадрият, унда катта бирлаштирувчи куч бор. Бу ўринда буюк бобокалонимиз Алишер Навоий асарларига мурожаат қилган киши улкан сўз санъаткорининг ўлмас ижодида кенг маънодаги инсоний муҳаббат, инсонпарварлик ғоялари нақадар баланд пардаларда янграганининг гувоҳи бў¬¬лади.

Адабиёт — Cўз салтанати. Унинг ўз шоҳ-султонлари, ўз қонуниятлари бор ва у ҳеч қандай зўракилик, қалбакилик, ёхуд тазйиқни тан олмайди.

Адабиёт — миллатнинг борлиғи, унинг кўзгуси. Ер юзида ўз адабиёти бўлмаган миллат йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Зеро, адабиёт инсонга доим унинг инсонлигини, башарият олдидаги бурчини эслатиб туради. Бир сўз билан айтганда, адабиёт — мангу уйғоқ виждондир. Навоий, Бобур, Яссавий, Машраб, Муқимий, Фурқат, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир ва бош¬қа кўплаб сўз санъаткорлари асарлари ана шу виждон уйғоқлиги намуналаридир.

Ижодкор сўзи ҳамма замонларда, барча жамиятларда катта ижтимоий-сиёсий кучга эга бўлган. Албатта, бунда ижодкор шахсига ва унинг сўзи қайси мақсадларга хизмат қилишига алоҳида эътибор бериш керак. Айтмоқчиманки, ҳақиқий сўз санъаткори олға сурган фикрлар халққа, унинг келажагига хизмат қилиши лозим.

Шу кеча-кундузда адабиёт вакилларининг сўзи ҳар қачонгидан кўпроқ аҳамият касб этади. Чунки, ҳақиқий адабиёт — бу энг аввало ўзликни анг¬лаш демакдир. Ўзбе¬кис¬тоннинг порлоқ келажаги учун курашаётган авлод энг аввало ўзлигини, Ватанининг бой тарихини, маданияти ва адабиётини чуқур англаб етиши керак. Бунда унга адабиёт, адабиёт намояндалари кўмаклашишлари лозим. Яна Ҳазрат Навоийга мурожаат этсак, у кишида шундай ажойиб мисралар бор:

Эл нетиб топгай мениким,

Мен ўзимни топмасам.

Улкан француз адиби Антуан де Cент-Экзюпери севгилисига ёзган бир мактубида шундай дейди:

"... Бизни ажратиб турган бу—биргина масофа эмас, йўқ, бу қандайдир бошқа нарса. Бу шундайин бир бўшлиқки, у минг йиллардан иборат. Инсон бошқа бировнинг ҳаётидан шунчалар йироқки..."

Ҳа, биз баъзан бир-биримиздан жуда йироқлашамиз, бу узоқлик минг йилликлар билан ўлчанади. Инсонни бир-бирига яқинлаштирадиган улкан куч эса — адабиётдир. Cўз санъати — инсонийлик фани, таълимоти.

— Айтингчи, ҳаётни қайтадан бошлашга тўғри келса, яна ёзувчиликни танлаган бўлармидингиз?

— Агар гап касб танлаш ҳақида кетаётган бўлса, ҳеч шубҳасиз, яна журналистикани танлаган бўлардим. Лекин ёзувчилик касб эмас, қисматдир, қисматни эса танламайдилар. Қисмат илоҳий, қисмат Аллоҳ иродаси ва биз билмаган кўп нарсаларга боғлиқ. Қисматнинг ўзи инсонларни танласа, ажабмас.

Ёзувчилик қисмат бўлиши билан бирга турмуш, яшаш тарзи ҳамдир. Одатда ёзувчининг ҳаётдаги жамики воқеа-ҳодисаларни баҳолашда ўз фикри, нуқтаи назари бўлади. Бу деган сўз кўпчилик ҳолларда ҳамма қабул қилган фикрларни инкор этишга тўғри келади. Ёзувчиликнинг оғир қисматлиги ҳам шундан бўлса керак ва ҳаётни неча марта янгидан бошлашга тўғри келса ҳам, мен албатта, фақатгина шу турмушни танлаган бўлардим. Бу ўринда буюк испан шоири Федерико Гарсиа Лорканинг сўзларини келтирмоқчиман: "Энг ғамгин қувонч — шоир бўлиш қувончидир, бошқаси ҳисоб эмас, ҳатто ўлим ҳам!.." Ёинки унинг яна бундай сўзлари бор: "Ижодкор — бу шундайин бир дарахтки, унинг мевалари ғамдан иборатдир..." Лекин ўқувчи бу ғамни тор маънода тушунмаслиги керак. Ижод маҳсули қанчалик ғамга йўғрилган бўлмасин, бу ғам ойдин ғам, ойдин андуҳдир. У ўқувчини яхшилик сари етаклайди, эзгу ишларга ундайди.

Ёзувчиликнинг мен учун мафтункор кучи шундаки, ижод ёзувчининг ўзидан бўлак ҳеч кимнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ эмас. Бунда жуда катта эркинлик, демократик куч бор.

— Бадиий асар ижод жараёнида яратилади. Бу жараён эса жуда мураккаб. Уни ҳар бир ёзувчи ҳар хил изоҳлайди. Cиз-нинг тал¬қинингизда ижод нима дегани?

— Ижод этиш — яратиш, яратувчилик дегани. Агар таъбир жоиз бўлса, ижодни муҳаббатга қиёслагим келади. Муҳаббатни изоҳлаб бўлмаганидек, ижодни ҳам изоҳлаш мушкул. Ижод жараёни менинг назаримда, энг аввало жуда фаол ҳаётий позиция, чунки лоқайд одам ҳеч қачон ижодкор бўла олмайди.

Ижод — воқеликка қарши исён, икир-чикирлардан юксакликка кўтарилиш демак. Ижод ўзига хос дунё.

Кўп йиллик кузатишларимга қараганда, ёзувчи шартли равишда бир йўла уч дунёда умргузаронлик қилади. Уч дунё деганим, бу албатта рамзий маънода.

Биринчи дунё ҳаммамиз билган ўша кўҳна дунё, у ҳаммамиз учун, жумладан, ёзувчи учун ҳам.

Иккинчи дунё—ёзувчи ёзган асарлар дунёси. Бу дунё ҳам ҳамма учун.

Учинчи дунё ёзувчининг, ижодкорнинг ўз дунёси. Бу дунёга ҳеч ким, ҳатто энг яқин кишилар ҳам ҳеч қачон киролмайдилар. Ёзувчининг бахти ҳам, шўри ҳам, ижодкор шахси мураккаблиги ҳам шундадир. Ва кўплаб ижод аҳли ҳаёти фожелигига шу дунё сабабчи бўлса керак, деб ўйлайман.

Ижод мураккаб ва айни пайтда илоҳий жараёнки, у сизни турмушнинг барча икир-чикирларидан юқори кўтаради, маънавий жиҳатдан бойитади. Ижод жараёнида кўп нарсани ўрганишингизга тўғри келади.

1995 йилда "Бухорийнинг қайтиб келиши" тарихий қиссалар туркумини ёза бошлаганимдан сўнг, тез орада маълум бўлдики, Бухоро тарихини ҳали кўп ўрганишим керак экан. Асарни вақтинча қўйиб туриб, Бухоро, Мовароуннаҳр, Хуросон, умуман, Марказий Осиё ва динлар тарихини қайтадан ўрганишга тўғри келди. Шу билан бир қаторда Бухорода ¬ҳукмронлик қилган хон ва амирлар, Бухоро билан боғлиқ мамлакатлар — Россия, Рум, Ҳиндистон, Хитой тарихига мурожаат қилдим. Туркий миллатларнинг келиб чиқиши тарихини ўргандим. Фақат шундан кейингина 1997 йилда асарни ёзиб тугалладим. Қиссадан ҳисса шуки, асарнинг ёзилиш жараёнида мен ўзим билмаган кўп нарсаларни ўргандим.

— Адабиёт ўрганадиган объект — Инсон. Адабиёт инсон қалбини, онгини тадқиқ этади. Дунёда энг зиддиятли, мураккаб мавжудот ҳисобланмиш Инсон қалби кенгликлари ҳақида Сиз ҳам ёзувчи сифатида кўп ўйласангиз керак? Шу ҳақда икки оғиз сўз айтсангиз...

— Инсон қалби кенгликларини тад¬қиқ қилиш — адабиётнинг азалий мавзуларидан бири ва табиийки мен ҳам бу ҳақда кўп ўйлайман. Инсон қалбини ўзим билмаган дунё дегим келади. Чунки унинг яхшилик сари имкониятлари ҳам, ёмонлик сари имкониятлари ҳам чексиздир. Мен инсон қалбини тўлиғинча, бус-бутун англаб етган одам борлигига ишонмайман.

Ҳад-ҳисобсиз бойлиги бўлган, бутун олам сарвари шоҳ Cулаймон шундай деган экан: "Дунёда кўзим кўрган, нигоҳим тушган барча неъматдан баҳраманд бўлдим, жаҳоннинг энг мағрур ва энг сулув гўзаллари менга таъзимда бўлдилар. Ва лекин мен бургутнинг осмондаги, илоннинг қоядаги, кеманинг денгиздаги изини кўролмадим. Яна бир нарсага ақлим етмайди: эркак аёл қалбига қай йўл билан кириб боради..." Шунга ¬қў¬шимча ўлароқ, оддий бир инсон бош¬қа инсон қалбига қай тахлит йўл топиши мумкинлигини ҳамон яхши идрок этолмайман. Шундоқ бўл¬маганида, севишганлар нега бир зумда қаттол душманларга айланиши-ю, қалин дўстлар, ҳатто ака-укалар нега юз кўрмас бўлиб кетишларини изоҳлаб берган бўлар эдим. Ҳар бир инсоннинг бошқа инсон қалби сари йўли мураккаб, зиддиятли, ранг-баранг ва кўп ҳолатларда тушуниксиз, мантиққа зид йўл.

Яна доноларга мурожаат этадиган бўлсак, улар шундай дейишади: "Агар сен бировни тушунолмасанг, аввало ўзингни, ўзлигингни англа, шунда бош¬қалар қалбига йўл очилади..."

Инсон қалбини биз билмаган дунё дедим. Ёзувчи бир умр шу ўзи билмаган дунёни билишга интилади. Ҳа, фақат интилади, тўлиғинча, мутлақ билолмасада, билишга интилади ва ана шу қийин жараён ижод демакдир.

(Давоми бор).

:: орқага № 43, 27.05.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.