Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

Канотли аргумоклар

196... йил арафасида ярим қулоч қалинликда қор ёққан эди. 3-синфда ўқирдим. "Арча байрами"ни ва Қорбобони орзиқиб кутардим. Ўшанда мен эртаклар оламида яшардим. Хаёлимдаги Қорбобо оқ от минган, унинг ёнида афсонавий Шаҳзода бўз отини гижинглатиб турар, ҳар икки арғумоқ қанотли эди.

Уларнинг совғаларини қабул қилиб олиб, миннатдорчилик билдирганимдан сўнг, Шаҳзода мени отига мингаштирар, биз Қорбобо ҳамроҳлигида осмону фалакка парвоз этиб, туни билан болаларга сов¬ға улашардик.

Болалик экан-да, мен ўз хаёлимга, ўзим тўқиган эртакларга чиппа-чин ишонардим. Аслида совғаларни мактабда Қорбобо ролини ўйнайдиган отам ва институтда ўқийдиган акам олиб келишарди.

Отамнинг Қорбобо эканликларига бутун мактаб ишонарди-ю, биргина мен ишонмасдим. Чунки бошланғич синф ўқитувчиси бўлган отам Қорбобонинг оппоқ соқол-мўйловини ҳам, унинг сов¬ға-салом тўла тўрва-халтасини ҳам уйда тайёрлардилар. Табиийки, бу менинг назаримдан четда қолмас, у кишининг Қорбобо эканликларига сира ишонмасдим. Шу боис қанотли от минган Қорбобо ва афсонавий Шаҳзода ҳақида эртак тўқиб, синфдошларимга айтиб берардим. Улар ҳам бунга ишона қолишар, Янги йил биз учун ғоят қадрли, қувноқ байрам эди.

Арча байрамига бир кун қолганида отам одатдагидек Қорбобо бўлишга ҳозирлана бошладилар. Мен эса зўр бериб қанотли отлар, Қорбобо, Шаҳзода ҳақида янги эртак тўқишга киришдим. Лекин негадир бу галги эртагим жуда ғамгин, дийдаларим олдида туриб қолган ар¬ғумоқлар қанотсиз, Қорбобо ва Шаҳзода эса тунд эди. Бунинг сабабини ҳеч тушуниб етолмадим.

Ниҳоят, отам эртанги байрам учун ҳамма нарсани тахт қилиб бўлгач, учаламиз сандал атрофида овқатланиб, чой ича бошладик.

Отам хаёлимдаги ўша Қорбобога ўхшаб, ҳорғин, маъюс эдилар. Пиёладаги чойга бир муддат тикилиб тургач, онамга юзландилар:

— Онаси, Яҳёжоннинг (акам) эски бошмоқлари қаерда?

— Қаерда бўларди, қазноқда чанг босиб ётибди.

— Шулардан кийса бўладиган бир жуфтини топиб берсанг...

— Эски бошмоқларни нима қиласиз? Мана, кенжангизнинг сал бўйи чўзилиб қолса, кияр, деб асраб қўйибман.

— Гапни кўпайтирма, хотин. Айт¬ганни қил!

Онам таажжубландилар-у, лекин отамга гап қайтариб ўрганмаганларидан, дар¬ҳол ҳовлига чиқиб кетдилар.

Орадан кўп ўтмай, нимдошгина бўлса-да, қўнжи баланд бир жуфт бошмоқни олиб келдилар.

— Мана бу бошқа гап!—дедилар отам пойабзалнинг у ёқ-бу ёғини айлантириб кўргач,—буни қорда ҳам, ёмғирда ҳам кийса бўлаверади. Ҳозир мойлаб, яп-янгидай қилиб қўяман!

Ўз навбатида энди мен ҳам ҳайрон бўлдим.

— Ота, менга бунинг кераги йўқ! Ботинкамни ҳали кийса бўлаверади.

Онам ҳам отамга савол назари билан қа¬раб турардилар.

— Бу сенга эмас, ўғлим,—дедилар отам "уф" тортиб,—буни Бўрон бор-ку, менинг синфимда ўқийдиган, ўшанга элтиб берасан. Қор ёққанидан бери уч кундирки, мактабга келолмайди, оёқ кийими йўқ экан. У отасиз ўсаёт¬ганини биласизлар-ку... Отамнинг овозлари титраб кетди. Онам ҳам маъюс тортиб қолдилар. Менинг эса жуда-жуда йиғлагим келди. Ва нега бугунги эртагим маҳзун эканлигини тушуниб етгандай бўлдим.

Отам эски бошмоқларни ҳа¬қиқатан ҳам янгидай қилиб мойладилар. Мен эрта тонгда уни қишлоқ чеккасида ёлғиз онаси билан яшовчи Бўронга элтиб бердим.

У пойабзалнинг у ёқ-бу ёғини айлантириб кўрди, сўнгра кўксига босди.

— Ур-р-е! Яшасин! Мен бугун мактабга бораман! Арча байрамига бораман!..—боланинг ич-ичига ботган мунгли кўзларида ёш мавжланди.

Ўша кунги Янги йил байрами жуда қизиқарли ўтди. Бўрон ҳамма болаларга қўшилиб, арча атрофини айланар экан, онда-сонда ўзининг ярқираб турган оёқ кийимига бирров назар ташлаб қўярди.

Шу куни мен ҳам жуда яйрадим. Энди негадир отам ҳақиқий Қорбобо эканликларига ишонгим келди...

* * *

Мен ҳамон эртаклар оламида яшайман. Бу эртакларимни невараларимга айтиб бераман. Улар диққат билан тинглашади, жон-жон деб ишонишади.

Энг кенжа неварам — икки яшар Алишербек арча ўйинчоқларига талпиниб, қийқириб кулади, қўлларини баланд кўтаради. У ҳам оқ арғумоқда осмону фалакка парвоз этаётган бўлса, не ажаб?

:: орқага № 1, 01.01.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.