Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

Тегина Бегим Моҳ таваллудининг 700 йиллигига

Соҳибқирон волидаси ҳақида рисола

Филология фанлари номзоди Муҳиба Саййид Ҳасан қизи ¬Марказий Осиёда яшаб ўтган аёл тарихий шахслар ҳақида ёзган "Валий воли¬далар" китобини 1999 йилда "Ёзувчи" наш¬риётида чоп ¬эттирган эди. Шунингдек, у туркиялик олима, ¬профессор Баҳрия Учоқнинг "Мусулмон мамлакатларининг ҳукмдор аёллари" асарини рус тилидан ўзбекчага ўгириб, китобхонлар эътиборига ҳа¬вола қилган.

Айни чоғда республика "Оила" илмий-амалий марказида катта мутахассис бўлиб ишлаётган ижодкор шу йўналишдаги изланишларини давом эттириб, мазкур марказ, шунингдек, республика ¬Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тавсиясига асосан "Соҳибқирон волидаси — Тегина Бегим Моҳ" илмий-тарихий бадиасини нашр қилдирди. Мазкур рисолани Муҳиба Саййид Ҳасан қизи муаррих Салоҳиддин Тошкандийнинг "Темурнома", Шарафуддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асарлари ва бошқа тарихий манбаларга асосланиб ёзган.

Маълумки, Соҳибқирон Амир Темур тўғрисида кўплаб тарихий, ҳужжатли ва бадиий китоб¬лар яратилган. Бироқ уни дунёга келтирган волидаи муҳтарамаси ҳақида жуда кам ёзилган. Рисола муаллифи қадимги манбалардаги битиклар, халқ ичида кенг тарқалган ривоятлардан фойдаланган ҳолда ушбу илмий-оммабоп китобчани ўқувчиларга ҳадя этган.

Тегина Бегим Моҳ 1318 йилда Бухоройи шарифнинг Арки олий атрофидаги гузарларидан бирида Садр аш-шариъя — Шариат улуғи деган номга сазовор бўлган уламолар пешвоси Убайдуллоҳ ал-Бухорий оиласида дунёга келади ҳамда оқила, тақводор қиз бўлиб вояга етади. Балоғат ёшига етганида унинг жамоли, гўзал хулқи ва одобу ҳаёсининг овозаси етти иқлимга кетади. Турли юртлардан келган совчилар бу муборак хонадон зулфини тинмай қоқишарди. Ниҳоят, 1334 йилда Тегина Бегим Моҳ 16 ёшида Кеш амири Муҳаммад Тарағайга узатилиши маълум бўлди. Бу никоҳ моҳияти Яратганнинг иродаси бўлса ҳам, Тарағай Баҳодир тўй кунигача кўп қийинчиликларга дуч келади ва уларни мардонавор енгади. Шайх ул-олам мақомидаги Сайфиддин Бохарзийнинг оқ фотиҳасини олган Тарағай Баҳодир жуфти ҳалоли билан Шаҳрисабзга жўнайди. Ўшанда Тегина Бегимнинг бўйида олти ойлик ҳомиласи бор эди.

Рисоладаги кейинги талқинлар халқ ривоятларига асосланади. Бинобарин, бўлажак она ҳали уни катта ҳаёт синовлари, дарду аламлари кутаётганини билмасди. Бухоро ҳукмдори Боёнқулихон Тарағай Баҳодирни Қошғарни душмандан озод этишга юборганида, у Тегина Бегим Моҳни катта хотини — Қозағон подшонинг қизи Йўқин хонимга топшириб, жангга жўнайди. Аммо Йўқин кундошининг бўлажак Соҳибқиронни дунёга келтиришини тушида кўриб, унинг ҳаётига суиқасд уюштиради. У қул хизматкори Мойдунга иккиқат Тегина Бегим Моҳни ўлдиришни буюради. Қотил ҳамласидан қутилиш учун келинчак ўзини қудуққа ташлайди. Кейинчалик уни қудуқдан олиб чиққан чўпон ҳам ёвуз ниятда аёлга ташланади. Воқеа жойига етиб келган Амир Чоку бўлажак волидани ўз паноҳига олади. Ана шу тариқа Кеш вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида Тегина Бегим Моҳнинг кўзи ёради ҳамда у Йўқин хонимнинг ҳийлаю найранглари ва туҳматлари сабабли севган ёри Тарағай Баҳодирдан 12 йилга айрилиб, якка ўзи фарзанди Темурбекни шижоатли, мард ва қўрқмас баҳодир ўғлон қилиб тарбиялайди.

Амир Темур 1353 йилда онасидан жудо бўлди. Ўшанда Тегина Бегим Моҳ 35 ёшли аёл эди. Соҳибқирон Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳрида онасининг хотирасига атаб машҳур Оқсаройни бунёд этди.

Рисоланинг кейинги саҳифаларида китобхон Амир Темурнинг Бухоро ҳукмдори Боёнқу¬лихон қизи Сароймулкхонимга уйланиши билан боғлиқ воқеалардан, унинг яна бир аёли Ўлжой Туркон хотин тақдири ҳамда Соҳибқироннинг марказлашган давлат барпо этиш йўлидаги кураши, бунёдкорлик фаолияти, илм, санъат ва адабиёт аҳлига кўрсатган ғамхўрликлари хусусидаги тарихий далиллардан хабардор бўлади. Аммо зукко ўқувчи бадианинг айрим бобларида рисола муаллифи асарни ўқишли қилиш мақсадида ўз қаҳрамонлари ҳаёти, юз берган воқеалар тасвирида тарих ҳақиқати билан ривоятлар, саргузашт қисса унсурларини қўшиб юборганини ҳам сезади.

Бироқ шунга қарамай, Муҳиба Саййид Ҳасан қизининг қи¬зиқарли бу рисоласини Соҳибқирон волидаси Тегина Бегим Моҳ таваллудининг муборак 700 йиллигига муносиб туҳфа, де¬йиш мумкин.

Абдужалил ХАЛИЛОВ

:: орқага № 14, 14.02.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.