Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

* Истеъдодлар ўлкаси

Боқий санъат зиёси

Мусаввир мўйқалами ила яратилган асарга боқаркансиз, турфа хил манзаралар, ранг ва шакллар жилоси ўзига оҳанрабодек тортади. Уларда мусаввирнинг истеъдоди нурли ва сержило рангларда қаршингизда бутун нафосати билан намоён бўлади. Ҳар бир тасвир, ҳар бир манзарадан ўзига хос маъно ўқийсиз.

Бухоронинг эски шаҳар қисмида жойлашган ҳунармандлар масканида бўлиб, ёш мусаввир Бекзод Қобиловнинг ижодий ишларини кузатар эканмиз, ана шундай ҳислар гирдобида қолдик.

— Бухоронинг гўзал табиати, қадимий шаҳарнинг бетакрор жамоли, айниқса, эрта тонгдаги осудалик менга ҳузур ва илҳом бағишлайди, бундай лаҳзаларни ҳеч нарсага алишмайман, — дейди у.— Биласизми, шу сонияларда бетакрор илҳом ҳароратини ҳис қиламан. Бу ҳарорат қўлимга мўйқалам тутқазиб, ижод оламининг сирли ўлкаларига етаклайди. Болалигимдан ранглар олами мени ўзига ром этган. Ўшандаёқ тасвирий санъатга ихлосмандлик таъсиридами, ёлғиз қолиб сурат чизиб ўтирардим.

Улғайганим сари бу санъатга бўлган қизиқишим ортаверди. Аввалига табиат манзаралари, яқинларимнинг портретини шунчаки чизиб қўйган бўлсам, кейинчалик миниатюра санъатининг қийин жанрларига ҳам қўлим келиша бошлади. 2002 йилда Бухоро шаҳридаги 14-умумтаълим мактабини тугатиб, Қурилиш ва миллий ҳунармандчилик коллежининг рассомлик йўналишига ўқишга кирдим. Ижодий ишларимни устозим,яъни амаким Бобир Қобиловга кўрсатиб, у кишидан маслаҳатлар олардим.

2007 йилда Бухоро давлат университетининг бадиий графика факультетига ўқишга кирдим. Таҳсил давомида ҳақиқий ижод олами мени ўзига ром айлади. У ерда тасвирий санъатнинг сир-асрорларини ўрганиш баробарида маҳорат сабоқларини олдим. Қадимда яшаб ўтган мўйқалам соҳиблари, мусаввирларнинг асарлари билан яқиндан танишдим. Ўрта асрларда яшаган бобокалонимиз Камолиддин Беҳзод ижоди мени ўзига ром этарди. Асарларимнинг асосий мавзуси эса ягона — Буюк ипак йўли. Тўрт йиллик таҳсил давомида фақатгина тасвирлаш эмас, чизган суратларимда сўз ва тасвир орасидаги уй¬ғунликни топа олиш маҳоратини эгалладим. Рангларни сўзлатиш сабоқларини ўзлаштирдим. Ўз асарларим орқали буюк мутафаккирларимиз Алишер Навоий, ¬Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдураҳмон Жомий каби алломалар асарлари бош қаҳрамонларини суратларда гавдалантиришга ҳаракат қиламан. Ижодий ишларимни кузатганларнинг юзидаги ҳайрат ва қизиқишни кўриб, қувониб кетаман.

2013 йилда БухДУни тамомлаб, мустақил равишда ижод қила бошладим. Хорижликларнинг менинг асарларимга қизиқиш билан қарашларини кўриб, Ўзбекистоннинг тарихий гўшасида ўзга юрт аҳлига ўз истеъдодимни намойиш этиш орқали юртимиз ёшлари салоҳиятини кўрсатиш имкониятига эгаман.

Бекзод ўз устида тинимсиз ишлай бошлади. Аввалига Бухоро, кейинчалик Тошкент ва хорижий давлатларда ташкил этилган кўргазмаларда маҳоратини чархлади. Ёш иқтидорларнинг "Юрт келажаги" танлови, "Ипак ва ¬зираворлар" фестивали, турли хорижий ҳунармандлар кўргазмаларида қатнашиб, эътирофга сазовор бўлди. Асарлари АҚШ, Австралия, Канада, Хитой, Япония каби дунё мамлакатлари коллекцияларидан ўрин олди.

Оққан дарё оқаверади, дейди доно халқимиз. Биз оқиб турган дарёмиз. Буюк алломаларимиз дунё цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшганлар. Бу анъана ёшларимиз томонидан муносиб давом эттирилмоқда. Бекзод Қобиловдек истеъдодларимиз муваффақияти бунга ёрқин далилдир.

Шаҳло БАҚОЕВА, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 14, 14.02.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.