Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

* Бугуннинг гапи

Китоб қачон ўқилади?

Мамлакатимизда маънавият ва маърифат ишига давлат сиёсати даражасида қаратилаётган эътибор аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, чекка қишлоқ ва овулларда ўқувчиларга кенг қулайлик яратишга хизмат қилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тар¬қатиш тизимини ривожлантириш,китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғи¬бот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши ҳамда 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-¬тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори муҳим дас¬туриламал бўл¬моқда.

Баъзан бугуннинг болалари китоб ўқимай қўйди, дея оғринамиз. Лекин унутмаслигимиз керакки, ҳар қандай тараққиёт даврида ҳам барибир китобга юкинамиз, қадимий ўзанларига қайтган дарёлар каби барибир унга қайтамиз. Ўз-ўзидан савол туғилади. Ахборот-кутубхона ва ахборот ресурс марказлари бугунги кун талабига жавоб бера оладими? Уларнинг адабиётлар, жумладан, бадиий асарлар билан таъминланиш даражаси қай аҳволда? Китобхонларни кутубхонага жалб қилиш мақсадида қандай имкониятлар ва қулайликлар яратилган? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида вилоят ахборот-ресурс маркази раҳбари Насиба Аминовага мурожаат қилдик.

— Марказ айни пайтда 12 та туман (шаҳар) ахборот-ресурс марказларига, 523 та мактаб, 14 та ¬Баркамол авлод болалар маркази, 4 та махсус мактаб ва мактаб-интернатлари ва 1 та Меҳрибонлик уйи кутубхоналарига методик раҳбарлик қилади. Марказимизнинг кутубхона фондида 89 906 нусха босма адабиёт, 12 300 та электрон ресурс мавжуд. Улардан 244 таси электрон даврий нашр, 3480 таси реферат ва ижодий ишлар, 150 таси мультфильм ва кинофильмлар, 172 таси кутубхоначиликка доир методик қўлланмалар, 4591 таси электрон китоб ва дарсликлар, 1385 таси фан соҳалари бўйича ахборотлар, 2278 таси расм ва видео кўринишидаги материаллардир.

Шунингдек, 2017 йилда 64 миллион сўмлик 5483 нусхада янги адабиётлар харид қилинди. 7 миллион сўмлик 24 номдаги газета ва журналларга обуна ишлари ташкил қи¬линди. Бугунги кунгача 4710 нафар фойдаланувчига 49 584 та китоб ¬берилди. Бу эса китобхонларнинг бир ойда камида 10 маротаба ахборот-ресурс маркази фаолиятидан фойдаланганлигини англатади. Муассасамизда мактабгача таълим ёшидаги болажонлар ва 1-9-синф ўқувчилари ва аҳоли учун медиа зал ташкил этилган бўлиб, режа асосида мультфильм¬лар, миллий кинолар намойиш этилади. Фойдаланувчиларнинг медиа-саводхонлигини ошириш, фикрлаш қобилиятини ўстириш, ижодкорлигини шакллантириш мақсадида савол-жавоблар, овозли ўқишлар, уста-синфлар, расмли, ҳаракатли ўйинлар ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, марказимизда "Китоб, менинг дўстимсан" шиори остидаги адабий-маърифий кечалар, "Ажойиботлар майдони", "Нима? Қаерда? Қачон?" сингари китобхонликка оид турли ўйин ва танловлар, шоу-дастурлар, викториналар, "Оммавий китобхонлик" ҳафталиклари мунтазам ташкил этилмоқда.

Марказда умумтаълим мактаб¬лари кутубхоналаридан ташқари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Бухоро шаҳридаги Меҳрибонлик уйи ва қатор маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда мактабгача таълим муассасалари билан қўшма режалар ¬тузилиб, мунтазам равишда ҳамкорлик йўлга қўйилди. Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида уларни марказдаги компьютерлардан, интернет, тармоқларидан фойдаланиши йўлга қўйилган. Бунда ўқувчилар ўзлари учун зарур билимлар, фактлар, ахборотни ушбу тармоқ орқали мустақил топа олиш имконига эга.

Ҳар куни фойдаланувчиларни китобга қизиқтириш, уларнинг китоб танлашларига кўмаклашиш мақсадида буктрейлерлардан фойдаланяпмиз. Буктрейлер — шоир ва ёзувчилар ижоди, муҳим ва унутилмас саналарга доир, янги адабиётлар ёки ахборот кутубхона муассасасини реклама қилиш, ёшларни китоб ўқишга жалб қилиш ҳамда ахборот-кутубхона фондини тарғиб этиш учун яратилади. Бу каби замонавий усуллар кутубхоначилар ва фойдаланувчилар фаоллигини оширмоқда.

Ҳадиси шарифда илм-маърифатга таъриф берилар экан, "Илм саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бах¬тиёр дақиқаларда раҳбар, қайғу¬ли дамларда мададкор, одамлар ¬ора¬сида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир", дея ¬марҳамат қилинади. Қатор қулай¬ликларга эга зиё масканларига фарзандларимизнинг қизиқишини ошириш, уларни китоб¬дек улуғвор неъматдан баҳраманд қилиш вақти аллақачон етди. Биз, катталардан талаб қилинадиган ягона иш эса — бу масалада фарзандларимизга ибрат бўла олиш, уларни китобга ошно қилишдир.

Наргиза ҚУВОНЧЕВА, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 14, 14.02.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.