Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

* Бугун — Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун

Бунёдкор шоҳ ва шоир жасорати

Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеърий мероси ҳамда муаззам "Бобурнома"даги лавҳаларни синчиклаб ўрганиш асносида улуғ ҳукм¬дор ва салоҳиятли шоирнинг бутун умр кўнгил софлигига айрича аҳамият берганлиги, қалб амрига бўйсунгани боис ёмонликлардан ўзини тийиб, чиркинликлардан мосуво қалб соҳиби сифатида доимо яратувчанлик иштиёқи билан яшагани яққол намоён бўлади. Умрини асосан жангу жадалларда ўтказишга мажбур бўлган буюк шоҳ ва шоир учун бундай юксак инсоний фазилатларни сақлаб қолиш осон кечмаган, албатта.

Бобур Мирзонинг қисқа ҳаёти давомида оби ҳаёт деб излагани сароб бўлиб чиққан дамлар жуда кўп бўлган. Тақдирнинг бу каби қалтис "ҳазил"лари олдида унинг метин иродаси букилмаган бўлса-да, гулдан-да нозик қалби "чархнинг жабру жафоси"дан озор кўриб, "оламнинг сафоси" мавжудлигига ишонқирамай қўйгани ҳам ҳақиқат. Назаримизда, юрагининг қайсидир гўшасида бир оз яшириниб турган қуёш мисол тафтли ишқу ошиқлик шоҳу шоир кўнглини қуюқ туман янглиғ қоплагувчи бу хираликдан мунтазам иҳота қилиб турган. Бу ошиқлик — ҳаётга, севикли ёрга, амалга оширилиши кўзда тутилган улуғвор ишларга бўлган муҳаббат. Йўқса, машҳур ғазалларидан бирининг матласида кўнглидаги ғашлик ифодаси бобурона топқирлик билан бадиийлаштирилгандан сўнг, севикли ёрга бўлган меҳру вафоси, садоқати кейинги сатрлардаёқ инъикосини топармиди:

Менинг кўнглимки, гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур,

Агар юз минг баҳор ўлса, очилмоғи не имкондур.

Агар ул қоши ёсиз боғ гаштин орзу қилсам,

Кўзумга ўқдурур сарв-у, кўнгулга ғунча пайкондур.

Улуғ шоир қалбидаги ишқ ва ошиқлик фақат унинг кўнглини эмас, бутун вужудини ёритади, томирида оқувчи қонларга илиқлик бахш этади. Бир сўз билан айтганда, у ўзининг борлигини, Яратганнинг лутфу мар¬ҳаматидан баҳраманд бўлиб нафас олаётганининг асосини дилидаги ишқдан излайди:

Ҳусн кўрмас кўзларим, кўнглим доғи ишқ истамас,

Гўйиёким кўзларимдур кўр-у, кўнглум — мурдадур.

Бобур Мирзо — Тангрининг лутфу мар¬ҳаматини ҳам, суюкли бандасига берган синовларини ҳам мўминлик билан қабул қилди. Шу боис улуғ шоир ғазалларида дийдорталаблик ҳисси билан битилган байтлар бисёр. Бу ноёб назм намуналарида Маҳбуби азалга бўлган улуғвор ишқ, унинг васлига ақл билан эмас, чинакам ошиқлик билан етишишга ишонч туйғуси мужассам:

Бобури бедилни ишқ телбаратса, не ажаб,

Чунки ҳаргиз рост келмас ишқ донолик била.

Бобур Мирзонинг ота-боболари сингари нақшбандия тариқатига эътиқод қилганлиги, Хожа Мавлоно Қозини "устоз ва пирим" дея эслаши, Хожа Аҳрори Валидан руҳий мадад олиб турганлиги, бу улуғ пирнинг "Волидия" асарини таржима қилганлиги, шунинг¬дек, жавонмардлик тариқатининг инсоннинг маънавий камолотга бошловчи шартларига ҳаёти давомида қатъий амал қилганлиги — эътиқодига ниҳоятда собит бўлганлигидан далолатдир. Соҳибқирон Амир Темурга хос мардлик ва шижоат, ҳаётига хавф солиши яққол кў¬риниб турган қирғинлар олдида Аллоҳга таваккул қилиш ҳисси қонига сингганидан ифтихор туйган Бобур Мирзо душманларини назарига илмайди, ўрни келганда, уларни бағрикенглик билан кечириб юборади.

Қалбида муттасил шукроналик ҳисси жўш уриб турган бу улуғ ҳукмдор ўз фармонларидан бирида: "Тангри неъматларининг кетма-кет келиб туриши унга шукр ва сано айтишнинг кўпайишига боисдир. Танг¬рига шукр ва сано айтишнинг кўпайиши тангри неъматларининг кетма-кет келиб туришининг сабабидир. Ҳар неъматга бирор шукр лозим ва ҳар шукрга унинг кетидан бирор неъмат… Айниқса, шукр шундай бир неъмат муқобилида бўлсаки, дунёда ҳеч бир бойлик ундан буюкроқ ва охиратда бирор яхшилик ундан гўзалроқ бўлмаса…", — дея тўлқинланиб ёзади.

Муаззам "Бобурнома"да шундай лавҳа бор: "Хожа Калон чун Ҳинддин мутанаффир эрди, — дея яқин бегидан кўнгли ранжиганининг сабабини баён этишга киришади муаллиф, — борурида уйининг иморатларининг томида бу байтни битибтурким:

Агар ба хайри саломат гузар зи Синд кунам,

Сиёҳ рўй шавам, гар ҳавои Ҳинд кунам.

Биз Ҳиндистонда туруб, бундоқ зарофатомуз байт айтмоқ ва битмоқ бесураттур. Кетмакдин бир кудурат бўлса, бу навъ зарофатдин икки кудураттур. Мен дағи бадиҳа бир рубоий айтиб, битиб йибордим:

Юз шукр де, Бобурки, кариму ғаффор

Берди санга Синду Ҳинду мулки бисёр.

Иссиқлиғиға гар санга йўқтур тоқат,

Совуқ юзини кўрай десанг, Ғазни бор".

Лавҳадан маълум бўладики, Хожа Калоннинг кўнглида нафрат туйғуси ҳукм сурарди. Шу боис Ҳиндистондан кета туриб, иморатларидан бирининг юқори қисмида "Агар соғ-саломат Синддан ўтиб кетсам, Ҳиндистонни яна ҳавас қилсам юзим қора бўлсин", — мазмунидаги байтни ёздиради. Табиийки, бу Бобур Мирзонинг кўнглига қаттиқ ботади. Улуғ шоир юқорида келтирилган рубоийсини шу муносабат билан бадиҳатан битади. Рубоийда унинг Ҳиндистондай улкан мамлакатни фатҳ этишга куч бергани боис Аллоҳдан беҳад мамнунлиги ўз ифодасини топган. Айни чоқда шоир Хожа ¬Калоннинг юқорида келтирилган байтидаги "сиёҳ рўй шавам" ("юзим қора бўлсин") иборасига жавобан сўз ўйинидан фойдаланиб жавоб қайтаради. -Зотан, Хожа Калон "сиёҳ рўй шавам" дейиш билан "гуноҳкор бўлай", — деган мазмунни ифодалашдан ташқари, тагмаънода ҳиндларнинг рангига ҳам ишора қилган эди. Бобур Мирзо бу қочиримни теран ҳис қилиб, "Ҳиндистоннинг иссиқлигига тоқат қилолмасанг, совуқ юзини кўриш учун Ғазнига бор", — дея Хожа Калон услубида ўзининг ҳозиржавоблигини намоён этади. Рубоийдаги "совуқ юзини кўрай" ифодасида ҳам икки маъно мужассам: биринчидан, истеъдодли шоир Ғазнанинг нисбатан совуқлигини назарда тутса, иккинчидан, тагмаънода Хожа Калоннинг юзи совуқлиги, яъни унинг юзида меҳру муҳаббатдан асар ҳам йўқлигига ишора қилади.

Шукроналик руҳида битилган ушбу рубоий моҳиятида шоҳ ва шоирнинг "тангри таоло инояти билан" ўз ҳукмига ўтган мамлакат ва унинг халқига чексиз муҳаббати шоёндир. У ўз диёрию элига қанчалик меҳр қўйган бўлса, Ҳиндистонга ҳам меҳрини ундан кам қўйган, деб бўлмайди. Тўғри, у она-юрти ҳажрида ўртанди, Фарғона водийсининг сўлим боғлари-ю, кишига роҳат бағишловчи зилол сувларини соғинди. Ўз навбатида, ана шу соғинч ҳисси, она-заминнинг бугун ўз тасарруфига ўтган гўшасига нисбатан қалбидаги самимий севги бу ерни ҳам Мовароуннаҳру Хуросондек жаннатмонанд манзилга айлантиришга чорлади.

Шу боис у Ҳинд элида буюк мамлакат барпо этиш арафасида юрган чоғлариданоқ бу ерда улкан боғлар яратиш истаги билан ёниб яшади. "Доим хотирға етар эрдиким, — дея орзуларидан сўзлайди "Бобурнома" муаллифи, — Ҳиндис¬тоннинг бир улуғ айби будурким, оқар суви йўқтур. Ҳар ерда ўлтурушлиқ бўлса, чархлар ясаб, оқар сувлар қилиб, тарҳлик ва сиёқ ерлар ясаса бўлур".

Ана шу орзу-иштиёқ туфайли Ҳинд ерида тартибли, муайян тарҳда барпо этилган иморатлар пайдо бўлади. Ҳар гўшада мақбул чаманлар, ҳар чаманда ёқимли гул ва нас¬таринлар тартибли ва мукаммал ҳолда бўй чўзади. Бобур Мирзо ана шундай хайр¬ли ишлардан ерли халқ ҳам ниҳоятда мамнун бўлганлигини ифтихор билан қуйидагича баён этади: "Ҳинд эли бу тарҳ ва бу андом ила ерлар кўрмаган жиҳатидан Жўннинг иморатлари қилғон тарафи ерларга Кобул от қуюбтурлар".

Бир сўз билан айтганда, Бобур Мирзонинг эзгуликларга лиммо-лим қалби уни яратувчилик иштиёқи билан яшашга ундади. Ғоят таҳликали ҳаёт кечирган бўлса-да, Яратганга бўлган муҳаббат, унинг лутфига сазовор бўлиш умиди, она-Ватан ишқи, бутун борлиққа ва инсониятга бўлган самимий севги Бобур Мирзо номини чинакам бун¬ёдкор шоҳ ва шоир сифатида тарих саҳифаларига муҳрлади.

Ҳусниддин ЭШОНҚУЛОВ, БухДУ доценти, филология ¬ фанлари номзоди

:: орқага № 14, 14.02.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.