Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

* 9 февраль — Алишер Навоий таваллуд топган кун

Ғоялар хазинаси

Алишер Навоий — нафақат ўзбек халқи, бутун башарият ақл-тафаккури ва бадиият олами каҳкашонидаги буюк зот.

Аммо бир нозик жиҳат бор. Ғарб илм-фан тараққиёти жаҳонда олди ўринга чиқиб олгани учун ҳам ўз буюкларини етарли даражада тарғиб қилиб улгурган. Амалда Шарқнинг ҳеч қандай кам ери йўқ. Фақат ҳали Машриқзамин даҳолари бор бўй-басти билан Ғарб дунёсига танилганича йўқ. Бунга ҳам ўз саъй-ҳаракатимиз билан эришамиз.

Бағри бутун халқ, деган бир ифода бор. Халқнинг бағри бутун бўлиши учун, аввало, унинг эрки ўз қўлида бўлиши керак. Ана шунда у ўз меросига ҳам тўла эгалик қила олади. Бошқача айтганда, минг-минг йиллик тарихи билан бугунини мустаҳкам ришталар орқали боғлаб, келажак сари дадил қадамлар ташлайди. Халқ ўтмишидан куч-қувват, салоҳият, ақл-заковат излайди ва топади.

Шу маънода Алишер Навоий — биз учун ниҳоятда буюк бир фавқулодда ҳодиса. Унинг ҳаёти ва фаолияти ўзбек халқининг жаҳон саҳнасида бор бўй-басти билан намоён бўлишини таъминлади. Улуғ Соҳибқирон Амир Темур халқимизнинг сиёсий-давлатчилик салоҳиятини кўз-кўз қилган бўлса, Алишер ¬Навоий унинг маънавий-маърифий, фикрий-ҳиссий, бадиий-табъий (эстетик) жиҳатдан нақадар юксак поғоналарга кўтарила олганини ёрқин кўрсатди.

Ҳеч муболағасиз айта оламизки, бу буюк мутафаккир қолдирган мерос — миллатимизнинг XV асргача бўлган фикрий-ҳиссий тараққиётини кўрсатадиган бой бир қомус сифатида ниҳоятда қадрли ва ардоқли. XVI аср бошигача бўлган тарихимизни бу буюк сўз санъаткори асарларисиз ўрганишнинг асло иложи йўқ.

Навоий, аввало, буюк шоир эди. У ўзбек шеъриятини энг баланд чўққиларга кўтарди. Ўлмас асарлари билан ўзбек тилининг шундай буюк адабиёт яратиш қудратига эга эканини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан исботлаб берди. Шоир учун туркий тилда ижод қилиш байроғини бу қадар юксак кўтариш фақат адабий муаммо бўлиб қолмай, балки бевосита миллий сиёсат масаласи ҳам эди.

Қолаверса, Навоий буюк мутафаккир эди. У ўша замондаги инсоният эришган энг баланд тафаккур салоҳиятини намойиш этди. Унинг асарлари яратилганидан кейин олам ва одам ҳақида айтилмаган гап қолмаган эди гўё.

Биз учун унинг тарихчи, сиё¬сатшунос, давлатшунос сифатида ҳам илмий, ҳам амалий фаолияти бағоят қадрли. Истиқлол туфайли унинг бу меросини бафуржа ва ҳаққоний ўрганиш имкониятига эга бўлдик. Темурийлар салтанатининг XV аср сўнгги ўн йилликларидаги мустаҳкамлиги, халқнинг ҳар тарафлама равнақи кўп жиҳатдан миллатнинг Алишер Навоийдек маънавий пирларига ҳам боғлиқ бўлган эди. Шоир қандайдир бир сиёсатнинг ожиз қули эмас, балки унинг ўзи тарих ва сиёсат ғилдирагини айлантирувчи дарғалардан бирига айланган эди.

Навоийнинг жаҳондаги буюк давлатшунослардан бири сифатидаги меросини ўрганиш, ундан миллий давлатимиз равнақи йўлида фойдаланиш, башариятни бундан тўла бохабар қилиш пайти энди келди. Буюк амирнинг давр ҳукмдори Султон Ҳусайн тарафидан "муқарраби шоҳий", яъни "Ҳазрат Султоннинг энг яқин кишиси" деган шарафли унвон билан тақдирланиши ҳам унинг давлат ишларида нечоғли ҳиссаси бўлганидан далолат беради. Бу мартабанинг шундай имтиёзи бор эдики, ¬Навоий бир муаммо ечими юзасидан Ҳусайн Бойқарога етти мартагача қайта-қайта мурожаат қилиши мумкин эди. Одамлар шоҳ билан бевосита учраша олмаслиги, унга дардини айтиш имконига эга бўлмаслиги, муаммоларни тўғридан-тўғри қўя билмаслиги мумкин эди. Шунинг учун ҳам улар кўпроқ Навоийга кўнглини ёрар, шу орқали муаммога ечим топилиб, муддаога эришилар эди.

Шоир ижодини мукаммал бир таълимот сифатида қабул қилиш керак. Бу ижод, бутунисича олиб қараганда, темурийлар давлати амал қилган ўзига хос миллий мафкура эди. Шунинг учун ҳам бугун миллий мафкурамиз тарихини бу қаламкаш меросидан айри тасаввур қилиш асло мумкин эмас.

Навоийдаги Уйғониш даври буюкларига хос серқирралик ҳамда қизғин ижтимоий-сиёсий фаолият кишини лол қолдириши билан бирга, ҳар биримизни ана шундай ишлашга, умрдан халқ манфаати йўлида унумли ва мазмунли фойдаланиб қолишга ундайди.

Бобокалонимиз қурдирган кўплаб масжид, мадраса, хонақоҳ, мақбара, работ, кўприк, беморхона, ҳовуз ва ҳаммомлар, барпо эттирган боғ-роғлар у замонасининг буюк бунёдкорларидан бири бўлганини кўрсатади.

Халққа хизмат шоир ҳаёти ва ижодининг бош ғояси эди, деб баралла айта оламиз. "Эл", "улус", "халқ" унинг асарларида энг кўп қўлланган сўзлар сирасига киради. "Навосиз улуснинг навобахши бўлиш" умр бўйи унинг асл мақсади янглиғ мудом уни эзгуликка ундаб турди. Агар, дейди шоир, бир қарорга келаётганингда сенда маслаҳатлашиш туй¬ғуси жўш урса, одамларнинг фикрини, улар тарқатиши мумкин бўлган фисқу фасодлар эҳтимолини ҳам ҳисобга олиб иш кўр, ўз йўлингни тўғри деб кўп ҳам ишонаверма, элнинг фикридан ечим топишга интил:

Завқ эса табъингга салоҳи била,

Эл сўзи зимнида фасодин тила.

Айлама ўз ройинга кўп эътиқод,

Муътамад эл ройидин иста кушод.

Навоий ўз даврининг маънавий раҳнамоси эди. Ижод аҳлига яратиш завқини юқтирар, ҳеч қачон улардан моддий ва маънавий ёрдамини аямас эди.

Шоир таълимотидаги комил инсон ғояси шунчаки назарий орзугина эмас, бевосита амалиёт ҳам эди. Ўзи бунинг олий даражадаги шахсий намунасини кўрсатди. Бу ғоя одамларни касб ўрганишга, умрни зое кетказмасликка ундайди.

Биз чумолини меҳнаткашлик тимсоли сифатида қабул қилишга ўрганиб қолганмиз. ¬Навоийнинг шоирлиги шундаки, бир ўринда уни инсонлар яратган донни ҳадеб инига ташийдиган жонзот сифатида қоралайди, яъни шундай тамагирлиги учун ҳам у тириклайин гўрга киради, деб ҳисоблайди:

Мўр терар ҳар неки, сочқай киши,

Бўлди тирик гўрга кирмак иши.

Энг сахий инсон, — дейди шоир, — бировдан бир нима тама қилмайдиган, ҳалол меҳнати билан ўз кунини ўзи кўра оладиган киши. Жамиятда шундай одамларнинг сони қанча кўпайса, ҳаёт шунча равнақ топади, турмуш шунча фаровонлашади, маънавият янада юксалади.

Навоий бу йўлда ҳамиша инсоннинг тафаккур кучига ишонди:

Деди: "Не ишки қилмиш одамизод,

Тафаккур бирла билмиш одамизод".

Дўстлик ғоясини ҳали ҳеч ким бу буюк ўзбек шоири янглиғ ҳадди аълосида тарғиб ва ташвиқ этмаган бўлса керак: "Ҳар кимки биров билан ёрдур ёки ёрлиғ даъвоси бордур, керакким, ўзига раво кўрмағанни ёриға раво тутмаса, кўп нимаким, ўзига ҳам раво тутса, анга тутмаса".

Ўздан ўзгани устун кўриш, бугунги тушунчалар билан айтилса, ўзга манфаатини ўз манфаатидан олдин қўйиш ғоясининг бундан зўр ифодасини топиш қийин бўлса керак. Чунки бу сўзлар муаллифининг қатъий ақидасига кўра, дўст ўзига раво кўрган нарсаларнигина дўстига раво кўриши, ҳатто ўзига раво кўрган айрим нарсаларни ҳам унга раво кўрмаслиги лозим.

Кеча, бугун ва эрта буюк мутафаккир асарларида ҳамиша бир-бирига ўзаро уйғун тарз¬да боғланиб келади. Бироқ шоир кишиларни, аввало, ўзи яшаб турган замонни ғанимат билишга чақиради, чунки тарих ўтиб кетди, келажак ҳали олдинда, нақдини кўриш, яъни шу дамни дам билиш зарур, деб ҳисоблайди. "Маҳбуб ул-қулуб" асарида бир туркий шоирнинг шу мазмундаги ажойиб байтини келтиради:

Мозию мустақбал аҳволин

такаллум айла кам,

Не учунким, дам — бу дамдур,

дам — бу дамдур, дам — бу дам!

Ҳамма замонлар ва маконлар учун ҳам буюк шиор бўладиган гап бу.

Шу биргина мисол баҳонасида айтиш мумкинки, Навоий меросида ўзигача бўлган қанчадан-қанча буюк ақл эгаларининг дурдона фикр¬лари жамланган, агар шу асарлари ёзилмаганда эди, бу ҳикматли фикр¬лар ҳам, эҳтимол, бизгача етиб келмас эди.

Қайси масалада талқин излаб, шоир меросига мурожаат қилманг, ундан керакли, маънили бир гап топасиз. Бугун халқимиз ўз олдига юксак мақсадлар қўйиб, янги ҳаёт барпо этаётган экан, жамият мақсадсиз ва йўлсиз бўлиши мумкин эмаслигига қайта-қайта ишонч ҳосил қиламиз. Бобокалон шоиримиз бизга XV асрдан туриб буюрадилар: "Йўлни юрмай кирган йитар (яъни адашиб қолар) ва ғайримақсуд (мақсадга тескари) ерга етар".

Инсоният мавжуд экан, бу ўлмас ғоялар одамларни эзгуликка ундайверади. Эндиги вазифамиз Навоий меросини дунёнинг барча йирик тилларига таржима қилиб, кенг ёйи¬лишига эришишдан иборат. Токи башарият шундай даҳо маънавий нуридан тўла баҳраманд бўлсин ва ўзбек халқи XV асрдаёқ шундай бадиий-табъий бойлик яратганини кўрсин, билсин.

Султонмурод ОЛИМ, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси

Комиллик дебочаси

Алишер Навоий талқинича, инсон табиатидаги ақлий камолот ва ахлоқий баркамолликнинг таянч омилларидан бири — илмга эътибордир. Бундай инсоний камолотнинг негизи ёшликдан шаклланади. Алишер ¬Навоий "Хамса"сида Фарҳод, Қайс, -Искандар, Моний, Фаррух, Жуна каби ўнлаб образлар мисолида илм эгаллаш шахс камолотининг муҳим шарти сифатида тасвирланган. Илмга ташналик, фавқулодда истеъдод ва қобилият бу тимсолларда болаликданоқ гавдаланади. Фарҳоднинг ўн ёшидаёқ ўз замонасидаги барча фан асосларини ўрганиши ундаги илм ҳақиқатига беҳад интилишнинг самараси сифатида талқин қилинади. Мажнун тимсолида ҳам айни хусусият намоёндир:

Оз вақтда айлади замона

Они бори илм аро ягона.

Тили чиқиб, нутқи равонлашган даврдан бошлаб ўткир фикри билан фалакнинг бутун сирларини очишга қодир аллома Нақумоҳисдан таълим олган Искандар "бори илм аро соҳиб камол" бўлиб етишади.

Улуғ шоир талқинидаги баркамол инсонлар хоҳ тарихий шахс, хоҳ орзу-мушоҳада асосида яратилган тахайюлий образ бўлсин, зукколиги, илм бобидаги нодир истеъдоди билан ўз тенг¬қурларидан ажралиб туради. Улардаги бундай олижаноб туйғулар ўша қаҳ¬рамон униб-ўсаётган муҳитнинг закий кишилари томонидан тез илғаниб, эътироф этилади, ¬асраб-авайланади. Мана, Навфалнинг Мажнун таърифида Лайлининг отасига ёзган мактубидан бир байт:

Хайлинг аро касби илм қилмиш,

Оламда неки илм бор — билмиш.

Алишер Навоийнинг "Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер" насрий асарида ҳам мавзунинг айни қирраси қайноқ меҳр ва қалб ҳарорати билан қаламга олинган: "Бот абнойи жинсдин ҳар билик бобида мумтоз, балки кўпрак замоннинг табъ ва фазл аҳлига фойиқ ва сарафроз бўлубдурлар". Адиб Саййид Ҳасан ўрганган фанларни бирма-бир рақам қилади: сарф ва наҳв (грамматикага оид илмлар), луғат ва арабият, мантиқ ва калом, фиқҳ ва ҳадис, тафсир, шеър ва муаммо, таърих, нужум ва адвор... Замонасининг йигирмага яқин фанлари бўйича оз вақтда камолот касб этиш учун зўр ҳавас, кучли иштиёқ зарур эди. Эҳтимол, мажбурият ортида икки-уч фанни ўрганиш мумкиндир. Аммо ўндан ортиқ илмни мукаммал билиш учун илоҳий истеъдод ва катта қунту меҳнат талаб қилинади.

Лекин одам фақат илмий истеъдоди билан улуғлар назарида аржуманд бўлмайди. Аксинча, илм ўрганишдан мақсад обрў орттириш, элга танилиш бўлса, бундай илм соҳиби икки дунёсини куйдиради. Бу хусусда Расули акрам (С.А. В.) шундай деганлар: "Кимки илмни уламолар олдида фахрланиш, нодонлар билан баҳслашиш ёки одамларнинг диққатини ўзига тортиш мақсадида ўрганса, унинг жойи жаҳаннамдир".

Худпарастлик шундай бедаво дардки, худбин кимса ўз нафси, ўз кўнгли, ўз зоти, ўз сўзини барчадан азиз санайди. Унинг ҳар қандай номаъқул иши ўзига хуш, ёқимли ва чиройли кўринади. У ўз табиатидаги қусурларни мутлақо кўришни истамайди. Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги байти бу хусусда ёрқин тасаввур пайдо қилади:

Кибрсизлик лофин урма

уни кўрмоқдан кўра,

Қоронғу тун чумолининг

изин кўрмак осонроқ.

Алишер Навоий "Маҳбуб ул-қулуб"¬ининг ўнга яқин танбиҳида худпарастлик ва унинг инсоният маънавий оламига етказадиган ¬зарари ҳақида фикр юритади. Танбиҳларни мутолаа қилар эканмиз, манманликка берилган кимсалардан улуғ жафолар кўрган, бошдан-оёқ жабру ситамлар алангасида ёнган олижаноб қалб соҳибининг руҳий оғриқларини аниқ ҳис этамиз. Улуғ мутафаккир мутакаббир кимсаларнинг "кўпига" бу фақири мазлум номақдур риоятлар еткурубдур ва муқобалада номаҳсур зулм ва тааддиларни кўрубдур ва кўрмасга солиб кечурубдур...", — дея таассуф билан ёзар экан, Аллоҳга ¬муножот қилиб, такаббур одамларни "инсоф ҳарамига хос қилиши"ни, ўзини ва бошқа мазлумларни уларнинг жабридан халос этишини ўтиниб сўрайди. Бешинчи танбиҳ ниҳоясида берилган қитъада эса зотида юз хил кибру иллатлар мавжуд бундай кимсалар дардига "фано кўрасининг ўти"гина даво бўлишини қатъий таъкидлайди. ¬Алишер Навоий таъкидича, фақат фақр тарийқи, фано кўрасининг ўтигина кибр томирларини қуритишга қодирдир. Шунинг учун улуғ адиб "фақири зотий ва фонии жибиллий" Саййид Ҳасан шахсидаги туғма хоксорликни, тавозуъ ва ҳаёни кибрга мубтало бўлганларга ибрат қилиб кўрсатади.

Нега Саййид Ҳасанни болалик давриданоқ Бойсунғур Мирзодан тортиб шаҳарнинг жами алломаларига қадар тенгқурларидан устун қўядилар, қадр-қимматини баланд тутадилар? Чунки одобли ёшнинг муомала-муносабатида эл-улус улуғворлик кўради. Тавозуъ ўз соҳибини халқ назарига салобатли қилиб кўрсатади. Ана ўша олижаноб фазилатлари туфайли замонасининг маърифатли инсонлари, юртнинг улуғлари қалбида истиқболли ёшга нисбатан самимий муҳаббат уйғонади ва бундай меҳр кўнгиллар мулкига мангу ўрнашади. Алишер ¬Навоийнинг фикрича, бундай гўзал одобу тавозуъ Саййид Ҳасаннинг "зотида ғолиб", аслу насабида бор. Шайх Муслиҳиддин Саъдий таъбири билан айтганда, булут ҳаёт ёмғирини қуйгани билан тол дарахтида мева пишмайди. Бўйра тўқишга ярайдиган қамишдан минг уринган билан шакар олиб бўлмайди. Шўрхок ерда гул унмайди, лолаю гул боғда, ширин заминда кўкаради.

Саййид Ҳасанни ёшлигиданоқ барчага суюкли қилган яна бир аслий (зотий) фазилати бор. Бу — ҳаё. Алишер Навоий талқинича, ҳаё мавжуд бўлган вужудда вафо ҳам бор. Вафо билан ҳаё икки эгизак фарзанд кабидир. Улар бир булоқнинг икки кўзи, бир нақшин олманинг икки палласи янглиғ пайванд, ажралмасдир. Қайси инсон табиатидаки ҳаё бўлса, унда вафо ҳам барқарордир. Аммо ҳаё билан пайваста вафо шундай пок хилқатли маҳбубаки, у аслу насаби тоза, табиати беғубор бўлмаган кимсага ром бўлмайди. "Бу икки ҳамзод фарзанд" табиатида шубҳа, гумон, қизғанчиқлик, гина-кудурат, ҳасаддан асар бўлмаган кишиларнинг вужудидан макон тутади. Шунинг учун ҳам вафо ила пайваста ҳаё гулини давр чаманидан топиш маҳолдир. Баъзида жаҳон гулшани вафо зийнатидан бўшаб қолгандек, инсоният боғида ҳаё гулининг муаттар ҳидлари таралмаётгандек, замон вафосизлар кўнгли билан сирлашаётгандек таассурот қолдиради. Аммо кишилик дунёсининг сардафтари — комил инсонларнинг вафо ила пайваста ҳаё қуёши мангуга дунё зимистонини ёритиб туради. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий: "Ҳар кимда бу икки йўқ — андин одамийлик келмак имкон йўқ... Комиллар — аҳли ҳаё ва ноқислар — беҳаё", — дея битади.

Шавкат ҲАЙИТОВ, БухДУ ўзбек адабиёти кафедраси доценти, фило¬логия фанлари номзоди

Ҳазрат Навоийни севингиз жондан

Дўстларим, бир сирни этайин оғоз:

Дунёни англамоқ эмаскан мушкул.

Барча тилсимотлар очар экан юз,

Ҳазрат Навоийга ким қўйса кўнгул.

Ҳазрат Навоийга ким қўйса кўнгул,

Демакки, ошно у Ҳақ-ҳақиқатга.

Унинг қалб боғида сайрайди булбул,

У мангу содиқдир дин-диёнатга.

У мангу содиқдир дин-диёнатга,

Ҳамиша тариқат гулобин ичгай.

Бағрини кенг очиб самимиятга,

Тафаккур дурларин ҳовучлаб сочгай.

Тафаккур дурларин ҳовучлаб сочгай,

Ким илм — бамисли шафақ ёғдуси.

Ким уни симирса, дарёдай тошгай,

Хаёлин уфқида юлдуз балқгуси.

Хаёлин уфқида юлдуз балқгуси,

Тоғларни Фарҳоддай этар чилпарчин;

Ишқ шони — Мажнунни дўст-ёр билгуси,

Магарам араб у ёки аҳли Чин.

Магарам араб у ёки аҳли Чин,

Бағрига босганча: "Сен — қардошим", дер.

Ўргилай ўзингдан, эй кўҳна очун,

Эй, азиз она-Ер, сен — дардкашим, дер.

Эй, азиз она-Ер, сен — дардкашим, дер,

Айтар: Навоийни севингиз жондан.

Одамлар: ўзингиз қалб қуёшим, дер

Ва у айрилмагай асло Иймондан!.

Тошпўлат АҲМАД

Ўзбек Навоийни агар ўқиса...

Ўзбек Навоийни агар ўқиса,

Қайта туғилади буюк даҳолар.

Ўзлигини англаб, жон каби суйса,

Мажруҳ бўлган дилни албат даволар.

Ўзбек Навоийни агар ўқиса,

Ширину Лайлилар яна туғилар.

Маънавият нури бошида кулса,

Қалбини безайди нафис туйғулар.

Ўзбек Навоийни агар ўқиса,

Эл комил бўлади, халқ бўлар улуғ.

Диллар маърифатнинг гулига тўлса,

Тунлари бўлғуси кун каби ёруғ.

Ўзбек Навоийни агар ўқиса,

Бут айлар юракда у бор иймонни.

Қадр топиб қадрият, толеи кулса,

Бахт маскан этади Ўзбекистонни.

Рўзимурод

МАҲМУД

:: орқага № 11, 07.02.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.