Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

Иброҳим Ғафуров таваллудининг 80 йиллигига

Ёнар сўз масъулияти

Эътиборсизлик ва лоқайдлик оқибатида оловнинг бутун борлиқни аланга ичида қолдириб, инсонларга беҳисоб ғам-андуҳ ва бахтсизлик келтиргани кўҳна тарих саҳифаларида кўп бор қайд этилган. Аммо ундан тўғри фойдаланилганда, қаҳратон қишда олов билан уйни иситиш, таом пишириш, электр станцияларини юритиб, оламни чароғон этиш, завод ва фабрикаларни ишлатиш, хуллас, одамларга ман¬фаат келтириши ҳам айни ҳа¬қиқат.

Мана, 80 йиллик умрининг ярим асрдан зиёдини эзгу мақсадларга, тафаккур тараққиётига бағишлаган забардаст адабиётшунос олим, заҳматкаш таржимон, истеъдодли қалам соҳиби Иброҳим Ғафуровнинг ёнар сўзи дилларни чароғон этиб, минглаб китобхонларни, навқирон илм аҳли ва шогирдларни маърифат ҳамда маъ¬навият¬нинг нурли манзиллар謬 ¬томон чорламоқда. Унинг қўлдан-қўлга ўтиб, бугунги кунда ноёб библиографик нашрларга айланган "Ёнар сўз", "Ям-яшил дарахт", "Ҳаё — халоскор" китоблари республикамиз маънавий ҳаётида, адабиётшунослик илмида катта воқеа ҳисобланади.

Устоз олим мамлакатимиз истиқлолининг дастлабки йилларида эълон қилган мақолаларидан бирида шундай ёзган эди: "Биз бугун маънавиятли халқ, маънавиятли инсон ва маънавиятли шахс ҳақида орзу қилаяпмиз. Тараққиётнинг омилини шунда кўраяпмиз". Иброҳим Ғафуровнинг турли йилларда нашр этилган "Мангу латофат", "Паривашлар маж¬лиси", "Илтижо" номли китоблари, "Ўзбекистон адабиё¬ти ва санъати" ҳафтаномаси, илгари ўзи ташкил этиб, муҳаррирлик қилган "Миллий тикланиш" газетаси ва бошқа нашр¬ларда чоп этган ўткир публицистик ва илмий мақолаларида мана шу некбин орзу, эзгу мақсадга эришиш йўллари кўрсатиб берилди.

Ўзбек поэзияси ва прозаси таҳлили, ёзувчи ва шоирларнинг адабий портретига оид китоблари билан адабиётшуносликда ўзига хос мактаб яратган Иброҳим Ғафуров учун бадиий ижод машаққати ва сурури ҳам бегона эмас. У адабиётимиз хазинасидаги мансура жанрига янги умр бағишлаб, фалсафий ва эстетик мулоҳазаларга ҳамда ҳаётий хулосаларга бой миниатюралардан иборат юздан ортиқ насрий қўшиқларни мухлислари эътиборига ҳавола қилди.

Жаҳон адабиёти ва фалсафасининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш ¬Иброҳим Ғафуров серқирра фаолиятининг яна бир сермаҳсул йўналишидир. У Лев Толстой, ¬Фёдор Дос¬тоевский, Уильям Фолькнер, Фридрих Нитше, Жан Поль Сартр, Габриэль Гарсия Маркес, Жеймс Жойс, Чингиз Айтматов сингари даҳо ижодкорлар асарларини ўзбекчага ўгириб, мутаржимлик санъатимизни янги босқичга кўтарди. Бу таржима асарлар миллий маънавиятимизни юксалтиришга, дунёқарашимизни бо¬йитишга хизмат қилмоқда.

Шу кунларда таваллудининг 80 йиллиги республикамизда кенг нишонланаётган устоз Иброҳим Ғафуров ижодий жўшқинлик ва маҳсулдорликда нафақат тенгдошларига, балки навқирон ҳамкасбларига ҳам ўрнак бўлмоқда. Юбилейи арафасида бу талабчан олим ва доимо янгиликка интилувчи ижодкорнинг мансуралар, эсселар, адабий ўйлар ва суҳбатлардан иборат "Олтин қозиқ" ҳамда таржима асарларидан намуналар жамланган "Айюб нидоси" ном¬ли салмоқли китобларининг "Янги аср авлоди" ¬нашриётида босмадан чиққани фикримизнинг яққол далилидир.

Яқинда Президентимиз Фармонига биноан "Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби" фахрий унвонига сазовор бўлган таниқли олим, толмас ижодкор ва мутаржим Иброҳим Ғафуров ҳамда унинг минглаб мухлислари, шогирдлари учун қутлуғ сана ҳисобланган шу айёмда устозга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаб, "Ёнар сўзингиз тафти сира пасаймасин, ижод зав¬қи сизни асло тарк этмасин", дея ният билдирамиз.

Абдужалил ХАЛИЛОВ

Иброҳим ҒАФУРОВ

* Мансуралар

Мен туғилганда...

Мен туғилганда қаҳратон эди.

Қийналиб туғилдим. Заминга тушдим оёғим билан.

Отам ёзиб қўйган сиёҳ қаламда эски бир

сувратнинг орқасига: жумодил аввалнинг бешинчи

куни. Декабрнинг йигирма еттиси.

Ўттиз еттинчи йил...

Тўқсонга чиққан энага кампир: тишлари тушган,

даҳанлари уришган

Мени ўлган деб,

ўраб,

чирмаб эски-тускига

совуқ уйнинг бир чеккасига элтиб қўйди.

Онам ҳушидан кетган эди. Ўзига келгач:

— Эна... — деди жуда заиф овози билан, —

эна... келтиринг, бир кўрай, мерт бўлса ҳам бир

кўрай юзини... — деди.

— О, энанг тасаддуқ, нимасини кўрасан.

Шукур қил. Жонинг омон қолди. Бундайидан

ҳали қанчасини туғасан, болам...

— Оҳ, майли, беринг бир кўрай... Жуда

бўлмаса, қошига қарай болагинамни...—

ёлворди онам.

Энам ғўнғиллай-ғўнғиллай, мункиллай-мункиллай

лахтакка ўралган мени келтирди.

Онам юзимни очди оҳиста.

Она исини туйдиммикан, юрагим дукиллаб уриб кетди.

Билинар-билинмас нафас кўринди димоғимда.

— Вой, бунингиз тирик, ана, нафас оляпти, —

деди онам заиф товуш билан.

— О худо кўтарсин... — деди энам. Унга ўлик

билан тирик баробар бўлиб қолган эди.

— Йўқ, ўзингиз кўринг, энажон. Тирик! Тирик

бунингиз! — деб суюнарди онам.

Мен ўттиз еттинчи йил замҳарир қиш чилласида шу

тариқа тирик қолганман.

Мен туғилганда қаҳратон эди.

Қодирий йўқ эди.

Икромов йўқ эди.

Хўжаев йўқ эди.

Чўлпон йўқ эди.

Фитрат йўқ эди.

Носирий йўқ эди.

Йўқ эди балки Вавилов...

Онамнинг қанчалар қийналганини ҳис қилганман

туғилганимда...

Қош толаси

Жуда кўҳна бир китобни ўқиб ўтирар эдим. Не-не

фикр иморатлари ўтар эди кўз ўнгимдан.

Шу асно китоб варағи орасидан янги саҳифани

очганимда узун ва қоп-қора қош толаси тушди

тиззамга.

Не замонлар бўлган эди отамнинг ўлганига.

Не замонлар бўлган эди отамни соғинганимга.

Отамнинг қоши тўкилди кўҳна китоб саҳифасидан.

Соғинганимни билдими отам,

қошининг бир қора толасини жўнатди менга.

Хабар ол,

ёлғиз қўйма,

унутма

қош ахир кўзнинг паноҳи бўлар,

ҳар дилнинг юракда бир оҳи бўлар...

Ота, номангизни олдим.

Кўксимга тегди сўлим шабада.

Сўнг авайлаб жойлаб қўйдим қошингизни яна ўша

кўҳна китоб саҳифасига.

Умид қилдим:

Мендан сўнг ҳам ўқирлар бу китобни...

Соғинганлар....

Кечаси уйғониб кетдим

Тун ярмидан оғганда уйғониб кетдим.

Тўлин Ойнинг мовий бети деразамга суйканар эди.

Чап томонимда уйнинг қоронғу пучмоғида

юрагим топирлаб ётарди. Юрагим ўша ерда ўзини

патирлаб ерга урар, тепага отар, худди ўқ еб

яраланган қушдай тинимсиз питирлар, тўлғанар

эди. Мен хийла вақт бурчакда юрагимнинг

патирлаганини эшитиб ётдим. Юрагим қафасини

тарк этган эди. Лекин нечундир мени ташлаб

кетгиси келмасди. Ўзимга келолмай ётдим.

— Туриб қаранг, бурчакда нимадир

патирлаяпти... — дедим.

Деразадан ҳамон кўм-кўк Ой нигоҳини

узмасди.

Чироқ ёнди

Уйнинг бурчагида ҳеч нарса йўқ эди.

Юрагим яна ўз қафасига қайтган эди.

У менга омонат эканлигини эслатди.

* Шоир Тошпўлат Аҳмад таваллудига 75 йил тўлди

Ижодга содиқлик саодати

Таҳририят

Бухорога етмоқлик учун...

Бухорога етмоқлик учун,

Оқ тонгларни кутмоқлик учун,

Унга сингиб кетмоқлик учун,

Фақат орзу камлик қилади.

Бухоро — нур, шафаққа она...

Ҳар қаричи қутлуғ остона,

Магар қучсанг, қуч ёна-ёна,

Йўқса, туйғу камлик қилади.

Бунда ҳатто лайлаклар мулло,

Ҳар юракка эш Каломулло,

Ҳар бир тилда: "Ё Аллоҳ, Аллоҳ..."

Буни еру осмон билади.

Бухорога ким етибди, айт,

Унга сингиб ким кетибди, айт.

Мен ҳам буткул қоришиб кетай,

Тўлин Ойдай ёришиб кетай...

О, Бухоро, онажонгинам,

Қадимийсан тарихлардан ҳам.

Кошки эди сенга етолсам,

Афсус, бунга менинг умриммас,

Мангулик ҳам камлик қилади...

Шоирлик — шоҳликдир

Бировлар ўлчайди кечган ҳаётин

Мартаба, дабдаба, сийму зар билан.

Шоирлар бу рангин, кўркам баётни

Устувор этади ғазал, шеър билан.

Шоирлик — покликдир умр кўшкида,

Унинг юрагида дунёлар оқар.

Шоирлик — шоҳликдир сухан мулкида,

Унинг юрагидан дунёлар боқар.

Шоир кўзларида гуллайди тонглар,

Куртакни болам деб билгай авайлаб.

Истаса, Қуёшдан симириб ранглар,

Ҳақиқат манглайин билади сийлаб.

Истаса, оламни якқалам қилгай,

Ҳазрат Навоийни ўртага қўйиб.

Кишанбанд бўлса-да, "Аналҳақ" дегай,

Машрабдай бошини сиртмоққа қўйиб.

Унинг ўз йўли бор — пирлардан мерос,

Илоҳий кўнгли бор, нурдай покиза.

Унга мансаб эмас, сийму зар эмас,

Руҳ беринг, эрк унга очсин дарвоза.

Шоирлик — шоҳликдир...

Румийга сиғингил

Нигоҳингни тўсмоқ бўлса тўзонлар,

Изларингни кўммоқ бўлса хазонлар,

Хаёлингни тўзмоқ бўлса мезонлар —

Румийга сиғиниб, узатгил қўлинг:

"Кўзни юмгил, кўзга айлансин дилинг".

Номардлар қўлида қолса гар кунинг,

Тор янглиғ узилса овозинг-унинг,

Жисму жонинг ёниб, ўртанса, қонинг —

Румийга сиғингил – ёришгай йўлинг:

"Кўзни юмгил, кўзга айлансин дилинг".

Олам — боболардан мерос гулшан, боғ,

Уни кипригинг-ла ўпаётган чоғ,

Қузғунлар ин қўйса, кўксинг этиб доғ,

Румийга қўл узат — ёритгай йўлинг:

"Кўзни юмгил, кўзга айлансин дилинг".

Ҳаёт — уммондаги олтин бир кема,

Сен осон йўлларни асло йўл дема,

Унга илашгайдир ким пок — бетаъма,

Румий этагин ўп — кулгай иқболинг,

"Кўзни юмгил, кўзга айлансин дилинг".

Беруний демишлар

Беруний демишлар: —

Инсон тақдири

Ўхшайди то абад унинг ўзига.

Ақлим танибманки, излайман таъбир

Улуғ бобомизнинг ушбу сўзига.

Балки қисқа эрур, балки узундир —

Ортимда тўлқиндай туташган йўлим.

Турфа нигоҳларга термулиб бир-бир,

Турфа маъноларга дуч келди кўнглим:

Беором юраркан текинхўр мудом,

Тиқилинч бозорни кўзларкан ўғри.

Донони нодон деб, айтолмай калом,

Тутақиб ёнаркан ҳасаднинг бағри.

Ўргимчак мисоли ўлжасин пойлаб,

Турланиб тураркан манфаатпараст.

Бировлар томоғин юраркан мойлаб,

Амалга, курсига ўч мансабпараст.

Аммо бир ҳақиқат бор экан шонли,

Аммо бир ҳақиқат экан муҳташам.

Мансабу амалдан йироқ ва холи,

Бахтиёр яшаркан камтарин одам.

Камтарин иқболим, ўргилай сендан,

Тақдирим, гул сепай босган йўлингга.

Мен сенинг ўзингман, ўзимсан чиндан,

Суяниб яшайман қадоқ қўлингга!

Журналнинг янги сони

"Бухоро мавжлари" журналининг куни-кеча босмадан чиққан 2017 йилдаги 4-сонида буюк давлат арбоби ва таниқли адиб Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган материалларга кенг ўрин ажратилган. Ўзбекистон Республикаси ФА ¬Тарих институти катта илмий ходими Шуҳрат Эргашевнинг "Мустақиллик пойдеворига муносиб ғишт қўйган арбоб" ҳамда Навоий давлат кончилик институти доценти Зокир ¬Каримовнинг мамлакатимиз учун энг оғир дамларда Ўзбекистонда қимматбаҳо металлар корхоналарини ишга туширишда бош-қош бўлган юрт раҳбарининг фаолиятига доир "Қизилқумнинг олтин пойтахти" сарлавҳали мақолалари ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.

Филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққулнинг "Ҳинд виждони" деб номланган мақоласида ўз юрти озодлиги учун ҳаётини бахшида этган забардаст ёзувчи Рабиндранат Тагор сиёсий портретига чизгилар битилган. Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол "Сурат нимаю сийрат нима?" сарлавҳали мақоласида Қуръони каримнинг ўзбекча наз¬мий таржимасини яратиш масаласига муносабат билдирган.

"Бухоро мавжлари" ўтмиш сабоқларига мурожаат этиб, Колумбия университети профессори Эдвард Олвортнинг "Замонавий ўзбеклар: XIV асрдан ҳозиргача бўлган маданий тарих" китобининг машҳур адиб ва олим Абдурауф Фитрат ҳаёти ва ижодига оид қисмини эълон қилган. Профессор Наим Каримовнинг "Истеъдод ёлқини" деб номланган битикларида шеъриятимизнинг эрта сўнган юлдузи Усмон Носир ижоди ва ¬фожиали тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Профессор Нурбой Жабборовнинг "Эл — она тимсоли, она — эл рамзи" сарлавҳали мақоласида Ўзбекистон халқ шои¬ри Миртемир поэзияси тадқиқ этилади.

Нашрнинг ушбу сонида эълон қилинган бир туркум материаллар таниқли шоир, олим ва журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тошпўлат Ҳамид таваллудининг 90 йиллигига бағишланган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминовнинг ўзбек сатирик прозаси равнақига қўшган улкан ҳиссаси, адибнинг ўзига хос характери Ашурали Жўраевнинг "Бахтли ёзувчилардан бири" деб номланган мақоласида очиб берилган бўлса, Зикрилла Неъматнинг "Ҳеч нарса йўқ Ватандан азиз..." сарлавҳали материалида таниқли шоир ва ёзувчи Омон Мухторнинг поэтик асарларидан иборат сайланмаси таҳлил қилинган. "Бухоро мавжлари"нинг бу сонида Максим Горькийнинг Амир Темур ҳаётига доир "Она қасидаси" ҳикояси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад сатирик меросидан намуналар, шунингдек, шоир Сулаймон Шодиевнинг бир туркум янги шеърлари ҳам эълон қилинган.

Журналда қарор топган анъанага мувофиқ узоқ ва яқин тарихга оид бир қатор тадқиқотлар ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. Исмоил Бекжоннинг "Навоий яратган куй", Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг "Бу воқеа 1956 йилда бўлган эди...", Собиржон Ёқубовнинг "Жаҳонни ларзага солган фожиа" каби мақолалари ўқувчиларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ.

Ўз мухбиримиз

:: орқага № 103, 23.12.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.