Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

* Санъатимизнинг сўнмас юлдузлари

Шашмақом ватанидан чиққан опера хонандаси

Ўзбекистон опера санъати тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, кучли тембрли лирик-драматик овоз соҳиби Саттор Ярашев 1917 йилда Бухоронинг Вобкент музофотида серфарзанд деҳ¬қон Яраш ака Абдураҳимов оиласида дунёга келди. Яраш аканинг оиласида Саттордан ташқари Ғаффор, Қаҳҳор, Рамазон, Ойша ва Робия сингари яна беш нафар фарзанд бўлиб, улар орасида Сатторнинг санъатга иштиёқи анча баланд эди.

Саттор мактабда ўқиб юрганидаёқ (1923-1933) бадиий ҳаваскорлик тўгараги машғулотларида фаол иштирок этиб, Э.Қурбоновдан танбур чалиш ва ашула айтишни ўрганди. Бу вақтда маҳаллий номдор созанда ва хонандалардан Уста Абдукарим Танбурий, Шоҳназар Соҳибовлар Воб¬кент¬да катта мусиқий муҳит яратган эдилар.

Саттор Ярашев бу устозларни тинглаб, уларнинг йўлларидан боришга аҳд қилди. У ўрта мактабни битиргандан сўнг, туманда эндигина ташкил этилган колхоз театрига ишга кирди, шу билан бирга, тракторчи бўлиб ишлай бошлади. Бу даврда у театр жамоаси билан тумандаги барча хўжаликларда концерт¬лар намойиш этиб, деҳ¬қонларга маданий хизмат кўрсатди. Унинг бу хизматлари Вобкент тумани ижроия қўмитаси раиси Аҳмаджон Иброҳимов томонидан патефон ва Ҳалима Носирова, Карим Зокиров, Домла Ҳалим Ибодов, Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Бобораҳим Мирзаев, Шоҳназар Соҳибов сингари машҳур санъаткорлар овози ёзилган пластинкалар билан тақдирланди.

Саттор Ярашев мазкур театрда ре¬жиссёрлар Баҳодир Жамолов, Миробид Мусаев томонидан саҳналаштирилган "Аршин мол-олан", "Ҳалима", "Фарҳод ва Ширин", "Ичкарида" каби спектаклларда бош ролларни ўйнади. У кейинчалик 1938-1940 йилларда мазкур театрда директор лавозимида ишлади.

1940 йилда Саттор Ярашев вилоят мусиқали ва комедия театрига ишга таклиф этилди. Бу ерда унинг ҳақиқий жўшқин ва самарали саҳна ҳаёти бошланди. Мазкур театрнинг устоз санъаткорлари Анвара Олимова, Бақо Хўжаев, Собит Воҳидов, Пўлатой Раҳмонова, Ғулом Сатторов, Соли ва Аспия Қодировлар, Моше Бобохонов ҳамда Аҳмад Ихтиёровлар билан танишиб, улардан театр санъатининг нозик қирраларини ўрганди ва спектакл¬дан-спектаклга ўзининг актёрлик ва хонандалик маҳоратини ошириб борди.

Саттор Ярашев тез фурсатда театрда намойиш этилган барча спектаклларнинг бош қаҳрамони ва йирик хонандаси қиёфасида томошабинларга ¬танилди. 1943 йилнинг охирида Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги раҳбари Усмон Юсупов Бухорода ўтказилган қишлоқ хўжалиги ходимлари вилоят қурултойида иштирок этиб, делегатларга намо¬йиш этилган концертни томоша қилди ва иқтидорли санъаткорлардан Фароғат Раҳматова, Роҳатой Маннонова, Умаржон Ҳамидовлар қаторида Саттор Ярашевни ҳам Янгийўл театри (кейинчалик "Тошсовет")га ишга олиб кетди. Саттор Ярашев бу ерда санъатимиз ва мадания-тимизнинг йирик устозлари Аҳмад Отабоев (Камтар), Етим Бобожонов, Фазлиддин Шамсиддинов, Юнус Ражабий, Отавали Нуриддинов, Тўхтасин Жалилов, Собир Абдулла, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Чустий, Ҳабибий, Чархий ва бошқалар билан бирга ишлаб, улардан хонандалик ва саҳна санъати сирларини мукаммал ўрганди.

Янгийўл театрида Саттор Ярашев "Тоҳир ва Зуҳра", "Муқанна", "Қўчқор Турдиев" спектаклларида бош ролларни ўйнади. 1944 йилда Янгийўл театри Тошкент¬даги "Тошсовет" (ҳозирги Муқимий) театрига кўчирилди ва Саттор Ярашев кейинги фаолиятини Тошкентда давом эттирди. Муқимий театрида ҳам етакчи актёр сифатида фаолият кўрсатиб, барча спектаклларда бош ролларни ижро этди.

Саттор Ярашев 1947-1952 йилларда П.И.Чайковский номидаги Москва давлат консерваторияси қошидаги опера студиясини, 1972 йилда эса Тошкент давлат консерваториясини ўқиб тугатди. 1952 йилдан бошлаб Саттор Ярашев Алишер Навоий номидаги опера ва балет академик театрида иш бошлади. Узоқ йиллик ижодий фаолияти давомида бир неча опера спектаклларида бош партияларни ижро этди.

Улар орасида Бўтажон ("Улуғ канал"), Жўра ("Бўрон"), Тоҳир ("Тоҳир ва Зуҳра"), Муқанна ("Муқанна"), Фарҳод ("Фарҳод ва Ширин"), Қайс ("Лайли ва Мажнун"), Чўпонали ("Майсаранинг иши"), Моний ("Дилором"), Фурқат ("Шоир қалби"), Йўлчи ("Зулматдан зиё"), Равшан ("Гўрўғли"), Бурет ("Алмаз"), Дами ("Саян тоғлари қўйнида"), Орлур ("Князь Игорь") каби машҳур опера асарларининг қаҳрамонлари бор.

Саттор Ярашев театрда ишлар экан, бир қатор шогирдларини истеъдодли санъаткорлар қилиб тарбиялади. Ўзбе¬кис¬тонда хизмат кўрсатган артистлар Раъно Ҳидоятова, Абдулла Бозоров, О.Ҳасанов ва фарзанди Содиқ Ярашевлар улар жумласидандир.

Саттор Ярашев Ҳиндистон, Бирма, Афғонистон сингари мамлакатларда ижодий сафарларда бўлиб, ўзбек мусиқа санъати ютуқларини хорижий шинавандаларга таништирди. У нафақат опера хонандаси эди, балки ўзбек мумтоз ашулалари ҳамда ўзбек бастакорлари томонидан яратилган қўшиқларни ҳам маромига етказиб куйлар эди. "Бухоро Ироғи", "Сегоҳ", "Дугоҳ", "Феруз", "Мискин", "Ўйнасин" сингари мумтоз ашулалар, "Жон Ўзбекистон" (С.Юдаков), "Ватан" (М.Бурҳонов), "Пахтакорларга", "Эй, сабо" (Д.Зокиров) каби бастакорлик ижодига мансуб бўлган асарлар унинг ижросида ўзгача садода жаранглади.

Устоз Саттор Ярашев 1967 йилдан бошлаб умрининг охиригача Тошкент театр ва рассомчилик институти вокал кафедрасининг доценти вазифасида фаолият кўрсатди. Унинг ўзбек театр ва хонандалик санъати тараққиёти учун қилган хизмати муносиб рағбат топди. У "Ўзбекистон халқ артисти" унвони, шунингдек, бир қатор нуфузли орден ва медаллар билан тақдирланган.

Файзулла ТЎРАЕВ, мусиқашунос олим

:: орқага № 101, 13.12.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.