Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

Ёш ижодкорларнинг устози эди

Бугун биз эслаб, тилга олаётган бу шоирни ўз вақтида атоқли адиб Уйғун "Зарафшон дарёси қирғоғидаги серфайз боғларнинг хушхон булбули" дея таърифлаган эди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки 12 декабрда таваллудига 90 йил тўладиган бу инсон ўзининг нафис шеърияти, ўткир қалами билан воҳамиз адабий муҳити равнақига салмоқли ҳисса қўшган, умуммиллий адабиётимизда ҳам ўз ўрнига эга бўлган ижодкор эди. Ҳа, бу ўринда гап истеъдодли шоир, моҳир журналист, жамоат арбоби Тошпўлат Ҳамид ҳақида кетмоқда.

Мен уни ўтган асрнинг 70-йиллари бошларидан бери биламан. Тошпўлат Ҳамид у пайтларда "Бухоро ҳақиқати" газетасининг бош муҳаррири эди. Мен эса Мурунтов конида геолог бўлиб ишлардим. Ўшанда "Бухоро ҳақиқати"да "Зарафшон юлдузи" сарлав¬ҳали мақолам чиқди-ю, у киши билан яқиндан танишиб, қадрдон бўлиб кетдик. Айнан шу инсон менда журналистикага меҳр уйғотган десам, адашмайман. У кишининг тавсияси билан газетанинг Зарафшон шаҳри мухбирлар пости раҳбари сифатида фаолият кўрсатдим. Радио эшиттиришларни олиб бордим. Бунда эса Тошпўлат Ҳамиддан олган сабоқлар ҳам ас¬қотди. Шу маънода, уни ўзимга устоз деб биламан.

Эсимда, 1970 йилда Бухорода матбуот ва радио жамоатчи мухбирларининг катта йиғилиши ўтказилган, ўша тадбир вилоят газетаси ташкил топганининг 50 йиллигига бағишланганди. Унга Зарафшон шаҳридан вакил сифатида мени таклиф қилишганди. Ўшанда "Бухоро ҳа¬қиқати" газетаси таҳририятининг фахрий ёрлиғи билан тақдир¬ланганим кечагидек ёдимда. Мендек ёшгина ҳа¬васкор мухбирнинг бу тарз¬да эътибор¬га тушишида эса ¬Тошпўлат Ҳамиднинг ўрни катта.

Умуман, у киши билан боғлиқ илиқ хотираларим бисёр. Тошпўлат Ҳамид жиянимнинг никоҳ тўйида ҳам меҳмон бўлган. Эътиборлиси, у тўй чоғи келин-куёвга атаб "Олтинтопарлар ёр-ёри" деган шеър битган. Кейинчалик бу шеър асосида қўшиқ яратилиб, катта тадбирларда куйланган.

Бундан ташқари, Тошпўлат Ҳамид Мурунтов кончилари билан шундай мустаҳкам алоқа ўрнатган эдики, кейинчалик уларга бағишлаб "Тилла дарвоза" номли поэма ҳам ёзганди. Бу каби хотираларимни газетхон билан ўртоқлашишдан кўзлаган мақсадим эса забардаст шоирнинг одамохунлик, камтарлик, жонкуярлик каби қатор фазилатларини ёшларимизга ибрат қилиб кўрсатишдир.

Ҳамид ШАРИПОВ, меҳнат фахрийси

:: орқага № 99, 08.12.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.