Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

Комил ЖЎРАЕВ

(Ҳикоя)

Йўқолган этик

Мактабдан қайтган бола меҳмонхона эшиги олдида беш-олти жуфт бегона пойабзал турганини кўрди-ю, уйга кимлардир келганини тушунди. Ошхонага кириши билан онаси қўлига катта хум чойнакни тутқазди.

— Бобонгнинг жўралари келишган, элтиб бер.

Бола чойнакни меҳмонхона эшиги олдига келтириб қўйди-да, ойнани секин чертди, сўнг у ерга бобоси чиқариб қўйган бўш коса-товоқларни элтиб онасига берди. Қайтиб келиб уй зинаси олдида пала-партиш ётган пойабзалларни тартибга солди. Ичига намат патак қўйилган калиш, албатта, бобосиники, қолган қишки туфли, ботинкаю этиклар меҳмонларники. Улар олти киши экан.

Аммо ичи қалин патли этикнинг жуфтини тополмади. Бир пой нимдошгина этик кечки куз совуғида "менинг жуфтим қани?", дегандек мунғайиб турарди. У ёқни кўрди, бу ёқни кўрди — йўқ. Бирдан ёдига "тирик қўнғироқ" — кучукчаси тушди. У ярамаснинг зина устида турган пойабзалларни тишлаб, гулзору томорқага олиб бориб ўйнайдиган одати борлигини эслади. Иблис!

Дарров атиргуллар остини қараб чиқди. Тополмади. Томорқага кириб анжиру анор ниҳоллари тагини қаради — йўқ. Иблиснинг ўзини чақирди, кўчага чиқиб овоз берди. Қўшнининг дарвозаси олдида ўйнаб юрган экан. Дарров думини ликиллатиб келди. Аммо хўжайиннинг важоҳатини кўриб ҳайрон бўлди. Доим унинг бошини, бўйнини силаб алқайдиган бола ҳозир батамом бошқа кайфиятда эди.

— Бир пой этик қани, итвачча?!

Кучукча қўрқиб кетди.

— Сендан сўраяпман, этикни қаерга ташлаб келдинг?! — Бола шундай деб унинг кетига қаттиқ шапатилаб урди.

У эса "ўлай агар тегинган бўлсам", дегандек бир ғамгин нигоҳ ташлади-да, боши оққан томонга қараб қочди.

Шундан сўнг этикни кўчадаги ариқчалар,қўшниларнинг бегона ўт босиб кетган гулзорларидан излашга тўғри келди. Қани энди унинг нишони кўринса...

Болани онаси чақириб, қўлига қовун тўла катта патнисни тутқазди. Олиб бориб эшикни тақиллатди. Бобоси чиқиб олди.

Боланинг боши қотди. Меҳмонлар чиқиб қолса нима бўлади? Нима бўларди, бобоси заҳрини унга сочади-да...

— Неча марта айтдим сенга, йўқот шу кучукни деб! — боланинг кўз олдига бобосининг тунд қиёфаси келди.

Аҳволни коса-товоқларни юваётган онасига айтди. Онаси дарров қўлини пешбандига артиб, унинг ортидан чиқди. Гулзору томорқани обдон қаради. Тополмагач, кўчадан яхшироқ излагин, деб ошхонага кириб кетди.

Бола яна кўчага чиқди. Қидирди. Узоқроқдаги ахлатхонагача бориб келди. Ерда ҳам, осмонда ҳам йўқ. Охири, уйга кириб отасининг тагчарми қалин эскироқ қишки туфлисини олиб чиқиб, бир пой этик билан солиштирди. Ўлчами тўғри келди. Шундан сўнг бир оз таскин топгандек бўлди. Аммо бу тадбирнинг омонатлигини у биларди.

Ниҳоят, меҳмонлар қўзғалишди. Улар ташқарига чиқиб, боланинг елкасига қоқишди. Хизматлари учун раҳмат дейишди. Ўқишлар яхшими, деб сўрашди. Лекин унинг қулоғига бирор гап кирмасди. Икки кўзию хаёли бир пой этикда. Ҳозир ўша, орқада қолган икки меҳмон уйдан чиқади-ю, иш расво бўлади-да... Бола эшикка яқинлашиб бобосининг овозини эшитди.

— Сизлар машинангиз келгунча бемалол чой ичиб ўтиринг. Мен меҳмонлар билан хайрлашиб келай.

Бобоси ташқари чиқиши билан бола чидаб туролмади. Бўлган воқеани давлат сирига ўхшатиб пичирлаб айтиб берди. Ўзини оқлаш учун изламаган жой қолмаганини, кучукни жазолагани, энди уни уйдан батамом бадар¬ға қилажагини, ҳар эҳтимолга қарши отасининг туфлисини келтириб қўйганини ҳам қўшиб қўйди.

Қизиқ, бобоси бу гапга хафа бўлмади, жаҳли ҳам чиқмади, фақат озгина жиддий тортди, холос. Сўнг баланд овозда, хайрлашишга тайёр турган меҳмонларга ҳам эшитиладиган қилиб деди:

— Хафа бўлма, кучукни ҳам урма-сўкма, бу ерда унинг гуноҳи йўқ. Меҳмонимизнинг этигини ўғирлаган ит бош¬қа.

Бола ҳайрон бўлди. Буни сезган бобо неварасига изоҳ берди:

— У қутурган итнинг оти — Гитлер. Отахон бундан анча йиллар илгари бир пой этигини оёғи билан бирга урушда йўқотиб қайтган.

:: орқага № 93, 20.11.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.