Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

Шофиркондаги музейда Шароф Рашидов дастхати

Музейлар — ўтмиш кўзгуси. Бугун ҳамда эртанги кун учун ибрат манбаи. Улар кечаги кун ва кечаги одамлар ҳақида ҳақиқатни сўзлайди. Аллақандай сокинлик, хотиржамлик бағишловчи бундай масканлар инсон руҳиятига умримиз моҳияти борасидаги чексиз тасаввурларни сингдиради. Шу боис ҳаёт ҳақиқати боқийдир. Бу боқийлик ибратли умр соҳибларининг шарофати-ла тобора сайқал топаверади.

...Шофиркон туманидаги 38-ўрта умумтаълим мактаби ҳудудида бундан қарийб қирқ йил аввал очилган даргоҳга — атоқли файласуф олим, давлат ва жамоат арбоби Иброҳим Мўминовнинг хотира музейига келган ҳар бир кишининг кўнглидан шундай ўйлар ўтиши табиий.

Мазкур маскан остонасига қадам қўйишингиз билан сизни улуғ алломанинг тийран нигоҳи, тазйиқлару уйқусиз тунларнинг заҳмати акс этган улкан портрети қарши олади. Беихтиёр улуғ салоҳият соҳибининг салобати босгандек туюлади. Бу ерда диққатни тортувчи биринчи экс¬понат эса қора костюм-шим ҳамда оппоқ кўйлагу шойи бўйинбоғдир. Илгичдаги бу матоҳлар ҳали замон аллақайси нуфузли анжуманга кетадиган эгасини кутаётгандек. Таъкидлаш керакки, музейда олимнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига оид яна юздан ортиқ буюм, 200 га яқин сурат бор.

— Ушбу гўша нафақат мутахассислар, аллома ҳаётининг турли қирраларига қизиқувчилар учун, балки ёшларнинг тарихга, тарихий шахсларга нисбатан холис ёндашувлари шаклланишида ҳам муҳим аҳамиятга молик. Айниқса, навқирон авлод қалбида она Ватанга муҳаббат туйғусини кучайтиришда бундай даргоҳларнинг роли беқиёс. Шуниси қувончлики, сўнгги вақтларда бу ерга келувчилар сони кўпаймоқда. Дарвоқе, мактабимиз янгидан қурилган. 1979 йилда унга айнан Иброҳим Мўминов номи берилган. Ўша йилиёқ шу музей ҳам очилган, — дейди таълим муассасаси директори Мастура Ражабова биз билан суҳбат чоғи.

Экспонатлар оралаб юрарканмиз, олимнинг бутун ҳаёти, илм-маърифат, жамоат ишларидаги қизғин фаолия¬ти акс этган суратларга боқамиз. Улардан бирида олимнинг 1941 йилда Москвада ҳимоя қилган ва анчагина шов-шувларга сабаб бўлган "Гегель философиясининг жуда мураккаб проблемаси, унинг рационал мағзи" номли номзодлик иши қораламалари ҳамда фан номзоди илмий даражасини берувчи гувоҳноманинг нусхаси тасвирланган.

Мана, ниҳоят, музейдаги энг муҳим экспонат саналган "Таклиф ва мулоҳазалар китоби"ни аста варақлаймиз. Бу битик мазкур масканнинг ташкил топишига бош-қош бўлган инсон — элимизнинг буюк фарзанди, айни кунларда таваллудининг юз йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонлаётган Шароф Рашидовнинг дастхати ва унинг аллома ҳақидаги самимий дил сўзлари билан бошланади. Унда шогирднинг устозга нисбатан меҳру эҳтироми, чексиз садоқати қуйидагича ифодаланган:

"1937-1941 йиллар ичида мен Самарқанд давлат университетининг тил ва адабиёт (филология) факультетида Иброҳим Мўминович Мўминов қўл остида фалсафадан таълим олдим. Эндиликда икки қўлимни кўк¬симга қўйиб, улуғ устозим сиймосига таъзим қиламан.

Университетни тамомлаб, Иккинчи жаҳон уруши фронтларидан қаттиқ ярадор бўлиб келгач, бу улуғ инсоннинг заковатини, инсонийлигини, Ватанга ва халқимизга садоқатини кўриб, юрак-юракларим билан чуқур ҳис қилдим ва Беруний, Навоий, Ибн Сино, Улуғбек каби олим ва донишманд эканлигига иқрор бўлдим.

Энди уларнинг жафокаш меҳнати ва ижоди асрлар оша янги авлодга хизмат қилар экан, улуғ инсон И.Мўминовнинг ҳам фидокорона меҳнати ва ижоди келгуси авлодларга хизмат қилажак.

Шароф Рашидов,

10 май, 1979 йил".

— Отанинг бухороликларга меҳри бўлакча эди, — дея эслайди меҳнат фахрийси Қаҳрамон Адизов. — У киши бу ерга ҳар сафар келганида музейни кенгайтириш, экспонатлар билан бойитиш, қолаверса, ўқувчи-ёшларни бу ёққа кўпроқ жалб этиш бўйича топшириқлар берарди. Ўша ташрифлар чоғидаги суҳбатлардан сезганманки, Иброҳим Мўминов билан Шароф ота ўртасида нафақат устоз-шогирдлик, балки мустаҳкам дўстлик ришталари ҳам бўлган.

Дарвоқе, ушбу даргоҳдаги хоналардан бирида шу икки буюк зотнинг бир пиёла чой устида гурунглашиб тургани акс этган сурат ҳам бор. Мазкур санъат асарида икки дўст¬нинг туйғулари, юрт тақдири, келажаги борасидаги ўй-кечинмалари ифодаланган.

Умуман, ким эканлигимиздан қатъи назар бундай табаррук зотлар ибратли умр йўллари орқали барчамизни ҳаётга уйғоқ кўз билан боқишга, эзгу мақсадлар сари дадил қадам босмоққа ундайди. Улуғ алломанинг музейга кираверишда битилган "Ҳақиқий олим бўлиш учун илмда қора ишчи бўлиш керак" деган ўгитлари шундан далолатдир.

Шу ўринда мазкур маърифий маскан биносининг таъмирталаб¬лигига, музейни замонавий тарзда жиҳозлаш лозимлигига мутасаддилар эътибор қаратади, деб умид қиламиз. Зеро, келгуси йили юртимиз илм-фани дарғаларидан бири, академик Иброҳим Мўминов таваллудининг 110 йиллиги нишонланиши кутилмоқда ва бу сана зиммамизга музей фаолиятини янада ¬такомиллаштириш масъулиятини юклайди.

:: орқага № 90, 08.11.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.