Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

Абдунаби ҲАМРО

Шоирнинг жанозаси

(Ҳикоя)

Ёмғир эрталабдан бери тинмаётганди. Оёқ остидаги олтинранг хазонлар ерга қапишди. Одамлар орасида жимгина турган Аспирант йигитга гўё осмон ҳам марҳум Шоирга аза тутаётгандек туюларди.

"Тиригида йўқламаганларнинг энди бўзрайиб туришларини қаранг! — дея хаёлидан ўтказди у. — Бечорани итдай хор қилишди-я… Ҳатто ўлигиям ўз уйидан чиқишдай бахтдан мосуво… Дарвоқе, ўзи уйи бормиди Шоирнинг…

Ниҳоят, майитни опчиқишди. Кўп қаватли "дом" олдидаги чоғроқ майдонча жанозага келганлар билан тўлганди. Ёмғир ҳануз майдалаб ёғар, кўпчилик шамсия тутиб олган, айримлар бош кийими устига елим халтача кийдириб қўй¬ганди. Тўрт-беш киши майитни ўртага обкелиб қўйишди. Мана, ҳозир домла имом жаноза ўқиса, шу билан тамом. Шоирнинг бир-иккита яқинлари қабристонга боришса бўл¬ди-да, шу ёмғирда ким ҳам эринмай… Йўқ, ёш ва тажрибасиз йигитча ҳар сафаргидай адашганди: жаноза ўқишга чоғланган саллалик кишини четга суриб, соябон тутган бир зот олдинга чиқди.

"Ия, бу ким бўлди тағин? Шуниси етмай турувди ўзи…" — энсаси қотди Аспирантнинг. У гарчи шоирликка даъво қилмаса-да, қалам аҳлининг кўпчилигини яхши танирди. Университетни тугатиб, ас¬пирантура¬да қолгач, илмий ишига асқотадиган барча нишондору бенишон, маълум ва мав¬ҳум, унвонли-ю ҳамёнли қаламкашлар тўғрисида зўр бериб маълумот тўп¬лаётганди.

— Нима бало, митинг қилишмоқчи шекилли? — дея тўнғиллади кимдир орқароқдан. — Тавба, ўликни маҳтал қилиб… Бу нусха ким ўзи?

— Тш-ш! Отахон-ку бу! — кимдир унга танбеҳ берган бўлди.

Аспирант ёмғир пардаси оралаб, қарияга тузукроқ син солди. Ҳа, бу ўша, бир пайтлар бечора Шоирга кун бермай, уни маҳдудликда, совет воқелигига ёт руҳдаги пессимистик асарлар битаётган бадбин сифатида айблаб, сазойини бошлаб берган зот эди. "Қаранг-а, ҳалиям тирик экан-да бу, тўқсонни уриб қўйгандир ўзиям" дея кўнглидан ўтказди Аспирант.

— Ўртоқлар! — қариянинг овози бироз бўғиқ, ранги рўйи каби ёқимсиз эди. — Адабиётимизнинг, шеъриятимизнинг юлдузларидан бири бўлмиш шоиримиз Хокисорни сўнгги йўлга кузатяпмиз…

— "Ўртоқлар"га бало борми шу замонда, уларнинг бари тўқсон биринчи йилдан нарида қолиб кетди, — дея кинояли шивирлади кимдир. Бояги тартибсевар эса уни ҳам тергаб қўйди:

—Тш-ш!

— Биз Хокисорни севардик! — дея минғирлади Ота¬хон кўзларидаги ёшними, ёмғир томчисиними артиб. — Уни қадрлардик, унга қойил қолардик. Ҳа, у том маънода Шоир эди.

"Қадрлаганмишлар! Бечорани ур калтак-сур калтак қилганларнинг бошида ўзингиз турмаганмидингиз, устоз?! Шоирга гоҳ "пантуркист", гоҳ "пан¬исломист" деган ёрлиқлар ёпиштириб, сал бўлмаса империализм агентига чиқарган ким эди? Хайриятки, юрт бахтига Истиқлол келди, адолатли раҳбарлар Шоир ижодига ҳаққоний баҳо беришди, у Халқ шоири бўлди. Акс ҳолда, сенлар уни қайта кўкармайдиган қилиб, қозиқдай ерга қоқиб ташлардинглар!"

Шу гаплар хаёлидан ўтган Аспирант кўз ёш тў¬каётган қариянинг сўнгги сўзларини эшитмай қолди. Бу орада Отахоннинг ўрнини эгаллаган зот ҳам унга таниш эди. Бир пайтлар улуғ доҳийларни, уларнинг "ҳақ ишлари"ни кўкларга кўтариб, ёстиқдай-ёстиқдай китоблар нашр эттирган, мустақиллик бўлиб, мезонлар ва қадриятлар ўзгаргач, беш-олти йил босим ўтириб, асарларини қайта ишлаган, энди ҳар йиғилишда, ҳар бир катта-кичик анжуманда китобларини чоп этишни истамаётган ноширларнинг гўрига ғишт қалаб юрган бу кимса ҳам бечора Хокисорнинг бу тахлит хор бўлишига ўзининг "баракали ҳиссаси"ни қўшганлардан эди.

— Мен Хокисорни жуда ҳурмат қилардим, — дея ўз дийдиёсини бошлади "ёзғувчи". — Биз у билан қалин дўст эдик, айтиш мумкинки, бир кўрпада тепкилашиб катта бўл¬ганмиз. Унинг илк тўплами чиққан йиллари…

— "Ҳаҳ, дунёи қўтир-а! Ўлди — азиз бўлди, шишди — семиз бўлди! Бу акамнинг сайрашини қаранг энди. Ўша илк тўплами чиққан пайтлари бечора Хокисорнинг шўрига шўрва қуйганлардан бири ўзи-ку! Катта идораларнинг буюртмаси билан ёзиб, энг катта газетада чоп эттирган мақоласида Хокисорни "шеърларидаги "улуғ турк", "ота Туркистон" жумлалари билан совет кишиларининг кўнглига шубҳа уруғларини экяпти", деб бадном қилишга уринган ким эди ўзи?! Хокисорнинг шеърлари талабаларнинг оғзидан тушмай, машҳур ҳофизлар унинг шеърларига куй басталаб, куйлаб юрган кунлари оёғи куйган товуқдай типирчилаб қолган ким аслида? Хокисор билан бирга ўқигани, ижара уйларда бирга яшагани рост, бироқ, қисматнинг ажабтовур ўйинларини қарангки, биров кўзга илмаган, пачоққина йигит машҳур Шоир бўлди. Бўйни ғўладай йўғон "ёзғувчи" эса ҳамон итнинг кейинги оёғи…

ХХ асрнинг иккинчи ярмида ўзининг ўтли шеър¬лари билан миллатни уйғотган уч-тўртта фидойи шоирлар орасида Хокисор ҳам борлигини, айнан унинг қадимий туркий қавмлар бирлиги ҳақидаги, буюк аждодлар жасорати тўғрисидаги фикрлари миллат фарзандлари кўнглини-ю руҳини ларзага келтирганини Ёзғувчи билмайдими? Йўқ, жуда яхши билади! Чунки, у — ўзи айтганидек — Хокисор билан бирга ўйнаб, катта бўлган".

Аспирантнинг жони бўғзига тиқилди. Одам дегани ҳам шунчалик сурбет бўладими? Ахир, бу ерда, тўпланганлар уни ҳам, Хокисорни ҳам, ораларида бўлиб ўтган воқеаларни ҳам яхши билишади-ку! Ёшроқлар билмаса-да, анови Отахонга ўхшаганлар барча сиру синоатдан хабардор. Аслида мана шу Ёзғувчига ўхшаганларнинг тазйиқлари Хокисор бечорани икки бора касалхонага ётқизиб, юрак ўйноғига дучор қилмадими?! Илк тўпламини ўз исми, Рашид Парда тахаллуси остида чоп эттирган шоир Замонбекнинг лайчаларидан қутилиш учунми, ё ўз табиатидан келиб чиқибми, кейинги ижоди-да барча учун Хокисор бўлиб қолди. Жонини жабборга бериб томоқ қираётган Ёзғувчига боқиб, Аспирант тағин бир воқеани хотирлади. Гарчи шахсан ўзи гувоҳ бўлмаган бўлса-да, аниқ манбалардан эшитгани учун Аспирант бу воқеанинг чиндан ҳам рўй берганига шубҳа қилмайди. Хуллас, истиқлолнинг дастлабки йилларида оилавий турмуши дарз кетиб, у ер-бу ерда яшаб юрган, ғирт ишсиз бўлган Хокисорга обрўли бир журнал таҳририятидан қўнғироқ қилишади. Журналга эндигина бош муҳаррир қилиб тайинланган, истеъдоди ўртамиёна бўлса-да, ўзи ниҳоятда бағрикенг одам бўлган Болажон Шоир янги жамоани шакллантириш жараёнида ногоҳ Хокисорни эслаб қолади. "Кел, шу дарвешни ишга олай, мени дуо қилиб юрсин" дея ўйлаб, унга сим қоқади.

— Илоё умрингиздан барака топинг, ука! — дейди Хокисор, кутилмаган таклифдан қувониб. — Яхши ўйлабсиз-да, бизга би-и-р раҳбарлик қилинг ўзингиз…

Қия очилган эшик ортидан икки шоир суҳбатини эшитиб қолган Ёзғувчи бир нарсани баҳона қилиб ичкари киради (У ҳам янги жамоага аъзо қилиб олинган, шўрлик Болажон Шоир уни ишга олиб, ўз бошига балони сотиб олганини ҳали билмасди).

— Шуларга қўл қўйиб берсангиз… —, дейди у ипакдай эшилиб, қўлидаги икки варақ қоғозни раҳбарга узатаркан.

— Хокисор билан гаплашиб, розилигини олдим, эртадан иш бошлайди! — дейди Болажон Шоир терисига сиғмай, беихтиёр қоғозларга имзо чекар экан.

— А-а? Укагинам, мени кечирасиз, раҳбар сиз, аммо бир нарсани айтай… — Ёзғувчи у ёқ-бу ёққа аланг¬лаб курсига ўтиради. — Ахир, Хокисор "қора" рўйхатда туради-ку! У анови янги чиққан "инқилобчилар" билан оғиз-бурун ўпишиб юргани катта идораларга ёқмайроқ турибди ўзи. Сиз ёшсиз, авторитетингиз бор, карьера қилишингиз керак ҳали, катталар сизга ишонч билдиришган. Хокисорнинг Болтиқ¬бўйи республикаларига сафари нима билан тугагани ҳаммага маълум-ку! Ўша ерда ҳар хил Янус-пануслар билан топишгани тўғрисида миш-мишлар бор. Қолаверса, Хокисорнинг ҳеч қанақа ҳужжати йўқ, уни ишга олиш қийин бўлади.

— Нега энди ҳужжати бўлмас экан? — ажабланди Болажон Шоир. — Ахир, университетни битирган-ку!

— Тўғри, битирган, лекин диплом олмаган, бу бизга ишончли жойлардан маълум. Паспорти йўқ, хотини билан ажрашгандан сўнг йўқотган, бу аниқ. Партбилети йўқ, партия аъзоси эмас эди, тем более, энди партиянинг ўзи ҳам йўқ. Хуллас, у комсомолга ҳам, касаба уюшмага ҳам аъзо бўлмаган. Фақат "у ёқ"да учётда турибди!

— Шошманг, ахир у Халқ шоири-ку?!

— Ну и что?! Бўлса бордир, за то, документи йўқ.

Алқисса, эртаси куни минг бир умид билан келган Хокисор тарвузи қўлтиғидан тушиб, қайтиб кетади. Болажон Шоирга "карьера"си азизроқ кўринадими ё ҳақиқатан ҳам Хокисор "бездокумент" эканми, иш¬қилиб, бир савоб иш амалга ошмай қолади.

Хийла ивиб бўлган жасад устига брезентга ўх¬шаган алламбало мато ёпиб қўйишди. Митинг эса тугай демас, бош кўтариб чиқиб, "Ҳой мусулмонлар, бу нима бедодлик, ахир! Ўлик маҳтал бўлиб қолди-ку! Ҳозир Мафкурахонимнинг замони эмас, бас қилинглар бу бемаъни томошани!" дейдиган эррайим йўқ эди. Хайриятки, ёмғир бироз пасайди, қарийб тинди. Энди у кўзга кўринмай шивалар, кўринмаса-да, ёғаётганини сездириб турарди.

Майит эгаси, уй эгаси, яъни сўнгги бир-икки йилда уй-жойсиз қолган Хокисор ўзининг сўнгги кунларини яшаш учун бекорга унинг уйини танламаган Камтариннинг феъл-атвори Хокисорга жудаям ўхшаб кетарди. Ўшандай содда, самимий, беғубор, алдам-қалдамдан йироқ…

— Хокисор акам билан барча қи¬йинчиликларни бирга енгиб яшадик! — деган чийилдоқ товушни эшитиб, Аспирантнинг хаёли бўлинди. Тобут олдида турган аёлни кўриб, у сесканиб кетди. Икки бор уйланиб, бахти очилмаган бечора шоир охири шу хонимнинг чангалига тушиб, бутунлай тор-мор бўлганди. Мустабид тузумнинг сўнгги йилларида топишган икки юрак бироз тинч яшашди, сўнг Хокисорнинг ишлари кундан-кунга ортга кета бошлади. Кейинроқ аён бўлишича, унинг ҳар бир қадамини, ҳар бир олган нафасини керакли жойларга етказиб турган "савобталаб" айнан шу Хархашахоним экан (Сўнгги кунларида Хокисор бир суҳбатда уни шундай атаганди). Барча сир ошкор бўлгач, Хокисор у билан ажрашишга қарор қилди, бироқ, ўзи панд еди: Хархашахоним уч хонали уйини ими-жимида ўз номига хатлаб олганлиги боис Хокисор кўчага ҳайдалди…

Худо урганни пайғамбар ҳам ҳассаси билан туртар экан: кўзига ёш келмагани етмагандек, ёмғир ҳам тинди, ноилож қолган Хархашахоним дийдаларини тупук суртиб ҳўллашга мажбур бўлди ва табиийки, эрталаб ойна олдида ихлос билан суртилган қора бўёқ чапланиб, хоним мўри тозаловчи хотинга ўхшаб қолди.

Ниҳоят, маҳалла оқсоқолининг тоқати тоқ бўлди. У одамлар орасини ёриб ўтиб, олдинга чиқди.

— Бўлди-да энди, биродарлар, ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бўлади. Ўлик ҳам, тирик ҳам эзилди ро¬са. Бу бечорани тиригида биров йўқлаб, шу ма¬ҳаллага келганини кўрганим йўқ. Энди бўлса… Ҳа, но¬тўғрими? Шошманг, сиз кимсиз?

— Мен унинг қишлоқдошиман, — дея изиллади юпун кийинган бир чол ҳиқиллаб, — бир маҳаллада ўс¬ганман. Рухсат беринг, оқсоқол, икки оғиз гапирай…

Оқсоқол оёқ тиради.

— Э-э, тақсир, қўйинг энди, одамлар кутиб қо¬лишди, айб бўлади.

— Икки оғизгина… — ялинди чол.

— Уф-ф, бўпти, тезлаштиринг. Тавба-ей!

— Хокисор катта одамларнинг фарзанди, тагли-зотли оиланинг ўғли эди. У умрини адабиётга ба¬ғишлади, бировдан эҳсон кутмади. Уйи, ана, бир соатлик йўл шаҳардан, лекин йиллаб қишлоққа бормасди. Худо уни шундай яратган эди, сизлар ҳам уни шундайлигича қабул қилишингиз лозим эди. Унинг ўзбек халқи олдидаги хизматларини инкор қила оладиган мард борми ораларингда? Жимсизлар… демак, йўқ. У ўзини ўйламади, миллатим, Туркистоним, тилим деб ўтди. Мен тракторчи бўлганман, лекин унинг барча шеърларини ёд биламан. У Ватан қайғуси билан, Туркистон ёди билан яшади. Умрининг охирида, мана, хор бўлди, ҳатто ўлигиниям хўрладинглар. Суф сенларга-ей! Шоиру ёзувчи деганлари сенлар бўлсанг, минбаъд қўлимга китоб олмаганим бўлсин. Алвидо, дўстим! Биз гумроҳларни кечир…

Ёз осмонидаги момақалдироқдек янграган бу сўзлардан сўнг барчанинг дами ичига тушди. У ер-бу ердан йўтал, томоқ қиришлар эшитила бошлади. Тартибсевар одамларга дакки берди:

—Тш-ш-ш!..

— Э-э, ғалати бўлди-ку… — дея Оқсоқол каловланди, сўнг беўхшов жилмайди.

— Қани домла, ўқинг жанозани!

Ўн беш дақиқадан сўнг майдонча бўшаб қолди. Аспирант намчил йўлкалардан аста юриб бораркан, ногоҳ юзига томган совуқ томчидан сесканиб кетди. Осмонга қаради: булутлар қуюқлашган, ёмғир қайтадан бошланганди. Осмоннинг улуғ шоирга тутган азаси ҳали тугамаганди. Ёмғир эзгин, Хокисорнинг ўзи битгани каби, шиғалаб ёғарди.

:: орқага № 87, 28.10.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.