Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

Маънавий жасорат соҳибини шарафлаб

Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги Бухорода кенг нишонланди

Тоҳиржон ИСТАТОВ олган суратлар.

"Агар ҳар бир халқ, ҳар бир давлат мустақил бўлмаса, бош¬қалар унинг нафақат деҳқонини, нафақат ишчисини, ҳаттоки шоиру олимини ҳам, давлат арбобини ҳам истаганча таҳқирлаши, инсоний шаънини тупроққа қориши мумкин экан".

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу пурҳикмат сўзлари ҳақиқатга нақадар тўғри эканини халқимизнинг истиқлолгача бўлган яқин тарихи, йирик давлат арбоби ва таниқли адиб Шароф Рашидов тақдири мисолида кўришимиз мумкин. Ўтган асрнинг 80-йилларида, советлар даврида халқимиз собиқ Марказ томонидан ўйлаб чиқарилган "пахта иши", "ўзбеклар иши", "рашидовчилик" деган туҳмат ва маломатларга дуч келди, буларнинг барчаси оддий, бегуноҳ одамлар елкасига оғир юк бўлиб тушди.

Айниқса, Ўзбекистонни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқарган, юртимиз шаънига ҳам, ўз номига ҳам гард юқтирмаган камтарин ва донишманд давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов шахсига нисбатан турли бўҳтонлар уюштирилди. Қарийб чорак аср республикага етакчилик қилган бу раҳбар дунёдан кўз юмгач, унинг хотираси таҳқирланиб, жасади кўчирилди, оила аъзолари ва қариндош-уруғлари таъқиб қилинди.

Аммо Ўзбекистон мустақилликка эришганининг иккинчи йили республикамиз Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Шароф Рашидов номи тўла-тўкис оқланди. Ўша йили бу буюк инсоннинг 75 йиллиги юртимизда кенг нишонланди. Шу кунларда мамлакатимизда Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланаётгани халқимизнинг бу оташқалб фарзанди, доно раҳбари хотирасини абадийлаштириш, унинг буюк хизматларини эътироф этишнинг ўзига хос намойиши бўл¬моқда.

Жорий йилнинг 14 октябрь куни Бухоро шаҳрининг маданий марказидаги вилоят мусиқали драма театрида атоқли давлат арбоби ва эл севган адиб Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб ўтказилган хотира кечаси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятида сайловчилар билан учрашувда сўзлаган нутқида хал¬қимиз бу оташқалб фарзанди шахси, унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида билдирган ушбу фикрлари акс этган видео¬лав¬ҳа билан бошланди. Тадбирда иштирок этган вилоят жамоатчилиги вакиллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ёшлар улкан экранда намо¬йиш этилган бу видеолавҳани бир олам ҳаяжон билан томоша қилдилар, Юртбошимизнинг сермаъно фикрларини қўллаб-қувватлаётганларини олқишларда ифодаладилар.

Хотира кечасини олиб борган таниқли сухандонлар—Ўзбекистон халқ артисти Галина Мельникова ва республикада хизмат кўрсатган маданият ходими Севара Турсуновалар дастлабки сўзни Бухоро вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноевга беришди.

—Ҳар бир инсон ҳаётга келар экан, албатта ўзидан бирор из қолдиришга, номини мангуликка муҳрлашга ҳаракат қилади,—деди нотиқ.—Аммо бу ишни уддалаш фақатгина саноқли кишиларгагина насиб этади.

Бугун, биз хотирасига ҳурмат бажо келтираётган Шароф Рашидов улуғвор ишлари, донолиги ва камтарлиги, халқига меҳру муҳаббати, маънавий жасорати билан номини мангуликка муҳрлади. Бу улуғ инсоннинг йўлбошчилик маҳорати, юртга садоқати ҳали кўпдан-кўп раҳбарлар учун ибрат мактаби бўлиб қолади.

Шароф Рашидов кенг қамровли давлат ишлари, ижтимоий фаолият билан банд бўлишига қарамай баракали ижод қилди. Унинг "Ғолиблар", "Бўрондан кучли", "Қудратли тўлқин" романлари, "Кашмир қўшиғи", "Комде ва Мўдан" достонлари, "Дил амри" қиссаси ва яна кўплаб шеър ва бадиий-публицистик асарлари миллий адабиётимиз хазинасини бойитиб турибди.

Вилоят раҳбари сўзининг пировардида тадбирда иштирок этаётганлари учун улкан давлат арбоби ва адибнинг қизи Сайёра Рашидова, унинг сафдошлари ва пойтахтлик олимларга миннатдорлик изҳор этар экан, Шароф Рашидовнинг порлоқ хотираси ¬бухороликлар қалбида мангу сақланиб қолишини ало¬ҳида таъкидлади.

Тарих фанлари доктори, Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги ки¬тоб¬лар муаллифи Саидакбар Ризаев ўз сўзида халқимизнинг оташқалб фарзанди ҳамда етук раҳбарининг республикамиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлида кўрсатган фидойилиги, зилзиладан вайрон бўлган Тошкентни қайта қуриш, бу шаҳарда метрополитенни бунёд этишдаги қатъияти ва шижоати, мамлакатимизда пахтачилик, энергетика, шаҳарсозлик, илм-фан равнақига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида атрофлича тўхталди. Фалсафа фанлари доктори, профессор Гули Маҳмудованинг чиқиши Шароф Рашидовнинг инсоний фазилатларига, илмий-маърифий ва фалсафий қарашларига, адабий меросига бағишланди.

Тадбир иштирокчиларига бу улуғ Йўлбошчининг республикамизда олтин қазиб чиқариш саноатини йўлга қўйиш, янги конларни очиш борасидаги улкан хизматлари, соҳа кадрлари учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратишга кўрсатган ғамхўрликлари ҳақида геология-минералогия фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган нефтчи Абдужаббор Ибрагимов сўзлаб берди.

Бухоронинг қақроқ ерларига Амударёдан оби-ҳаёт келтириб, деҳқонлар юмушларини енгил қилиш, воҳа аҳли дастурхонини тўкин этиш учун улкан насос станциялари ва каналларни қуриш ташаббускори бўлган Шароф Рашидовнинг ирригация ва мелиорацияни ¬ривожлантириш, воҳада саноатни равнақ топтириш борасидаги улкан хизматлари фахрий журналист, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби Бевит Жумаев ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи директори Бахтиёр Маҳкамовнинг сўзларида ўз ифодасини топди.

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Сайёра Рашидова падари бузруквори Шароф отанинг Ватанимиз тараққиёти йўлидаги улуғвор ишларини доимо ёдда тутиб, унинг бадиий баркамол асарларини севиб ўқиётганлари, порлоқ хотирасини дилларида мангу сақлаётганлари учун барча бухороликларга миннатдорлик билдирди ҳамда вилоят аҳлига тинчлик-хотиржамлик, бахт-саодат ва янги меҳнат зафарларини тилади.

Вилоятимиз санъаткорлари ижросида янграган Шароф Рашидов шеър¬лари, шунингдек, Ватан ва истиқлолни, севги ва садоқатни тараннум этувчи қўшиқлар ҳамда дилбар рақслардан иборат бадиий дастур тадбир иштирокчиларини хушнуд этди.

* * *

Шу куни шаҳардаги "Шир¬будин" маросимлар са¬ро¬йи¬да нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида хайрия тадбири ўт¬казилди. Унда атоқли давлат арбоби ва ¬ёзувчи Шароф Рашидов хо¬тира¬сига Қуръон оят¬лари тиловат қи¬линди. Халқимиз ¬мил¬лий анъаналарига асосан дастурхонга эҳсон оши тортилди.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 84, 16.10.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.