Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

Жўра ФОЗИЛ

Хонгул

(Қиссадан парча)

Бизни ўраб турган табиат, ҳайвонот ва наботот оламига муносабат мавзуси ҳар бир даврда ўзгача ранг ва оҳанг, рамз-тимсоллар қанотида қоғозга кўчади. Бу изҳорларда гоҳ ташвиш-хавотир, гоҳ қониқиш-эҳтиром ифода топганидек, инсоннинг табиатга муносабатида меъёр чегарасининг бузилиши ҳам барча даврларнинг бирдек оғриқли муаммоси бўлиб қолаверади. Зотан, азал қонунияти шундай — табиат инсонга, инсон эса табиатга боғлиқ. Инсон ўзини табиатдан айро тасаввур этолмаганидек, табиат ҳам борлиги ва борлиғини ҳар лаҳза ёдимизга солаверади.

Жўра Фозилнинг эътиборингизга ҳавола этилаётган мазкур қиссаси ўтган асрнинг 80-йилларида ёзилган. Ундан инсоннинг табиатга шафқатсиз муносабати мисолида одамлар орасидаги зиддият ва тўқнашувларга ишора қилинади. Табиатга бирёқлама муносабат оғир йўқотишларга олиб келганидек, инсонлараро муносабатларнинг дарз кетиши маънавий таназзулга омил бўлади. Ёзувчининг "Хонгул"и шунга бевосита ишорадир.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наср кенгаши.

Қизқалъа баланд тепаликда туриб, қўлини пешонасига соябон қилганича, узоқ-узоқларга тикилаётган ғоят гўзал, лекин жулдур кийимли қизга ўхшаб кетар, дарё томондан эсган кеч куз шамоллари у ер-бу ерида кўк нил бўёқлари ялтираб турган мангу очиқ дарвозаси, сардоба, тош қудуқ ва бошқа харобалар аро ҳуштак чаларди. Неча минг йиллар гувоҳи — тилсиз харсанглар сукунатида қандайдир улуғвор, айни вақтда, аянчли бир қўрқинч бор эди.

Сап-сариқ тиллодек қум барханлари ўраб олган қалъа юксакликда, дарвозаси Мағрибга қарар, бир вақтлар яқингинасида ҳайқириб оққан, энди анча олислаб кетган дарё баландлаётган қуёш нурларидан ялтираб, кўзни қамаштирарди.

Гулниҳол ва Анвар қалъанинг энг баланд нуқтасига кўтарилиб, ўркач-ўркач қум барханларини, кузнинг бутун гўзаллигини ўзида мужассам этган тўқайзорларни, толим-толим сочдек бўлиб, у ер-бу ерида оролчалар ҳосил қилиб оқаётган дарёни бир муддат томоша қилдилар.

Ниҳоят, Гулниҳол сўз бошлади:

— Анвар ака, қалъани баҳс-мунозарасиз томоша қилайлик. Бу буюк масканда баҳс этишни мен шаккоклик деб биламан.

Улар қарийб икки соат ҳеч сўз демай, қалъани айланиб, дарвоза яқинидаги чуқур тош қудуқ ёнида тўхтадилар. Анвар қудуқ ичига эгилиб, овоз берди. Гумбурлаган акс-садо чор-атрофдаги тошлар мудроғини бир зумгина учиргандай бўлди. У қад ростлагач, Гулниҳол сўз қотди.

— Мана шу қудуқни эслаб қолинг, Анвар ака, у ҳали бизга керак бўлади.

— Хўп, — деди Анвар.

Чамаси ярим соатлардан сўнг улар дарё соҳилига етиб бордилар. Анвар ўгирилиб, ортда салобат билан юксалиб турган қалъа харобаларига такрор назар ташлади.

— Ҳа, — деди у чуқур тин олиб,— баҳслашмайлик, деганингизча бор экан. Шундай ҳолатлар бўладики, гапиргандан кўра, сукут сақлаган маъқул.

— Гапиришга ҳаққимиз йўқ-да. Шундай аянч аҳволга солиб қўйилган Қизқалъа учун келажак авлод бизни кечирмайди. Бу қалъа Шарқ меъморчилиги буюк дурдоналаридан бири. Ана шу санъат асарига қарийб юз йил мобайнида бирор таъмирчи қўли тегмаган, бирор жонкуяр топилмаганки, "Ҳой, дўстлар, аждодларимиз қолдирган ёд¬горликлар қадрига етайлик, уларни хор қилиб қўйиш увол-ку!"—деса.

Гулниҳол сўзидан тўх¬таб, Анварга боқди. Йигитнинг чеҳраси тунд, кўзларида иложсизлик, бетоқатлик акс этар, дарёдан эсаётган шамол пешонасига тушиб турган дағал, ғайир сочларини тўзғитиб, ўйнарди. Мағриб томондан келаётган қора булутлар галаси бир неча дақиқа олдин чарақлаб турган қуёш юзини тўсган, тўқайлар шов-шуви кучайган, ҳаводан рутубат, ём-ғир ҳиди келарди. Дарё сатҳида майда тўлқинлар кўпайиб борарди. Анвар дарёдан кўз узмай, секин одим ташлар экан, қизга жавобан деди:

— Увол, деб бонг ураётган, ёқа йиртиб, соч юлаётганлар жуда кўп. Ёдгорликларни, табиатни муҳофаза қиляпмиз, дея турли жамияту қўмиталарда юмшоқ курсиларда ўтириб,сафсата сотаётганлар сон-мингта! Лекин булар шунчаки, чиройли гаплар, гап — барибир, гап-да. У чиройли айтилгани билан, ишга айланиб қолмайди-ку.

Қиз бош қимирлатиб, йигитнинг фикрини тасдиқлади. Анвар сўзида давом этди:

— Сизга бир воқеани айтиб берай. Бухоро зилзиласи чоғида обрўли бир журнал топшириғи билан, мен шу ҳақда очерк ёзмоқчи бўлдим. Анча далиллар тўплаганимдан сўнг, маълум бўлдики, ер силкинганда тарихий ёдгорликларнинг бирортаси шикастланмагани ҳолда, Минораи Калон кунгураларидан анча ғишт қулаб тушган. Суриштириб билсам, худди шу қулаган ерни инқилобдан сўнг, "қўли гул" усталаримиз таъмирлашган, қизил қўшин зирҳли поезди Мурғак станциясидан Минораи Калонни тўпга тутиб, қолдирган "даст хат"¬ни йўқотиш учун шундай қилинган экан. Лекин ана шу ваҳшийликларга олижаноблик тўнини кийгизиш учун кимлар, қанчалар сафсата сотмади, дейсиз!

Гулниҳол Анвар билан ёнма-ён одимлар, онда-сонда булутлари қуюқлашиб бораётган осмонга қараб қўярди. Анвар жимиб қолгач, қиз жилмайиб, шундай деди:

— Баҳслашмасликка аҳд қилган бўлсак-да, шунча тортишдик. Билмадим, агар баҳс¬га бел боғлаганимизда, нима бўлар экан...

— Нима бўларди, бинойидеккина сафсатабозлик бўларди-да!—кулди Анвар ва қўшиб қўйди:

— Гап тўғри келганда айтиб қўяй, Қиз¬қалъа шу аҳволда ётаверар, буғулар қирилаверар экан, мен ёзажак китоб ҳам, сизнинг илмий ишингиз ҳам сафсатабозликка қўшилган ҳисса бўлиб қолаверади. Агар нописандлик қилган бўлсам, узр.

— Йўқ, нега энди. Сизнинг китобингиз ҳам, менинг илмий ишим ҳам керак. Улар бажарадиган вазифалар аниқ. Лекин мен бошқа нарсадан қўрқаман. Биз курашмоқчи бўлган одамлар китоб ўқимайдилар.

Улар ҳамон соҳил ёқа¬лаб одимлашар, шамол кучайган, дарё сатҳининг у ер, бу ерида пуфакчалар ҳосил бўлабошлаганди. Анвар осмонга тикилган эди, совуқ бир томчи "чип" этиб ёноғига тушди.

— Қадамни тезлатмасак бўлмайди чоғи, ёмғирда қолиб кетамиз, — деди у.

— Шошилиб борадиган еримиз йўқ. Ёмғирда юришни яхши кўраман, — деди Гулниҳол. — Ваъдага кўра, Қизқалъа афсонасини айтиб бераман энди. Сўзларимни бўлмай, қулоқ тутинг.

— Бажонидил, Гулниҳол, — деди Анвар.

Гулниҳол ҳикоясини бошлади.

"Жуда қадим замонларда, мана ҳозир сизу биз юрган томонларда гўзал ва фаровон юрт бўлиб, унга ақл-заковатда ягона, одил подшоҳ ҳукмронлик қиларкан. Унинг қароргоҳи дарё қирғоғида, ҳозир ўзимиз кўрган қалъада экан. Қалъа жуда мус¬таҳкам, унга унча-мунча душман яқин йўлай олмас, башарти, қамал қилинганда ҳам, ойлар, йиллар давомида бардош бераркан.

Подшоҳнинг энди 17 га кирган, ҳусн-латофатда тенгсиз бир қизи бўлиб, бошқа фарзанди йўқ экан. Подшоҳ ёлғиз қизини беҳад суюб, Заррина деб атаган, унга юрт бошқариш, ҳарбий санъатнинг сир-асрорларини ўргатган, қиз ёй отиш, қилич солиш, чавандозликда ман-ман деган йигитларни ҳам доғда қолдираркан.

Ёши бир жойга бориб қолган подшоҳ кун сайин дармонсизланаётганини сезиб, қизини ёнига чақирибди-да, шундай дебди:

— Қизим, кўзимнинг оқу қораси сенсан. Мен сени ҳалол, одил ва жасур қилиб тарбияладим. Энди Оллоҳга омонатимни топширадиган пайт етди. Яқинда туш кўрдим. Узоққа бормасам керак. Шунинг учун, менинг сўнгги иродамга қулоқ сол: тожу тахт¬ни сенинг номингга васият қиламан. Сенга гўзал ва обод юртни, яхши қуролланган лашкарни қолдиряпман. Насиҳатим шундай: ҳеч қачон эл йиғлаганда, сен кулма, халқ оч қолганида, ўз тўқлигингни ўйлама, юртни босқинчилардан асра, қолгани ўзинг¬га, Оллоҳга ҳавола.

Шундан сўнг подшоҳ вазиру уламоларини чақириб, ўз қарорини айтибди ва қизи номига васиқа ҳозирлабди.

Орадан бир неча кун ўтгач, подшоҳ қазо қилибди. Уни иззат-икром билан тупроққа топширгач, Заррина мамлакат тахтига ўтирибди ва отасидек одиллик билан ҳукмронлик қила бошлабди.

Лекин кўп ўтмай, қўшни мамлакатнинг бу гўзал юрт ва унинг гўзал маликасига кўз олайтириб юрган подшоси қўшин тортиб, сон-саноқсиз кемаларда дарёдан кечиб ўтибди-да, қалъага ҳужум бошлабди.

Жанг жуда шиддатли бўлибди, ҳар икки томондан минглаб лашкар қирилибди, соҳил ҳам, дарё ҳам қип-қизил қонга бўялибди. Бу жангда малика Заррина қўшини қўли баланд келиб, душман лашкарини дарёдан нарига улоқтириб ташлабди.

Орадан бир неча кун ўтиб, душман яна мўр-малахдек ёпирилиб келибди. Лашкар аввалгидан бир неча ҳисса кўп экан. Яна жанг бўлибди, дарё-дарё қонлар тўкилибди. Аммо энди кучлар деярли тенг келиб, ғаним қўшини дарё соҳилига ўрнашиб олибди, қалъани қамал қилибди. Ғаним подшоси маликага нома юборибди: "Агар малика унга тегса, қамал очилади, лашкар изига қайтади, тўй-томоша бўлади, юртга қирқ кеча-кундуз ош берилади".

Бу номага малика Заррина шундай жавоб берибди: "Агар подшоҳ яккама-якка жангда мени енгса, шартларига розиман, қалъа дарвозалари очилади."

Подшоҳ ва малика ўртасидаги олишув жуда шиддатли кечибди. Заррина подшоҳни қаттиқ яралабди. Бундан руҳланган унинг қўшини душман лашкарларига ҳамла қилиб, яна дарёдан нарига улоқтириб ташлабди. Қаттиқ яраланиб, шарманда бўлган ғаним подшоси ўйлаб қараса, маликани куч билан енгиб бўлмайди. У ҳийла ишлатишга қарор қилибди.

Ғаним қўшини чекиниб, қаёқдан келган бўлса, ўша ёққа равона бўлибди. Орадан неча кунлар, ойлар ўтса-да, душман қайта ҳужум қилмабди. Малика ғалабадан руҳланиб, уруш асоратларини тугатишга киришибди. Қалъани янада мустаҳкамлабди, қўшинни хомаки жангларда чиниқтирибди. Яна ойлар ўтибди, ҳеч қаёқдан хавф сезилмабди. Ҳамма тинч меҳнат билан машғул бўлибди.

Малика Заррина эса энди 17 га тўлган эмасми, унинг юрагига ишқ меҳмон бўлибди. У душманга қарши жангда қаҳрамонлик кўрсатган йигит — лашкарбошини яхши кўриб қолибди. Лашкарбоши кўркам, барваста, ақлли йигит бўлса-да, бир қусури бор экан. У шон-шуҳратга ҳаддан ташқари ўч экан.

Табиатан оқкўнгил малика буни билмай, лашкарбошини чин юракдан севибди. Йигит Зарринанинг хайрихоҳлигини сезиб, унга ишқ изҳор этибди. Икки ёш аҳд-паймон қилиб, баҳорда тўйни ўтказишга келишибдилар. Лекин кўп ўтмай, лашкарбошини шайтон йўлдан оздирибди. У қандай бўлмасин, маликани тахтдан ағдариб, подшоҳ бўлиш пайига тушибди.

Лашкарбоши ўзига маслакдош излаб юрган бир паллада, қалъада Румдан келган, мошгуруч соқолли, кўркам бир қаландар пайдо бўлибди. У аслида қаландар эмас, маликадан енгилган подшоҳнинг ғоят тадбиркор ва маккор хуфияси (жосуси) экан.

Хуфия аста-секин лашкарбоши юрагига қўл солиб, унинг ниятларини англагач, подшоси номидан катта ваъдалар берибди. Қалъанинг барча ички ва ташқи йўллари, сув манбалари, озиқ-ов¬қат, ўқ-дори омборларини ўрганибди".

Гулниҳол бир зум ҳикоя қилишдан тўхтаб, Анварга мурожаат этди:

— Қалъадан тушаётганимизда "дарвоза ёнидаги қудуқни эслаб қо¬линг", дегандим. Ана ўша қудуқ ва сардобалар ер ости сув йўллари орқали дарё билан боғланган экан. Тажрибали хуфия буларга ҳам алоҳида эътибор берибди ва ҳеч кимга сездирмай, ғойиб бўлибди.

Қиш ўтиб, баҳор келибди. Саҳро жуда қисқа умр кўрувчи чечакларга бурканиб, тўқайлар қушлар чуғурига тўлибди. Малика сарой аъёнларини чақириб, тўй ҳақида маслаҳатлашибди. Тараддуд бошланибди. Малика беҳад шод, лашкарбоши эса безовта экан.

Эртага маликанинг тўйи деганда, қалъа кузатувчилари шошилинч хабар етказишибди: сон-саноқсиз душман қўшини дарёдан кечиб ўтмоқда.

Малика Заррина қўшинни сафлашга фармон берибди. Лекин лашкарбоши ҳеч қаерда йўқ эмиш. Уни ҳар қанча қидиришмасин, топишолмабди. Малика уруш либосларини кийиб, лашкарни қалъа ташқарисига бошлабди ва яна жангга киришибди.

Олишув қизиганда,не кўз билан кўрсинки, севгилиси, лашкарбоши душман томонда туриб жанг қиляпти. Малика ғазабдан ёниб кетай дебди, лекин ўзини қўлга олиб, лашкарбошини душман томонида кўриб анча саросимага тушган қўшинга далда бериб, уларни олға бошлабди. Сўнг¬ра пайт пойлаб, хоиннинг юрагини мўлжаллаб, ўқ-ёй отибди. Хоин отдан қулабди.

Бироқ кучлар тенг эмас экан. Малика лашкари билан қалъага чекинибди. Душман яна қалъани қамал қилибди.

Ҳимоячилар мардона жанг қилибдилар. Қамал бир неча ой давом этибди. Бора-бора қалъада озиқ-овқат, сув заҳиралари камайибди.

Ғаним подшоси яна бир неча марта элчилар юбориб, таслим бўлишни таклиф этибди, маликани ўзига хотин бўлишга ундабди. Малика рози бўлмабди. Душман қайта-қайта ҳужум қилибди, лекин қалъани ололмабди. Шунда ўша қаландар қиёфасида қалъага келган хуфия ишга киришибди. У қалъадаги қудуқ ер ости қувури ор¬қали дарёдан сув олишини билар экан. Хуфия дарё соҳилида изғиб, ҳосил бўлган гирдобга қараб, қудуққа сув оқаётган жойни аниқлабди ва душман дарҳол оби-ҳаёт йўлини бекитибди.

Кўп ўтмай қалъада ташналик бошланибди. Одамлар сувсизликдан қирилаверибди. Бегуноҳ кишилар қурбон бўлаётганини кўриб, малика бир қарорга келибди ва ғанимига нома ёзибди.

"Сен бизнинг гуллаб-яш¬наган мамлакатимиз, халқимизга кулфат келтирган малъун ва манфур босқинчисан. Сенинг ғирромлигинг оқибатида минг¬лаб бегуноҳ одамлар қириляпти. Бизни юзма-юз жангда енголмай, найранг йўлига ўтдинг. Начора, бу дунё¬да сотқинлик ва номардлик бор экан, вақтинча бўлса-да, сенга ўхшаш олчоқлар ғолиб бўлади.

Сенга гапим шу, лашкар бекорга қирилмасин деб, эрта тонгда қалъа дарвозаларини очишга буюраман. Лекин мени енгдим деб ўйлама, мени хоинлик, разолат мағлуб этди. Сенга асло таслим бўлмайман. Бу мактубни олганингда, мен арши-аълода бўламан. Билиб қўй, халқим сендан албатта қасос олади!".

Малика аъёнлари билан маслаҳатлашиб, тонгда дарвозаларни очишни буюрибди-да, ўзи кийимларини ўзгартириб, ҳеч кимга билдирмай, тун қоронғусида махфий йўл орқали дарёнинг тик қирғоғига борибди.

Заррина бир қалъага, бир гулханлар ёниб турган душман қароргоҳига назар ташлаб, шундай дебди:

— Кечиринг мени, падари бузрукворим! Васиятингизга содиқ бўлолмадим. Кечиринг мени, азиз юртдошлар, кўзим, қалбим кўр экан, хоинга кўнгил қўйибман.

Қиз ўзини ҳайқириб оқаётган дарёга отибди. Оч тўлқинлар унинг латиф вужудини бағрига олибди.

Шундан буён қалъа Заррина хотирасига "Қизқалъа" деб юритиладиган бўлибди.

Гулниҳол ҳикоясини тугатиб, оғир тин олди.

— Раҳмат, Гулниҳол, жуда ҳазин ва мунгли ҳикоя қилдингиз, — деди Анвар.

Қиз ғамгин жилмайди. Унинг чиройли кўзлари жовдирарди.

— Кўнглим негадир жуда ғаш. Ҳозир даҳшатли бир воқеа юз берадигандек, қўр¬қиб кетяпман. Ҳар гал Қиз¬қалъага келганимда шундай бўлади. Мени ҳар қадамда хиёнат, разолат таъқиб этаётгандай, — деди у овози титраб.

Ёмғир ёға бошлади. Томчилар совуқ, баданни жунжиктирувчи эди.

Юриш қийинлашди. Гулниҳол хийла чарчаб қолди. Лекин у ўзини тетик тутишга ҳаракат қилиб, Анвар билан баравар одимларди. Шу тахлит анча йўл босиб, дарё бурилиб, тўқай янада қалинлашган жойга етдилар.

— Гулниҳол, дам олсангиз бўларди, — деди Анвар ёнма-ён ўсган икки қари жийда панасида тўхтаб.

— Йўқ, — деди қиз, — тезроқ борайлик. Ҳали овқатга уннашим керак. Сайру саёҳат билан бўлиб, сизларни оч қолдириш яхши эмас.

У сўзини тугатар-тугатмас, даҳшатли гумбурлаш ёмғир аллалаётган сукунат бағрини тилка пора қилди ва отнинг жон ҳолатда кишнагани эшитилди.

Гулниҳол билан Анвар бир-бирларига ҳайрат билан тикилганларича қо¬тиб қолдилар. Улар ҳали ўзларини ўнг¬лаб олмай, яна ўқ товуши эшитилди, от аввалгидан ҳам аянчлироқ кишнади.

— Анвар ака! — ўзини йўқотгудай бўлиб чинқирди Гулниҳол. — Бу атрофда Раҳим акадан бошқа отлиқ бўлиши мумкин эмас!

Улар шох-шаббалар юз кўзларини тимдалашига қа¬рамай, ўқ товуши келган томонга қараб югура бошлашди. Орадан кўп ўтмай, терга ботиб, ҳансираб, тўқай ичкарисидаги сайхонликка чиқишганида, даҳшатли манзарага дуч келдилар. Заъфарон хазонлар устида бир қўлида милтиқ, бир қўли билан кўкрагини чангаллаган Раҳим ака ётар, кўзлари юмуқ, юзи ёмғирдан ҳўл эди.

— Раҳим ака! — ҳар иккаласининг юрагидан отилиб чиққан фиғондан тўқай бегининг сал нарироқда сувлиқ чайнаб турган оти сергакланиб, қулоқларини диккайтирди.

Анвар чўккалаб, Раҳим аканинг бошини авайлаб, кафтларига олди. Кўкракни чангаллаган бармоқлар орасидан қоп-қора қон сизиб оқарди.

— Раҳим ака, кўзингизни очинг. Сизни ким бу аҳволга солди, — деди Анвар эзилиб.

Гулниҳолнинг кўз олдини кўкимтир туман қоплади, боши айланди. У гапиролмас, карахт эди. Раҳим ака секин кўзларини очди.

— Анваржон... Улар уч киши... Номерсиз "УАЗ" машинасида. Тўхтатмоқчи бўл¬гандим, икки марта ўқ узишди... Кўкрагим ёниб кетяпти...

Анварнинг хаёлидан "Бу ўша, буғуларга қирон келтириб юрганларнинг иши, Раҳим ака уларнинг изига тушган экан-да", — деган фикр кечди.

Ўзини зўрға тутиб турган Гулниҳол ҳўнграб юборди.

Ёмғир борган сайин кучаяр, тўқай ваҳимали шовуллар, қош қораймоқда эди.

1987-1989 йил.

:: орқага № 84, 16.10.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.