Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

Достонга айланган учрашув

Халқ фаровонлиги, юрт ободлиги, мамлакат равнақи йўлида беминнат хизмат қилган олижаноб кишиларнинг хотираси ёддан асло кўтарилмайди. Ғиждувонлик меҳнат фахрийси Вали Қаҳҳоровнинг яқинда "Бухоро" нашриётида чоп этилган "Унутилмас сиймолар" номли ҳужжатли эссесини ўқиб, айни шу фикрга келиш мумкин. Юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов сўзбошиси билан чоп қилинган ушбу китобдан атоқли давлат арбоби, таниқли адиб Шароф Рашидов, шунингдек, кўп йиллар давомида вилоятимизда турли жабҳаларда фаолият кўрсатган Абдувоҳид Каримов, Тошпўлат Ҳамид, Исо Барноев ва бош¬қа инсонлар ҳақидаги хотиралар ўрин олган. Эътиборингизга ушбу китобдан олинган парчани ҳавола этамиз. Унда муаллифнинг Шароф ота билан учрашувларидан бири тасвирланган.

Ёшликнинг энг ширин ва қувноқ дамлари, аскарликнинг иккинчи йили — ўзимизни анча эркин тутадиган, атрофда юз бераётган воқеа ва янгиликларга диққат-эътибор билан қарайдиган дамларимиз экан. Бирор юртдош, хизматдошимиз зарурият туфайли уйга — таътилга борса, китоб олдирар, ёки уйга мактуб йўллаганимизда "Мабодо жўнатма қилмоқчи бўлсанглар, албатта янги чиққан китоблардан юборинглар" деб ёзардик... 1965 йил баҳорида уйдан жўнатма олдик. Дарҳол китоб борлигини кўриб, хурсандлигимиздан бир-биримиздан қизғанганча, ўқишга тутиндик. Яқинларимиз юборган китоб ёзувчи ва давлат арбоби Шароф Рашидовнинг "Қудратли тўлқин" романи эди... Она тилимизда ёзилган бу китобни ҳамма бирма-бир ўқиди. Қарангки, бандеролда Москвада, рус тилида 1964 йили бир миллион нусхада чиқарилган "Могучая волна" романи нусхаси ҳам бор эди. Китобнинг биринчи бетида яшил сиёҳли ручкада қуйидаги сўзлар битилган: "Укам Валижон Қаҳҳоровга. Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан автордан. Имзо. Рашидов. 23. ХI. 65 й."

Дастхатни кўриб, хурсанд бўлдик ва ҳайратландик. Ахир, хатимизга бундай жавоб олишимизни кутмагандик-да. Бу азиз совғани, мана, шунча йилдан бери авайлаб, сақлаб келаман...

1979 йилнинг 20 октябрида Қоракўлга шошилинч келган Тошпўлат Ҳамидов менга: "Шароф ака 28 октябрда вилоятга ўзларининг махсус вагон-поездларида келар эканлар. Тезлик билан темир йўл бекати бошлиғини топинг. Қоракўл-Когон маршрутини кўриб чиқамиз", дедилар. Барча камчиликлар тезда бартараф этилиб, кутиб олишга тайёргарлик кўрилди. Шароф Рашидов Бухорога келгунларигача, мен Тошпўлат акага хизматни Тинч океани флотининг қуруқликдаги қўшинлари сафида ўтаганим, ўшанда асарларидан олган таассуротларим ҳақида ¬Шароф акага мактуб ёзиб у кишининг "Қудратли тўлқин" романларига дастхат ол¬ганим ҳамда бу китобни қимматбаҳо буюмдай асраб юрганим ҳақида гапирган эдим.

29 октябрь ҳаво очиқ, қуёшли кун бўлганди. Шароф Рашидов ва Абдувоҳид Каримовларни барча хўжалик раҳбарлари иштирокида кутиб олдик. Ўша пайтда у кишига назар солиб, узоқ тикилдим. Қўл бериб, саломлашдик. Табассум билан ҳаммамизга қарата дедилар: "Ҳорманглар, бўшашманглар! Бу йил маррамиз катта, хирмон улкан, вазифамизни муваффақиятли бажарсак, сафимизда қаҳрамон ва нишондорлар кўпаяди".

...Меҳмонлар хонага кириб ўтирганларидан сўнг Исо ака: "Киринг, Шароф ака сизни сўраяптилар", деганида этим жимирлаб, ўзимни йўқотиб қўяёздим. "Ассалому алайкум" деб, ичкари кирдим. Шароф ака "Келинг, ўтиринг" деб, ўзларига юзма-юз ўтиришни айтдилар ва исмимни сўрадилар. Дарҳол исмим ва фа¬милиямни айтдим, чап қўлимда "Қудратли тўлқин", "Дўстлик ва қардошлик тили" китоб¬ларининг ҳам рус, ҳам ўзбек тилидаги нашр¬лари бор эди. "Қани, менга китобни бе¬ринг-чи" дегани заҳоти "Қудратли тўлқин"ни узатдим. Шароф ака аста варақлаб, биринчи бетни очиб, ўз қўллари билан ёзилган дастхатга кўзлари тушди.

Шундан кейин Шароф ака китобнинг ёзилиши, унинг қаҳрамонлари, китобни ёзишдан кўзланган мақсад ҳақида ҳикоя қилиб, дастурхон атрофида бир соатлар чамаси суҳбатлашиб ўтирдилар. "Қани, менга беринг-чи" деб, қўлимдан ўзининг ўзбек тилида чоп этилган "Дўстлик ва қардошлик тили" китобини олиб, учинчи бетини очиб, "Ҳурматли Валижон Қаҳҳоровга. Сизга бахт-саодат, севинч-қувонч тилайман, ишларингизга омад тилайман. Имзо. Рашидов. 29. Х. 79 й." дея ёзиб, менга узатди. Чап қўлимни кўксимга қўйиб, миннатдорчилик изҳор этдим.

Вали ҚАҲҲОРОВ.

:: орқага № 84, 16.10.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.