Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

Дино БУЦАТТИ (Итальян адиби) (Ҳикоя)

Бой берилган кунлар

Данғиллама ҳовлига эга бўлганидан аллақанча кун ўтгач, Эрнест Кацирра уйга қайтаркан, елкасига қандайдир қутини ортмоқлаганча айланма деворнинг нариги дарчасидан чиқиб, ҳалиги матоҳни юк машинасига ортаётган қандайдир кимсани узоқдан кўриб қолди. Аммо жўнаб кетмасидан унга етиб олишга улгурмади. Шундан сўнг автомобилда ўша одамни зимдан таъқиб қилишга тушди. Анави юк машинаси эса катта йўл бўйлаб шаҳарнинг энг чекка жойигача борди-да, чуқур бир даранинг шундоққина четида тўхтади.

Кацирра ҳам уловидан туша солиб уни кузата бошлади. Ҳалиги нотаниш киши бўлса машинадан бояги қутини олди-ю, бир неча қадам юриб, шу каби бошқа минглаб қутилардан тўлиб-тошган тик жарликка улоқтирди. Шунда Кацирра ўша кимсага яқинлашди-да, уни сўроққа тутди: — Анави қутини менинг боғимдан кўтариб чиқдинг. Буни ўз кўзим билан кўрдим. Хўш, унинг ичида нима бор эди? Мана булар-чи, хўш, булар нима ўзи?

Ўз навбатида у одам савол бергучига қараб кулимсиради:

– Машинамнинг юкхонасида бунақалардан ҳали қанчаси бор, бари ташлаб юбориладиган. Нима, билмасмидинг? Ахир улар кунлар-ку!

– Қанақа кунлар?

– Сенинг кунларинг.

– Менинг кунларим?!

– Ҳа, сенинг бой берилган кунларинг. Йўқотган кунларинг... Қара, улар солинган қутилар ҳалиям бус-бутун, ичи тўлиб кетганидан ёрилай дейди-я... Энди-чи?...

Кацирра ўша ёққа қаради. Шу топда бундай қутиларнинг беҳад улкан уюми пайдо бўлганди. Ўша уюм нишаблик бўйлаб пастлади-ю, қутилардан бирининг қопқоғи кўтарилди. Унинг ичида куз манзараси, яна ҳам қуйида батамом сўниб бораётган қаллиғи Грациэлланинг сиймоси гавдаланди

.Шунда иккинчи бир қути очилиб, қандайдир касалхона-ю тўшакда ўсал ётган кўйи уни муштоқ бўлиб кутаётган укаси—Жозуэ кўринди. Аммо ўзи ўша чоғда иш юзасидан сафарда эди.

Сўнг навбат яна бир қутига келди. Унда олдинги фақиргина уйининг кўча эшигида эти устихонига ёпишиб, қоқсуяк бўлганча эгасини икки йилдан буён кутиб ётган вафодор ити Дук акс этди. Ўзи эса у ёққа қайтишни хаёлига ҳам келтирмасди.

Айни шу лаҳзада бу одам бўғзига нимадир тиқилганини ҳис қилди. Ўз навбатида анави юк ташувчи нақ жарлик ёқасига рўбарў турганча жаллод мисол қилт этмасди.

– Жаноб! – дея қичқириб юборди бирдан Кацирра. – Илтимос, лоа¬қал ана шу уч кунни олиб кетишимга қўйинг. Ўтинаман. Атиги уч кунни. Мен бойман. Нима истасангиз, барини муҳайё этаман.

Юкчи бунга жавобан етиб бўлмас бир жойни кўрсатгандек, энди жуда кеч эканлигини, ҳеч қандай чоранинг имкони йўқлигини таъкидлаётгандек ўнг қўли билан ишора қилди. Сўнг у ҳавога сингиб, кўздан йўқолди-ю, ўша заҳоти ғаройиб қутиларнинг бениҳоя улкан тўдаси ҳам барҳам топди. Бу вақтда бутун борлиққа тун қоронғиси чўкиб қолганди.

Итальян тилидан Рустам ИБРАГИМОВ таржимаси.

:: орқага № 82, 11.10.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.