Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

*Муштарий илҳоми

Муқаддас Ватаним

Бутун олам аро тенгсиз жаҳоним,

Жаннатмонанд ўлкам, гўзал бўстоним,

Нақадар улуғсан, ҳур гулистоним,

Таърифинг тилларда ғазал, достоним.

Сенга фидо бўлсин тандаги жоним,

Муқаддас Ватаним — Ўзбекистоним!

Юртим, буюклигинг тан олди жаҳон,

Сенда бахтли яшар ҳар битта инсон.

Элпарвар Сарбонинг бошлаган карвон—

Улуғ марраларга етди соғ-омон.

Ҳуррият ўлкаси, тиниқ осмоним,

Муқаддас Ватаним — Ўзбекистоним!

Беруний закоси оламни тутди,

Улуғбек қўл чўзса, самога етди,

Бухорий исломни сарбаланд этди,

Сино тиб илмидан қомус яратди.

Буюклардан мерос илму ирфоним,

Муқаддас Ватаним — Ўзбекистоним!

Пурвиқор тоғларинг нақадар гўзал,

Боғларда мевалар гўё қанд-асал,

Васлингда булбуллар куйлагай ғазал,

Ой, Қуёш нур сочар тун-кун, галма-гал.

Нурафшон, сержило кавкабистоним,

Муқаддас Ватаним — Ўзбекистоним!

Тупроғинг олтин, зар, дуру жавоҳир,

Улуғ халқинг буюк ишларга қодир.

Мард ўғил-қизларинг танти, баҳодир,

Ҳар бир юмушингга ҳозиру нозир.

Мардлар макон тутган қутлуғ ошёним,

Муқаддас Ватаним — Ўзбекистоним!

Ватаним пойтахти Тошкентим — онам,

Андижон, Наманган, гўзал Фарғонам,

Самарқанд, Бухоро — қадим кошонам,

Хива, Насаф, Термиз — юксак бир олам.

Асрларга тенгдош кенту қўрғоним,

Муқаддас Ватаним — Ўзбекистоним!

Юртим, ҳеч сўнмасин порлоқ қуёшинг,

Халқим, ҳалол бўлсин тотган нон-ошинг.

Адолат, ҳақиқат бўлсин йўлдошинг,

Доим омон бўлсин зукко Юртбошинг.

Ҳамро дер, қадрдон, жону жаҳоним,

Муқаддас Ватаним — Ўзбекистоним!

Бўлмас

Нурафшон бўлмагай умри, ким нурга ошно бўлмас,

Тополмас қадру қиммат,

кимдаки меҳру вафо бўлмас.

Агар дард қўзғалиб танда, ўтаркан фурсату они,

Шифо излаб қаён борма,

бу дардга ҳеч даво бўлмас.

Кўзи юлдуз, юзи Ойу Қуёш,

деб мақтасанг ёрни,

Адаб ҳам хулқи мос тушса,

бу сўзда ҳеч хато бўлмас.

Қўшиқ-куй машқини чандон

этурсан кеча-ю кундуз,

Топарсан эл аро обрў, ҳаётинг бенаво бўлмас.

Ҳаётни қайта қурмоқлик эмас осон, аё дўстлар,

Бу йўлда бўлмаса ғайрат,

ки ҳосил муддао бўлмас.

Ҳалол меҳнат қилиб топган

насибанг ҳам ҳалол бўлгай,

Дили покнинг йўли оқдир,

у ҳеч хору гадо бўлмас.

Ки дерман, Ҳамро, тилни, шул Ватанни,

элни ҳурмат қил,

Ватансиз, элу тилсиз сўзларингда

ҳеч садо бўлмас.

:: орқага № 82, 11.10.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.