Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

Сулаймон Шодиев — 1951 йилда Шофиркон туманида туғилган. Турли йилларда "Қанотсиз қуш", "Бухорода бир қиз яшайди", "Севганим бир ёр эди", "Ишқ фасли", "Эй муҳаббат!", "Орзу бекати", "Сен учун яшайман" сингари шеър ва ғазаллар китоблари чоп этилган.

Сулаймон ШОДИЕВ

Сен гул тиласанг боғ ила бўстон бўламан мен

Бизга она-юрт аталган шу азиз қўрғон керак,

Жисмимиз ҳам шу Ватанга этгали қурбон керак.

Ул Ватандир ҳар қарич тупроғи зар, дашти чаман,

Ул чаманларни аролаб тергали райҳон керак.

Онажонлар чаккасига гул билан райҳон тақиб,

Отажонларга муносиб қиз керак, ўғлон керак.

Бизки, туркий халқ эрурмиз, ўзга сарҳадлар нечун,

Мовароуннаҳр аро шул сарҳади Турон керак.

Ғайрату меҳнат, шижоатдан фаровонлик келур,

Бошимиз узра қуёшу беғубор осмон керак.

Дил тўла орзу-ҳаваслар шу Ватаннинг ишқида,

Маслаги, мақсуди бегона учун армон керак.

Бу жаҳон ичра Худо берган бисотдир шу Ватан,

Биз керакмиз унга доим, бизга ул ҳар он керак.

Эй Сулаймон, ол қаламни бу муборак лаҳзалар —

Ки, бу дам юрт мадҳига шеъру ғазал, достон керак.

* * *

Булбул учун сокин ватан чамандан ўзга қайда бор,

Инсон учун бундай чаман Ватандан ўзга қайда бор.

Бахтли кунингда — бахтиёр, ғамли кунингда — ғамгусор,

Қавму қариндош, дўсту ёр Ватандан ўзга қайда бор.

Саҳросида унган гиёҳ бўлгай кўзингга тўтиё,

Тупроғи сочгувчи зиё Ватандан ўзга қайда бор.

Офтоби бошинг узра тож, қиш чилласи гуллар оғоч,

Жаннатда йўқ бундай ривож Ватандан ўзга қайда бор.

Ҳар кўча, уй, ҳар хонадон жондай қадрдон, жонажон,

Бундай жаҳон ичра жаҳон Ватандан ўзга қайда бор.

Аждодларинг ор-номуси, сендан болангга қолгуси,

Умринг китоби — Қомуси Ватандан ўзга қайда бор.

Сўзла, Сулаймон, сўзла бот, парвозингга бўлган қанот,

Бахту саодатли ҳаёт Ватандан ўзга қайда бор?

* * *

Сиз Бухородек ажойиб бир диёр кўрганмисиз?

Бундагидек зебу зар, нақшу нигор кўрганмисиз?

Кундузи бошинда оқ лайлак каби офтоби бор,

Кечаси Ой бирла бирлашган минор кўрганмисиз?

Лабҳовузда янграганда "Шашмақом" оҳанглари,

Тинглаганларнинг кўзида шашқатор кўрганмисиз?

Қайда бор шарқона гавҳар ул Сомоний мақбари,

Шуҳрати оламга кетган Чорминор кўрганмисиз?

Бағрида не-не замонларнинг ажиб сирри ниҳон,

Ҳар бири тоғдай гўзал Тим

қайда бор, кўрганмисиз?

Гумбазу пештоқлари турфа музайян хонақоҳ,

Масжиду ҳам мадраса турнақатор кўрганмисиз?

Дашту саҳролар аро гулдай ясанган воҳа бу,

Бу шариф маскан-макондек бир диёр кўрганмисиз?

* * *

Сен гул тиласанг боғ ила бўстон бўламан мен,

Бўстон тиласанг—тила, ўшал он бўламан мен.

Шоҳ амри агар бўлмаса вожиб яхши эрмас,

Ижроси учун садқаю қурбон бўламан мен.

Мен ожизи ошиқни ғулом ўрнида кўрсанг,

Бу рутбаи олий ила шодмон бўламан мен.

Қўйсанг қадаминг бошим уза, остонасан, деб,

Роҳат қиламан, кўнгли чароғон бўламан мен.

Не истаса кўнглинг, ани сен андиша қилма,

Сен қайда десанг анда намоён бўламан мен.

Гар эҳтиёжинг қолмаса бир заррача менга,

Оҳ, зеру забар, ер ила осмон бўламан мен.

Ишқсиз кишини кофири гумроҳ санаюрлар,

Ишқинг ила, биллоҳ, мусулмон бўламан мен.

Сен ўзга билан асло адаштирма фақирни,

Ишқ жабҳасида якто Сулаймон бўламан мен.

* * *

Бўлмағур ишни бўлар, деб ўйламоқдан не мурод,

Боши берк йўлнинг танобин бўйламоқдан не мурод.

Қадри бўлса қатрадек сўзлар сўқишни, эй рафиқ,

Тингламас бўлса бировлар сўзламоқдан не мурод.

Ҳар амалнинг уҳдасин қилмоқ қийин кўз етмаса,

Филга — ип, ипни тиканга бойламоқдан не мурод.

Қўлда торинг, тор ёнида бўлсаю жонон ғазал,

Бўлмаса машқинг, овозинг, куйламоқдан не мурод.

Қўнса қузғун, қарға-зоғлар ҳар бутоғу шохига,

Жон чекиб, жавлон уриб боғ айламоқдан не мурод.

Ўтса умринг бесамар саҳрога кетган сув каби,

Сўнг пушаймонлик ила "вой-вой"ламоқдан не мурод.

Эй Сулаймон, сўзни сен соққа мисол ўйнатмагил,

Етмасанг маъносига сўз ўйнамоқдан не мурод.

* * *

Зулфингни кўриб сунбулу раънони унутдим,

Раъно сўзида суврату маънони унутдим.

Дур сочди лабинг инжа табассум қилганингда,

Жаннатда зилол оққучи дарёни унутдим.

Дуч келди нигоҳинг-ла нигоҳим, не қиёмат!

Зуҳрони унутдим, оҳ, Сурайёни унутдим.

Ул икки ёноғинг уза ол лолани кўргач,

Андин-да гўзал ғунчайи хумрони унутдим.

Мажнун дема мен телбайи гумроҳ фақирингни,

Вомиқ демаким, Лайлию Узрони унутдим.

Дунё нимаю бир сени исминг нима тургай,

Исмингни эшитганимда дунёни унутдим.

На шеъру ғазал энди ёза билмас Сулаймон,

Ҳуснинг туфайл сўз ила имлони унутдим.

* * *

Мен хаёл тулпорида кезсам, менга от не керак,

Бу фақир тулпор учун айвону собот не керак.

Йўлда-чўлда қолганим йўқ, манзилим ҳам бир қадам,

Ҳеч кима қичқирмадимки, менга имдод не керак.

Кимга бедодлик керак бўлса қилибдир-да, нетай,

Дод этар бўлсам эшитгайми киши, дод не керак.

Ўргатиб фаллоқ ила берди сабоғин бу ҳаёт,

Бул ҳаётдан бехабар зот—пири устод не керак.

Менга кулбамдан азиз кўнгил уйим ободлиги,

Рағбатим йўқ айшу роҳатга, обод не керак.

Кўз очиб ҳар тонг қуёшни кўрганим олий нишон,

Шунга минг шукрона айтсам гар мукофот не керак.

Шоҳу мот ўйнаб, шаҳар берсам ани мен найлайин,

Чун ҳаётим шоҳу мотдир, менга шоҳмот не керак.

* * *

Туя туёғига урмаслар тақа,

Унга тақа урмоқ бўлар қанақа?.

Қурбақа овозли "ҳофиз"лар борки,

Ҳофизлик даъвосин қилмас қурбақа.

* * *

Дунёдан нолима, у қартайган чол,

Сўқир у, қулоғи ҳатто том битган.

Уни золим дема, қилма ҳасби ҳол,

Дунёдан ким нолиб муродга етган?

* * *

Бировнинг айбини бармоқда санаб,

Хотиржам қиларсан балки қалбингни.

Ул "айбдор" деганинг биров, не ажаб,

Сендан кўпроқ билар балки айбингни.

* * *

Мендан сўрамагин, ҳолинг нечук, деб,

Ҳикоя бошласам илон ташлар пўст.

Ошиқман, дардимни билмоқчи бўлсанг,

Найнинг ноласини тинглагин, эй дўст.

* * *

Ҳар юрак ишқ ўтин бирдай ёқолмас,

Ҳар юрак бу сирнинг мағзин чақолмас.

Ишқни қуёш билан этурлар қиёс,

Қуёшга ҳаммаям тикка боқолмас.

* * *

Дейдилар, одамга ўхшаркан одам,

Худойим бу "иш"га шу қадар моҳир.

Ғалати бўларкан бирор шоирга

Агар ўхшаб қолса бошқа бир шоир.

* * *

Дунё ғамхона, деб юз бурма ундан,

Дунё иборатдир кундуз ва тундан.

Мангудай туюлган зулмат ичида

Умид қилиб яша қатра учқундан.

* * *

Тўқ қоринни чертма — садо бермайди,

Гадодан тиланма — гадо бермайди.

Тўрт мучанг соғ бўлса нечун йиғлайсан,

Ўзинг интилмасанг, Худо бермайди.

* * *

Мени махмур этар кўзинг наргиси,

Қайси, деб сўрасанг, дейман — иккиси.

Сочларинг вафонинг ифорин сочса,

Зулфингдан келади жафонинг иси.

* * *

Ғунча очилганда айланур гулга,

Ёруғлик киради бундан кўнгулга.

Шундай сирлар борки, бўлганида фош,

Кўнгул ҳам, олам ҳам тўлади нурга.

:: орқага № 77, 23.09.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.