Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Адабиёт ва санъат

Қўмсаш

(Ҳикоя)

Жаннатдек ҳовлида ранг-баранг очилган атиргул ниҳоллари, ўрик, олма, нок дарахтлари қад кўтарган.Уларнинг шохлари секин тебраниб сирли шивирлашар, кишини сархуш этувчи ҳид таратар, қушларнинг, тўрқовоқдаги бедананинг янгроқ сайрашлари унга жўр бўлиб, кўтаринки руҳ бағишларди.

Деразалари очиб қў¬йилган уйда эса кенг, юмшоқ диванда оппоқ чойшабга бурканиб икки вужуд — икки ёш печак гулларидек чирмашиб маст уйқуга кетган. Аёлнинг тим қора, гўзал сочлари ¬ёйилиб ёстиқни қоплаган. Ипак тўр¬ли жажжи каравотда дўмбоқ бола қўлларини боши узра узатиб ширин пишиллаяпти...

Бу манзара ҳаётнинг нақадар тотлилигини тараннум этувчи бир мусиқадек ёки ниҳоят орзуси ушалган рассомнинг ижод маҳсулидек кишини мафтун қиларди.

Шу пайт салқин шаббода жийда гулининг муаттар бўйини уфуриб юборди. Йигит мудроқ кўзларини очиб сергакланди. Хаёл суриб энтикди. Маъюс тортиб қолди.

У бир нарсага ҳайрон эди. Ҳаётда жуда қизиқ воқеаларнинг гувоҳи бўлди-ю,негадир уларни ҳозир эсламасди.Ёшлигида бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни эса батамом унутиб юборганига қарамай, мана бу димоғига урилаётган жийда гули ҳиди беихтиёр хаёлини ёшлик кўчаларининг таассуротли, ширин лаҳзаларига етаклади; унутилаёзган сеҳрли ва завқли туйғуларини жунбушга келтирди-да, вужудини қандайдир эҳтиросли, ажиб ҳис-ҳаяжон қамраб олди. Кўнгли алланечук бў¬либ, тирсагига суянди. Хотинининг оппоқ, бўлиқ билагидан ушлаб уйғотмоқчи бўлди, аммо дарров фикридан қайтиб, ташқарига қаради. "Оҳ, қандай ажойиб..."Шу топда Дилшод ўзини ёлғиз ҳис қилар, ким биландир тўлиб-тошиб дардлашишни истарди...

У тўшакдан сирғалиб тушди. Портфелини олиб, эҳтиёткорлик билан уйдан чиққанида ҳали қуёш уйғонмаганди.Осмон мовий денгиз сатҳидек кўм-кўк, ёғиб ўтган ёмғирдан бир текисда сув сепилгандек кўча салқин ва кимсасиз эди.Дилшод доимо эшикдан чиқиб ўнгга юрар, қайтишда ҳам шу йўлдан қайтарди. Бу қулай, яқин йўл эди. Аммо ҳозир сўлга юрди. Илк бор мактабга етаклаган тупроқли йўл кўз ўнгидан кетмасди. Мана ўша қадрдон, эндиликда сўқмоққа айланган йўл. Бир-бир қадам ташлаб бораркан, четда — саёз ариқчадан шилдираб оқаётган лойқа сувга тикилганича тек туриб қолди.

"Ҳаёт қизиқ-а?", кўнглидан кечди унинг. "Қандай катта шаршарали анҳор эди бу... Мактабдан қайтишда жийда ва толларнинг хивичларидан ушлаганимизча юрак ҳовучлаб чўмилмасмидик? Қани ўша анҳор? Наҳотки, ана у бедазорнинг ўрни бўлса?! Қизиқ..."

Ўшанда бу анҳор ҳайқириб оқарди. Шошилмай тинч оққан сув шаршарадан шиддат билан тушар, йирик ўркачлар ҳосил қилиб кўпиклашар, ке¬йин мавжланганича ёйилиб кетарди. Чўмилаётган катта болалар шаршарага келгач, ўзларини сувнинг ихтиёрига қўяр, шунда ажойиб манзара: танаси йўқ бошларнинг бирин-кетин қалқиб бориши, оппоқ кўпикланган тўлқинларга чулғаниб, анча орқадан чиқиши унинг ҳавасини келтирар, катта бўлса албатта шундай чўмилишни орзу қиларди.

Эсида олтинчи ёки еттинчи синфда ўқирди. Тенгқурлари билан толнинг хивичидан ушлаб чўмилаётганларида қир¬ғоқда ўтирган синфдош қизларнинг: "Қалдирғоч, қалдирғоч оқиб келяпти!", деган ҳайқириқлари эшитилди. Ўгирилиб, атиги икки қадам у ёқда бошини сувдан ололмай типирчилаётган қушчани кўриб жуда раҳми келганди. Қушнинг қайрилган қанотлари офтобда ялтираб, шаршарага яқинлашар, Дилшод эса раҳми келганидан ёрдамга ошиқмоқчи бўлар, аммо шаршаранинг шиддатини кўриб гоҳ қирғоққа, гоҳ қалдирғочга қараганича иккиланарди. Шун¬да унинг кўзи Ойсулувнинг жовдираган кўзларига тушди-ю, қандайдир куч уни ожиз қалдирғоч томон ундади; юрак ҳовучлаб,хивични қўйиб юбордида, қушчага ёрдамга ошиқди. Қизлар қирғоқ бўй¬лаб югуриб кўчани бошларига кўтарар, яқинлашиб қолган охирги толнинг хивичидан ушлаб қолишни уқтирардилар. Дилшод қушни сувдан олиб қирғоққа— анҳор лабига ирғитиб юборди. "Олинглар!" демоқчи бўлганди, оғзи сувга тўлиб, димоғи ачиди. Хивичга қўлини чўзиб, сузишга уринди. Аммо кучли оқим унинг мадорини қуритиб шаршарага тортиб кетди...

У кўзини очганида майин қум устида ётар, тенгқурлари теварагини ўраб олганди. Кимдир оёқ-қўлларини ҳаракатлантириб, юзига шаппатиларди. Туришга уринди. Унга ёрдамлашаётган одам кулиб : "Сувсаганмидинг, қаҳрамон болакай, ярим челак ютворибсан-а?!", деганини эшитиб тушунмаганди. Кейинчалик билса, ўша киши уни шаршарадан олиб чиққан, оёқларидан кўтариб турганида оғиз-бурнидан анча сув кетган экан.

...Дилшод жилмайганича йўлида давом этди. Дарвоқе, унинг кўнгли таскин топаётгандек эди. Мактабга кириб келганида қуёш ҳам кўкдан мўралаб, теварак-атрофни заррин нурлари билан тўл¬дирди.

Қоровул чол уни кўриб мийиғида кулди-да:

—Ўғлим, ўқувчиларинг ¬тушингга кирадими дей¬ман-а?!—деди чўнтагидан бир даста калит чиқариб эшикни очаркан.—Майли, майли. Ҳали ёшсан, ишингга ҳавасинг зўр-да!

— Ҳа, бугун эртароқ туриб келаверибман,—деди Дилшод кирланган чайир ипга тизилган бир даста калитлардан кўз узмай ҳайратланаркан. "Қўлдан-қўлга ўтиб келаётган бу таниш калитлар шодасини ким боғлаган экан? Сўраш ноқулай" деб ўйлади.

У ўрнига ўтириб, қоп-қора сочларига бармоқларини "тароқ" қилганича яна хаёлга чўмди...

Сўнг бошини кўтариб, кенг, ёруғ синфга шундай ¬синчковлик билан қарадики, кузатган киши энг азиз, муқаддас ва ноёб нарсаси шу парталар орасида эканлигини сезарди.

Ниҳоят унинг жиддий боқувчи кўзлари қисилиб, меҳр билан бир нуқтага қадалди-да, туриб парталардан бирига яқинлашди.

—Худди мана шу!—шивирлади у ғамгин жилмайиб.—Наҳотки?! Ҳа, шу! Бу ерда мен, у ёқда эса Зариф ўтирарди. Бу тахта китоб-дафтар қўйиш учун кўтарилиши керак. Ие, михланган-ку...Наҳот адашган бўлсам...

Яшиндек урилган фикрдан бошини телбаларча парта остига тиқди-да, қачондир ёзилган изларни меҳр билан силади.

— Шу! — деди у қатъий ишонч билан шивирлаб хўр¬си¬нар¬кан.—Худди шу! Зариф ҳазиллашиб Ойсулувнинг исмини ўйиб ёзган эди. Фақат ўша билади... Ойсулув... эссиз...—хўрлиги келди унинг. —Ҳаммаси тушдагидек ўтиб кетди-я...

Беихтиёр бўғзига ёнғоқдек нарса тиқилиб, синф хиралашди... Ўрнига ўтираркан, аввалгидек бармоқларини "тароқ" қилганича кўзларини юмиб олди...

Унинг кенг, барваста елкалари изғиринда қолган кишиникидек қалтирарди.

Муҳиддин ЙЎЛДОШЕВ.

:: орқага № 77, 23.09.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.