Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ёшлар олами

* Душанба — Мактабгача таълим муассасаларини ривожлантириш куни

Фарзандлар камоли бош мезон

Ёш авлод тарбияси иморат қуриш, аниқроғи, унинг пойдеворини мустаҳкамлаш жараёнига ўхшайди. Фарзандлар камолотига эътибор қаратилмай туриб, уларнинг порлоқ келажаги ҳақида ўйлаш ноўрин. Шу маънода, янги авлод тарбияси юртимизда энг муҳим масала, давлат сиёсатининг устувор вазифаси этиб белгиланган.

Бу хусусида дастлаб Вобкент тумани мактабгача таълим бўлими раҳбари Шаҳноза Ҳалимова билан суҳбатлашдик.

Суҳбатдошимиз қайд этишича, туманда 10800 нафар боғча ёшидаги бола бўлгани ҳолда, шу кунга қадар уларнинг икки минг нафардан ортиғи МТМга қамраб олинган. Ўтган йил ноябрь ойида қамров 17,2 фоизни ташкил этган бўлса, соҳада олиб борилаётган муҳим ислоҳотлар, юз бераётган ўзгаришлар ва жадал саъй-ҳаракатлар натижасида янги йил бошида бу рақамларда сезиларли ўзгаришлар юз берди. Суҳбат давомида Шаҳнозадан ота-оналар нега болаларини боғчага юборишни истамайдилар, деб сўрадик.

— Аввало, мактабгача таълим муассасаларидаги шарт-шароит ота-оналарни қониқтирмас эди, — дея сабабларни санай кетди у. — Қолаверса, тизимни ҳаракатлантирувчи асосий куч — оила — МТМ —маҳалла ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилмаган. Бундан ташқари, ота-оналарнинг боғча пули тўлашга оғриниб, болани уйдаги кексалар қарамоғида қолдириши, МТМнинг асосий вазифаси ва бола тарбия¬сидаги ролини тўғри тушунмаслиги энг оғриқли нуқталаримиздан бири. Боланинг мактабгача таълим муассасасига қатнамаслиги тенгдошларига нисбатан илм олиш, ўқиб-ўрганишга бўлган ҳаваснинг ҳаминқадар бўлиб қолишига сабаб бўлади, маънавияти, таълим-тарбиясига сезиларли таъсир кўрсатади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 сентябрдаги "Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳамда 2017 йил 19 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ўтказилган "Янгидан ташкил этилган Мактабгача таълим тизимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги йиғилиш топшириқлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан қизиқдик. Шу мақсадда вилоят мактабгача таълим бошқармаси ходимларига мурожаат қилдик.

— Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, кенг кўламли саъй-ҳаракатлар замирида, аввало, янги авлодни камолотга етказиш мақсади мужассам, — дейди бош¬қарма бошлиғи ўринбосари Қурсия Шарипова. — Соҳа фаолиятини яхшилаш юзасидан вилоят ҳокимининг ўтган йил 4 октябрдаги 604-сонли қарори ҳамда 23 ноябр¬даги ¬¬234-ф-сонли фармойиши тасдиқланди. Бошқарма ҳамда унинг жойлардаги бўлимларини бино билан таъминлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишлари тўлиқ ниҳоясига етказилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан жорий этилган нодавлат ва давлат хусусий-шериклик шарт¬лари асосида берилган им¬ти¬ёзлардан фойдаланиб, 165 та янги таълим муассасаларини ташкил этишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Қайд этиш лозимки, воҳамизда 3-7 ёшгача болалар сони 130 минг нафардан зиёдни ташкил этади, бироқ уларнинг 29,8 фоизигина боғчаларга қамраб олинган. Қ. Шарипованинг таъкидлашича, бу қамровни янада кенгайтириш, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган соҳага оид қарор ва Фармонлар мазмун-моҳиятини халқимизга батафсил тушунтириш, МТМда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида туман ҳамда шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ишчи гуруҳлар тузилди ва уларга алоҳида вазифалар юкланди.

Таълим ва тарбия сифати мутахассис кадрларга боғлиқ экани инобатга олинган ҳолда, тизимда фаолият юритаётган қарийб уч минг нафарга яқин ўрта махсус маълумотли педагогларни 2018-2023 йилларда Бухоро давлат университетида босқичма-босқич олий маълумот олиш учун ўқитиш режалаштирилди.

Эндиликда сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини тўғридан-тўғри етказиб бериш учун барча мактабгача таълим муассасаларига ҳудудлардаги кўптармоқли фермер хўжаликларини бириктириш ишлари бошлаб юборилди.

Болаларни овқатлантириш меъёрларига тўлиқ риоя этилаётганини кузатиб бориш мақсадида ¬муассасалар ошхоналари видеокузатув камералари билан қарийб 90 фоизга таъминланди. Барча боғчалар шундай камералар билан тўлиқ таъминланиши белгиланган.

Дилдора ИБРОҲИМОВА, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 13, 10.02.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.