Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Аёл ва жамият

8 март — Халқаро хотин-қизлар куни

Миллат келажаги сизнинг қўлингизда!

Дунёда ота-она қолдирган меросдан-да устун бир хазина борки, у — ҳунар деб аталади. Битмас-туганмас, ҳеч адоғи кўринмас деган иборалар айни шу хазинага берилган нисбатдир. Чиндан ҳам инсон бирор касб-ҳунарнинг бошини тутиб, астойдил меҳнат қилса, рўзғори бут, дастурхони тўкин бўлади.

Бундан 60 йил олдин, қўлимга игна-ип олиб, зардўзлик корхонасида иш бошлаганман. Оз эмас, кўп эмас 44 йил шу жойда меҳнат қилдим. Фаолиятимнинг асосий қисми мустабид тузум даврига тўғри келди. Ҳар бир нарса ўлчоғлик, ҳар бир ҳаракат назоратда бўлган ўша даврларда корхона буюрт¬масидан ташқари бирор мижоз учун мустақил равишда буюм тайёрлашга ҳеч бир ҳунарманднинг ҳаққи йўқ эди. Давлат топшириғи асосидагина буюртма қабул қилинар, зардўзлик маҳсулотлари ўлчаб берилар, иложи борича тежаб ишлатиш талаб қилинарди. Бугун халқ амалий санъати турларини ривожлантириш, уста ҳунармандларнинг маҳоратини камол топтириш учун давлатимиз томонидан барча шароитлар муҳайё қилинган. Ён-атрофга назар солсангиз, ҳунарли, касбу-корли кишининг тўкин, фаровон турмуш кечираётганига гувоҳ бўласиз.

Нафақада бўлсамда ҳаётим мазмунига айланган зардўзлик билан мунтазам шуғулланаман. Ҳавасманд ёшларга ҳунар ўргатишда давом этяпман. 600 дан ортиқ шогирд етказдим. Истиқлол йилларида ўз қўлларим билан яратган миллий буюмлар дунёнинг номдор музейлари, кўргазмаларидан жой олгани, юртимиздаги маданият кошоналарининг дурдона намунаси сифатида сақланаётганини ўйласам, тўлқинланиб кетаман. 1995 йилда Президент фармонига кўра, Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлдим.

Турмуш ўртоғим билан фарзандларни вояга етказиб элга қўшдим. Невара, эвараларга бош бўлдим. Ортга назар ташлаб, 78 йиллик умрим зое кетмаганидан қувонаман.

Бугун давр ўзгача, хотин-қизларимизнинг қарашлари ўтли, қадамлари дадил, юракларида умид ва фахр. Юрт учун астойдил меҳнат қилган кам бўлмаяпти. Президентдан рағбат, ҳукуматдан мадад кўраётган аёллар бугун депутат, сенатор, маданият ва фан арбоби, қаҳрамон...

Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмайди. Баъзан турмуш, рўзғор важидан хорижга иш излаб кетаётган аёллар, сингилларимизни кўриб, кўнглим ғашланади. Ўйлаб кўрайлик. Қирғинбарот жанглар бораётган пайтда далага чиқиб меҳнат қилган, сандиғидаги мерос зеб-зийнатгача "ғалаба учун", деб бериб юборган, пахтали нимчасини жангдаги эр йигитларга тортиқ қилиб, ўзи бўз кўйлакда, бир тишлам зоғорага зор қолган аёллар бизнинг оналаримиз, момоларимиз, опаларимиз, бир сўз билан айтганда — ўзбекнинг сабр-бардошли аёллари эмас эдими? Бундай фидокорлик, матонат, ғурур сизу бизга бегона эмас. Зеро, ҳар қандай миллат қиёфасини аёлларининг даражаси белгилашини унутмаслигимиз лозим. Шундай экан, муҳтарама опа-сингилларимизга бир сўзни таъкидлайман: қаддингизни, қадрингизни баланд тутинг, заковатли, маърифатли ва маънавиятли бўлинг! Чунки миллат келажаги, тақдири сизнинг қўлингизда!

Нафосат ва гўзаллик байрами — Халқаро хотин-қизлар куни муборак бўлсин! Бахтингиз йўллари мунаввар бўлсин!

Муяссар ТЕМИРОВА, Ўзбекистон Қаҳрамони.

Ҳаётимиз гули, жамиятимиз таянчи

Санам ЖУМАЕВА, вилоят Кенгаши депутати, фермер:

Истиқлолнинг олдимизга қўйган вазифалари фақат эзгулик билан боғлиқлиги учун бўлса керак, унинг имконлари туфайли хотин-қизларимизнинг фаоллиги йил сайин ошиб, давлат ва жамият бошқарувида, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда фаол иштирок этишаётганига ҳар қадамда гувоҳ бўляпмиз. Аёл — раҳбар, аёл — тадбиркор, аёл — фермер... Бугун уларнинг жамият фаровонлиги йўлидаги фаол иштироки, иқтидори ва сало¬ҳиятини кўриб фахрланасан, киши. Қанчадан-қанча опа-сингилларимиз хотин-қизлар ¬манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни асраш ишлари, таълим-тарбия, маданият ва илм-фан соҳаларида, соғлиқни сақлаш тизими, ишлаб чиқариш тармоқлари, қишлоқ хўжалигида ўз ўрни, позициясини намоён этишмоқда.

Асли касбим иқтисодчи. 25 йил Пешкў матлубот савдо идорасида ҳисобчи бўлиб ишлаганман. Эл қатори кун кўрганмиз. Истиқлолнинг илк йилларида ерга меҳр қўйдим. Бир тутам далада оила аъзоларимиз билан сабзавот етиштириб, деҳқончиликни бошладик. Бугун ўша 1,5 гектарлик ер билан бошланган деҳқончилик "Малишояк" кўп тармоқли фермер хўжалиги сифатида бўй кўрсатди. 50 гектар майдоннинг 30 гектарида пахта, 14 гектарида буғдой етиштиряпмиз. Қолган жойларда сабзавот, пилла, боғ, чорбоғ, чорвачилик ва балиқчиликни йўлга қўйганмиз. Ҳар йили буғдойдан 70-80 центнер, пахтадан 35-37 центнер ҳосил олиб, режани ортиғи билан бажаришга муваффақ бўлаяпмиз.

Меҳнат қилган кам бўлмас экан. Аввалига Пешкў туман, кейинчалик вилоят Кенгаши депутатлигига сайландим. Ҳам-қишлоқларим қишлоқ фуқаролар йиғини раислигини менга ишониб топширишган. Узоқ йиллардан бери "Истиқбол" ҚФЙ раиси бўлиб фаолият юритяпман. "Навбаҳор", "Валфажир", "Боғимусо" МФЙ ҳамда Кўсравон ва Малишояк қишлоқлари жойлашган мазкур ҳудудда 3695 та хонадон бўлиб, 14900 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ фуқаролар йиғини идораси менинг "биринчи уй"им десам хато бўлмас. Бу уйнинг ташвишу қувончлари ўзига етарли: ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш, вояга етмаганларнинг бўш вақтини назорат қилиш, тўйларни ихчам ўтказиш, йигит-қизларни "оммавий маданият" ва бош¬қа ёт ғоялар таъсиридан асраш сингари бир-биридан муҳим вазифаларни адо этишга ҳам вақт, ҳам куч топиш керак.

Айни пайтда ҳам депутат, ҳам фуқаролар йиғини раиси сифатида ҳам¬қишлоқла¬рим¬нинг турмуш шароитларини янада яхшилаш, ҳудудимизни бундан-да файзли, шинам, обод этишга ҳисса қўшаётганимдан хурсандман.

Аёл — жамият гултожи. Шундай экан, хотин-қизларга қарата ҳамиша фидойилик, садоқат ва меҳр-муҳаббат тимсоли бўлиб қолайлик, дегим келади. Биз — хотин-қизларга билдирилаётган ишонч, ҳурмат ва эътибор доим олдинга интилишга, ўз устимизда ишлашга ундайди.

Гули ТОЙИРОВА, "Оила" илмий-амалий маркази вилоят бўлими раҳбари:

—Оила бахт-саодат ошёни, инсон камолотининг бешиги, дунёдаги ¬жамики эзгу умидларнинг олтин калитидир. Барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида, эзгу ниятларимизнинг марказида фарзандларимизни ҳам жисмоний,ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, бир сўз билан айтганда, мустаҳкам оила соҳиби бўлишдек мақсад мужассам.

Халқимиз учун муқаддас саналган оила асосларини янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш, маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдириш аввало оилавий ажримларнинг олдини олишга хизмат қилади. Оилавий қадриятларни сақлаш ва мустаҳкамлашда оиланинг роли ва аҳамиятини ошириш мақсадида вилоят "Оила" илмий-амалий маркази томонидан ўтган йил мобайнида ўтказилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари, бажарилган амалий ишлар ҳам айни мақсадларга қаратилди.

Чунончи, мустаҳкам оилаларни барпо этиш, ўзаро ҳурматга асосланган оилавий қадриятларни тараннум этиш мақсадида ташкил қилинган "Соғ¬лом оила — мустаҳкам оила", "Оила аъзоларининг ҳуқуқий билимини ошириш — оила барқарорлиги омили" шиори остидаги давра суҳбатлари, "Оила мустаҳкам — қўрғон" деб номланган ҳамкорлик тадбирларига 3000 нафарга яқин аҳоли, хусусан, хотин-қизлар жалб қилинди. Оила ва она-бола саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли орасида репродуктив саломатликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳудудларда "Соғлом ва мустаҳкам оила — ёрқин келажак гарови" шиори остида тиббий кўрик ташкил этилди. "Отам, онам ва мен — оилавий спортчи" номли оилавий спорт мусобақалари ўтказилди. "Оила — муқаддас даргоҳ" мавзусида иншолар танлови, мустаҳкам оила тамойилларини тарғиб этишга қаратилган "Энг намунали уй бекаси бўламан", "Меҳрибон қайнона", "Соғ¬лом оила — соғлом келажак" кўрик танловлари ташкил этилди.

Шунингдек, марказимизнинг психологик ёрдам бўйича волонтёрлар гуруҳи билан биргаликда 50 нафарга яқин оилаларда яраштириш ишлари олиб борилди. Оилавий ажримлар энг кўп кузатилаётган ҳудудларда "Оилавий муносабатлар" мавзусида махсус сўровнома ўтказилди.

Марказимиз ташаббуси билан чоп эттирилган "Мустаҳкам оила сир-асрорлари" номли қўлланма бутун республика миқёсида оммалаштирилди.

Ободлик, фаровонлик, маънавий юксалишлар даври бўлиб кириб келган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида марказимиз вазифалари кўлами янада кенгайди.

Келгусида қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда оилалар барқарорлигини таъминлаш, жамиятда умумэътироф этилган анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда янада бойитишда ибратли оилалар тажрибасини оммалаштириш, ёшлар ўртасида оила қадрияти, маданиятини тарғиб қилиш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва ёш оилаларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлашда ўзаро ҳамкорликни такомиллаштириш сингари муҳим вазифалар белгиланган.

Шахди ўктам, бахти бекам

Ҳозир вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси сифатида фаолият олиб бораётган Дилноза Қандаҳорова Шофиркон туманидаги 17-умумтаълим мактабида ўқиб юрган кезларидаёқ келгусида қайси касб эгаси бўлиш ҳақида қатъий қарорга келган эди.

Отаси Саттор ака қизининг ўт¬кир билими, кенг дунёқараши, ўктам ва қатъиятли нигоҳларида бўлажак ҳуқуқшуносни тасаввур қилгани боис унга шу касбни танлашни маслаҳат берган эди. Д.Қандаҳорова 1995 йил мактабни аъло баҳоларда тугатгач, Тошкент давлат юридик институтига ўқишга қабул қилинди. 1999 йил олий ўқув юртини имтиёзли диплом билан тамомлаб, илк фаолиятини Бухоро шаҳар, Ф.Хўжаев туман прокуратурасида иш ўрганувчи сифатида бошлади.

—Прокуратура органлари ходимларининг иши катта масъулият, фидойилик, ҳалолликни талаб қилади, — дейди Д. Қандаҳорова биз билан суҳбатда.—Ҳам рўзғор юмушлари, ҳам қонунийликни таъминлаш масъулиятини тўла, кўнгилдагидек адо этишнинг ўзи бўл¬майди. Турмуш ўртоғим ва қай¬нона-қайнотамнинг қўллаб-қувватлашлари сабаб барча вазифаларимни ўз вақтида бажаришга куч топа олдим. Чин маънода оилавий бахтга эришдим. Турмуш ўртоғим билан уч нафар ўғил-қизни тарбиялаб, вояга етказ¬япмиз. Келажакда уларнинг юрт корига камарбаста, ўзи танлаган касбнинг етук мутахассиси бўлиб етишишига умид боғлаганмиз.

Прокуратура ходимлари зиммасидаги масъулият залвори ниҳоятда оғир. Қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида инсон ва унинг тақдири ётади. Зеро, одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, бироқ адолатсизликка ҳеч қачон чидай олмайди. Д.Қандаҳорова ҳам ўзига юклатилган вазифани масъулият билан бажариш, ҳар бир масалани етти ўлчаб бир кесган ҳолда ҳал этишни фаолиятининг бош мезонига айлантирди.

У 2001-2002 йилларда Когон шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси, кейинчалик ¬вилоят прокурорининг судларда фуқаролик ишлари кў¬рилишида прокурор вако¬латини таъминлаш бўйича катта ёрдамчиси, вилоят прокуратураси бўлим прокурори сингари масъулиятли вазифаларда фаолият юритди. Айни вақтда вилоят прокурорининг матбуот хизмати бў¬йича катта ёрдамчиси лавозимида сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Касб пилла¬поя¬ларидан бирма-бир юқо¬рилар экан, у ҳар бир му-ваффақияти замирида устозларининг хизматлари беқиёс эканини фахр билан тилга олади.

—Мубина Ғаниева (жойлари жаннатда бўлсин), Зулайҳо Худойбердиевалардан ҳам ҳаётий, ҳам касбий билимларни ўргандим, — дейди лав¬ҳамиз қаҳрамони.—Уларнинг панду насиҳатлари мен учун ҳали-ҳануз дарсхона. Айниқса, Мубина опанинг "Бу соҳада ярим юрак, ярим кўнгил билан ишлаб бўлмайди. Юракни ҳам, кўнгилни ҳам бутунича қилаётган ишингга бағишлашинг керак", деган ибратли ўгитларини фаолиятимда ҳамиша қўллашга ҳаракат қиламан.

Дилноза Қандаҳорованинг интилиш ва изланишлари, меҳнатлари ўз эътирофини топди. У 2006 йилда "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 15 йил" эсдалик нишони, 2014 йилда Президент Фармонига кўра "Шуҳрат" медали, 2017 йилда "Ўз¬бе¬кис¬тон Республикаси прокуратурасига 25 йил" кўкрак нишони билан тақдирланди. Шу йилнинг февраль ойида адлия маслаҳатчиси мақомига эришди.

—Жамиятда адолат барқарор бўлишида прокуратура органларининг ўрни катта,—дейди Дилноза Қандаҳорова.—Соҳа фаолиятини халқаро талаблар да¬ража¬сида қайта ташкил қи¬лишда кўплаб ижобий натижаларга эришилмоқда. Бир вақтлар прокурорни "қораловчи", прокуратурани жазоловчи орган сифатида билган одамлар бугунги кунда прокуратура ҳуқуқларни қонун йўли билан муҳофаза этувчи идора эканлигини яхши билишади. Қонун устуворли¬гини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва ман¬фаатларини ҳимоя этиш, жиноятчилик ҳамда ҳу¬қуқбузарликлар олдини олиш борасида тизимдаги ҳар бир ходим зиммасига устувор вазифалар юклатилган. Ана шу муҳим жараёнларнинг бевосита иштирокчиси си¬фатида келгусида зиммамдаги вазифани шараф билан адо этиш, Ватан олдидаги бурчимни масъулият билан бажаришга бор куч ва имкониятим билан ҳаракат қиламан.

Саҳифани "Бухоронома" мухбири Дилдора ИБРОҲИМОВА тайёрлади.

:: орқага № 21, 08.03.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.