Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Маънавият ва марифат

*Хотира ва қадрлаш куни олдидан

Нуронийларга эътибор ва ғамхўрлик

Кексаларнинг дуога қўл очиб, юртга тинчлик, омонлик, элимизга соғлик-саломатлик ва фаровонлик сўраши замирида олам-олам маъно бор. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик асосида фуқаролар йиғини раиси ўринбосари—кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимининг жорий қилингани ҳам маҳаллада тинч¬лик, осойишталикни таъминлаш, миллий қадриятларимизни эъзозлаш, кексаларга эътиборни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Вобкент туман, "Чармгарон" маҳалла фуқаролар йиғинидагилар бу лавозимга Ойсара Маъдиевани сайлаб хато қилишмади. Бой билим ва ҳаётий тажрибага эга Ойсара опа кўпчилик ишончини оқлаш, қолаверса Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги "Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жам¬ғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида илгари сурилган вазифаларни амалга ошириш учун дадиллик билан ишга киришди.

—Жамоатчилик марказимиз аъзолари билан ишни маҳалла ҳудудидаги кексаларни рўйхатга олиш, уларнинг оилавий аҳволи, турмуш шароити билан танишишдан бошладик,—дейди опа биз билан суҳбатда.—221 нафар пенсия ёшидаги фуқароларнинг 12 нафари ногирон, 6 нафари 80 ёшдан ошган, 1 нафари II Жаҳон уруши иштирокчиси эканини ҳисобга олиб, уларга алоҳида эътибор қаратдик ва муаммоларини ўргандик.

Ўрганишлар бесамар кетмади. II Жаҳон уруши фахрийси Ҳамид бобо Турсуновнинг оиласини енгил автомашина билан таъминлаш тўғрисидаги мурожаатига жавобан тегишли ташкилотлар билан боғланиб, отахонга навбатсиз равишда транспорт воситасини сотиб олишга кўмаклашдик. Бундан ташқари, сурункали қон босими ошиши касаллигига чалинган Зиёда Ғайбуллаева, инсультни бошидан кечирган Марзия Назаровалардан доимий равишда хабар олиш учун уларга патронаж ҳамшира ва терапевт-врач биркитилди.

—Ҳовлимдаги томорқамни кўкламги экишга тайёрлашга кўмак сўраб қилган мурожаатим бесамар кетмади,—дейди Навоий кўчасида яшовчи онахон Руқия ¬Қаландарова.—Коллеж талабалари келиб, ерларимни ағдариб, экин экишга ҳозирлашди. Биз, кексалар ҳолидан мудом хабардор маҳалла раҳбариятига миннатдорлик билдираман.

Кексалик—бекорчилик эмас. Яшашга иштиёқи баланд, юрагида ғайрат-шижоати бор отахон-онахонлар ¬бу ҳақиқатнинг маъносини яхши англашади. Шу боис бирор-бир фойдали меҳнат тури билан банд бўлиб, вақт¬ларини мазмунли ўтказишга ҳаракат қилишади. Гулзор кўчасида яшовчи Ғулом бобо Ҳожиев бир умр ўқитувчилик қилиб, болаларни илмга ошно этди. Қарийб 40 йиллик меҳнат фаолиятидан сўнг пенсияга чиқиб ҳам қўл қовуштириб ўтирмади. Оила аъзолари кўмаги билан 5 сотих ерда иссиқхона ташкил этди ва помидор, бодринг, кўкатлар етиштиришга киришди. Ҳам элга фойда етказиб, ҳам оиласига даромад келтираётган бундай тиниб-тинчимас кексалар маҳаллада кўплаб топилади.

Ибратли оилалар ҳақида гап кетганда Ойсара опа 3-4 келини билан аҳил, тотувликда ҳаёт кечираётган Неъмат Тоҳиров, Назира Ҳамроева, Ғайрат Хайруллаев каби хонадон соҳиблари номини ҳурмат билан тилга олди. Яқинда ўтказилган "Ибратли оила" танловида ёшлар уларнинг йўл-йўриқлари, оила қасрини мустаҳкамлашга қаратилган насиҳатларини қизиқиш билан тинглашди, бой ҳаётий тажрибаларидан баҳраманд бўлишди.¬

—Кейинги ярим йилликда маҳалламиз ҳудудида оилавий ажримлар, жиноятчилик, оналар, болалар ўлими каби нохуш ҳолатлар учрамагани қувонарлидир,—деди суҳбатимиз сўнгида МФЙ раиси Шафоат Файзиева.—Бунда кексалар ва фахрийлар билан ишлаш жамоатчилик маркази аъзоларининг муносиб ҳиссаси бор. Кексалар ижтимоий фаоллигининг ошгани маҳалла ҳудудида тинчлик-осойишта¬ликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, "Чармгарон" маҳалласида Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг "Қаерда кексалар бўлса, уларга эътибор бўлса, шу жойда хайру барака бўлади" деган пурҳикмат сўзларининг амалдаги тасдиғини кўрдик.

Зуҳра ҚУРБОНОВА, журналист.

*Ёднома

Ибрат ва намуна мактаби

Шундай инсонлар бўладики, улар ўз ҳаётларини эл-юрт манфаатига, илм-маърифат тарғиботи ҳамда равнақига тўла-тўкис бахшида этишади. Умр йўлларининг мазмунини айнан шунда деб билишади. Шу орқали улар ўз зиммаларидаги вазифалардан ҳам миқёси кенгроқ ишларга қўл уриб, ибрат ва намуна мактабини яратишади. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал демократик партиясидан сайланган депутати, Кенгашнинг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари доимий комиссияси раиси сифатида қатор йиллар юрт манфаати, навқирон авлод камолоти йўлида хизмат қилган, қолаверса, маориф соҳасининг жонкуяри бўлган олижаноб инсон Саид Раҳмонов ана шундай фидойилардан бири эди.

Вилоят аҳли уни айниқса, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга пухта ечим излаган, ҳамиша юрт ободлиги, равнақи учун жон куйдирган ташаббускор депутат сифатида билади ва қадрлайди. Бундан таш¬қари, нафақат вилоятимиз, балки республикадаги жамики педагоглар, халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилаётган кўпчилик юртдошларимиз уни етук муаллим, илм-фан, маънавият ва маданиятнинг толмас тарғиботчиси сифатида ҳам яхши танийди ва уни ўзларига устоз санайди.

Зиёли оиласида ўсиб, 1968-1973 йилларда Тошкент давлат чет тиллар педагогика институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети)да француз тили йўналишида сабоқ олган бу инсон меҳнат фаолиятини она қишлоғи—Гаждумакдаги 4-ўрта умумтаълим мактабида оддий ўқитувчиликдан бош¬лади. Кейинчалик 7-мактабда ўн йилча директорлик вазифасида ишлади. Сўнг эса Ғиждувондаги 62-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида меҳнат қилди. Дарвоқе, 1996 йилда айнан Саид Раҳмоновнинг шахсий ташаббуси, вилоят ва туман ҳокимликлари, шунингдек, туман халқ таълими бўлими раҳбариятининг қўл¬лаб-қувватлаши, саъй-ҳаракати билан ташкил этилган мазкур муассаса йиллар мобайнида нафақат воҳамиз, балки мамлакатимиздаги энг намунали билим масканларидан бирига айланди.

— Ёш мустақил давлатимиз эндигина оёққа тураётган дамлар эди, – дея эслайди халқ таълими тизимида узоқ йиллар ишлаган меҳнат фахрийси Э. Олимов. – У пайтларда малакали ёш кадрларга эҳтиёж кучли эди. Саид Раҳмоновнинг марказдан узоқ бир ҳудудда кўп тармоқли мактаб-интернат очиш, у ерда билимга ташна ўғил-қизларга шаҳардаги таълим муассасаларидан қолишмайдиган шарт-шароитлар асосида сабоқ бериш борасидаги ташаббуси, ғайрати ўшанда Ватанимиз равнақи, порлоқ келажагини таъминлашга қаратилган ўзига хос қадамлардан бири бўл¬ганди.

Бугун бу ерга вилоят, ҳатто республиканинг турли ҳудудларидан келиб, таҳсил олаётган ёшлар фан олимпиадаларида, "Билимлар беллашуви" ҳам¬да бошқа кўрик-танловларда сов¬риндор бўлишмоқда. Шунингдек, мактаб-интернатнинг малакали, изланувчан ¬педагоглари сафида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочилари, "Йилнинг энг яхши ўқитувчиси" кўрик-танловининг қатор ғолиблари бор. Бу каби ҳавас қилгулик ютуқлар эса аввало шу даргоҳнинг директори сифатида юзлаб ёш педагогу ўғил-қизларга устозлик қилган С. Раҳмоновнинг саъй-ҳаракатлари, фаолияти билан бевосита боғлиқ.

Шунингдек, у ўзи ишлаган таълим масканларида чет тилларни, хусусан, француз ва инглиз тилларини ўқитишга алоҳида эътибор қаратди. Бу йўналишда орттирган тажрибасини эса ҳатто республика миқёсида оммалаштиришга эришди. Чет тиллар таълимига оид қатор қўлланма ва дарсликлар яратди. Айни пайтда Саид Раҳмонов мамлакатимиздаги ўрта мактабларда ўқитилаётган "Hirondelle", "Voyage en France", "D'un E'tat а l'autre" каби француз тили дарсликларининг муаллифларидан биридир.

Табиийки, бундай самарали ишлар, таълим-тарбия соҳасидаги салмоқли меҳнатлар эътибору рағбатсиз қолгани йўқ. С. Раҳмонов 2003 йилда Президент фармонига мувофиқ "Шуҳрат" медали, 2009 йилда эса "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирланди. Шунингдек, француз тилини ўқитиш, шу тилни оммалаштиришдаги хизматлари боис Франция Республикасининг рицарлик унвони ҳамда "Пальм академик" орденига муносиб кўрилди.

Гарчи энди устоз орамизда бўлмаса-да, у яратган ибрат ва намуна мактабининг умри боқий. Бу мактабнинг анъаналарини бундан буён Музроб Мухторов, Озода Раҳмонова, Дилнавоз Ибодова, Гуландом Жўраева, Феруза Расулова каби кўплаб шогирдлар давом эттиришади.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 31, 15.04.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.