Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Маънавият ва марифат

"Маънавият — инсон кўрки" танловига

Ёшлар қалби ва онгини ғуборлардан асрайлик

Манзура ишда бироз ушланиб қолиб, тун қоронғисида хавотир билан уйига шошарди. Атайин қилгандек, ёмғир томчилай бошлади. Манзилига етай деганда кимдир елкасидаги сумкани тортди. Аввалига қўрқув ва саросимага тушиб, сумкасини зич ушлаганча баланд овозда қўшниларини ёрдамга чақирди. Талончи ниятига етолмаслигини билиб, қочиб қолди. Манзура қоронғи бўлсада, уни таниди. Бу болани иш юзасидан ҳар куни интернет кафега кирганида кўрарди. Кўпинча эса нега бу бола дарсда эмас, дея ҳайрон ҳам бўларди. Манзура буюмларини олдириб қўймаганига бир қувонса, бахтига талончининг қўлида бирор жароҳат етказувчи нарса йўқ экан, дея яратганга шукрона айтди.

У боланинг яқинларини суриштирган бўлди. Маҳалладагилар дарровгина уни танишди.

—Э, бу дайдининг ота-онаси куни бўйи ишда,—изоҳлашди улар.—Боласини тергашмайди ҳам. Қачон қарасангиз компьютерхонада ўйин ўйнаш билан овора. Койисангиз, терс жавоб берадики, мўмингина боланинг шу даражада асабий бўлиб қолганига ишонгингиз келмайди. Гап-сўзларга қараганда, ўзидан кичик болаларни қўрқитиб, пулини олармиш. Сизга ҳам ҳужум қилган бўлса, демак жуда ўзгариб кетибди. Эсиз, шундай бола...

Дарҳақиқат, бола тарбияси жуда нозик. Озгина эътибор бермадингизми, кўп нарса йўқотасиз. Баъзи ота-оналар болаларининг нима биландир банд бўлиши учун уларни компьютер ўйинларига жалб этишади. "Ёмонларга қўшилиб кетмасин", дея изоҳ ҳам беришади. Аммо билишмайдики, боласининг онгига таъсир ўтказаётган ўйинлар ниқоби остида манфур ғоялар таҳдиди ўша "ёмон болалар"¬дан ҳам даҳшатлидир.

Тан олиб айтиш керакки, бугун ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Ҳамманинг қўлида камида битта қўл телефони. Истаган жойдан туриб дунёнинг нариги чеккасидаги одам билан гаплашиш, хабарлашиш имконияти бор. Бутун дунёда интернет тармоғининг қамрови тобора кенгайиб бораётир. Ўтган асрда радио, телевидение каби ахборот воситалари йигирма йил давомида оммалашган бўлса, интернет хизмати атиги бир неча йилда 2 миллиард кишилик аудиторияни қамрашга эришди. Интернет тизими замон билан ҳамқадам ривожланмоқда. Ахборотлар олами эса ундан-да тезкор. Фойдаланувчилар сони эса аксар ёшлар. Глобаллашувнинг энг ёмон томони ҳам мана шунда!

Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг "Юксак маънавият—енгилмас куч" асарида "оммавий маданият"нинг туб мазмун-моҳияти очиб берилган. Унда четдан, биз учун мутлақо ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган "оммавий маданият" ёпирилиб кириб келиши мумкинлигидан огоҳ этилган. "Оммавий маданият" бугун ёш йигит-қизларимиз онги ва қалбига ҳамла қилмоқда. Арзимасдек кўринган компьютер ўйинлари болаларнинг мурғак тасаввурига бамисоли тошга ўйилган нақшдек бир умр¬га муҳрланади. Шуниси хатарлики, жангари ўйинлар болани виртуал ҳаётга боғлаб қўяди. У реал ҳаётга ҳам шу оламдан олинган жангари хулосалар билан қарай бошлайди. Унинг ниятларида асоссиз жиззакилик, тундлик ғолиб бўла боради. Бу эса синфдошлари, тенгдошлари билан ¬муносабатларини бузади. Атрофидаги воқеаларга лоқайд инсонга айланади. Ҳатто бу ўйинлар таъсирида жиноят қилишгача боради.

Ёшларнинг жиноятчилик содир этишининг олдини олишда милиция таянч пунктларида фаолият олиб бораётган профилактика инспекторлари шу жиҳатларга эътиборни қаратиб, бундай ҳудудларни назорат остига олишлари, интернет-кафеларнинг "ишқибозлари" ҳаёти билан яқиндан танишиб, улар билан доимий равишда мулоқот олиб боришлари шарт.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳафтанинг пайшанба кунини жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни деб эълон қилиб, ички ишлар ходимлари зиммасида вояга етмаганлар билан ишлашдек ¬юксак масъулият турганини ва уни чин юракдан адо этиш лозимлигини таъкидлади. Чунки ёшлар мам¬лакатимиз эртаси, ҳал қилувчи кучи. Навқирон авлодни турли таҳдидлардан асрасаккина буюк келажак бизга насиб этади.

Умида СОДИҚОВА, Бухоро шаҳри. Ушбу материал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган "Юксак маънавиятли авлод билан порлоқ келажак сари" лойиҳаси асосида тайёрланди.

:: орқага № 24, 18.03.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.