Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Маънавият ва марифат

*Ободлик манзиллари

Моҳи-Хосса чирой очмоқда

Ситораи Моҳи-Хосса—ойга ўхшаш юлдузлар номи билан юритилувчи меъморий мажмуа дунёнинг етти иқлимидан Бухорога келувчи сайёҳлар туристик маршрутида энг сергавжум объект¬лардан биридир. ХIX асрнинг охири ХХ асрнинг бошларида барпо этилган бу ёзги саройдаги "Хонаи сафед"да ойна устига ишланган нозик безаклар ўзбек ганч ўймакорлиги санъатининг бебаҳо намунаси ҳисобланса, 1915 йилда қурилган "Хонаи ҳашт" биносида Европа меъморчилиги анъаналари мужассам этилган.

—Мажмуадаги халқ амалий санъат музейида Бухоро бадиий каштачилиги, заргарлик, зардўзлик, кулолчилик, читгарлик, ёғоч ўймакорлиги каби миллий ҳунармандчилигимиз турларининг энг сара намуналаридан иборат экспозициялар маҳаллий ва хорижий туристлар эътиборига ҳавола қилинмоқда,—дейди мазкур музей раҳбари Баҳром Насимов.—Шунингдек, Хитой ва Япония чиннисозлигига оид 700дан зиёд экспонатларимиз ҳам томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Моҳи-Хоссадаги кўркам боғда товусларнинг хиром билан юриши ўтмиш шоирларининг шеър ва ғазалларида таъриф этилгани кўпчиликка маълум. Аммо сўнгги йилларда бу меъморий мажмуани таъмирлаш, унинг ҳудудини ободонлаштиришга эътиборнинг сусайгани сабабли унинг чиройига путур етди. Кўркам боғдаги улкан дарахтлар "қариб", уларнинг анчаси қурий бошлади. Мажмуанинг атрофи девор билан ўраб олинмагани боис унинг чекка қисм¬лари маиший чиқиндиларга тўлди.

Бу ҳол вилоят ҳокимлигининг янги раҳбариятини бефарқ қолдирмади. Сўнгги ҳафталарда Моҳи-Хосса меъморий мажмуи зарбдор қурилиш ва ободонлаштириш объектига айланди, деса муболаға бўлмайди. Чунки шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг 200 нафардан зиёд ишчи-ходимлари, вилоят пахта тозалаш корхоналарининг 500 нафарга яқин вакиллари бу ерда ҳашар ўтказиб, катта кўламдаги бунёдкорлик ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширдилар.

Чунончи, ёзги саройнинг болалар силга қарши санаторийсига туташ майдонида 120 метр узунликда девор қурилди. Мажмуа ҳовлисида 2000 квадрат метр майдонга оҳактош плиталари ётқизилди.

Бухоро ниҳолчилик ва ўрмон хўжаликлари ишчи-хизматчилари ҳам бу ҳашардан четда қолмадилар. Ҳашарчилар, шунингдек, музейнинг Ҳидой Икромов, Суннат Мажидов, Завқи Рўзиев сингари боғбонлари эски дарахтлар ўрнига 600 тупдан зиёд ёнғоқ, ўрик, шафтоли ва гилос дарахтлари ниҳолларини экдилар. Боғдаги бошқа дарахт ва буталарга шакл берилди. 1800 квадрат метр майдон канадагрин уруғини экишга тайёрлаб қўйилди.

Ободончилик ишлари давомида бир неча тонна маиший чиқиндилар шаҳар ташқарисидаги махсус жойларга чиқариб ташланди. Мажмуанинг боғи йўлакларига ўрнатиладиган янги ўриндиқлар келтирилди. Моҳи-Хоссани томоша қилишга келадиган туристлар автобуслари учун замонавий тураргоҳ барпо этишга киришилди. Хуллас, янги сайёҳлик мавсуми бошлангунга қадар Моҳи-Хосса саройи, унинг боғи янада чирой очиб, туристлар ва музей томошабинлари учун янги қулайликлар яратилади.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 11, 04.02.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.