Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Маънавият ва марифат

"Буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолати" танловига

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 24 йиллиги олдидан

Конституция ва демократик сайлов қонунчилиги

Жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган халқаро ҳуқуқнинг андозалари, ривожланган демократик давлатларнинг юридик амалиёти, миллий-тарихий анъаналаримиз асосида яратилган бебаҳо ҳужжат—Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул килинганига 8-декабрь куни 24 йил тўлади. Биз ҳар йили бу кунни интиқлик билан кутамиз ва тантанали тарзда байрам қиламиз. Чунки бу кун мамлакатимиз озодлиги, халқимиз эркинлиги, шахc эрки ва ҳуқуқининг, юрт тинчлиги ва осойишталигининг, истиқбол ва истиқлолнинг, ижтимоий ҳаёт ва тараққиётнинг ҳуқуқий пойдевори бўлган Асосий Қонунимиз туғилган кундир. Бу кун—миллий давлатчилигимиз тарихида зарҳал ҳарфлар билан ёзилган муқаддас кун.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг муносиб аъзоси бўлган жонажон Ўзбекистонимиз демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда дадил ва шахдам қадамлар билан бормоқда. Ана шу улуғ мақсад йўлида бизнинг Конституциямиз йўлчи юлдуз мақомида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий тараққиётимизнинг, турмуш тарзимизнинг ҳуқуқий кафолати ва пойдевори бўлиб турибди. Бизнинг Конституциямиз халқаро ҳуқуқнинг барча андозалари доирасида яратилган. Ундаги халқ ҳокимиятчилиги, давлат суверенитети, фикрлар хилма-хиллиги (плюрализм), кўппартиявийлик, Конституция ва қонун устуворлиги, ҳокимият тақсимоти, шахс эрки ва ҳуқуқининг олий қадрият даражасида эканлиги, сўз, матбуот ва сайлов эркинлиги, хусусий мулкий муносабатларнинг устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ва бошқа тамойиллар жаҳон ҳамжамияти томонидан қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларда алоҳида аҳамиятга молик тамойиллар сифатида қайд этилган.

Истиқлол йилларида Конституциямизнинг жозибадор қоидалари ва ҳаётбахш тамойилларига амал қилиб, кўзланган мақсадга эришяпмизми? Албатта, ҳа!

Авваламбор, биз сиёсий ва иқтисодий мустақилликка эришдик, халқ¬аро муносабатларнинг мустақил субъектига айландик, бозор иқтисоди муносабатларини ўрнатдик, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти сари илгарилаб бормоқдамиз.

Давлат ва ижтимоий тузумни ҳимоя қила оладиган, демократик ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошира оладиган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлай оладиган ижро ҳокимияти ва ўзини-ўзи бошқариш тизими яратилди.

Суд-ҳуқуқ тизими янги мазмун билан бойитилди. Суд жазоловчи органдан ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя этиш органига айлантирилди, янги ҳуқуқий база яратилди. Судлар ихтисослаштирилди. Жиноий жазо тизими эркинлаштирилди. Жиноят кодексидаги оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг тўртдан уч қисми ёки 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киритилди, ярашув инс¬титути жорий этилди.

Халқаро ҳамжамият томонидан ижобий кутиб олинган яна бир ҳодиса тўғрисида гапирмасдан бўлмайди: 2008 йил 1 январдан эътиборан давлатимизда ўлим жазоси бекор қилинди ва қамоққа санкция бериш ваколати прокуратура органларидан судларга ўтказилди. Бинобарин, мамлакатимизда бу борада қабул қилинган қонунлар жиноий жазолашнинг дунёдаги энг инсонпарвар ҳуқуқий тизимини яратди, дейишга тўла асос бор.

Фуқаролик жамиятининг янги институтлари вужудга келди, ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий онг¬ни юксалтиришга алоҳида эътибор берилди.

Миллий иқтисодиёт шакллантирилди, ғалла ва ёқилғи-энергетика мустақиллигига эришилди, ранг-баранг бозор инфратузилмаси институтлари яратилди, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси давлат тасарруфидан чиқарилди, мулк¬дорлар ва тадбиркорлар синфи вужудга келди, молия ва банк тизими янги асосда қайта қурилди, миллий валютамиз 2003 йилдан бошлаб конвертация қилинадиган бўлди.

Ижтимоий ҳимоя борасида аҳолининг ночор қатламлари манфаати ҳамиша алоҳида эътибор остида бўлди. "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисида"ги, "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги, "Ҳомийлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор қарор ва фармонлари, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг кўпдан-кўп қарорлари ижтимоий ҳимоянинг ҳуқуқий асосини ташкил этмоқда.

Давлат тизимидаги ислоҳотлар янада такомиллашиб бормоқда:

а) Икки палатали парламентни барпо этиш;

б) Президент ваколатларининг бир қисмини Сенатга ўтказиш, Бош вазир ваколатларини кучайтириш;

в) Президентнинг давлат раҳбари сифатида ихчам ва самарали ваколатини белгилаш;

г) Сиёсий партиялар ролини ошириш, парламентдаги кўпчилик ва парламентдаги мухолифат мақомини қонуний тарзда белгилаш, сиёсий партиялар фракциялари раҳбарларини Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари этиб сайланиши, Бош вазир номзоди бўйича сиёсий партиялар фракция¬¬лари билан маслаҳатлашиш тартиби ва унинг парламент томонидан тасдиқланиши, сиёсий партия¬ларнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияларига Бош вазирни истеъфога чиқариш, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларига эса вилоят ҳокимларини истеъфога чиқариш тўғрисида ташаббус билан чиқиш ҳуқуқининг берилиши демократик ислоҳотларнинг мазмунини ташкил этмоқда. Давлат ҳокимияти марказий органларининг ваколат ва вазифалари (иқтисодий ва ижтимоий масалаларда) маҳаллий ҳокимият органларига ва ўзини-ўзи бошқариш органларига, маҳаллаларга босқичма-босқич ўтказилди ва ўтказилмоқда.

2016 йил давлат бюджети сиёсатининг концепсиясида асосий эътибор бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини кучайтиришга, аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда бюджет муассасалари ходимларининг иш ҳақлари, пенсия¬лар, ижтимоий нафақалар миқдорларини ошириш эвазига фуқа¬ролар фаровонлигини изчил юксалтиришга қаратилган. Зеро, ижтимоий харажатлар улуши 2015 йилдаги 58,7 фоиздан 2016 йилда 59,2 фоизгача оширилиши кўзда тутилган.

Шу нарсани алоҳида таъкидлаш зарурки, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизнинг Биринчи Президенти раҳнамолигида ўтказилган демократик ва иқтисодий ислоҳотлар замирида (йилларимиз қайси ном билан аталмасин) инсон ва оиланинг манфаати, унинг моддий фаровонлиги ва маънавий-маърифий қиёфасини юксалтириш мақсади ётади. Оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг марказида бўлиб келмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, "Оила йили", "Соғ¬лом авлод йили", "Оналар ва болалар йили", "Ёшлар йили", "Баркамол авлод йили", "Мустаҳкам оила йили", "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурлари ушбу фикрни тасдиқловчи ҳужжатлардир. Бу ҳужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ижтимоий ҳаёт ва турмуш тарзимизда жаҳон ҳавас қилса арзигулик ижобий кўрсаткичларга олиб келди: бугунги кунда фуқароларимизнинг ўртача умри 74-75 ёшни ташкил этиб турибди, 25 йил ичида оилада никоҳ билан боғлиқ "қўйди-чиқди"лар икки бараварга, вояга етмаганлар ўртасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва ҳар 100 минг аҳоли ҳисобига содир этилган жиноятлар икки-уч бараварга, болалар ва оналар ўлими уч ярим бараварга камайди, оилаларнинг йиллик ўртача даромади 3,4 мартага кўпайди ва ҳоказо.

"Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида кўрсатиб ўтилган вазифалар мундарижасига эътибор берайлик: оила қонунчилиги ва бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, ёш оилаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, Она ва бола йили мақсад ҳамда вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда маҳалла ва фуқароларнинг, ўзини-ўзи бошқариш органларининг ролини янада кучайтириш, эҳтиёжманд оилаларнинг муаммоларини ҳал этишда давлат ва нодавлат ташкилотларининг имкониятларидан фойдаланиш, "Соғлом она—соғлом фарзанд" тамойилига асосланган тизимни янада такомиллаштириш, оила институтининг таълим ва тарбия муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини, амалий ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, жамиятимизнинг маънавий негизларини янада ривожлантириш ва ҳоказо.

Конституциямизда ҳокимият тақсимотидаги аниқлик, қонунчиликда мафкуравийлик ва синфийликка барҳам берилиши, фуқаро ва давлат ўртасидаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар мутаносиблиги, мулк шаклларининг хилма-хиллиги, қонун устуворлиги, ижтимоий-мафкуравий муносабатларда ҳур фикрлилик ва бошқа принципиал аҳамиятга молик қоидалар ва нормалар силсиласи уйғунлаштирилганки, улар жаҳон қонунчилиги амалиётидаги конституциявий моддаларда бунчалик даражада расмийлаштирилмаган. Бундай фикр¬ни асослаш учун Асосий Қонунимизнинг VII бобидаги 24-31-моддалар фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, VIII бобидаги 32-35-моддалар уларнинг сиёсий ҳуқуқларига, IX бобидаги 36-42-моддалар жамият аъзоларининг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари мазмун-моҳиятига қисқагина назар ташласак, шунинг ўзи етарли бўлади. Бу бўлим инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, бурчлари ва эркинликларига бағишланган. Мазкур бўлимдаги қоидалар дунё давлатлари тан олган халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳамоҳангдир. Конституциямизда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига тааллуқли барча моддалар юқорида таъкидлаганимиздек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидан ташқари Ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро Пакт (1966 йил), фуқаролик ва сиёсий ҳу¬қуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт (1966 йил) ва шу Пактларга алоҳида илова қилинган Протокол (1966 йил)даги моддаларга тўла мувофиқ келади. Бу халқаро ҳу¬қуқий Актларда яшаш ҳуқуқи, озодлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, суд ҳимояси ҳуқуқи, турар жой ҳуқуқи, кўчиб юриш ҳуқуқи, ёзишмалар ва телефонда сўзлашиш дахлсизлиги ҳуқуқи, ҳур фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, давлатни бош¬қаришда иштирок этиш ҳуқуқи, митинглар, йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқи, уюшмаларга бирлашиш ҳуқуқи, ариза ва шикоят қилиш ҳуқуқи, мулкга эга бўлиш ҳуқуқи, меҳнат ҳуқуқи, моддий таъминот ҳуқуқи, пенсия ва тўлов ҳуқуқи, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи, илм олиш ҳуқуқи, илм-фан ва маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи ва бошқа қирқдан ортиқ ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маданий ҳуқуқлар ва эркинликлар ўз аксини топган. Кишиларнинг эрки ва иродаси ифодаси бўлмиш ҳуқуқларнинг амалга ошишини таъминловчи воситалардан бири уларнинг Конституцияда кафолатланишидир. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 43-46-моддалари инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатланишига бағишланган.

Мана, 22 йилдирки, мамлакатимизда ҳар бир янги йил янги ном билан кутиб олинади. Бу номларнинг аталиши бир-биридан сўз билан фарқланса-да, аслида улар ўз мазмун-моҳиятига кўра бир мақсадга — инсон ва фуқаронинг турмуш тарзини юксалтириш, унинг ҳақ-ҳуқуқини ҳар томонлама муҳофаза этишни таъминлашга қаратилган.

Яқинда, аниқроғи, 4 декабрда мамлакатимизда бўладиган Президент сайловининг ҳуқуқий асосларини ҳам Конституция белгилаб берган.

Асосий Қонунимиз мустақил давлатимизнинг сайлов тизими ва умумий сайлов қонунчилигининг ҳуқуқий пойдеворидир. Унинг 117-моддасида: "Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир сайловчи бир овозга эгадир. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади", дейилган. Конституциянинг 77-моддасида Ўзбекистонда сайловлар кўппартиявийлик асосида ўтиши белгилаб берилган. Республикамизда сайлов қонунчилигини шакл¬лантириш биринчи навбатда халқаро ҳуқуқнинг умумий тан олинган андозалари асосида амалга оширилди. Зотан, Конституциямизнинг муқаддимасида кўрсатилганидек, давлатимиз қонунчилигида "...халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлиги" тан олининиши тамойил даражасига кўтарилган.

Сайлов ҳуқуқига оид 30 га яқин халқаро ҳужжатлар мавжуд бўлиб, уларнинг энг муҳимлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган. Сайлов тизимига тааллуқли барча халқаро норматив-ҳужжатлар давлатимиз сайлов Қонунчилигида ўзининг тўла ифодасини топган ва бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигининг қуйидаги асосий тамойиллари ва хусусиятларида яққол намоён бўлади.

Жумладан, "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонунда, Конституциямизда ва "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги Қонунда (янги таҳрирда) сайлов халқ ўз ҳокимияти ва хоҳиш-иродасини тўғридан-тўғри рўёбга чиқаришининг олий ифодаси, давлат ҳокимияти органларини демократик тарзда ташкил этишнинг негизи экани қайд этилади.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигида умумий сайлов ҳуқуқи тамо¬йили мустаҳкамланган. Ҳар бир фуқаро сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида Конституцияда ва сайлов тўғрисидаги қонунларда белгиланган муайян ёшга тўлиши билан давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Умумий сайлов ҳуқуқи фуқароларнинг ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусияти каби ҳолатлардан қатъи назар, ҳеч қандай камситишларсиз рўёбга чиқарилади. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар.

Тенг сайлов ҳуқуқи тамойили "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 1-моддасида, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги Қонуннинг 3-моддасида мустаҳкамланган. Ҳар бир фуқаро-сайловчи бир овозга эга ва бошқа фуқаролар билан тенгма-тенг тарзда ўзининг ана шу овозга эгалик ҳуқуқини амалга ошира олади. Бир мандатли сайлов округлари бўйича овоз беришда ушбу округлар тенглик асосида ташкил этилиши таъминланади.

Ҳар бир сайловчи ўзининг эркин овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқидан фойдаланиш мақсадида сайлов участкасига, шунингдек, овоз бериш хонасига тенг асосларда ва ҳеч қандай тўсиқларсиз кириш ҳуқуқига эгадир. Ҳар бир ¬фуқаро сайловда ўз номзодини кўрсатиш имкониятидан фойдаланишда ҳам тенг ҳуқуқларга эга.

Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи фуқароларнинг сайловда номзод учун бевосита, яъни тўғридан-тўғри овоз бериши демакдир.

Яширин овоз бериш тамойили сайловчилар хоҳиш-иродасининг қандай тарзда бўлмасин назорат қилинишини истисно этиш, эркин сайлов учун тенг шарт-шароит таъминлаш каби мақсадларни кўзда тутади.

Давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар мажбурий бўлиб, Конституцияда, конституциявий ва сайлов тўғрисидаги қонунларда белгиланган муддат—ҳар беш йилда мунтазам равишда ўтказиб борилади.

Сайлов қонунчилигида сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралиги тамойилига алоҳида ўрин берилган.

Сайловларнинг эркинлиги тамойили фуқароларнинг сайловда иштирок этиши эркин ва ихтиёрийлигида намоён бўлади. Ҳеч ким уларнинг муайян номзод учун "тарафдор" ёки "қарши" овоз беришга мажбур этиш ҳуқуқига эга эмас.

Ўзбекистон сайлов қонунчилиги сайловчиларга номзодларни танлаш, сайлаш имконини беради. Ҳозирги кунда юртимизда том маънодаги сиёсий плюрализм, ғоялар хилма-хиллиги, кўппартиявийлик тизими амал қилмоқда. Сайлов кўппартиявийлик асосида амалга оширилади ("Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 24-моддаси, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги Қонуннинг 1-моддаси). Сайловларда сайловчиларнинг номзодлар, сиёсий партиялар номзодларининг рўйхатлари, шунингдек, сайлов жараёнлари тўғрисидаги ахборотга эга бўлиши, номзодлар ва сиёсий партияларнинг эса оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш имконияти таъминланади. Сайловларнинг белгиланган муддат ва тартиблари номзодлар, сиёсий партиялар ва сайлов жараёнининг барча иштирокчилари тўлақонли сайловолди ташвиқот кампаниясини уюштиришлари учун имкон беради. Мамлакатимизда ҳақиқий сайловлар ўтказилишини таъминлаш мақсадида барча номзодлар ва сиёсий партия¬ларни рўйхатга олиш учун тенг ҳу¬қуқий шарт-шароит яратилган.

Фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш, сайловолди ташвиқоти олиб бориш ҳуқуқларини амалга оширишларига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан қаршилик кўрсатувчи шахс¬лар, шунингдек, сохта сайлов ҳужжатлари тузган, овозларни ата¬йин нотўғри санаб чиққан, овоз бериш яширинлигини бузган ёки ушбу қонун бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган сайлов комиссияларининг аъзолари, бошқа мансабдор шахслар, сиёсий партияларнинг вакиллари қонунга мувофиқ жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон сайлов қонунчилиги адолатли сайловлар тамойилига амал қилиши учун тегишли ҳу¬қуқий негизга эга. Адолатли сайловлар тамойилини жорий этиш орқали қуйидагиларни таъмин этилиши кўзда тутилади:

Умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи ҳар бир номзод ёки ҳар қайси партияга сайлов кампаниясида ¬иштирок этиш, шу жумладан, -ом¬мавий ахборот воситаларидан фойдаланиш борасида тенг шарт-шароит яратиб берилиши, сайловларнинг, номзодлар ва сиёсий ¬пар¬тияларнинг сайлов кампанияларини адолатли ва ошкора молия¬лаштирилиши, овоз бериш ва ¬овозларни санаб чиқиш чоғида ҳалолликнинг таъминланиши, сайловнинг жами якунларини расмий нашр эттириш йўли билан овоз бериш натижаларидан тўла ва тезкор хабардорликни йўлга қўйиш, сайлов жараёнларининг мустақил сайлов комиссиялари томонидан ташкил этилиши ва ушбу комиссия¬ларнинг жамоатчилик ва халқ¬аро кузатувчилар назоратида очиқ ва ошкора ишлаши, фуқаролар, сиё¬сий партиялар номзодлари, сайловнинг бошқа иштирокчилари сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги устидан қилган шикоятлари судлар ва қонун бўйича тегишли ваколат берилган бош¬қа органлар ҳамда мансабдор шахс¬лар томонидан сайлов жараёнларининг тегишли босқичлари учун белгиланган муддатлар доирасида тез ва самарали кўриб чиқилиши алоҳида аҳамиятга молик тамо¬йиллардир.

Сайлов комиссияларининг қо¬нунда белгиланган ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари ва норматив ҳужжатлари барча давлат органлари, сиёсий партия¬лар ва бошқа жамоат бирлаш¬малари, меҳнат жамоалари ва ¬ҳарбий қисмларнинг, корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳ¬бар¬ларининг ижроси учун мажбурийдир. Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахс¬лар сайлов комиссияларига ўз ваколатларини амалга оширишга ёрдам беришлари, уларнинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этишлари шарт.

Давлат сайловда иштирок этаётган номзодлар, сиёсий партиялар ўз сайлов кампаниясини молиялаштирилиши учун уларга қонунда кўзда тутилган ҳолларда ва тартибларда бюджет маблағи ажратилишини таъминлайди. Сайловда иштирок этаётган номзодлар ва сиёсий партияларнинг қандайдир хорижий, шу жумладан, чет эл жисмоний ва юридик шахслари, халқаро ташкилотлар, халқаро ижтимоий ҳаракатлар, фуқаролиги бўлмаган шахслардан хайрия¬лар олишига йўл қўйилмайди.

Сайловда иштирок этадиган барча номзодлар, сиёсий партиялар қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз ташвиқотини олиб бориши учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишлари, радиоэшиттириш, телекўрсатувларда сайловолди дастурлари билан чиқишлари учун давлат томонидан тенг ва адолатли шарт-шароит кафолатланган. Ташвиқот фаолиятини юритишда оммавий ахборот эркинлиги суиистеъмол қилинишига, шу жумладан, давлатнинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилган, халқнинг соғ¬лиги ва маънавиятига тажовуз қиладиган, уруш, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этадиган, конс¬титуциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга, фуқароларнинг конс¬титуциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини камситишга қаратилган даъватларга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигида сайловларда миллий ва хал¬қ¬аро кузатувчиларнинг иштирок этиши тамойили мустаҳкамланган. Сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда, қонунда белгиланган тартибда ҳар бир номзод, ҳар қайси сиёсий партиядан биттадан кузатувчи қатнашиш ҳуқуқига эгадир. Кузатувчиларнинг ҳуқуқи ва мажбуриятлари қонунда белгилаб қўйилган.

Сайлов қонунчилигида фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги устидан шикоят қилиши ва бунинг учун тегишли жавобгарлик тамо¬йили кўзда тутилган. Фуқаронинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилган тақдирда жабрланган шахс ёки шахслар судларга мурожаат этиш ҳуқуқига эга, қонунда ва бошқа қонун ҳужжатларида тақиқланган ҳаракат (ҳаракатсизлик)ни содир этганликда айбланган шахслар эса қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.

Ўзбекистон Республикаси халқ¬¬аро ҳамжамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида юқорида санаб ўтилган сайлов тўғрисидаги хал¬қаро андозаларни, фуқароларнинг сайловга доир ҳуқуқ ва эркинликларини эътироф этади ва мамлакатда демократик сайловлар ўтказиш борасида сайловга доир ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланишини янада кучайтириш учун изчиллик билан қонунлар қабул қилиш ва тегишли чора-тадбирларни қўллаш йўлидан дадил бораверади.

Мамлакатимиз мустақиллиги асосчиси, марҳум Йўлбошчимиз ¬Ислом Каримов таъкидлаганидек, "Биз ўз тараққиёт йўлимизни Конс¬титуция асосида белгилаб олдик, демократик принципларни қарор топтиришда ҳуқуқий пойдевор барпо этдик. Энди ана шу пойдевор устида фуқаролар эркинлигини таъминловчи демократия биносини тиклашимиз лозим."

Исоқ МАРДОНОВ, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий ҳакамлик суди раиси, юридик фанлари номзоди, доцент.

:: орқага № 91, 05.11.2016


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.