Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Маънавият ва марифат

Тарихдан хазина излаган олим

Шундай одамлар борки, бошқалар уларга ҳавас билан қарайди, улар билан тўрт оғиз ширин сўз айтиб, мулоқотда бўлишни истайди. Истараси иссиқ, бош¬қалар диққатини ўзига тортадиган, юриш-туриши, ҳаракатлари, гаплашиш жозибаси, ораста ки-йиниши ўзига хос, бунинг устига, соддадил ва камтарин. Бундай хислатларга эга бў¬лиш бир жиҳатдан илмга интилишга боғлиқ бўлса, ажаб эмас. Баъзан шундай одамларни кўриб Юсуф Хос Ҳожибнинг "Ўқув қут беради, билим шараф-шон, асли шу туфайли улуғдир инсон", деган сатрлари ёдимга тушади. Шундай улуғ одамларга сажда қилгинг келади. Дўстим, биродарим Шариф Олимович Болтаев ана шундай одамлар тоифасидан.

Бўлажак олим 1959 йилда ўрта мактабни "аъло" баҳоларда тугатиб, Бухоро давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетига ўқишга кирди. Бу даргоҳда у Саид Алиев, Мустақим Мирзаев, Нусрат Раҳмонов, Нарзулла Мўминов, Ёқуб Пинхасов, Мунира Қосимова, Ҳамро Ҳакимов ва бошқа кўплаб заҳматкаш, ҳалол, пок муаллимлардан сабоқ олди.

Ўтган асрнинг 50-60-йилларида аҳолининг, айниқса, талабаларнинг дастурхони тў¬кин эмас эди. Шунинг учун Шарифжон ёзги таътил даврида ғишт қуярди, оиласига деҳқончиликда кўмаклашарди. 3-4 ой давом этадиган пахта йиғим-терими даврида ҳам қаттиқ меҳнат қилиб, ўзига кийим-бош ва бошқа харажатлар учун маблағ жамғарарди. Беш йил шундай қаттиқ ҳам ақлий, ҳам жисмоний меҳнат билан ўтди. Шарифжон давлат имтиҳонларини "аъло" баҳога топшириб, она қишлоғига имтиёзли диплом билан қайтди.

1964-1967 йилларда устози Я.Ахмедов раҳбарлик қи¬лаётган мактабда ўқувчиларга тарих фанидан дарс берди. 1967 йил сентябрида уни Бухоро давлат педагогика ¬институтига ишга таклиф қилишди. Шундан бошлаб у қарийб 50 йил давомида бу олий таълим даргоҳида фаолият юритди.

Бу даргоҳда Шариф Олимович севимли устози Раҳим Ашуров маслаҳатларини олиб, К.Носиров, Х.Ҳасанов, Р.Бешимов, С.Намозов, А.Нуров сингари олим ва педагоглар билан елкама-елка ишлади. БухДУ ижтимоий-маърифий ҳаётида моҳир ташкилотчи, ҳамма ишга бош-қош бўладиган, ишнинг кўзини биладиган етук раҳбар эканлигини намойиш эта олди. Жамоат ишларида фаоллик кўрсатди, факультетда декан муо¬вини ва декан, Сиё¬сатшунослик ва Ўзбекистон тарихи кафедраларида мудир, университет илмий кенгашида илмий котиб, тарбия¬вий ишлар бўйича ректор муо¬вини вазифаларида ишлади.

Шариф Болтаевнинг узоқ йиллар вилоят шаҳар ва туманлари аҳолиси орасида, олий ўқув юртлари жамоаларида, халқ таълими муассасаларида, ташкилотлар, идоралар ходимлари ўртасида давлатнинг ички ва ташқи сиёсати ҳақида бугунги ҳаёт нафаси билан ҳамоҳанг маърузалар қилгани унга катта обрў ва шараф олиб келди. Газета, радио ва телевидение унинг минбарига айланди.

Олим тарих илми ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшди. 1972 йилда у тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун ёзган диссертация¬сини муваффақиятли ҳимоя қилди, сал вақт ўтмай унга доцентлик унвони ҳам берилди.

Олимнинг кейинги йиллардаги фаолияти Ўзбекистон тарихини чуқур, пухта, ҳаққоний, адолат мезонлари асосида ўрганишга сафарбар этилганлиги билан аҳамиятлидир. Юздан ортиқ мақолалар ва услубий қўлланмалар муаллифи Шариф Болтаевнинг ишларидан бири "Ўзбек давлатчилигининг Амир ¬Темур бошқарган босқичи ва унинг жаҳон тарихида тутган ўрни" деб номланган. Бу ўқув-услубий қўлланма Амир Темур тарихини ўрганишнинг миллий мафкура асосларига методологик манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Унинг вилоят педагог ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтидаги фаолияти ҳам ибратли саҳифаларга тўла. Унинг маш¬ғулотларида тинг¬ловчиларга Ўзбекистон тарихининг долзарб муаммолари кенг ёритиб берилади, Ватан туйғусини ёш авлод қалби ва онгига сингдириш йўллари ва усуллари тавсия қилинади.

Шунинг баробарида, Шариф Болтаев оилада фарзандларига меҳрибон ва ғамхўр ота, ўттиздан ортиқ невара ва эваралар даврасида дилкаш бобо, дўстларига хушчақчақ биродар, шогирдлар маслаҳатгўйи, чеҳрасидан нур ёғи¬лувчи, фақат бош ҳарфлар билан ёзиладиган самимий ва камтар ИНСОН сифатида ҳам ёш авлодга ибратдир.

Тошпўлат РАҲМОНОВ, тарих фанлари номзоди, доцент

:: орқага № 10, 03.02.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.