Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Маънавият ва марифат

* Эҳтиром

Маърифат боғининг боғбони

1985 йил сентябрь. Ўқишга энди кирган пайтларимиз. Биз, бир гуруҳ талабалар олий ўқув юрти биноси зинасидан кўтарилар эканмиз, ўрта бўйли, бошига дўппи қўндирган, нигоҳи теран, ёшига нисбатан сер¬ҳаракат бир киши қаршимиздан чиқди. Унга салом бериб ўтиб кетаётгандик, ўша одам бизни тўхтатиб, деди: "Ҳойнаҳой, сизлар янги қабул қилинган талабалар бўл¬сангиз керак-а?" Биз у кишининг гапини тасдиқладик-да, сўнг "Ўзингиз ким бўласиз?" деб сўрадик. Шунда ҳалиги киши "Мен шу ердаги боғнинг боғбониман", дея жавоб берди.

Орадан бир қанча вақт ўтгандан кейингина бу одамнинг аслида тилшунос эканлигини, ўзини мажозий маънода "боғбон" деб атаганини билдим. Мен ¬устоз олим, педагогика фанлари номзоди, доцент Насрулло Шукруллаевни илк бор ўша паллада кўрган эдим.

Шу учрашувдан бир муддат ўтгач, у бизга дарс бера бошлади. Сабоқлар асносида бу инсоннинг камтарлик, ҳозиржавоблик, топқирлик син¬гари фазилатларини дилдан ҳис этиб, у кишига ҳурматим янада ошди. Ўша пайт¬лардан бошлаб менда тилшунос бўлишга ҳавас уйғонди. Бу инсон билим ва салоҳияти, жонкуярлиги, ўзига ва бош¬қаларга нисбатан талабчанлиги билан тезда талабалар меҳрини қозонди. Шу боис унинг дарс¬ларини интизорлик билан кутардик. Маш¬ғулотлар чоғи ўзи ўқиётган маърузадаги ҳар бир иқтибоснинг нашр этилган йили, ман¬баси, ҳатто ўша манбанинг саҳифасигача ёддан айтганида, устознинг ноёб зеҳни, қувваи ҳофизасига тан берардик. Ҳар дарсда шу ҳол такрорланар, устоз ҳеч бир маълумотда адашмасди.

1986 йилнинг майида биз, беш талаба республика фан олимпиадасида қатнашиш учун унинг раҳбарлигида Наманганга жўнадик. Ўн тўрт жамоа қатнашган билимдонлик кўригида биринчи саволга мен жавоб бердим. Савол-жавоблар тугагач, кўчага чиқиб, шаҳар айландик. Китоб дўконидан суюкли шоирамиз Зулфиянинг "Мушои¬ра" номли китобини сотиб олдим. Қизлар билан автобус кутаётганимизда устоз мендан ўша тўпламни олиб, сўнг уни қайтариб берди. Қарасам, китобнинг биринчи саҳифасида шу ёзувлар битилган экан: "Бибиш¬ой, олимпиадада жамоамизнинг биринчи саволига жавоб бердингиз. Биринчилик ¬доимий ҳамроҳингиз бўлишини тилайман! Н. Шукруллаев. 16. V. 86. Чортоқ".

Бундай эътибордан мендек оддий бир талабанинг қанчалар қувонганини айтмаса ҳам бўлади.

Устоз-шогирдлигимиз ўқишни битирганимдан ке¬йин ҳам давом этди. Эсимда, аспирантурани тугатган пайтларим эди. Илмий ишим ҳимояга тавсия этилгач, диссертациянинг авторефератини чиқариш учун наш¬риёт томон пиёда йўл олар эканман, "Кошки ҳозир йўлимдан Шукруллаев домла чиқиб қолсалар", деб ўйлаб турувдим. Чунки авторефератни ўзимдан бўлак ҳеч ким ўқиб чиқмаган эди. Бундоқ қарасам, устоз мен томон келаётган экан. Ўша ондаги қувончимни сўз билан ифодалаш мушкул. Кейин устоз мен билан наш¬риётга бориб, роса олти соат давомида йигирма беш саҳифалик авторефератни бошдан-охир синчиклаб ўқиб чиқдик. Шунда у кишининг заҳматкашлиги, тантилигига яна бир карра тан бердим. Ўшанда мен келажакда айнан Насрулло ¬Шукруллаевдек синчков, танти, ¬фидойи педагог ва олим бўлишга аҳд қилдим. Домланинг "Ҳа¬қиқий шогирддан устознинг ҳиди келиб туриши керак", деган фикрлари замирида қанчалик ҳақиқат ётганини ҳам англаб ¬етдим.

2002 йилнинг 27 февралида ¬Самарқанд давлат университети ҳузуридаги ихтисослашган кенгашда диссертациям ҳи¬мояси илмий раҳбаримсиз, ¬кафедра аъзоларию мудирисиз бошланди. Хонага кириб келдим-у, шунда устозимни кўрдим. У киши мени қўллаб-қувватлаш учун Бухородан йўл транспортида етиб келган экан. Ўша пайт¬даги ҳисларимни ифодалашга қалам ожиз. Юзимда қувонч, шодлик кўз ёшлари қалқиди. Мен бу кунни сира унутмайман.

Устозимнинг бир гаплари бор: "Устоз шогирдлари миқдорини санаши керак эмас, аксинча, шогирд уни устоз деб эътироф этиши лозим".

Дарҳақиқат, қарийб қирқ йил ичида Бухоро давлат универ¬ситетида Насрулло Шукруллаев¬нинг таълимини олган талаба борки, уларнинг бари домлани ўзига устоз санайди. Шу маънода, у кишини "Маърифат боғининг боғбони" деб атагим келади.

Зеро, дўстлари, ёру биродарлари, шогирдлари даврасида кексалик гаштини сураётган устоз бу эътирофга ҳар жиҳатдан муносибдир.

Бибиш ЖЎРАЕВА, филология фанлари ¬номзоди, доцент

:: орқага № 9, 31.01.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.