Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Маънавият ва марифат

* Газета мавзуга қайтади

Таълим самарадорлиги шароитга ҳам боғлиқ

(Иккинчи мақола)

Президентимизнинг жорий йил 22 июндаги "Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ вилоятимизда кенг кў¬ламли ишлар амалга оширилди.

Маълумотларга кўра, "аҳо¬ли эҳтиёжлари инобатга олиниб, жорий йилнинг 20 ноябрига қадар вилоятга 12 минг 600 тонна кўмир етказиб берилган. Ижтимоий соҳа объектлари режадаги 8 минг 100 тонна кўмир билан тўлиқ таъминланган бўлса-да, ўрганишлар асносида қўшимча равишда яна 4 минг 200 тонна қаттиқ ёқилғига эҳтиёж мавжудлиги маълум бўлди. Қўшимча 3 минг 500 тонна кўмир келтирилиб, туманлар бўйича тақсимланди. Кам таъминланган қарийб 100 хонадонга 29 тонна кўмир бепул тарқатилди. Чекка ҳудудлардаги аҳолига 1 минг 339 тонна кўмир имтиёзли нархларда етказиб берилди.

Газ босими пасайиши оқибатида ўтган йили вилоятдаги 68 та кўп қаватли уй, 3 та умумтаълим мактаби, 6 та мактабгача таълим муассасасини иситишда муаммолар юзага келган эди. Жорий мавсумда бунинг олдини олиш мақсадида уларга хизмат кўрсатадиган қозонхонага 1,6 километрлик юқори босимли алоҳида газ қувури тортиш ишлари якунланди. 1,2 километри монтаж қилинди, қолган қисмини монтаж қилиш ва синов ишлари 5 декабргача тўлиқ якунланиши назоратга олинди..."

Бу маълумотномани ўқиб, қиш-қировли кунларга кўнгилдагидек ҳозирлик кўрилганига ишонч ҳосил қилдик. Бир қарашда муаммо йўқдай. Бироқ мавжуд ҳолат ҳамма жойда ҳам ижобий деб бўлмайди. Айни шу борада ҳудудлардаги аҳволни ўрганиш мақсадида Когон туманида бўлдик.

Туман ҳокимлиги мутасаддиларининг қайд этишича, хонадонларнинг иситиш тизими таъминоти борасида муайян ишлар амалга ошириляпти. Туманда мавжуд 21 та мактабнинг тўрттаси табиий газ етиб бормайдиган, учтаси газ босими паст бўлган аҳоли пунктлари ҳудудида жойлашган бўлиб, мазкур таълим муассасаларида кўмир ва газ билан иситишга мослаштирилган қозонхоналар мавжуд. Газ тармоғидан узиб қўйилган ҳудудлар аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектларига кўмир ва суюлтирилган газ етказиб бериляпти. Жумладан, 2731 та хонадон шундай хизматдан фойдаланмоқда. Ҳудуд миқёсида 1905 тонна кўмир, 720 тонна брикетга буюртма берилган ва захира яратилган. Аҳолининг асосий қисми табиий газ билан таъминланган ҳудудларда истиқомат қилади.

1-умумтаълим мактаби Работипоён қишлоғи ҳудудида жойлашган. Таълим муассасасига кираверишда бизни мактаб директори қарши олди. Ташрифдан муддаомизни тинглагач, ичкарига йўл бошлади. Йўл-йўлакай суҳбат чоғида ҳудуддаги намунали уйлар тармоғидан ҳомийлик кўмаги асосида 1200 метрлик газ қувури тортиб келтиришгани, иситиш тизимида муаммо йўқлигини таъкидлади. Шу мақсадда бизни дастлаб қозонхона ва ошхонага бошлади. Бироқ газ босими юқорилигига қарамай, иситиш батареялари ва ўқув хоналаридаги ҳароратни қониқарли деб бўлмасди. Ўқувчиларнинг аксарияти дарсда қишки ки¬йимларда ўтирарди. Директордан бу ҳолатга изоҳ сўраганимизда, иситиш қозонхонаси яқиндагина ёқилганини айтиб, болаларга танбеҳ бериш билан чекланди. Биз мактабга кириб борган маҳал соат тўққиз яримдан ошган, ўқувчилар аллақачон 2-соатга мўлжалланган дарс¬ларда қатнашаётган эди. Бу пайтда иситиш тизими мўътадил ишлаётган бўлиши лозим эди-ку, деган фикр кўнглимиздан ўтди.

Баҳоуддин Нақшбанд номли маҳалла фуқаролар йиғини ҳам шу мактаб биносида жойлашган экан. МФЙ котибасининг маълум қилишича, газ тармоғидан узиб қўйилган ҳудудлар учун 70-80 тоннагача кўмир етказиб берилиши белгиланган. Бундай ҳудудлар таркибига Боғиболо, Саржўймозор, Пўлотчи қишлоқлари киритилган.

Газлаштирилган қишлоқлар рўйхатида қайд этилган Работипоёндаги ҳолат билан танишишга киришдик. Ҳу¬дуддаги 1-мактаб директорининг қишлоқда газ босими паст¬лиги сабабли намунали уйлардан газ тортиб келишгани ҳақидаги гапи бизни шу манзилга етаклади.

Бироқ суҳбатдошларимизнинг аксарияти газ босими пастлигидан шикоят қилишди.

— Газ ўзига яраша, — дейди қишлоқ фуқароларидан бири Аскар Жўраев. — Босим жуда паст. Ўтин сотиб олишга тўғри кел-япти. Мутасаддилар газ бор, деб айтишади. Лекин бу газ билан уй иситишнинг ҳам, ов¬қат қилишнинг ҳам имкони йўқ.

Навбатдаги манзилимиз — Пўлотчи қишлоғи катта йўл ёқасидан анча ичкарида жойлашгани сабабли йўналишли таксига ўтирдик. "Дамас" русумли уловда икки аёл суҳбатлашиб ўтирар, ҳар замонда ҳайдовчи ҳам уларнинг гапига аралашарди. Чамаси, машина йўловчилар билан тўлишини кутишаётган эди. Суҳбат мавзуси эса биз ўрганаётган масала экан.

Саржўймозор қишлоғилик Гулнора Пиримованинг куюниб гапириши диққатимизни тортди.

— Пўлотчи қишлоғида 20-мактаб филиа¬ли жойлашган, — деди у. — Невараларимиз шу мактабда ўқийди. Шароити яхши эмас. Айниқса, қишда болалар совқотиб касал бў¬либ қолишади. Шунинг учун кунда, кунора болаларга уйда ғамланган ўтиндан бандча-бандча боғлаб, бериб юборамиз.

— Бунинг устига, мактабда ошхона ҳам йўқ, — суҳбатга аралашди пўлотчилик Сония Абдуллаева. — Бир қўлида дафтар-китобу егулик жойланган сумка, иккинчи қўлида ўтин. Совуқда қийналиб бориб келишади.

Йўловчилар мактаб филиалини ўз кўзимиз билан кўришимиз кераклигини қайта-қайта уқтиришди. Такси қўзғалди. Мактаб томон йўл олдик. Қишлоқ четидаги мослаштирилган бинода жойлашган мактабдаги ҳолат бекатдаги аёллар айтганидек экан. Бошланғич синф ўқувчиларига қулайлик туғдириш мақсадида ташкил этилган, учта ўқув хонасига эга филиал дарсхоналари илиқ, лекин тутун, чала ёнган ўтин ҳиди анқиб турибди.

— Деразаларга целлофан қоқдик. Ҳозирча ишлатиб туришимиз учун мактаб маъмурияти 900 килограмм кўмир етказиб берди, — дейди ўзини Мамлакат Атоева деб таништирган бошланғич синф ўқитувчиси. — Ота-оналар фарзандларининг совуқда қолишини истамай кўпинча уйларидан ўтин бериб юборишади. Биз, ўқитувчилар ҳам қараб турмаймиз. Ҳар йили ёзда мактаб ёнидаги боғдан ўтин йиғиб, қиш учун ғамлаб қўямиз.

Афсуски, ҳолат юзасидан мактаб директори ва мутасаддилардан тайинли фикр ололмадик. Туман ҳокими ўринбосари З.Шарипов бу масалада Халқ таълими вазирлигига 2019 йилда мактаб филиали учун янги бино қуриш таклифи киритилгани, тасдиқдан ўтса, янги бино қурилиб, филиал ўқувчилари учун шароитлар яхшиланишини айтди.

Сафаримиз давомида куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида Когон туман Халқ қабулхонасига аҳолидан келиб тушган мурожаатлар билан ҳам танишдик.

Қабулхона мутахассиси Меҳринисо ¬Қодирова тақдим этган маълумотларга кўра, туманнинг "Туткунда" МФЙдаги Шейхон, Кафтархона қишлоқлари, "Сухор" МФЙдаги Ўзбекистон кўчаси, "Янги ҳаёт" МФЙдаги Қутрабод, Туркманўғли қишлоқлари, "Ниёзҳожи" МФЙдаги Ниёзҳожи, Ганчкаш қишлоқлари, "Сорғун" МФЙдаги Арабхона, "Мустақиллик" МФЙдаги Кўрак, "Тунироқ" МФЙдаги Элач қишлоқларидан хонадонларда табиий газ босими пастлиги, суюлтирилган газ етказиб берилиши билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган.

Кўпгина мурожаатлар жиддий ўрганилиб, уларнинг ечими топилганлиги бу борадаги фаолият самарали йўлга қўйилганлигидан далолат. Аммо биз гувоҳ бўлган баъзи муаммолар ҳам айни шу тарзда қисқа муддатларда ечим топса, кўнгилдагидек бўларди. Зеро, қиличини қайраб кириб келган қишнинг ҳеч бир баҳонаю узр-маъзурни қабул қилмаслиги аён ҳақиқат. Гап ёш авлод камолоти ҳақида кетганда эса баҳонага асло ўрин қолмаслиги керак.

Дилдора ИБРОҲИМОВА, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 101, 13.12.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.