Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Маънавият ва марифат

*Бухорои шариф Етти пирларидан бири:

Ҳазрат Саййид Амир Кулол

Туғилиши: ҳозирги Когон туманининг Сухор қишлоғида милодий 1287 йилда таваллуд топган.

Вафоти: милодий 1370 йилда Сухор қишлоғида боқий дунёга рихлат қилган.

Шамоили: узун бўйли, буғдойранг, кўкраги кенг, қўллари узун, чатмақош, соқолига оқ оралаган, жисмонан бақувват, паҳлавон келбатли.

Саййид Амир Кулолнинг оталари Амир Ҳамза яссавия шайхларидан Саййид Атонинг дўсти бўлган. Бу турк машо¬йихи Амир Кулол дунёга келмасдан олдин унинг туғилиши ва буюк авлиё бўлиб етишишини башорат қилган ҳамда чақалоқнинг номини ўзи қўйган. Кейинчалик унга сўфийли ғоялари ва амалиётидан сабоқ берган.

Болалигидан кулоллик касбини эгаллаган Амир 15 ёшга тўлганида хожагон тариқати сабоғини Муҳаммад Бобойи Самосийдан ола бошлади ҳамда 20 йил давомида узлуксиз равишда бу улуғ зотнинг хизматида бўлди.

Ёшлигидан моҳир курашчи сифатида элга танилган Сай¬йид Амир Кулол майдонда ¬тенгдоши билан олишаётган пайт¬да уни ёқтирмайдиган бир киши "Бу зотнинг кураш билан машғул бўлиши сай¬йидлик шарафига муносиб эмас", деб ўйлайди ва шу заҳоти уни уйқу элтади. Тушида қиёмат бўлгани ва ўзининг кўкрагигача лойга ботгани, чиқишга кучи етмасдан жуда қийналганини кўради. Шунда узоқдан Амир Кулол етиб келиб, қўлидан маҳкам ушлаб, уни ботқоқликдан қутқаради. У одам уйқудан уйғонади, қарасаки, кураш ниҳоясига етган. Амир Кулол унга рўпара келади ва: "Мана сен тушда кўрган кун учун паҳлавонлик қилаяпман. Сени ва сенингдек бот¬қоққа ботганларни Худонинг изни билан қувват ва ҳиммат ила қутқараман", дейди. Шунда у киши тавба-истиғфор қилиб, унинг энг садоқатли муридига айланади.

Яна бир куни Амир Кулол Ромитан қишлоқларидан бирида кураш тушаётган пайтда Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий шогирдининг паҳлавонлар билан олишаётганини томоша қилаётган пайтда маҳрамларидан бири улуғ пирга гап отади:

— Бидъат билан шуғулланаётган бу кишиларда нимани кўрдингизки, бундай ҳайратда қолдингиз?

Муҳаммад Бобойи Самосий шундай жавоб бердилар:

— Бу майдонда шундай эр киши ва саййид борки, барча комиллар унинг суҳбатидан баҳраманд бўладилар. Биз ўша эр кишига қарамоқдамиз. У жуда баланд парвоз этувчи қушдир. Унинг мақомоти, яъни эришган даражасининг юксаклигини мушоҳада этдик.

Бу ишонч ҳамда меҳр устоз ва шогирдни умрбод бир-бири билан боғлади. Саййид Амир Кулол Бобойи Самосийдан зоҳирий ва ботиний илмларни ўрганиб, замонасининг етук шайхи бўлиб етишди. Унга уламолар томонидан Саййид, Шайхул шуюх, Раиси арбобил тасаввуф, Тариқатлар султони, Бурҳонил ҳақиқат, Муршид ус-соликин сингари ўндан зиёд шарафли номлар берилди. Амир Кулолнинг тўрт ўғли ва тўрт халифаси бўлган. У киши фарзандларини тўрт халифа тарбиясига берган. Оталари улар учун ҳам падари бузруквор, ҳам сўфийлик йўлини кўрсатувчи муршид бўлган. Тўнғич ўғиллари Амир Бурҳонни Баҳоуддин Нақшбанд, иккинчиси—Амиршоҳни Шайх Ёдгор, учинчиси—Амир Ҳамзани Мав¬лоно Ориф Деггароний ва тўр-тинчиси—Амир Умарни Жамолиддин Осиёйи тарбиялаганлар.

Ҳазратнинг халифалари орасида Мавлоно Ориф Деггароний ва Баҳоуддин Нақш¬банд ўз билимдонликлари ҳамда истеъдодлари билан ажралиб турганлар. Амир Кулол Ҳазрат Муҳаммад Бобойи Самосий ўгитларига асосан бор билимларини Баҳоуддин Нақшбандга берганларидан сўнг ул шогирдларига ижозат бериб, энди бошқа устозлардан тарбият олинг деганлар. Шундан сўнг Баҳоуддин Нақш¬банд 7 йил давомида Ориф Деггаронийдан илм ўрганганлар.

Саййид Амир Кулол умрларининг сўнгида Баҳоуддин Нақшбандни ўзларига ўринбосар деб эълон қилиб, барча асҳобларни унга итоат этишга чақирганлар. Ўз навбатида бу аллома "Ҳаётнома", "Далелул ошиқин", ¬"Аврод" сингари ўлмас асарлари билан хожагон-нақшбандия тариқатини такомиллаштириб, Бухорои шарифнинг бутун дунёга "Қуб¬батул ислом" сифатидаги шарафига шараф қўшди.

Гулчеҳра НАВРЎЗОВА, фалсафа фанлари доктори, профессор. Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ, тариқатшунос.

:: орқага № 76, 20.09.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.