Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Маънавият ва марифат

*Бухорои шарифнинг Етти пирларидан бири

Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий

Туғилиши: 1259 йилда Ромитаннинг Самос қишлоғида. Вафоти:1354 йилда Самос ¬қиш¬лоғида. Шамоили: буғдойранг, нуроний, назари таъсирли, қатъий фикрли, жўшқин ҳиссиётли эди.

Маълумки, мусулмон оламида "олтин халқа" дея шарафланган нақш¬бандия тариқатининг асосий шиорларидан бири "Қўлинг ишда, дилинг Аллоҳда бўлсин" қоидасидир. Зеро, бу шиор динимиз ва шариатимиз талаби ҳамдир. Шу боис ҳам ер юзига индирилган пайғамбарлар ҳам ўз тирикчилиги учун меҳнат қилдилар. Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Идрис алайҳиссалом темирчилик, Мусо ва Муҳаммад алайҳиссаломлар чўпонлик қилганлар. Кейинчалик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тижорат билан ҳам шуғулланганлар. Не тонгки, бу анъаналарни нақшбандий шайхлари ҳам муносиб давом эттирдилар. Бу улуғ зотлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нафақат илм ва ҳикматни, балки ҳалол тирикчилик қилиш анъаналарини ҳам мерос қилиб олдилар. Хожа Али Ромитаний — тўқувчи, Саййид Амир Кулол — кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд — наққош, тўқувчи ва чорвадор, Саййид Амир Кулолнинг ўғли Саййид Амир Ҳамза — овчи, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор — чорвадор ва савдогар бўлишган. Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий ҳазратлари эса беназир боғбон эдилар.

Ёшликдан тўғрилик ва ҳалолликни ўзига шиор қилиб олган бу зот дастлаб отаси Саййид Абдуллоҳнинг тавсияси билан Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга мурид бўлди. Анжир Фағнавий ҳазратлари эса уни Хожа Али Ромитанийга ҳавола қилди. Хожа Азизонга мурид бўлган Муҳаммад Бобойи Самосий бир умр устозининг хизматида бўлган. Ҳатто пири Бухородан Хоразмга ҳижрат қилганларида бирга кетганлар. Атрофдагиларга ва ўзларига кўп фойда етказганлар. Муридлар орасида номдор халифа бўлган. Боғ-роғларига ўзи қарарди. Жуда сергак эди.

Бир куни Амир Кулол ҳазратлари майдонда кураш тушаётганида Муҳаммад Бобойи Самосий ҳазратлари у ердан ўтиб қолади ва илоҳий назар ила уни маънавий майдонга чорлайди. Шу ондан Амир Кулол курашни ташлаб, унинг хизматига киради. Кейинчалик Баҳоуддин Нақш¬бандни етиштирадиган даражадаги бир валий зот бўлади.

Барча тариқат авлиёлари каби Муҳаммад Бобойи Са¬мосий ҳазратлари ҳам шариатга амал қилишда тенгсиз зот эдилар. Ул авлиё шариатсиз тариқат бўлмаслигини ўз илми ва амали билан кўрсатиб бердилар. Зеро, Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари тасаввуфнинг уч босқичи, поғонаси борлигини айтиб, шариат — илоҳий низом, тариқат — қалб йўли ва ҳақиқат — қалб имкониятларига эришиш, дейдилар. Шунингдек, шариатда сув билан, тариқатда нафс истакларидан сақланиш ила покланилади. Ҳақиқатда мосиваллоҳдан қутулиш, замон ва макондан холи бўлиб, Мутлақ Вужудга боғланиш билан ирфонга етишилади. Имом Раббоний "Мактубот"нинг биринчи жилд, ўттиз олтинчи мактубида ёзадики: "Билгилки, шариат уч қисмдан иборат — илм, амал, ихлос. Ҳар қачонки бу уч қисмдан бири ўз ўрнига келтирилмаса, шариат мукаммал бўлмайди. Сўфийларнинг йўли бўлган тариқат, ҳақиқат ва маърифат шариатнинг учинчи қисми бўлган ихлоснинг мукаммал ҳолатда юзага чиқишига ёрдамчи бўлади".

Муҳаммад Бобойи Самосий ҳазратлари эса илоҳий низом — шариатни, қалб йўли — тариқатни ўзида мужассамлаштирган зот эдилар. Унинг илми ва ихлоси шарофатидан баъзан ғайб пардалари кўтариларди.

Муҳаммад Бобойи Самосий ҳазратлари бир гуруҳ муридлари билан биргаликда Баҳоуддин Нақш¬банд ҳаз¬ратлари туғиладиган манзил ёнидан ўтаётганда: "Бу тупроқдан тариқатда пешқадам бўладиган ва хизмат қиладиган ориф бир эрнинг бўйи (иси) келмоқда", — дейдилар. Бир кун яна у ердан ўтиб кетаётганларида: "Сизга олдинги сафар бу ердан ўтаётиб, хабар берганим ирфон соҳибининг бўйи ортибди. У ориф зот туғилган бўлса керак", — дейдилар. Буни қарангки, уч кун аввал туғилган Баҳоуддинни йўргакда ҳазрат ҳузурига дуола¬рини олиш учун келтирадилар. ¬Муҳаммад Бобойи Са¬мосий ҳазрат-лари Саййид Амир Кулолга Баҳоуддинни кўрсатиб: "Бу бизга ман¬субдир. Уни маънавий фарзандликка қабул қилдик. Бир неча ойлар олдин бўйини олганимиз бу зот келажакда тариқатимизнинг пешвоси бўлади. Бу Қасри (Кўшки) Ҳиндувон маскани бундан кейин Қасри Орифон, яъни Орифлар қасри бўлади. Эй Амир Кулол! Бу йўргак ичидаги ўғлим Баҳоуддинни сенга топшираман. Унинг зоҳирий ва ботиний тарбияси билан сен шуғулланасан. Асло бу борада сусткашликка йўл қўймагайсан! Сусткашлик қилсанг сени кечирмайман", — дея қаттиқ тайинлайдилар.

Ҳазратнинг энг катта халифаси бўлган Саййид Амир Кулол: "Ҳазратим, иншооллоҳ, амрингизни бажариш учун қўлимдан келганча саъю ҳаракат киламан", — деб сўз беради ва келажакда ваъдасини бажаради.

Муҳаммад Баҳоуддин айтади: "Уйланиш вақти етганда, бувам мени Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий ҳазратлари ҳузурига юборди. Ҳузурига боришдан бир кун олдин кечаси қалбимда ниёз ва ¬тазарру пайдо бўлиб, Хожа ҳазратларининг масжидига бордим. Икки ракат намоз ўқигандан кейин: "Эй Раббим, менга балоларингга сабр қилишга қувват бер. Сенинг муҳаббатинг туфайли рўпара бўладиган машаққатларга, меҳнатларга сабру тоқат бер", — деб дуо қилдим. Эрталаб ҳазратнинг ҳузурига чиққанда, дафъатан: "Эй ўғлим, дуо қилганда: "Эй Раббим, нимагаки сенинг ризолигинг бўлса, бу ожиз бандангга уни адо этишни насиб эт", деб дуо қилиш керак. Ҳақ таоло ҳикматига кўра агар дўстига бало юборса, унга сабру тоқат қувватини ҳам эҳсон қилади... Акс ҳолда, банданинг ўзи хоҳлаб, бало исташи густохликдир", — деб мени огоҳлантирдилар.

Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий ҳазратлари тўртта олим, фозил халифа етиштирганлар: Хожа Сўфий Сухорий, Хожа Маҳмуд Самосий (ўз ўғиллари), Мавлоно Донишманд Али, Хожа Саййид Амир Кулол.

Хожа Бобо Самосий ҳазратлари фойдасиз фикр ва туйғулардан қалб¬ни муҳофаза қилиш лозимлигини доим таъкидлар эдилар. "Шамси ҳақ" деб сифатланган бул зоти шариф ўзларидан кейин тариқат ижозати — шайхлик қилишни Саййид Амир Кулол ҳазратларига топширганлар. Сарҳалқа силсилани шу зоти шариф давом эттирганлар.

Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ.

:: орқага № 73, 09.09.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.