Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Маънавият ва марифат

Баркамол авлод тарбияси — миллий юксалиш гарови

Мустақилликка эришилгандан сўнг Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда барча соҳаларни қамраб олган ҳолда кенг ислоҳотлар амалга оширилди ҳамда бу ишлар ҳозирги даврда янги босқич ва кенг кўламда янада изчил давом эттирилмоқда. У хоҳ давлат бошқарув тузилмаси бўлсин, хоҳ соғлиқни сақлаш, спорт, таълим — қўйингки, барча жабҳаларда ижобий натижасини бермоқда.

Таъкидлаш жоиз, бугунги глобаллашув даврида, дунёда мафкуравий кураш авж олган шароитда доимо огоҳ, сезгир ва маънавий уйғоқ бўлиб яшашимиз, энг катта бойлигимиз бўлмиш юртимиздаги миллатлараро аҳиллик, ўзаро меҳр-оқибат ҳамда ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраш ва мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ишларимизнинг маъно-мазмунини тушуниб етишимиз лозим.

Ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик ва миллатпарварлик руҳида тарбиялаш долзарб вазифадир. Бу эса оилада ва ўқув даргоҳларида таълим ҳамда тарбияга эътиборни кучайтиришни тақозо этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур соҳа ечимига қаратилган қатор қонун ҳужжатлари имзоланиб, фармон, қарор ва фармойишлар қабул қилинмоқда. Булар юртимизда маънан етук, дунёқа¬раши теран, мустақил фикрловчи, эътиқоди мустаҳкам, сиёсий-маънавий савияси ҳозирги давр талабларига тўла жавоб берадиган баркамол авлодни камол топтиришга хизмат қилмоқда.

Инсон моҳияти моддият ва маънавиятнинг туташувида намоён бўлади. Ҳар бир шахс, ҳар бир ижтимоий гуруҳ ёки тоифа, ҳар бир элат, миллат ва минтақа халқлари ўз табиати билан яратилган. Зеро, маънавият ва уни англаш масалаларига оқилона, конкрет шароитни ҳисобга олиб ёндашиш — комил инсонни тарбиялашнинг янги йўлларини очишда муҳим аҳамиятга эга. Бедил айтганидек, меъмор дастлабки ғиштни тўғри қўймаса, бинонинг боши юлдузларга етса ҳам, у қийшиқ бўлиб қолаверади. Шундай экан, жамиятда инсон ўрни унинг моддий бойликлари билан эмас, балки юксак маънавий қиёфаси билан белгиланади. Бинобарин, маънавият — аждодларни авлодларга, тарихни бугунга, бугунни келажакка боғловчи кўприк. У ота-боболаримиздан мерос жамики ноёб фазилатлар, қадриятлар ва анъаналарнинг мажмуи, қолаверса, улар тўплаган тарихий-ижтимоий тажриба ва барча қарашларни ўзида мужассам этади.

"Ўзбекистон ёшлар иттифоқи,—деб таъкидлади давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев "Камолот" ЁИҲ IV қурултойидаги нутқида,—жаҳон маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз меросига ҳурмат, унга муносиб бўлиш туйғусини шакллантириш, бу бебаҳо бойликни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган мазмундор, таъсирчан лойиҳаларни амалга оширишда ташаббус кўрсатиши нур устига нур бўлур эди".

Дарҳақиқат, жаҳонга машҳур аждодларимиз — буюк давлат арбоблари, саркарда Амир Темур, Бобур Мирзо, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди нафақат мардлик, адолатпарварлик, инсонпарварлик, илм-фан бобида ўрнак бўлганлар, балки ўз аскарлари, бўлажак эл-юрт ҳимоячилари тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратганлар. Хоразмий, Беруний, Абу Али ибн Сино, Форобий, Алишер Навоий, Фурқат сингари башарият цивилизацияси ва унинг порлоқ келажагига беқиёс, катта ҳисса қўшган буюк мутафаккир аждодларимиз ҳамда дин илмида оламга донг таратган Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Яссавий каби уламоларимиз ёшларга маънавий ва жисмоний камолот бўйича сабоқ берганлар.

Яқин ўтмишимизда яшаб ўтган мутафаккир маърифатчилардан Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Маҳмуд Беҳбудий, Усмон Носир ва бошқа кўпгина буюк адибларимизнинг асарлари ёшлар ҳаёти ва тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир. Аммо, собиқ шўролар даврида улуғ аждодларимизнинг бебаҳо маданий-маънавий мероси халқимиз, ёшларимиз онгига ўзгача тал¬қин билан тақдим этилди.

Мустақиллик туфайли ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг одилона сиёсати асосида миллатимиз генофондини шакллантириш ва баркамол авлодни тарбиялаш воситаси бўлмиш жисмоний тарбия ва спорт тобора миллий истиқлол мафкурасининг "стратегик қуроли"га айланиб бормоқда. Яқинда, 2017 йил 10 августда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган "Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида"ги қарори юртимизда баркамол авлоднинг маънан ва жисмонан камол топишига хизмат қилмоқда.

Маълумки, маънавий-маданий, руҳий-ахлоқий хислатлар ва инсоний қадриятлар авваламбор, болаликдан шакллана бошлайди. Болалар эрта гўдакликдан бошлаб ота-оналари, бобо-бувилари ва бошқа оила аъзоларининг юриш-туришлари, одоб-ахлоқлари, муомала муносабатлари, оилавий урф-одатлари, расм-русумлар, удум ва анъаналарига қараб, ибрат олишга ҳаракат қиладилар.

Баркамол авлод маънавиятини шакллантирувчи ягона манба эса тарбиядир. Маърифат ва билимни шакллантирувчи манба — таълим, сабоқдир. Бинобарин "таълим ва тарбия" эмас, аксинча, "тарбия ва таълим" деб айтиш мақсадга мувофиқдир.

Инсонни баркамол этиб тарбия¬лашда бадиий асарларнинг ўрни катта. Шунинг учун ҳам Президентимиз, таъкидлаганидек, ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишга, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади. Бунинг учун, аввало, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор беришимиз муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиё¬ев¬нинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тар¬қатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни ва ролини яна бир янги босқичга кўтарди.

Бугун баъзи ёшларимизнинг "оммавий маданият" таъсирида маънавий дунёқараши тобора тубанлашиб бораётир. Хўш, унга қарши курашда қандай чора-тадбирларни кўриш лозим, деган савол туғилади. Бунинг ечимини топиш учун, фикримизча, таълим-тарбия тизимига таъсир кўрсатувчи омилларни ҳисобга олиш керак. Улар орасида бизнингча энг муҳим аҳамият касб этадиганлари қаторига қуйидагилар киради:

—мафкуравий ишларни мустақилликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириб, ёруғ ва эркин ҳаёт сари олға юришга йўналтириш;

—юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги каби юксак тушунчалар билан бирга миллий ғоямизнинг узвий таркибий қисмларини ташкил қиладиган комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик, ижтимоий-сиёсий барқарорлик каби тамойилларнинг маъно-моҳиятини маънавий-маърифий, таълим-тарбия ишларининг марказига қўйиш, уларни янги босқичга кўтариш;

—ёшларни она -Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат руҳида тарбиялаш учун, аввало уларнинг қалби ва онгида маф¬куравий иммунитетни шакллантириш;

—маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигига ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантириш;

—юртдошларимиз, айниқса ёш авлод онгида мураккаб ва таҳликали ҳаёт ҳақида, унинг шафқатсиз ўйинлари тўғрисида ҳар тарафлама ва ҳақиқий тасаввурларни шакллантириш кабилардир.

Халқимиз, биринчи галда, ёшларни эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзлайдиган мафкуравий-ғоявий хуружлардан ҳимоя қилиш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.

Соиб РАУПОВ, Бухоро давлат университе¬тининг Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси мудири.

:: орқага № 71, 03.09.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.