Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Маънавият ва марифат

Ижодкорлар билан ошкора мулоқот

14 август куни вилоят ҳокими Ў.Барноев воҳада ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар, театр ва тасвирий ҳамда амалий санъат усталари, қўшиқчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашди.

Таъкидландики, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 3 августда мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан учрашувида юксак маънавиятли, ижтимоий дахлдор инсонни тарбиялашда санъат ва ижод аҳлининг катта хизмати борлиги эътироф этилди.

Айни пайтда давлат раҳбари томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган бугунги кўламли ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида ижодкор зиёлиларимизнинг ўрни ҳамда ҳиссаси қандай бўлаётгани таҳлил этилиб, улар олдидаги вазифалар ҳам белгилаб берилди. Хусусан, юртимизда кенг тарқалиб бораётган "Ўз болангни ўзинг асра!" деган даъват фақат қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши учун ижодий ташкилотлар ҳам ўз масъулиятини жиддий равишда қайта кўриб чиқишлари давр талабига айланаётганига эътибор қаратилди.

Вилоят ҳокимлигидаги учрашувда ҳам бу фикр алоҳида таъкидланди.

Тадбирда шоир Ғ. Шомуродов, Ўзбекистон халқ артисти Ш.Йўллиев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг раиси Б.Асадов, Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлимининг раҳбари Э.Жўраев ва бошқалар сўзга чиқиб, республика Президенти ижодкор зиёлилар олдига қўйган вазифаларни бажариш учун масъулиятни англаган ҳолда ўз қобилият ва имкониятларини сарфлашларини таъкидладилар.

Учрашув очиқ-ошкора ва эркин мулоқот тарзида ўтди. Муаммолар ҳам тилга олинди. Хусусан, рассомлар ижод намуналари намойиш этиладиган кўргазмалар залини ташкил этиш, вилоят мусиқали драма театри ва вилоят қўғирчоқ театрининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, журналистлар ўртасида вилоят ижодий кўрик-танловини ўтказиш, ижодкорларни амалий қўллаб-қувватлаш, соҳа кадрларини тайёрлаш, уларнинг маҳоратини ошириш каби кўплаб таклифлар ўртага ташланди.

Вилоят раҳбари билдирилган ҳар бир таклиф ва муаммо ўрганиб чиқилиши ва албатта имконият даражасида ҳал этилишини таъкидлади. Масалан, вилоят Ижодкорлар боғи барпо этилиши, театр ходимларининг уй- жой билан таъминланиши кўзда тутилмоқда.

— Шашмақом—ўлмас мерос ва қадриятдир,—деди биз билан суҳбатда вилоят "Шашмақом ва номоддий маданий мерос илмий-амалий маркази" бадиий раҳбари Эшпўлат Ортиқов.—Мақом ёшларимизда ¬миллий руҳ ва миллий ғурурни ҳис этишни қарор топтиришга хизмат қиладиган илоҳий кучга эга. Афсуски, тўй-маросимларимизда баъзи ёшларимизда ғарбона ёки миллий санъатимиздан узоқ хорижий оҳангларга қоришиқ қўшиқларга мо¬йиллик кучайган. "Оммавий маданият" таъсири бўлган бундай нохуш ҳолатлар олдини олиш учун фарзандларимиз ўр¬тасида миллий санъат, халқона қў¬шиқлар, жумладан шашмақомни тарғиб қилиш, мақом кечаларини ўтказиш лозим. Учрашувда ана шу мақсадга хизмат қиладиган, тегишли шароитлар яратилган "Бухоро шашмақоми" марказини ташкил этиш ҳақида билдирган таклифим қўллаб-қувватланди.

Таъкидлаш жоиз, ижодкорлар даврасида кўплаб корхона ва ташкилотлар ҳамда тижорат банкларининг раҳбарлари ҳам бор эди. Бу бежиз эмас. Улар маънавиятимизни бойитадиган соҳа ташкилотларига ҳомийликни бурч деб билиб, улар билан оталиқ сифатида ҳамкорлик қилгани келишди.

Масалан, "Бухоро шашмақоми" ҳудудий бўлимига "Евроснар" масъулияти чекланган жамияти, Бухоро маданият коллежига Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Рассомлар уюшмаси ҳудудий бўлимига "Шоҳруд" акциядорлик жамияти, қатор акциядорлик-тижорат банклари тегишли равишда "Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси вилоят бўлимларига ҳамкорлик қилишади. Умуман, барча ижодий ташкилотлар ҳомийлар эътиборида бўлади, деб таъкидланди учрашувда. Шубҳасиз, хайрли ишлар ижодий жамоалар салоҳиятини оширишга, юртимиз санъат ва маданиятини халқаро кўргазма ва кўрик-танловларда намойиш этадиган ёш истеъдодларни камол топтиришга, энг муҳими, ўзлигимизни сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга маънавиятимизни юксалтиришга хизмат қилади.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 67, 19.08.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.