Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Деҳқон ва замин

* Қишки агротехник тадбирлар

Чилла суви — тилла суви

Мироблар билан гурунглашдик. Шу асно кўркам қиёфали, юз-кўзидан ғайрат-шижоат ёғилиб турган, эллик ёшлар атрофидаги киши ёнимизга келди. Саломлашдик. Шу хўжаликнинг раҳбари Бобоназар ака Чориев экан. Гапимиз тезда қовушиб, суҳбатимиз қизиди. Қишлоқ одами эмасми, дарров ер, экин-тикин, чорва ва хўжаликдаги шу каби юмушлар ҳақида тўлқинланиб сўзлай кетди. Унинг айтишича, ўзига қарашли 150 гектар экин майдонининг 102 гектари пахтага мўлжалланган. 38 гектари эса ғаллага. Бултур "оқ олтин"дан 40 центнердан 360 тонна ҳосил олинибди. Ғалла ҳосилининг ҳам чўғи кам эмас. Бундан ташқари, хўжалик ерларида полиз маҳсулотлари, помидор, мош, картошка, ошқовоқ етиштириш ҳам яхши йўлга қўйилган.

Бобоназар ака шулар ҳа¬қида тўхталаркан, бу йилги мавсумдан ҳам умиди катта эканлигини таъкидлади. Табиийки, ҳосилнинг юқори бўлиши кўп жиҳатдан тинимсиз меҳнату изланишларга, хусусан, бугунги саъй-ҳаракатларга боғлиқ. Чунки ер ҳамиша эътиборни талаб қилади. Биргина ер шўрини ювиш юмушларини олай¬лик. Вилоя¬тимиз далаларида амал¬га ошириладиган бундай қишки агротехник тадбир ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Деҳ¬қончиликнинг ҳадди аълосини олган Бобоназар ака чилла суви тарашнинг хосияту фазилатларини бир-бир санай кетди. Омилкор фермернинг айтишича, шўри икки бор ювилган ғалла даласида ҳосилдорлик бир марта ювилган буғдойзордагига нисбатан камида ўн-ўн икки центнерга ортиқ бўлар экан. Доннинг пуч эмас, балки бўлиқ, тўла ҳолда етишиши, ривожла¬ниши ҳам айни шу жараёнга боғлиқ. Шунингдек, чилла сувига қонган пахта гули эрта тўкилмайди. Шўри бир бора ювилган ер дармонга кириб, керакли намликни бир йил мобайнида ўзида сақлайди. Тупроқнинг турли зарарли тузлару қурт-қумурсқалардан фориғ бўлишини эса айтишга ҳожат ҳам йўқ. Хуллас, "Чилла суви — тилла суви" деганларича бор.

Суҳбатимиз ўз-ўзидан бу борада мазкур хўжаликда қилинган ва қилинаётган ишларга кўчди. Фермернинг айтишига кўра, йил охирида майдонларга маҳаллий ўғит сепилди. Шудгорлаш юмушларидан кейин декабрь ҳамда январь ойларида бўлакларга ажратилган ерларга марза олиниб, ўқариқлар тортилди. Ернинг паст-баланд жойлари, оралиқлар текисланди. Мазкур ишларда хўжалик ихтиёридаги "МТЗ-80", "Магнум-140" сингари техникалардан ҳам фойдаланилди. Шу йўсин ер шўрини биринчи марта ювиш тадбирларига ҳозирлик кўрилди ҳамда бу ишлар муваффақиятли якунланди.

Айни пайтда бу ерда иккинчи бор чилла суви қуйиш жараёни кетяпти. Тўрт нафар сувчининг ҳар бири кунига ўртача 25-30 гектар майдоннинг шўрини ювишга бош-қош бўляпти.

Ўз навбатида таъкидлаш лозимки, 2002 йилда ташкил этилган "Оллоҳназар, Шоҳназар, Бобоназар" фермер хўжалигида шу йўналишда олиб борилаётган тадбирларнинг салмоғи, мароми ва сифатини таъминлашда хўжаликда меҳнат қилаётган 24 нафар ишчи-ходимнинг муносиб ҳиссаси бор.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 14, 14.02.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.