Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Деҳқон ва замин

* Фермер хўжаликларида

Юрт маъмурчилиги йўлида

"Калон Мажид" фермер хўжалиги раҳбари Халил ¬Рашидовни, ўйлаганимиздек, дала бошида учратдик. Хўжалик ишчиси Нурулло Саъдуллаев билан навбатдаги пайкалга чилла суви таратиш тараддудида экан.

— Ота-боболаримиз бекорга "Чилла суви — тилла суви" дейишмаган. Улар бир гапни шунчаки айтмай, тажрибадан обдон ўтказиб, ҳикматини топиб айтишган, — дея деҳ¬қончасига гап бошлади Халил ака қисқа салом-аликдан сўнг. — Чилла суви ернинг дармони. Ундан қонган тупроқ "ширин уйқу"га кетади. Бағридаги ҳосил кушандалари — ¬зараркунандалар, қурт-қу¬мурс-қалар ўлади. Эрта баҳорда уруғга таш¬¬на е𬬠"уйғонади". Бамисоли етилган хамирдай кўпчийди. Шўри ювилгач, касалликдан тузалган бемордай енгил тортади. Ёзнинг саратонида ҳам чанқамайди.

Суҳбатдошимнинг деҳқонча жайдари лутфи, тажриба ва тадбири амалий ишга кўчганини далаларнинг орас¬талигидан дарров илғадик. Чуқур ва бир текис шудгорланган ерлар бошқалардан фарқли кичикроқ бўлакларга ажратилган. Челлар баланд ва мустаҳкам олинган. Дала ўртасигача ўқариқлар тортилган. Ҳар бир бўлак алоҳида сув ичади. Яъни биридан-бирига сув ўтмайди. Шунда шўр сифатли ювилади. Бу ҳолат қишки агротехник тадбирларнинг кўз илғамас, аммо муҳим жиҳатидир. Буни кўп йиллик тажрибасидан яхши билган фермер айни паллада даладан бери келмайди. Қолаверса, деҳқончилик унга отакасб. -Халил Рашидов фаолият юритаётган бу далаларда унинг отаси Мажид Рашидов йигирма беш йил бригадирлик қилган. Уста пахтакор сифатида ¬Ғиждувондан ташқарида ҳам донг таратган. Мажид бобо ҳалиям тетик. Кунда-кунора далага чиқиб, ўғлининг ишларидан хабар олади. Йўл-йўриқ беради. Хўжаликнинг ташвишию юмуш-ютуғига шерик. Бир пайтлар аранг 30-32 центнер ҳосил берган ерларда бу кўрсаткич 39, айрим пайкалларда эса 40 цент¬нерга етганидан қувонади. Бунга деҳқончилик ма¬даниятининг ошгани ва ¬давлатимиз томонидан фермерларга берилаётган имтиёз-¬эътиборнинг самараси, деб билади кекса деҳқон. Бу имкониятлардан унумли фойдаланиш нафақат даромад келтиришини, балки савоб ва хайрли ишлигини ўғлига бот-бот уқтиришдан эринмайди.

"Калон Мажид" туманнинг йирик хўжаликларидан. Аста-секин кўптармоқли бўлиб ¬бор¬япти. Асосий тармоқ — пахтачиликда йил са¬йин ошиб бораётган ҳо¬силдорлик хўжаликдаги ишларнинг тўғри ташкил этилганидан нишона.

Якунланган йилда 70 гектарга экилган пахтадан қа¬рийб 90 миллион сўмлик фойда олинди. Давлат хирмонига 275 тонна сифатли "оқ олтин" етказиб берилди. 16 гектардаги кузги ғалладан 90 тонна ҳосил олинди. Ҳосилдорлик кўрсаткичи — 75 цент¬нер. Унинг ярмидан кўпи хўжалик омборига тушди. Бу — жамоа аъзоларининг дастурхони ўз меҳнатлари билан етиштирилган нондан тўкин деганидир. Бундан ташқари, хўжаликнинг шинам дала шийпони атрофидаги бир гектарлик боғдан 20 тоннадан ошиқроқ олма ҳам олинар экан.

— Ҳозир 21 нафар аъзомиз бор. Уларнинг икки нафари коллеж битирувчиларидан. Янги ишга олганмиз. Бу йил ҳам қўшимча тармоқларни ишга тушириш ва мавжудларни кенгайтириш ҳисобидан яна 4-5 та доимий иш ўрни яратишни режалаштирганмиз, — ўз ниятларини йўл-йўлакай билдирди фермер.

Истиқболли соҳа ҳисобланган чорвачиликда ҳам ўсиш кузатилаётган хўжаликда 83 бош қорамол парвариш қилинмоқда. Уларнинг 33 боши маҳсулдор соғин сигирлардир. Сут ва гўшт бозорга — эл дастурхонига пеш¬ма-пеш етказилмоқда.

Балиқчилик ва паррандачиликни йўлга қўйиш учун ҳам ҳаракат бошланган. Шу кунларда эрта баҳорда балиқларни парваришлаш учун ҳовуз тайёрланмоқда. 1000 бош паррандага мўлжалланган маж¬муанинг чизмаси тайёр. Шунингдек, кунига 5-6 минг дона пишиқ ғишт ишлаб чиқарадиган кичик заводни қуриш учун аллақачон хитойлик ҳамкорлар билан келишиб қўйилган.

Бу ерда юқори унумли замонавий трактор ва тиркамалар мавжуд бўлиб, агротехник юмушлар хўжалик техникаси воситасида амалга оши¬рилмоқда. Ҳудуддаги бош¬қа фермер хўжаликларига ҳам техника ёрдами берилар экан.

— 25 қути ипак қуртини боқиш учун шароит ва озуқа базаси бор. Ўтган йили 1550 килограмм сифатли пилла топширдик. Синов тариқасида 2 қути иккинчи пилла қуртини ҳам парваришладик. Натижа ёмон эмас. 60 килограмм ҳосил олдик. Бошланган йилда бу кўрсаткичларни оширмоқчимиз. Талаб юқори. Энг муҳими, имконият ва тажриба бор. Иштиёқ ва меҳнат бўлса бас, — суҳбатга қўшилди фермер хўжалиги раҳбарининг сув ёқалаб юрган ўғли Нодиржон.

Қайтаётганимизда тажрибали фермер бизни яна далага бошлади: "Яна бир еримиз бор, кўринг". Тўқсонбости усулида экилган 1 гектарлик саримсоқ ва 80 сотихлик пиёз пайкалига келдик. Маҳаллий ўғит таъсирида куч тўплаб, эрта баҳорнинг илиқ ҳаро¬ратини интиқлик билан ку¬таётган саримсоқ ва пиёз ¬деҳқон меҳридан қонган. Бехато ва дуркун ўсган. Фермер чел нарёғидаги пайкалда пушта олаётган ишчилар Тўйбой Худойбердиев ва Ўктам ¬Мажидовларга ишора қилиб деди:

— Улар картошка учун жой ҳозирлашяпти. Бир гектарга баҳорги картошка экмоқчимиз. Уруғлик тайёр. Куни-кеча Самарқанддан 3 тонна сара уруғлик олиб келдик. Ҳо¬силдор навидан.

Хўжаликда олиб борилаётган юмушлар, шубҳасиз, таҳсинга лойиқ. Юрт фаровон¬лиги, эл маъмурчилиги ва ¬дастурхон тўкинлиги учун қилинаётган иш¬га эса Яратганнинг ўзи барака беради, дейдилар.

Алишер ОБИДОВ, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 9, 31.01.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.