Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Деҳқон ва замин

Ёш фермернинг катта ниятлари

Бобоғозилик Олимжон Шодиев ҳали ўттиз ёшга тўлгани йўқ. ¬Шундай бўлса-да, аллақачон ил¬ғор фермер сифатида нафақат -Ғиждувонда, балки вилоятда ҳам танилиб улгурган. У ташаббускор ва изланувчан раҳбар сифатида "Тилло" фермер хўжалигини маҳорат билан бошқариб келаётир.

Олимжоннинг отаси Очил акадан хўжаликни қабул қилиб олганига ҳам беш-олти йил бўлиб қолди. Очил ака унинг кўзини "пишириб", қўлини "қотирган"ига ишонч ҳосил қилгач, кўнгли хотиржам тортиб шундай қарорга келган эди. Олимжон ҳам ишончни тўла оқлади. Чинакам мулкдор — ер эгаси сифатида шаклланиб, қўл остидаги хўжаликни йил ўтган сайин иқтисоди бақувват хўжаликка айлантириб бор¬япти. Бу борада унинг отасидан ўрганган иш тажрибаси билан бирга, Тошкент халқ хўжалиги инс¬титутида олган билимлари қўл кел¬япти. У олий маълумотли иқтисодчи бўлса-да, ишни ўз фермер хўжалигида бошлади. Шу соҳада ўз келажагини тасаввур қилмоқда. Ишдан ортиб Ёшлар иттифоқи туман кенгашининг тадбир ва ло-йиҳаларида ҳам фаол қатнашади. Вилоят ва республика миқёсидаги ёш фермерларнинг турли танловлари иштирокчиси.

— Олимжон кўплаб тадбирларимизнинг доимий иштирокчиси бўлибгина қолмай, иқтидорли ёшларни рағбатлантиришда бизнинг асосий ҳамкорларимиздан саналади. Унинг кўмагида кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, ногирон ёшларга моддий ёрдам бериб келяпмиз, — дейди Ёшлар иттифоқи Ғиждувон туман кенгаши мутахассиси ¬Нурилбек Ражабов бизни ёш фермер бошқараётган фермер хўжалиги чорвачилик мажмуасига бошлар экан. — Хўжаликда қилинаётган ишларни кўрсангиз, унинг ташкилотчилигига амин бўласиз.

Дарҳақиқат, мажмуада иш қизғин. Қурилиш жадаллик билан олиб борилмоқда. Ким бўрдоқига боқилаётган 15-20 чоғли нов-восга ем-хашак ташлаяпти, ким эндигина туғилган бузоқчаларни озиқлантириш билан банд. Мажмуанинг бир неча жойида қурувчилар замонавий чорвачилик ускуналарига жой ҳозирлашмоқда. Хўжалик иш бошқарувчиси Ўткир Рўзиевнинг айтишига қараганда, бу ерда айни пайтда 20 дан ортиқ қурувчилар эрта-индин олиб келиниши мўлжалланаётган 50 бошли зотдор сигирлар учун махсус жой ҳозирлашаётган экан. Бу мақсадлар учун "Агробанк" туман филиалидан олинган 450 миллион сўмлик кредит қўл келди. Аслида филиал билан мустаҳкам алоқа аввалроқ ўрнатилган бўлиб, унинг 600 миллион сўмлик мо-лиявий кўмаги ёрдамида мазкур мажмуа қад ростлади. Мўлжалдаги ишлар амалга ошса, Герма¬ниядан келтирилган маҳсулдор сигирлар сони 100 бошга, новвослар сони эса 50 бошга етади. Мажмуада келгусида бир тонна сут ҳамда гўштни қайта ишлаш кичик цехи, 3000 бош парранда сиғимига эга бино тўла ишга туширилади. Бу билан қорамоллар сони 300 бошдан ошиши режалаштирилган.

Ёш фермернинг яна бир орзуси — 100 тонна сиғимга эга бўлган мева-сабзавот сақлашга мўлжалланган совиткичли омборхона ва 0,60 гектарлик замонавий технологиялар асосида ишлайдиган иссиқхона қуриш. Унинг бу истаклари ҳам рўёбга чиқишига шубҳа йўқ. Негаки, хўжаликда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ва белгиланган чоралар шундан далолат.

Айни пайтда хўжаликда 27 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг 2 нафари ўтган йилнинг тўртинчи чорагида ишга қабул қилинган эди. Жорий йилда ҳам бундай ҳаракат давом эттирилиб, яна саккиз кишини иш билан таъминлаш мўлжалланган.

— Куни-кеча Россиянинг ¬Краснодарь вилоятидан келдим. У ердан ғалла, маккажўхори, соя, мош ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг илғор усулларини ўрганиб қайтдим. Россиялик ҳамкасблар билан тажриба алмашдик. Энди ўрганганларимни амалда жорий этишни бошлайман. Бу борада ўғлим Олимжон билан масла¬ҳатлашдик, — дейди фермернинг отаси ва яқин маслаҳатчиси Очил Шодиев.

Дарвоқе, фермер хўжалигининг айни пайтда 85 гектар экин, 600 гектар яйлов ери бор. Унинг 55 гектарига пахта экилади. Ўтган йилги пахтачилик тармоғидан олинган фойда 100 миллион сўмдан ошди. Бу — гектаридан 42 центнердан ортиқроқ ҳосилдорлик эвазига бўлмоқда. Хўжаликнинг барча турдаги техникаси мавжуд. Бирор трактор ёки мослама излаб сарсон бўлишмайди. Ҳар йилги даромаднинг бир қисмидан доимий равишда олинаётган замонавий техникалар ишни енгиллаштирмоқда.

Ғаллачиликда эришилган самарадорлик эса бундан-да баланд. 25 гектардан олинган сара дон салмоғи 65-70 центнерга етди. Режа бажарилиб, фермер ва аъзоларнинг дастурхони фаровонлиги, қолаверса, ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун ҳам етарли миқдорда ғалла ортиб қолди. Бу ютуқлар машаққатли меҳнат натижаси ва фаровон турмуш гарови бўлмоқда.

Алишер ОБИДОВ, "Бухоронома" мухбири

:: орқага № 6, 17.01.2018


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.