Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

*26 июнь — Рамазон ҳайити куни

Меҳр-мурувват ва шукроналик айёми

Яқинда Тошкент шаҳрида "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш—давр талаби" мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Бир гуруҳ бухоролик уламолар қато¬рида ушбу машваратда иштирок этиб, республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сермазмун маърузасини тинглаш менга ҳам насиб этди.

Юртбошимиз маърузасида таъкидлаганидек, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб виждон эркинлигини таъминлаш масаласи устувор вазифа этиб белгиланди. Жумладан, муқаддас динимиз, миллий қадриятларини, буюк азиз-авлиёларимиз хотираси, меросини тиклаш, қадамжоларини обод қилиш бўйича жуда кўп иш қилинди ва қилинмоқда.

Агар собиқ мустабид тузум даврида юртимизда 80 га яқин масжид фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 2 минг 42 тани ташкил этади.

Шўролар даврида Ўзбекистонда саноқли кишиларгина ҳаж қилиш имкониятига эга бўлган эди, холос. Мустақиллик йилларида эса ҳар йили 5 минг¬дан зиёд юртдошимиз ҳаж зиёратига бориб келди. Жорий йилда 7200 нафар фуқаромиз муборак ҳаж сафарини амалга ошириш имконига эга бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 10-11 март кунлари Бухорога қилган сафари чоғида бу табаррук замин жаҳон цивилизацияси ва ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар ватани эканини таъкидлаб, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи, етти пир қадамжолари, Калон масжиди ва Мир Араб мадрасасини қайта таъмирлаш бўйича мутасаддиларга топшириқларни бергани вилоят аҳлини, уламоларни беҳад хурсанд этди. Юртбошимиз ташаббуси билан Бухоро давлат университетида ислом тарихи ва манбашунослиги йўналиши бўйича бакалавриат таълимининг йўлга қўйилиши, Мир Араб олий исломий таълим мадрасасининг ташкил этилгани ёшларимизнинг азиз авлиё-анбиёлар бой меросини чуқур ўрганиш имкониятларини кенгайтирди.

2017 йил 19 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарор жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлашга ва уларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Якунига етаётган раҳмат ва мағфират ойи — Рамазони шариф мустақил юртимиз, халқимиз учун ҳар қачонгидан ҳам файзли, баракотли бўлди. Бу ойда барчамиз эмин-эркин рўзаларни тутиш, вилоятдаги юздан ортиқ масжидларимизда таровеҳ намозларини ўқиш, Қуръон хатмларини амалга ошириш, элимиз фаровонлиги, Ватанимиз тараққиётини тилаб дуои хайрлар қилиш бахтига мушарраф бўлдик. Бу шарофатли ойда қилган ибодатларимиз, тавба-тазарруларимиз қалбларимиздаги ғуборларни ювди, ихлосимизни оширди, нафсимизни жиловлашга, янада саховатли бўлишга, ёмонликлардан тийилиб, фақат ўзимиз учун эмас, ўзгалар учун ҳам фидойи ва камарбаста бўлишга, эзгу амалларни кўпайтиришга ўргатди. Мўмин-мусулмонларимиз муборак Рамазон ойи ¬давомида эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларга, ёши улуғ кексалар ва фахрийларимизга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-мурувват, саховат кўрсатдилар.

Шу қутлуғ ой давомида уламоларимиз ва оқсоқолларимиз "Нуроний" жам¬ғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди фаоллари билан биргаликда яшаш жойларида, таълим муассасаларида бўлиб, аҳоли, хусусан ёшлар ўртасида муқаддас динимиз арконларини, ин¬сонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилишга, тотув ва баҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган суҳбатларни ўтказдик.

"Бола ота-она қўлида бир омонатдир", дейди буюк алломаларимиз. Болаларимиз ,уларнинг тақдири, келажаги ҳа¬қиқатан ҳам жуда омонат эканини бугунги ҳаёт ҳар томонлама исботламоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги анжуманда таъкидлаганидек, "Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас". Шунинг учун ҳам вилоятимиз дин аҳли, уламолари ёшлар тарбияси билан шуғулланишга, уларни шум ниятли ақидапарастлар ва диний экстремистлар таъсиридан сақлашга ҳар томонлама ёрдам беришни ўзларининг бурчлари деб билмоқдалар.

Ҳурматли юртдошлар! Рамазон ҳа¬йити шодлик ва хуррамлик айёми, бу кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, ўзаро меҳр-оқибатли, гўзал ҳусни муомалада бўлайлик, гина-кудуратни унутиб, бир-биримизга қучоқ очайлик. Муборак ҳайит кунларини халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат билан ўтказайлик.

Буюк Баҳоуддин Нақшбанд бобомизнинг "Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин" деган даъватига амал қилиб, шарафли ишларимиз билан Ватанимиз тараққиёти, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик!

Арафадаги Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин, азизлар! Ушбу қутлуғ байрамнинг файзу баракоти қалбларимиз ва хонадонларимизни мунаввар ҳамда хушнуд айласин!

Мансур ҳожи НУРУЛЛАЕВ, Ўзбекистон мусулмонлари ¬идорасининг вилоятдаги вакили.

:: орқага № 51, 24.06.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.