Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Суд-ҳуқуқ тизими ривожида янги босқич

Давлатимиз мустақиллиги эълон қилинганидан кейин жамиятда бошланган демократик туб ислоҳотлар суднинг давлат органлари тизимидаги ўрни ва ролини муқаррар равишда қайта кўриб чиқишни тақозо этди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан суд жазоловчи, қатағончилик қуролидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ишончли воситаси — ҳуқуқий давлатнинг ғоят муҳим институтига айлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида илк бор ҳокимият бўлиниши принципи мус¬таҳкамлаб қўйилди. Унга кўра мамлакатда давлат ҳокимияти бир-биридан мустақил бўлган қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларига бўлинди.

Бундан ташқари, Асосий Қонунимизда суд ҳокимиятига махсус боб бағишланган бўлиб, унда "суд ҳокимияти" атамаси суд тизимининг ташкил этилиши ва судлар фаолиятининг тамойилларини қамраб оладиган қатор қоидалар орқали очиб берилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши белгиланди.

Мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, Олий суд негизида жиноят ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар ташкил этилиб, ихтисослаштирилганлиги фуқаролар ҳамда фуқаро билан юридик шахс ўртасида юзага келаётган турли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишонч¬ли ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этган бўлса, апелляция инстанцияси жорий этилиб, кассация ва назорат инстанциялари такомиллаштирилганлиги мавжуд хато ва камчиликларни қисқа муддатларда, ортиқча оворагарчиликларсиз бартараф этилишини таъминлади.

Қамоқ тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ваколати судга ўтказилди, юртимизда "Хабеас корпус" институти жорий этилди, ўлим жазоси бекор қилиниши негизида жазо тизими халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштирилди.

Суд соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётга ўз вақтида ва тўғри татбиқ этилишида, юқори савиядаги юридик маълумотга эга бўлган фуқаролар орасидан ҳалол, пок, виждонли, касбига садоқатли, бенуқсон хулқ-атворга эга бўлган судья кадрларни танлаш, уларни жой-жо¬йига қўйиш, малакасини ошириш катта аҳамият касб этади.

Бугунги тезкор замон талаблари, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишни, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш лозимлигини тақозо этмоқда.

Шу аснода, 2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, судья кадрларини танлаш масаласида кескин бурилиш нуқтасини белгилаб берди ва соҳадаги давлат сиё¬сатини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиляпти.

Яқинда Олий Мажлис Сенатининг бўлиб ўтган ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, "Судлар тўғрисида"ги Қону¬нига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, шу кунгача фаолият юритиб келган, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий ¬малака комиссияси ўрнига Судья¬лар олий кенгаши жорий этилди.

Бундай ўзгаришнинг амалга оширилишини, бошқа сабаблар қаторида, аввал фао¬лият юритиб келган Олий ¬малака комиссияси ўз номланишига кўра Президент ҳузурида бўлганлиги, янги ташкил этилган Судьялар олий кенгаши эса жамоатчилик асосида, ҳокимиятнинг бошқа тизимлари, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиш ҳуқуқига эга бўлганлиги билан изоҳлаш мумкин.

Кенгаш тузилиши муносабати билан, Конституция 111-моддасининг янги таҳририда, Судьялар олий кенгашининг конституциявий мақоми аниқ мустаҳкамлаб қўйилди.

Конституция 93-моддаси биринчи қисми 14-бандининг янги таҳририга мувофиқ, Президент Олий кенгашнинг тақдимномасига биноан, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суд¬лари раислари ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди раисини лавозимга тайинлайдиган ва лавозимидан озод қиладиган бўлди.

Шунингдек, аввал қуйи суд судьялари ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланиб келинган бўлса, киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда, ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судлари раисларини ҳамда судьяларини мус-тақил равишда лавозимга тайинлаш ҳамда лавозимидан озод қилиш ваколати берилди.

Юқорида қайд этилган ўзгартишларга асосан, Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида "Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қонун Судьялар олий кенгашининг асосий вазифалари ва ваколатларини, ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини, уни шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилади.

Таъкидлаш керак, амалдаги "Судлар тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ, шу кунга қадар барча даражадаги судьяларнинг ваколат муддати 5 йил қилиб белгиланган эди. Янги қабул қилинган қонунга мувофиқ, судьялик лавозимида бўлиш муддатлари биринчи марта 5 йил, навбатдагиси 10 йил ва умумий судьялик иш стажидан келиб чиққан ҳолда муддатсиз белгиланадиган, Олий суд судьялари 70 ёшгача, бошқа суд судьялари эса 65 ёшгача лавозимда ишлайдиган бўлди.

Мазкур ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикасининг суд тизимини янада такомиллаштириш баробарида, одил судлов соҳасидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартларни амалиётга жорий қилишни назарда тутган.

Юқоридаги ўзгартиш ва қўшимчалар, судьялар корпуси фаолиятини шакллантиришда ҳамда ташкил этишда судьялар ҳамжамияти ролини оширишга, суд ҳокимиятининг фао¬лиятини тубдан яхшилашга, нуфузини янада кўтаришга, судлар тузилишини такомиллаштиришга ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштиришга, мамлакатда қонун устуворлигини, қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Хуллас, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими бутунлай ўзгача мазмун-моҳият ва қиё¬фа касб этиб, суд инсонпарварлик тамойили асосида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи одил орган сифатида шаклланмоқда.

И.МУСЛИМОВ, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси.

:: орқага № 49, 14.06.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.