Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Ипак йўли — маърифат, ҳидоят ва юксалиш йўли

XVI анънавий "Ипак ва зираворлар" халқ¬аро фестивали доирасида вилоят ҳокимлиги, республика Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармалари, Бухоро давлат университети ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан 27 май куни Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуи марказида "Бухоро туристик эркин иқтисодий ҳудудни яратиш имкониятлари ва ривожланиш истиқболлари"мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Илмий-амалий анжуман мавзуи: Туристик эркин иқтисодий ҳудуд

Ўзбекистондаги хорижий давлатлар элчихоналари дипломатик корпуси, халқаро сайёҳлик ташкилотларининг вакиллари, республикамиз ва чет эл олимлари, тадқиқотчилар, туризм соҳаси мутахассислари иштирокидаги анжуман ялпи мажлисини "Бухоро мероси" илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори Роберт Альмеев бошқариб борди.

Конференция иштирокчилари ва хорижий меҳмонларга табрик сўзи билан мурожаат қилган вилоят ҳокими ўринбосари Зокиржон Ҳидоятов республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда сайёҳликни тараққий эттиришга катта ғамхўрликлар кўрсатилаётганини таъкидлаб, унинг 2017 йил 19 майдаги "2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти турис¬тик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу эътиборнинг янги далили эканлигини айтди.

Республика Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўткиржон Холбадаловнинг ялпи йиғилишдаги маърузаси "Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш стратегиясининг асосий жиҳатлари"га бағишланди. "Ҳунарманд" уюшмаси республика бошқаруви раиси ўринбосари Лутфия Мирзаева эса конференция ¬қатнашчилари эътиборини "Бухоро туризмини ривожлантиришда ҳунармандчиликнинг ўрни ва аҳа¬мияти" масалаларига қаратди.

Анжуман хорижий иштирокчиларининг маърузалари нафақат назарий жиҳатлари, балки амалий тавсияларга бойлиги билан ажралиб турди. Шунинг учун ҳам Туркия халқ¬аро ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сулайман Кизилтопрак, Жанубий кореялик эксперт Кванг Нам Ким, Литва ижтимоий фанлар университети кафедра мудири Юрате Серейкиене, Ўзбек-япон маркази ҳамраиси Хирохико Таката, Париждаги Лувр музейи тад¬қиқотчиси Рокко Рантьенинг илмий чиқишлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Бу чиқишларда Бухорода туризм эркин иқтисодий ҳудудини барпо этишга Туркия инвестицияларини жалб қилиш, мазкур соҳада Жанубий Корея, Литва, Япония тажрибасидан фойдаланиш, воҳада олиб борилаётган археологик қазилмаларда топилган тарихий ашёларни сайёҳларга намойиш этиш масалалари юзасидан фикр юритилди. Йиғилишда АҚШнинг Санта-Фе ва Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳарлари биродарлик қўмитаси раиси Кэрел Лопес бу шаҳарлар ўртасида иқтисодий, маданий ва туристик алоқаларни мус¬таҳкамлаш истиқболлари ҳақида сўзлади.

Илмий-амалий конференция тушдан сўнг "Эркин туристик иқтисодий ҳудудлар ва сайёҳлик кластерла¬рини яратишнинг илмий-амалий асослари", "Туризмда брендининг, менежмент, маркетинг, ту¬ризм ресурслари ва инфратузилмасини ривожлантиришнинг стратегик масалалари" ва "Бухоро ҳудудида туризмнинг турли йўналишларини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш имкониятлари" деб номланган шўъбаларда ўз ишини давом эттирди. Анжуман иштирокчилари муҳокама этилган масала юзасидан резолюция қабул қилдилар.

Ҳунар халқларни ¬бирлаштиради

—Фестивалга Кобул шаҳридан ташриф буюрдим, — дейди афғонистонлик ҳунармандлардан бири Гадо Муҳаммад Амирий. —Азалдан ўзбек халқи билан қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз бир-бирига туташиб кетган. Улуғ алломалар, авлиёлар юрти бўлган Бухорони нафақат Афғонистонда, балки бутун мусулмон оламида энг мўътабар масканлар қаторида улуғлаб, эъзозлайдилар. Тўғрисини айтсам, юзларида хотиржамлик, шукрона акс этиб турган юртдошларингизнинг меҳмоннавозлиги, дўстона муносабатлари менга жуда ёқди. Фестивалда иккинчи бор қатнашяпман. Маҳсулотларимиз ўтган йилгига қараганда ранг-баранг. Айниқса, соф теридан тайёрланган буюмларимиз жуда харидоргир. Ҳунар халқ¬ларимизни қалбан ва руҳан яқинлаштиришини мана шу фестиваль мисолида кўриш мумкин.

Лабиҳовуз атрофида саф тортган савдо ва кўргазмалар растаси байрамона ва тантаналарга хос безатилган. Кўзларни яшнатувчи турфа хил адрас ва атлас матоларини ¬сотаётган соҳибҳунарлар харидорларнинг маҳсулотларни хушнудлик билан харид қилишаётганидан хурсанд.

—Ўн бешинчи марта мазкур фестивалда қатнашяпман,—дейди марғилонлик Нурмуҳаммад Валиев.—Атлас ва адрас тўқувчи Валиевлар сулоласининг тўртинчи авлоди вакилиман. Ота-боболар ҳунарини давом эттириб, янада ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Бугун эндигина ташкил этилаётган миницехлар илгари Фарғонада Юнусҳожи деб ном таратган бизнинг катта бобомиз томонидан ўша пайтларданоқ ташкил этилган экан. Улар тут дарахтини экиб, ўстиришдан тортиб, ипак қурти боқиш, пиллани ипак толасига айлантириб, камалакнусха матоларни тайёрлашгача бўлган барча жараёнларни бир оила жамулжам бўлиб амалга оширишган. Биз эса ота-боболаримиздан қолган мана шу ҳунарни йиллар давомида ривожлантириб, сайқаллашга интиляпмиз. ЮНЕСКО ҳузурида ташкил этилган Ўрта Осиё¬да ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш ташкилоти аъзосиман. Минтақамизнинг кўплаб дизайнерлари билан бирга ишлаймиз. Яқинда ип ва жунни бирлаштириб ҳосил қилган матомиздан бишкеклик дизайнерлардан бири ўз коллекциясини яратди.

Харидорлар билан гавжум расталар оралаб борарканмиз, эътиборимизни қадимий мис кандакорлик намуналари тортди. Ўзини Рустамбек Улуғбеков деб таништирган фар¬ғоналик отахон 50 йилдан бери ана шундай нақшинкор буюмларни тайёрлаб келади.

—Манави яхдон, буниси манқалдон, чинниқоп, чойдиш сингари буюмларнинг қадимий нусхалари билан фестивалда қатнашяпмиз,—дейди у.—Шу пайтгача қадимий идишларнинг бир нечта йўқолган нусхаларини қайта тиклашга эришдик. Мана бу сиз кўриб турган буюм чойнак-самовар ҳам қайта тикланган буюмларимиздан бири.

Тоқи Саррафонни кесиб ўтиб, зираворлар растаси томон қадам қўяр экансиз, уларнинг хушбўй ҳиди димоғингизга урилиб, анвойи бўйдан бошингиз айланиб кетади.

—Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан келганман,—дейди зиравор сотаётган Муҳаммад Аҳадов гиёҳлар таърифини келтираркан.—Уч йилдан буён шу фестивалда қатнашиб келаман.Ота-боболарим касб-корини давом эттириб кам бўлмадим. Халқ амалий табобатидан хабардорман. Бирон гиёҳ ҳақида сўрашса, уларнинг мижозига кўра кераклисини тавсия этаман. Мурч, зира, зарчава, занжабил каби зираворларни харидорлар мамнунлик билан харид қилишмоқда.

Хорижликлар фестиваль ва Бухоро ҳақида

Барот Али АҲМАДИЙ

(Афғонистон):

—Фестивалда афғон ҳунармандлари маҳсулотларига талаб катта бўлди. Бу қадриятларимиз, урф-одатларимиз яқинлиги билан боғлиқ.Хуллас, хурсандмиз. Биз учун бундан ҳам муҳим яна бир жиҳат бор. Бу—Ўзбекистон, унинг ажойиб шаҳри Бухорода бўлиш, ўлкадаги бағрикенг, меҳмондўст, бахтиёр, хайрихоҳ инсонлар билан суҳбатлашиш. Дилкаш мулоқотлардан кўнглимиз тоғдек бўлди.

Анна ВОЛКОВА, (Россия):

— Россиядаги сайёҳлик компа¬ния¬ларидан бирининг вакили ва гидиман. Австралиялик сайёҳлар билан уч кундан буён шу ердамиз. Одатда дунёнинг кўп мамлакатларида бўлган ажнабий туристлар бир шаҳарда икки кундан ортиқ туришмайди. Лекин Бухоро мен ва австралияликларни бу ҳақда унутишга мажбур эта олди. Бу ерда фақат маҳобатли қадимий ёдгорликларнигина эмас, балки халқаро фестивалнинг ¬ҳар бир дастури сеҳрлилигини ҳам назарда тутяпман. Фольклор қўшиқларингиз ва рақсларингизнинг шундай жозибаси борки, турли мамлакатлар сайёҳлари юртдошларингиз билан қў¬шилиб рақсга тушяпти. Санъат ва маданият кишиларни бирлаштиришига амин бўлдим.

Жоул ПАТРИК

(Франция):

—Бу ерда кўрганимларимиз мени ва рафиқамни ¬ҳайратда қолдирди. Экологик асл хомашёлардан ишланган мато ҳамда буюмлар, миллий фольклор-этнографик ансамблларнинг чиқишлари, шарқона руҳ, илтифотлар, самимийлик, бунақасини бирор ерда учратганим йўқ. Бетакрор ўлка деганлари шу бўлса керак.

Курашмисан, ¬кураш бўлди, ўзиям

"Кураш тантилик ва мардликни намоён этгани учун катта тантана ҳамда байрамларнинг бир бўлагига айланадиган мусобақа, сиз журналистлар айтмоқчи, қадрият".

Бу — фестиваль доирасида Пойи Калон мажмуасида ўтказилган курашчилар беллашувида учратганимиз машҳур полвон, ўз даврида жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган Собир Қурбоновнинг сўзлари.

Бу баҳсда вилоятимиз ва қўшни Туркманистон терма жамоалари аъзолари, жами 100 дан зиёд спортчилар гиламга тушди. Бир куннинг ўзида ғолиб чиқиш учун бир неча бор даврага тушиш нафақат жисмоний куч, балки мустаҳкам ирода, зўр иштиёқни ҳам талаб ¬этади.

Мураббийлик йўлини танлагани боис кейинги йилларда катта гиламларда кўриниш бермаётган Жаҳонгир Усмоновда, ана шу иштиёқ баланд эканки, яна ғолибликка талабгорлик билан чиқди. У 100 килограмм вазнда гиламни олқишлар билан тарк этди. Шунингдек, ўз вазнида курашчиларимиздан Озот Панжиев, Миржон Тўхтаев, Умид Абдуллаев, Малик Раббонаев, Нурбек Тўраевлар ғолиб чиқди. Мутлақ вазн¬да ҳам Нурбекнинг қўли баланд келди.

Фақат бир "тош"да туркманистонлик Даянч Омиров ғолиб чиқди.

Мусобақа ҳаками ҳам танти экан:

"Қани дўстлар, туркман элидан келган дўғонимиз Даянч инимизни бир олқишлайлик!."

Бу ҳам курашимизга хос мардоналик бўлди.

Либослар жозибаси

Миллий ипак матоларимиз ҳамда улардан тайёрланган турфа либосларимиз Мағрибу Машриқда донг таратган. Хусусан, хонатлас, адрас, беқасам каби газламаларимиз хорижлик мутахассис ва шинавандаларнинг доимий эътиборида. Фестиваль номида "ипак" сўзининг зикр этилгани ҳам бежиз эмас. Кўкалдош мадрасасида таниқли модельер ҳамда ёш дизайнерлар иштирокида ўтказилган "Ўзбек ипаги — дунё нигоҳида" номли шоу-дастурда айни шу жиҳатларга урғу берилди.

Ушбу тадбир вилоят ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази, "Бухоро бриллиант силк", "Овация" модалар театри ва бошқа ташкилотлар томонидан ташкиллаштирилди. Кеча дўстлик, муҳаббат, она ¬Ватанни тараннум қилувчи миллий ретро куй-қўшиқларимиз садоси остида бошланди. Шундан сўнг юртимиз ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ҳиндистон сингари мамлакатларнинг либос дизайнерлари ўз ишланмаларини намойиш этишди. Ипак матолардан, хусусан, хонатласдан тикилган, бир-биридан бежирим турфа ранг либосларда Шарқ халқлари анъаналари ва замонавийликнинг уй¬ғунлигини кўриш мумкин эди. Ушбу изланиш намуналари шу каби жиҳатлари билан мутахассис ҳамда мода ихлосмандларининг олқишига сазовор бўлди.

Миллий фильмларимиз — хорижликлар нигоҳида

Миллий маданиятимиз тар¬ғиботида, ёш авлод вакилларини ҳамда чет эллик сайёҳларни тарихимиз, азалий қадриятларимиз, санъатимиз билан яқиндан таништиришда кинонинг имкониятлари ҳамда аҳамияти беқиёс. Фестиваль доирасида ўтказилган ўзбек миллий фильмлари намойиши ҳам шу мақсадга хизмат қилди.

Пойи Калон мажмуасида ташкиллаштирилган мазкур тадбирда иштирокчилар кино фондимизнинг олтин хазинасидан ўрин олган қатор сара асарларни томоша қилишди. Чунончи, "Ўзбеккино" миллий агентлиги томонидан яратилган, шариф шаҳримизнинг ўтмиши, ундаги обидалар, қадамжолар, музейлар ҳақида ҳикоя қилувчи "Бухоро" номли ҳужжатли фильм инглиз тилида намойиш этилди. Шунингдек, инглизча субтитрда кўрсатилган "Насриддиннинг саргузаштлари", "Ўткан кунлар", "Сув ёқалаб", "Ал Бухорий" сингари бадиий ҳамда ҳужжатли фильмлар ҳам санъат ихлосмандларида катта таассурот қолдирди.

Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида бу фильмлар Бухоро шаҳридаги 12 та меҳмонхонада ҳам намойиш қилинди.

Паловпазлик кўриги — дўстлик кўприги

Бултур ўзбек миллий палови ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилганди. Бу эса дунё аҳлининг ушбу таомимизга нисбатан юксак эҳтироми ва қизиқишидан далолатдир. Фестиваль доирасида Гавкушон мажмуасида бўлиб ўтган "Палов сайли" кўрик-танлови, миллий таомлар тайёрлаш бўйича маҳорат намойишларида ҳам айни шу жиҳат яққол намоён бўлди.

Ушбу кўрик-танловда воҳамиз вакиллари, шунингдек, Андижон, Фарғона вилоятларидан, Қорақалпоғистон Республикасидан келган моҳир ошпазлар ўзаро беллашдилар. Паловнинг турли ҳудудларимизга хос бир қанча турларини тайёрлашга киришилди. Шу йўсин ўнлаб дошқозонлар атрофида иш қизиди. Вилоятимиз меҳмонлари ҳамда хорижлик сайёҳлар бу жараённи катта қизиқиш билан кузатиб боришди.

Мазкур ўзига хос сайил чоғи шифобахш гиёҳу зираворларнинг, хилма-хил сабзавотларнинг хушбўй иси ён-атрофга таралди. Она табиатимиз неъмати саналган бу маҳсулотлардан тайёрланган самар¬қандча зиғир, андижонча девзира, фарғонача, қорақалпоқча тўй оши, шунингдек, бухороча қобили, софи ош сингари палов турлари тўкин дастурхонларни безади.

Юртимизда қарор топган тинчлик, хотиржамлик, тотувликка кўпчилик ҳавас қилади. Айнан шу жиҳатларни палов сайлида қатнашган туркиялик санъатшунос Сема Баламан ҳам "Осудалик бор жойга ана шундай байрамлар ярашади" дея таъкидлади.

Кўрик-танлов якунларига кўра, фарғоналик ошпаз Асрор Олимов ғолиб деб топилди. Иштирокчиларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Мўъжиза истасанг, Бухорога кел!

Уч кун давом этган "Ипак ва зираворлар" халқаро фестивали кунларида Тоқи Саррофон савдо маркази, Нодирдевонбеги мадрасаси, Тими Абдуллахон карвонсаройи, Абдулазизхон мадрасаси, "Совға" зардўзлик маркази ва бошқа жойларда бухоролик ҳунармандларнинг кулолчилик, мусаввирлик, каштачилик, гиламбофлик, зардўзлик каби халқ амалий санъати турлари бўйича ўтказилган маҳорат намойишлари хорижлик сайёҳларнинг ҳайрат нигоҳига муҳрланди.

Биз кулолчилик маҳорат дарсини ўтаётган Абдулла Нарзуллаев шогирди Ҳасан Шарипов ишини кузатдик. Оддийгина лой унинг қўлларида бежирим сопол буюмга айланди. Лаган, кўза, турли хилдаги идишлар кўз олдимизда кулол қўллари воситасида пайдо бўларди. Қўллар мўъжиза яратади, де¬йишгани рост. Кулолнинг қалб ҳарорати, кўз нури, қўл кучи чиндан ҳам мўъжиза яратишга қодир экан. Буюм тайёр бўлгач, сайёҳлар устанинг маҳоратига таҳсин айтишди.

—Мазкур фестивалга алоҳида ҳозирлик кўраман, ёшлар ишимни кўрсин, тажриба ўргансин,—дейди биз билан суҳбатда таниқли зардўз Бахшулло Жумаев.—Хорижликлар эса қадимий ҳунарларимиз барҳаёт ва мангуликка дахлдорлигини англасин.

Дарҳақиқат, заррин ипларда жилваланган нақшлар матоларда ўзгача товланади. Синчиклаб қарасангиз, минг йиллик афсоналарни кўз ўнгингизда гавдалантиради. Балки, шунинг учун ҳам қадимий зар сўзаналар олдида соатлаб туриб қолганингизни сезмайсиз.

Мамлакатимизнинг моҳир миниатюрачи мусаввирлари сафидан ўрин олган Даврон Тошевни ҳар доимгидек сайёҳлар ўраб олганди. Унинг асарлари нафақат республикамиз, балки Россия, Франция, АҚШ, Италия, Испания, Германия каби мамлакатларнинг музейлари ва шахсий коллекция¬ларида сақланмоқда. У Шарқ услубида суратлар чизиб, уларни Бухоро миниатюра мактаби анъаналари билан бойитди.

Худди шундай мис-кандакорлик, рассомлик, атлас тўқиш, темирчилик мактаби каби ҳунар эгаларининг ишини берилиб кузатаётган сайёҳлар чеҳрасида — ҳайрат нигоҳи. Улар ер юзида Ўзбекистондек жаннатмонанд юрт борлигидан ва шу саодатманд манзилни ҳамда унинг қўлигул ҳунар эгаларини кўриб турганидан шод эди.

Сўзда—сеҳр, қўшиқларда—меҳр

28 май куни ХVI анъанавий "Ипак ва зираворлар" фестивалининг тантанали ёпилиш маросими ва гала-концерти Регистон майдонида бўлиб ўтди.

...Кеч соат 20.00да карнай-сурнайларнинг тантанавор садолари янграб, маросим бошланганидан дарак берди. Ви¬лоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноев ушбу тадбирга ташриф буюрган чет эл давлатларининг Ўзбекистондаги дипломатик корпуси, халқаро ташкилотлар, олис ва яқин хориж, шунингдек, серқуёш диёримизнинг барча вилоятлари ҳунармандлари ва санъаткорлари вакиллари, бухоролик томошабинларга қарата табрик сўзи билан мурожаат этди.

—Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида халқимизнинг миллий анъаналарини қайта тиклаш, ҳунарманд¬чилигини янада ¬юксалтириш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда,—деди вилоят раҳ¬бари.—Ҳунармандларнинг касбий ма¬ҳоратларини такомиллаштириш, улар ижодини тарғиб этиш, ўзаро тажриба алмашишларини таъминлаш мақсадида энг сара усталаримиз халқаро кўргазмаларга юборилмоқда, бепоён юртимизда ҳам ушбу йўналишда нуфузли кўргазма ва фестиваллар ташкил этилмоқда. Биз уч кун давомида гувоҳи бўлган ХVI анъанавий "Ипак ва зираворлар" фестивали ҳам шу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий тасдиғидир.

Жорий йилги фестивалда дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг 40 нафардан ортиқ вакиллари, 54 нафар хорижлик ҳунарманд, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 720 нафарга яқин халқ амалий санъати усталари ва зироатчилар иштирок этди. Фестиваль тадбирларини 5000 нафардан зиёд чет эллик сайёҳлар, республикамизнинг турли вилоятларидан келган 15 мингдан ¬ортиқ юртдошларимиз кузатиб боришди. Умуман, бу йилги фестиваль жами 100 минг нафардан ортиқ кишини қамраб олди.

Яқинда республикамиз Президентининг вилоятимиз ҳаёти учун ниҳоятда муҳим — "2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти турис¬тик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинди. Ушбу қарор асосида Бухоро шаҳрида эркин турис¬тик ҳудуд ташкил этилиб, сайёҳларга сифатли сервис хизматлари кўрсатиш учун барча инфратузилма ва қулайликлар яратилади.

Вилоят раҳбари сўзининг охирида фестивалнинг мазмунли ва қизиқарли ўтишини таъминлаганлари учун барча ташкилотчиларга, чет эллик дипломатлар, ҳунармандлар ва сайёҳлар, республикамизнинг вилоятларидан ташриф буюрган халқ амалий санъати усталари ва фольклор-этнографик ансамбллари жамоаларига миннатдорчилик изҳор қилди.

Маросимда маҳсулотлари ЮНЕСКОнинг "Сифат белгиси"га сазовор бўлган халқ амалий санъа¬ти усталари—бухоролик Аҳмад Арабов, Абдураҳмон Ходжаев, Мавлуда Раҳимова, Фируза Кучимова ва қўқонлик Венера Калимулиналарга сертификатлар тадбир иштирокчиларининг олқишлари остида топширилди.

Фестиваль гала-концерти улуғ ўзбек шоири Алишер Навоийнинг "Ҳайрат ул-аброр" достони асосида тайёрланган "Муҳаббатдан яралган олам" адабий-мусиқий композиция билан бошланди. Вилоятдаги "Мақом" ансамбли, бухоролик хушовоз хонандалар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Хоразм, Самарқанд ва бошқа вилоятлар фольклор-этнографик дасталари чиқишлари концертга ўзига хослик бахш этган бўлса, пойтахтлик санъаткорлар куйлаган қўшиқлар томошабинларнинг қизғин ол¬қишларига сазовор бўлди.

Гала-концертдан чиққан хорижий дипломатлар, туристлар, ҳунармандлар, турли касб эгалари бўлган кўп сонли томошабинлар чеҳраларига назар солар экансиз, XVI анъанавий "Ипак ва зираворлар" фестивали улар учун чин маънодаги сайёҳлик ва халқ амалий санъати байрамига айланганига ишонч ҳосил қиласиз.

Ушбу фестиваль ҳақидаги материалларни "Бухоронома" мухбирлари Абдужалил Халилов, Эркин Ёдгоров, Дилдора Иброҳимова, Шаҳло Бақоева, Рустам Ибрагимов, Сергей Полетаев ва Тоҳиржон Истатовлар тайёрлашган.

:: орқага № 31, 31.05.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.