Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

*Бўш вақтим — спорт билан хуш вақтим

Аввал мақсад, кейин меҳнат, сўнг ғалаба

Ришод Собиров — халқаро тоифадаги спорт устаси. Икки карра жаҳон чемпиони, 3 карра Олимпия ўйинлари бронза медали соҳиби. Жаҳон кубоги, Гран-при, улкан тож турнирларида 10 та олтин, 4 та кумуш, 1 та бронза, Осиё чемпионатларида олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган.

2008 йили "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи", 2012 йилда "Ўзбекистон ифтихори" фахрий унвонлари, 2016 йил "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирланган.

Мамлакатимиз шаъни, бетакрор Ватанимиз номини нуфузли халқаро спорт мусобақаларида муносиб ҳимоя қилиб келган паҳлавон Ришод Собиров саҳифамиз қаҳрамони. Спорт оламида ўз иқтидори ва меҳнати билан улкан зафарлар қучган дзюдочи бугун нималар билан машғул? Полвоннинг ўйлари, режалари, мақсадлари билан танишиш учун у билан суҳбатда бўлдик.

—Ришод, айни кунларда қандай юмушлар билан бандсиз? Нималарни режалаштиряпсиз?

—Ҳаракат ва изланишдаман. Мураббийлик фаолияти, бўлғуси Олимпиада чемпионларини тайёрлаш билан машғулман. Эришган муваффақиятларда тўхтаб қолмасдан, юқори натижаларни кўзлаб, имконият даражасида меҳнат қиляпман.

—Шу пайтга қадар ҳар қандай спортчи орзу қилса арзигулик натижаларга эришган дзюдо устаси сифатида айтинг¬чи, спорт — иродани тоблайди, дейишгани ҳа¬қиқатми? Ёки мустаҳкам ирода соҳибларигина спорт билан мунтазам шуғулланиш учун ўзида куч топа оладими?

—Нафақат спортда, балки бошқа соҳаларда ҳам муваффақиятга эришиш учун меҳнат ва чидам керак. Ғалабанинг сири — қатъий тартиб-интизом ва машғулотларда тер тўкиб ишлашда. Меҳнат, машаққат, сабр, ҳаракат — спортда ютуқларнинг гарови ҳисобланади. Буларнинг барчаси — метиндек мустаҳкам ирода, юксак мақсад ва кучли хоҳиш билан чамбарчас боғлиқ. Болалигимда мен ҳам кўплаб қийинчиликларга учраганман, тушкунликка тушган пайтларим ота-онамнинг далдаси менга қанот бўлган. Улар муваффақиятлар йўлидан бораётганим ва ортга йўл йўқ эканига мени ишонтиришган. Ҳеч қачон ҳамма қатори оддий нарсаларни орзу қилмаганман. Мақсадларим бошқаларга қараганда жиддийроқ эди. Меҳнатим ҳам шунга яраша бўлган.

—Бобонгиз кураги ерга тегмаган полвон бўлган эканлар. Ҳазрат полвондан нималарни ўргангансиз?

—Бобомни кўрмаганман. Бу инсон—менинг ғойибона устозим. Оиламиздагиларнинг айтишича, бобомнинг билагидаги куч менга мерос бўлиб ўтган. Болалигимдан отам доим менга "Бобонгдай бўлишинг керак", дея насиҳат қилардилар. Шу сўз қулоғимга сингиб қолган. Ҳазрат полвоннинг невараси эканлигимдан фахрланаман ва бу инсонга муносиб издош бўлишга интиламан.

—Риога жўнаб кетишдан олдинги интервьюларингизда олтин медаль билан қайтишга ваъда бергансиз...

— Бунинг ҳар хил сабабларини келтириш мумкин. Эҳтимол, омад юз ўгиргандир ёки ўз имкониятларимдан тўғри фойдалана олмагандирман. Лекин нима бўлганда ҳам юрт шаъни, Ватан номини халқаро майдонларда ҳимоя қилишнинг ўзи улкан шараф. Қолаверса, ҳар тўрт йилликнинг бош мусобақасида уч марта сов¬риндор бўлган дунёдаги бешинчи дзюдочи сифатида эътироф этишгани бироз бўлса-да таскин беради. Олдимда энди бир йўл бор: Олимпиада чемпионларини тайёрлаш.

—Мураббий сифатида устозларингизнинг қайси фазилатларини ўзингизга сингдиришга уриняпсиз?

—Устозлар борасида тақдир мени сийлаган. Рустам Тўраев, Фурқат Солиев, Борис Григорьев сингари фидойи мураббийлар қўлида тарбияланганим ютуқларимнинг асосий калити десам, муболаға бўлмас. Уларнинг барча инсоний фазилатларини қадрлайман. Айниқса, уларнинг ҳар бир шогирдига ўз фарзанди каби муносабатда бўлишлари менга жуда ёқади ва буни ўзимда ҳам шакллантиришга урин¬япман.

—Ёш спортчиларга мас¬лаҳат¬ла¬рингиз?

—Спортнинг бир олтин қоидаси бор. Бу ҳам бўлса — ўзига бўлган ишонч. Бу ишончни жиддий мақсад, меҳнат, сабр сингари юксак тушунчалар билан бирлаштириб олдинга интилгандагина ғалабага эришиш мумкин.

Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида эътироф этишни истардим. Мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар, айниқса, уч босқичли Универсиада, "Баркамол авлод", "Умид ниҳоллари" спорт мусобақаларининг мунтазам ўтказиб келинаётгани ёшларнинг бу борадаги орзу ва интилишларига муносиб замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, барча бу¬хороликлар ва "Бухоронома" газетаси муштарийларига келгусидаги фаолиятида муваффақиятлар тилайман.

"Бухоронома" мухбири Дилдора ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди. Ушбу материал Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бош¬қа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағлари билан молиялаштирилган "Юксак маънавиятли авлод билан порлоқ келажак сари" лойиҳаси асосида тайёрланди.

:: орқага № 42, 24.05.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.