Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Эҳтиёт бўлинг: "Кўк кит"

Бугунги таҳликали, глобаллашув даврда ёшларимизни сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-руҳий, ахлоқий жиҳатдан етук баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Навқирон авлодларимиз нафақат ўқув даргоҳларида, балки радио-телевидение, матбуот, интернет каби воситалар орқали ранг-баранг ахборот ва маълумотларни ¬олмоқда. Замон тараққий этгани сари ёшларимизнинг онги ва хаёлларини буткул эгаллаб олаётган ўргимчак тўри — интернет, афсуски фақатгина ижобий хусусиятлари билан улар онгига кириб бораяпти, деб айта олмаймиз. Бугун кўча-кўйда юрганимизда, атрофдагилар ¬билан суҳбатлашганимизда бот-бот виртуал ўйинлар таъсирига тушиб қолаётган ёшлар ҳақида эшитамиз. Айниқса, яқиндан бери ижтимоий тармоқлар орқали қора кучлар томонидан жадал тарғиб қилинаётган, юзлаб ўсмирларнинг ёстиғини қуритган "Кўк кит" номли ўйин вабо сингари шиддат билан бутун дунёга тарқалиб, бизнинг диёримизга ҳам хатар солаётгани барчамизни ҳушёрликка чорлайди.

"Кўк кит" қандай ўйин? Айнан мустақил фикри тўла шакл¬ланиб улгурмаган ўсмирларни ўз домига тортаётган бу офатнинг асл илдизлари қаерда?

Биламизки, ўсмирлар атрофдагиларга ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатишга иштиёқманд бўлади ва ҳар қандай ўйинда ғолибликка интилади. Ижтимоий тармоқлардаги "ўлим гуруҳлари" ўсмирларнинг ана шу нозик жиҳатларига эътибор қаратган ҳолда улардан фойдаланиб, хавфли ўйин якунидаги "ғолиблик"ка етаклайди.

"Кўк кит" шартлари эса 50 қисмдан иборат ва 50 кун давом этиб, охири ўйин иштирокчисининг ўз жонига қасд қилиши билан якунланади. Ўйин қоидасига кўра, иштирокчи хавфли ўйин шартларини "ўлим гуруҳлари"нинг "Мени тонг¬ги 4:20 да уйғот" буйруғини эрталаб 4:20 да тармоққа кириб қабул қилиб олади. Гуруҳ етакчиси, уларнинг тили билан айтганда "куратор" эса тузоққа илинган ўсмирга самимий муносабатда бўлиб, унинг қизиқишлари, кайфияти ва ўзи ҳақида кўпроқ билишга интилади. Кейин ўсмирнинг жасурлигини синовдан ўтказади.

Аввалига гуруҳнинг рамзини чизиш каби оддийгина топшириқлар берилади. Аммо кейинчалик бу шартлар мураккаблашиб, ҳатто тиғ билан қўлни тирнаб ёзишга ҳам мажбур қилинади. Иштирокчи вазифаларни бажарганининг исботи сифатида берилган топшириқнинг бажарилганини суратга тушириб, гуруҳ "куратори"га кўрсатиши керак.

"Ўлим гуруҳлари" қўяётган ўйин шарт¬ларининг энг сўнгги босқичида юқори қаватдан ўзини ташлаш, тез келаётган автомобилнинг олдини кесиб ўтиш каби топшириқларни бажариш асносида худкушликни амалга оширишга ундайди.

"Ўлим гуруҳлари" етакчилари берилган топшириқларни ўйинга аъзо бўлган ўсмирнинг сўнгги босқичда, яъни хавф¬ли кульминацион нуқтада бажаришдан бош тортишига йўл қўймайди, бўйин товлаганларга таҳдид билан тазйиқ ўтказади. Қандай қилиб дейсизми? Улар ўсмирга ҳавола юборади ва уни очишни таклиф этади. Бу "ўлим гуруҳлари"нинг яна бир тузоғи эканлигини қизиқиши устун келиб ҳаволага кирган ўс¬мир билмайди. Ҳаволага киргани заҳоти "кураторлар" махсус дас¬тур орқали ўсмирнинг IP манзилини аниқлаб, унинг уй манзилини билиб олади ва шу орқали сўнгги хавфли шарт, яъни худкушликни бажаришга мажбурлайди, акс ҳолда яқинларини йўқ қилиш билан таҳдид қилади. Ҳали ҳеч қандай қарорни мустақил қабул қи¬лиш салоҳиятига эга бўлмаган ўсмир эса бу таҳдидлардан ваҳимага тушади ва шарт¬ни бажаришга кўнади…

Кўк кит! Бу жонивор тез-тез тушкунлик сабаб ўзини қир¬ғоққа, қуруқликка ташлаб, жонига қасд қилиши фанга маълум. Бу "ўлим гуруҳлари" айнан кўк китни рамз сифатида танлаганининг сабаби ҳам айнан шунда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги таҳликали шароитда фарзандларимизни виртуал оламда ёлғиз қолдириб бўлмайди. Уларни ўз фикрига эга, турли маънавий хуружларга қарши собит тура олишга қодир бўлган иродали, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш, ёшларимиз онгини эгаллашга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга, миллий манфаатимизга зид, маънавиятимизга тажовуз қиладиган ғаразли кучларга қарши доимо ҳушёр, сергак бўлишни давр¬нинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, ана шундай эътибор ва ҳушёрлик билангина фарзанд¬ларимизни "Кўк кит" сингари қабоҳат, разолат, ваҳшийлик устига қурилган ўйинлар домидан асраб қолишимиз мумкин.

Ўз мухбиримиз. Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган "Юксак маънавиятли авлод билан порлоқ келажак сари" лойиҳаси асосида тайёрланди.

:: орқага № 40, 17.05.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.