Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Сўнмас у кунлар шуҳрати

Бухорода Хотира ва қадрлаш куни тадбирлари тантанали вазиятда ўтди

Суратда: байрам тадбиридан ¬лавҳа. С.ПОЛЕТАЕВ олган суратлар.

Умумхалқ байрами—Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 72 йиллиги вилоятимизда аввалги шундай айёмларга сира ўхшамаган, ғоят янгича тарзда нишонланди. 9 май куни Бухоро шаҳридаги Марказий истироҳат боғига туташ Хотира хиёбони эрта тонгдан вилоят раҳбарлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ҳарбий қисмлар аскар ва офицерлари, ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари ходимлари, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллалар вакиллари билан гавжум бўлди. Улар маросимнинг азиз меҳмонлари—нафақат вилоят маркази, балки воҳамизнинг барча шаҳар ва туманларидан тантанага келган уруш ҳамда меҳнат фахрийларини олқишлар билан кутиб олдилар.

Хиёбон олдидаги майдонда байрам иштирокчилари учун вилоят мусиқали драма театри артистлари Иккинчи жаҳон уруши солномаси зарварақларини бадиий композиция воситасида кўрсатдилар. Ризқу насибаси юртидан ажралмасин, деган ният билан фарзандига нон тишлатиб, жону жигарини фронтга жўнатаётган ота-оналар, яқиндагина гўшангага кирган ёрини жангга узатаётган келинчаклар чеҳрасида изтироб акс этаётган бўлса ҳам, уларнинг чақноқ кўзларида Жалолиддин Мангуберди, Маҳмуд Торобий, Амир Темур сингари мардлар юртининг аскарлари албатта ғалаба билан қайтишларига ишонч ва қатъият яққол намоён бўлди.

Майдоннинг чап томонида эса даҳшатли уруш бораётган юртлардан эвакуация қилинган етим-есирларни ўз бағрига олиб, бир парча нонни улар билан баҳам кўраётган ўзбек оиласининг файзли давраси гавдалантирилди. Хиёбон узра таралган "Ғалаба куни" қўшиғининг тантанавор оҳанглари Берлинда ¬фашизмни тор-мор этишда бошқа халқлар қатори мардонавор қатнашган ўзбек ўғлонларининг жасорати мадҳиясига айланди. Тиниқ осмонида тинчлик қуёши порлаб турган мустақил Ўзбекистонимиз сарҳадлари, шу юртда фаровон ҳаёт кечираётган халқимиз осо¬йишталиги Қуролли Кучларимиз томонидан мустаҳкам қўриқланаётганини акс эттирувчи лав¬ҳалар бадиий композицияни якунлади.

Шундан сўнг ҳарбий оркестрнинг ҳазин оҳанглари Хотира хиёбонида янгради. Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноев табаррук инсонлар—уруш ва меҳнат фахрийлари ҳамроҳлигида Мотамсаро¬ она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Давлат идоралари, ҳарбий қисмлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, нодавлат ташкилотлари, меҳнат жамоалари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари вакиллари, ёшлардан иборат зиёратчилар колонналари пойида мангу олов порлаб турган муқаддас ёдгорликни баҳорнинг анвойи гулларига буркадилар. Ёдгорлик икки тарафидаги айвонлар деворларида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган бухоролик жангчиларнинг номлари битилган Хотира китобини кўздан кечирган зиёратчилар шаҳидлар ёдига эҳтиром кўрсатдилар.

Тадбирда қатнашган бухоролик уруш фахрийси, 94 ёшли Ҳомид ота Ҳотамов қалбида кечаётган ҳис-туйғуларини бизга шундай изҳор этди.

—Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари сафи йил сайин сийраклашиб бораяпти. Умр поёни кўриниб қолганидан дилни афсус ва армонлар чулғагандек бўлади. Аммо истиқлол шарофатидан гуллаб-яшнаётган Ўзбекистоннинг, улкан бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган Бухорои шарифнинг жамолига, бахтли турмуш кечираётган ҳамюртларимиз чеҳраларига боқар эканман, шу Ватан озодлиги учун қуролдош дўстларим қатори мен ҳам беҳудага жангга кирмаганимдан фахрланаман. Ўша оловли йилларда ¬халқимиз кўрсатган жасорат асло унутилмайди, у кунлар шуҳрати сира сўнмайди.

* * *

Шу куни вилоят ҳокимлиги "Гранд-Бухоро" меҳмонхонасининг ресторанида уруш ва меҳнат фахрийлари шарафига қабул маросими ўтказди.

—Республикамиз Президентининг "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги Фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан ёшлигида Ватан озодлиги учун жангу жадалларда жон олиб, жон берган, фашизм устидан ғалабани таъминлаш йў¬лида фронт ортида мардонавор меҳнат қилган фахрийларимизга беқиёс ғамхўрликлар кўрсатилди,—деди маросим қатнашчиларига қарата табрик сўзи билан мурожаат этган вилоятимиз раҳбари Ўктам Барноев.—Икки миллион сўм миқдоридаги бир марталик пул мукофоти, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллардан исталган турини имтиёзли ¬тарзда харид қилиш ҳуқуқини берувчи сертификат, ҳокимликлар ва бошқа ташкилотларнинг қимматбаҳо совғалари, энг муҳими Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг уруш фахрийларига ўз имзоси билан юборган табрикномаси муҳтарам кексаларимиз қалбини қувончга тўлдирди, уларнинг яшашга, бугунги бахтиёр кунлар гаштини суришга иштиёқини янада оширди.

Вилоят ҳокими пировардида кекса авлод вакилларини Хотира ва қадрлаш куни билан муборакбод этиб, уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, невара-чеваралар иқболини кўриш саодатини тилади.

Давра иштирокчиларининг номидан сўзга чиққан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аминжон Ахмеджанов ва меҳнат фахрийси Самад Азимовлар ўтганлар хотирасини эъзозлаш, бугун орамизда бўлган кексалар учун Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва беқиёс ғамхўрликларга жавобан бухоролик қариялар жамоатчилик тадбирларидаги фаол иштироклари, доно маслаҳатлари билан меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва якдиллик муҳитини мус¬таҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний ¬қадриятларга ҳурмат руҳида камол топдиришдек олижаноб ишларга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшажакларини изҳор этдилар.

Уруш ва меҳнат фахрийларининг тўкин дастурхон атрофидаги дилкаш гурунглари узоқ давом этди. Вилоятимиз хушовоз хонандаларининг Ватан, истиқлол, Бухорои шарифни тараннум этувчи қўшиқлари, моҳир раққосаларнинг дилбар чиқишлари байрам давраси файзига файз қўшди.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 38, 10.05.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.