Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Кекса полвоннинг ибрат мактаби

Қоракўл тумани, "Қораун" қишлоқ фуқаролар йиғинидаги ҳовлилардан бирининг боғида деярли ҳар куни 60-70 чоғли бола тўпланади. Гап шундаки, ана шу кўркам, баҳаво боғдаги соғломлаштирувчи тренажёрлар, турли спорт анжомлари уларнинг ихтиёрига берилган. Шу йўсин бу ёшлар ўз саломатликларини мустаҳкамлайдилар. Бундан ташқари, хонадон соҳиби, кекса полвон, халқаро тоифадаги спорт устаси Нурмуҳаммад Юсупов ҳудуддаги 26-ўрта мактабда очилган тўгаракда уларга самбо, дзю-до, миллий кураш сирларидан сабоқ беради. Эътиборлиси, отахоннинг нав¬қирон шогирдлари орасида Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятларидан келганлар ҳам бор.

—Уларга боқиб туриб, ёшлигим эсимга тушади,—дейди Н. Юсупов биз билан суҳбат чоғи.—Ўзимиз ҳам бир вақтлар байрам тадбирларида, турли мусобақаларда гиламга тушганмиз. Маълум ютуқларга эришганмиз. Айнан спорт орқали ҳар жиҳатдан соғлом бў¬лишни кўзлаганмиз. Боғимизда ва мактабда шундай тўгараклар фаолиятини йўлга қўйганимиз ҳам ёшларимизни спортга ошно этиш истаги билан боғлиқ.

Бу фикрлар бежиз эмас, албатта. Юзидан нур ёғилиб турган ушбу чайир, бақувват отахонни кўрган киши уни етмиш иккини қоралаган деб ўйламайди. Шу ёшда ҳам турникка ўттиз беш-қирқ мартадан кам тортилмайди. Доимо тетик, хушчақчақ. Машғулотларда ўзига ҳам, шогирдларига ҳам талабчанлик билан ёндашади. Қолаверса, узоқ йиллар мактаб ўқувчиларига жисмоний тарбиядан сабоқ берган, халқ таълими аълочиси саналган бу инсон ўзидаги самимийлик, жонкуярлик фазилатлари боис навқирон авлод вакиллари билан ҳамиша илиқ, дўстона муносабатда.

Таъкидлаш жоизки, Нурмуҳаммад отани кексалар ўртасида самбо бўйича тўрт бор жаҳон, ўн тўрт карра мамлакат чемпионлигига эришган полвон сифатида нафақат вилоятимиз, балки бутун республикамиз жамоатчилиги ҳам яхши танийди ва ҳурмат қилади. Эътиборлиси, у ёшлигида, аниқроқ айтганда, 1982 ҳамда 1984 йилларда ҳам айни шу спорт тури бўйича дунёда тенгсиз деб топилган. Шунингдек, дзюдо ва миллий курашда салмоқли ютуқларни қўлга киритган. Ўз навбатида Н. Юсуповнинг ўзига хос кураш мактабидан Мэлс Адизов, Қувондиқ Тонготдиев сингари жаҳон чемпионлари, халқаро турнирлар ғолиблари етишиб чиққан.

Дарвоқе, ўзаро суҳбат асносида отахоннинг шогирдлари у кишининг ҳам спортчи, ҳам мураббий эканлигини бежизга таъкидлашмади. Нурмуҳаммад ота кексалар ўртасида ўтадиган галдаги жаҳон чемпионатида ҳам қатнашиб, унда ғолиб чиқиш ниятида. Бу инсондаги шундай иштиёқ, ғайрат, ирода эса барча учун том маънодаги сабоқ, ибрат мактабидир.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 38, 10.05.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.