Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Биз сиздан тоабад қарздормиз!

Бухоро шаҳрида жойлашган "Хотира" музейи ҳар йили 9 май — Хотира ва қадр¬лаш куни арафасида ташриф буюрувчилар билан янада гавжум бўлади.

Шу кунларда талабалар, ўқитувчилар, ташкилот ва муассаса ходимлари, айниқса, ўқувчи-ёшлар ушбу музейнинг Иккинчи жа¬ҳон урушига доир экспозициялари билан яқиндан танишмоқдалар.

Мозийгоҳдан жой олган "Тирикларга — эҳтиром, шаҳидларга — мангу шараф-шон", "Она-Ватан чорлайди", "Ҳамма — Ватан ҳимоясига!", "Сиз — етим эмассиз, эл фарзандлари", "Ўзга юртда қолган қабрлар", "Шинелли қизлар довруғи" номли элликдан ортиқ стендлар ¬билан танишар экан, ёшлар ўз ҳайратини яширолмайди. Ўқувчилардан бири стенднинг ¬"Шинелли қизлар довруғи" номини қайта-қайта такрорлайди-да, маъносини тушунмай, музей ходими ¬Истам Муҳсиновга саволомуз тикилади. Кекса ходим ¬кулимсираб жавоб қайтаради:

—Стенддаги суратларда Иккинчи жаҳон урушида қатнашган бухоролик довюрак қизлар тасвирланган. Шинел — жанггоҳларда кийилган кийимнинг бир тури. "Шинелли" дегани — "шинель кийган" деган маънони бил¬ди¬ради. Сизлар бу ки-йим ҳақида эшитмагансизлар. Уруш ва унга тегишли барча сўзлар луғатлардан ҳам, инсонлар хотирасидан ҳам унут бўлаётгани рост бўлсин, — дейди.

"Шинелли қизлар" билан яқинроқ танишиш мақсадида болалар экспозиция атрофида тўпланишади. Муҳтарама Саиджонова, Ульяна Юсупова, Солиҳа Давронова, Хосият Усмонова, Раҳима Олимова, Саломат Сангинова, Матлаб Мухторова, Саида Рўзиева, Полина Межевая, София Ефсиевияч, Муаззам Омонова сингари жасоратли аёлларнинг фронт¬даги суратлари, урушдан кейинги фаолиятига доир фотолав¬ҳалар уларни бир муддат хаёлан фронт томон етаклайди. Ўқ ёмғири остида жанг майдонидан ярадор аскарларни судраб чиқаётган Тўмарисдек мардонавор аёллар кўз ўнгида гавдаланади.

Совуқ уруш! Дунёдаги эллик миллион инсоннинг ёстиғини қуритди. Ғалабага жанг майдонларидан қайтмаган 450 мингдан ортиқ ўзбе¬кистонлик аскарларнинг ҳаёти, жафокаш хал¬қимизнинг фронт ортидаги қора меҳнати эвазига ҳам эришилди.

—Уруш бошланган йили вилоятимиздаги 14 та болалар уйида 2000 нафардан зиёд ўғил-қиз тарбияланган, — дейди музей раҳбари Юсуф Қурбонов. — Кейинчалик болалар уйи сони яна ўнтага кўпайган, тарбия¬ланувчилар 3700 нафарга етган. Уруш касофати билан фар¬зан¬дидан жудо бўлган юзлаб ¬бухороликлар рус, украин, поляк ва бошқа миллат бо¬лаларини бағрига олишган...

Музейдаги "Бухоро вилояти Иккинчи жаҳон уруши йилларида" деб номланган экспозиция меҳнаткаш ва танти бухороликларнинг матонати, меҳру оқибати, мисл¬сиз жасорати ҳа¬қида сўз¬лайди.

Уруш йиллари ўнта ҳарбий госпитал вилоятимизга кўчирилиб, бу ерда ўн минг¬дан ортиқ ярадор шифо топгани, Бухорога кўчирилган Харьков велосипед заводида эса аёллар, ўспирин ва ёш-я¬ланглар икки-уч сменада меҳнат қилиб, фронт учун снар¬яд тайёрлагани, бухоролик мактаб ўқувчиларининг йиққан темир-терсак, пул ва ¬бошқа маблағлари эвазига "Бухоро ўқувчиси" номли қи¬рувчи самолёт тайёрланиб, фронтга жўнатилгани ҳа¬қидаги лавҳалар, маълумотлар кишини ҳаяжонга солмай қўй¬майди. Шу тобда қалбингизда ажиб туйғулар жўш уради. Ушбу ҳиссиётга ҳар ким ўзича таъриф беради. Мен бу туйғуни фақатгина бир ибора — ота-боболаримизнинг порлоқ хотираси олдидаги абадий қарздорлик ҳисси дея эътироф этган бўлар эдим.

Дилдора ИБРОҲИМОВА, "Бухоронома" мухбири.

Бобомнинг ўгитлари

Улғайганимиз сайин кексаларнинг панд-насиҳатларига риоя этишга, уларнинг ибратомуз ишларидан, ҳаёт йўлларидан сабоқ олишга ҳаракат қиламиз. Мен ҳам бобом Рамазон Деҳқоновнинг пурмаъно сўзларини бот-бот эслайман. Турли тадбирлару йиғинлар чоғи у кишининг хотираси ёд олиниб, илиқ фикрлар айтилганда, қалбим фахрга тўлади. Шундай кезларда бобом каби илму ҳунар эгаллаб, эл орасида ҳурмат-эътиборли инсон бўлишни кўнглимга тугаман.

1942 йилда Вобкент туманининг "Кумушкент" қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Ҳусникўл қишлоғида туғилган бобом доришунос сифатида умрини хайрли ишларга бахш этди. Бу инсон 1963 йилда республика тиб¬биёт билим юртини тугатиб, қарийб қирқ йилча ҳозирги "Бухоро дори-дармон" масъулияти чекланган жамиятида меҳнат қилган. Хизматлари учун "Соғлиқни сақлаш аълочиси" нишонига лойиқ кўрилган.

Ҳозир у кишининг тенгқурлари, шогирдлари бобомнинг ўз ишига садоқатли, атрофдагилардан ёрдамини аямайдиган ширинсухан инсон бўлганини тез-тез таъкидлашади. Оилада эса ¬фар¬занд тарбиясига ғоят жиддий қараган эканлар. Бобомнинг бувим Зайнаб Ашурова билан биргаликда уч фарзандни ўқи¬мишли, эл корига камарбаста этиб вояга етказишгани ҳам бежиз эмас. Ушбу ¬табаррук инсонларнинг орзу-ҳаваслари бугун ўз ижо¬батини топган десам, хато бўлмас. Амаким Шариф Деҳқонов — ҳуқуқшунос, отам Собир Деҳқонов — хусусий дорихона раҳбари, Замира аммам эса тил ўрганиш марказига бош.

Эсимда, бобом бўш вақтларида биз, невараларига китоб ўқиб берар, шеър ёдлаттирарди. Юриш-туришимиздан ҳамиша хабардор эди. Қўни-қўшнилардан, муаллимларимиздан биз ҳақимизда илиқ фикр эшитса, хурсанд бўларди. У кишининг ҳикматларию ривоятлари ҳам хуш хулқли, илмли, ҳунарли одамларнинг доим иззатда эканлиги, эзгулик ёвузликдан устун келиши хусусида эди.

Мана, бугун ҳам биз, беш невара бобомиз Рамазон Деҳ¬қоновнинг ўша насиҳатларию ўгитлари таъсирида улғайиб, кам бўлаётганимиз йўқ. Юртимизда ёш авлод камолоти йў¬лида яратилган шароитлардан фойдаланиб, нуфузли олий таълим муассасаларида ўқи¬япмиз. Айни чоғда оиламиз кенжатойи — Жавоҳирбек эса келгусида худди бобом каби доришунос бўлишни ният қилган.

Сухроб ДЕҲҚОНОВ, Хитой тиббиёт университети талабаси.

Ўқувчилар уруш фахрийси ҳузурида

Уруш шамоли аллақачонлар тинган бўлса-да, унда иштирок этган инсонлар жасорати ҳамиша мангудир.

Бухоро туманида туғилган Ғафур бобо Расулов ана шундай фидойи кишилардан бири. У 1939-1940 йилларда ҳарбий хизматни ўтаб, уруш бошланганда биринчилардан бўлиб фронтга жўнаган.

Аёвсиз жангларнинг бирида Ғ. Расулов фашистлар томонидан асирга олинади. Бир неча йил конц¬лагерь ва қамоқхоналарда ит азобини бошидан кечиради. "Мислсиз қийноқлар, очлик азоби қачон тугайди, қанча умрим қолди экан, Ватанни яна кўра олармиканман", деган жавобсиз саволлар бир дардини икки қиларди. "Ватан тупроғига қадам қўйиб, "Онажон, мен қайтдим" десаму, ўлсам майли", дея кўп бор илтижо этган.

У тут¬қунликдан озод этилгач, юртга қайтиб, оила қурди, беш нафар фарзанд кўрди. 25 йил колхозда бригадир бўлиб ишлади.

106 ёшни қарши олиб, 17 невара, 30 дан ортиқ эвараю чевара кўрган отахон ҳали-ҳануз ерни севиб ардоқлайди.

Хотира ва қадрлаш куни арафасида мактабимизнинг бир гуруҳ ўқувчилари бу табаррук инсон билан ¬учрашгани унинг хонадонига ташриф буюрди. Ғафур бобо ёшларга ўзининг уруш хо¬тираларини сўзлаб берди. Ўқувчилар эса шеърхонликлари билан Ғафур бобони ¬хурсанд қилишди. Отахоннинг соғ-саломат, бардам-бақувват бўлишларига тилак билдиришди.

Муҳаррам МУҲАММЕДОВА, Бухоро шаҳридаги 35-мактаб ўқитувчиси.

Кексаларни қадрлаган иззат топади

Мустақил, обод юртимизда кексаларнинг ўрни, нуфузи, эътибори бўлакча. Зеро, диёримизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашда, Ватанимизнинг иқтисодий салоҳияти юксали¬шида бу инсонларнинг ўрни беқиёсдир. Ҳаётимизнинг ҳар кунида, ҳар лаҳза¬сида нуроний бобо ва момоларимиз, табаррук отахон ва онахонларимизнинг эзгу тилак-истаклари, дуолари ижобат бўлиб, Ватанимиз, она заминимиз тобора гуллаб-яшнаётганлигига гувоҳмиз.

Ҳазрат Алишeр Навоий "Ҳайрат-ул аброр" асарида бундай ёзадилар:

Кимки улуғроқ, анга хизмат кeрак,

Улки кичикроқ, анга шафқат кeрак.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелда қабул қилинган "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори нуроний отахон ва онахонларга бўлган ҳурмат ҳамда эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир.

Ушбу фармон ва қарор юзасидан ¬вилоятдаги барча уруш қатнашчила¬рига 2 миллион сўм миқдорда пул маблағ¬лари, байрам совғалари ҳамда навбатсиз машина харид қилиш учун сер¬тификатлар топширилди. 29 нафар уруш қатнашчисининг уй-жойлари таъмирланди, уларга зарур тиббий ва маиший жиҳозлар, уй-жой анжомлари берилди.

Шунингдек, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими томонидан байрам арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийларига озиқ-овқат маҳсулотларидан ташкил топган жамланма совға сифатида топширилди.

Юртимизда кекса авлод вакилларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш маънавий қадриятларимизнинг асосини ¬ташкил этади ҳамда у ҳаётимизнинг муҳим қисмига айланган.

Пайғамбаримиз марҳамат қилдилар: "Қайси ёш киши кексани икром қилса, у ёш кишига Аллоҳ таоло кексанинг ёшига етганида уни икром қиладиган кишини тақдир қилади".

Дарҳақиқат, ёшларимиз кексаларимизнинг дуоларини олишлик билан ўзларининг келажаклари порлоқ бўлишини таъминлаш баробарида, келажак авлоддан бу каби яхшиликларни кўришликка ҳам муяссар бўлади.

Оилада ота-онага ғамхўрлик қилиб, кексайганида уларга суянч бўлган, ҳар бирини рози қилган киши ўз фарзандларига ҳам ибратдир.

Мансур НУРУЛЛАЕВ, Ўзбекистон мусулмонлари ¬идорасининг вилоятдаги вакили.

"Яхши инсон" деган ном қолди

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Облоберди ота Исомов ҳаёт бўлганида айни шу баҳор кунлари юз ёшни қаршилаган бўларди.

—Ҳар йил 9 май куни уйимиз узоқ-яқиндан келган қариндошлар, таниш-билишлар, отамнинг собиқ ҳамкасблари билан гавжум бўларди,—дейди унинг қизи Мавжуда Исомова.—Чунки бу кунни нафақат Ғалаба байрами, балки отам туғилган кун сифатида ҳам кенг нишонлашга одатлангандик. Тўкин дастурхон атрофида барча йиғилгач, айрим меҳмонлар уруш йиллари ҳақида сўз очишса, отам узоқ сукут сақлардилар-да, сўнг "Қўйинг, ўша қора кунларни эсламайлик, яхшиси, дориломон кунларга етказгани учун Яратганга шукроналар айтайлик", деб ўтмишни хотирлашни хоҳламасдилар.

Дарҳақиқат, уруш даҳшатларини ўз кўзи билан кўриб, гувоҳ бўлганлар учун ўша мудҳиш кунларни эслаш ниҳоятда оғир. Мавжуда опа билан суҳбатимиз давомида мен Облоберди отанинг ўша оловли йилларда не-не машаққатларни бошдан кечирганини билиб олдим.

Шофиркон туманининг Ғуломте қишлоғидаги етти йиллик мактаб таълимидан сўнг педтехникумда ўқиб, ўқитувчилик ихтисосига эга бўлган Облоберди Исомов 1939 йилгача ўқувчиларга сабоқ берди. Ҳарбий хизматга отланаркан, кўнглида "Армия сафидан қайтсам, инс¬титутда ўқиб, олий маълумот оламан, тўйлар қилиб, ўзим кўнгил қўйган қизга уйланаман", деган эзгу ниятлар ҳукмрон эди. Аммо немис фашист босқинчилари бошлаган уруш йигитнинг барча орзуларини пучга чиқарди. Сталинград фронтининг Ўрта Осиёдан жалб этилган ҳарбийлари сафида қатор шаҳару қишлоқларни душмандан озод қилишда фаол қатнашди. Бир неча марта оғир ярадор бўлиб, даволанишга тўғри келса-да, жанггоҳни тарк этмади. 1945 йил март ойида — Ғалаба кунига икки ой қолганда оёғига ўқ тегиб, Каунас шаҳридаги госпиталда узоқ даволанди. Аммо танага чуқурроқ кириб қолган ўқ қўрғошини асаб толаларига яқин бўлгани учун уни олишнинг иложи йўқ эди. Облоберди ака қолган умрини оёғида ана шу ўқ парчаси билан ўт¬казди.

Урушдан қайтгач, собиқ жангчи Ромитан, Когон, Шофиркон туманларида халқ таълими бўлими мудири, райижроком раиси, хўжалик раҳ¬бари каби масъулиятли лавозимларда ишлади. Меҳнат фаолиятининг сўнгги йилларида пен¬сияга чиққунга қадар Жилвон чўли ҳудудини ўзлаштириш ва боғдорчилик давлат хўжалигини тузиш билан банд бўлди.

—Облоберди ака ўз ишига ниҳоятда масъулиятли, фидойи инсон эди,—дея эслайди унинг сафдошларидан бири Розия биби Шаропова.—Жилвон ҳудудини узумзорга айлантириш учун бор кучини, қалб қўрини аямади. Қаерда узумнинг ноёб, се-рунум нави борлигини эшитса, ўша ёққа, ҳатто қўшни ¬республикаларга бориб келишдан эринмасди. Олинган даромад ҳисобидан кам таъминланган, ёш оилалар учун уйлар қуриб берди, хўжалик ишчиларининг фарзандларини ўқитди.

Бунинг ўзи бўлмайди. Баъзан ҳафталаб ишда қолиб кетиб, оиласи бағрига қайтишга вақт тополмасди. Мав¬жуда опанинг айтишича, ҳар қанча чарчаб уйга қайтса-да, етти нафар ўғил-қи¬зини олдига чақириб, кундаликларини бирма-бир кўздан кечиришни канда қилмасди.

—Ҳамманг аъло баҳоларда ўқиб, олий маълумот олишинг, эл-юрт учун керакли инсон бўлиб етишишинг шарт, токи сендан "яхши инсон" деган ном қолсин,—дерди у фарзандларига насиҳат қилиб.

Ўзи эса 85 йиллик умри давомида ана шу ақидага оғишмай амал қилиб яшади. Мўъжазгина ёстиқчага ҳафсала билан тикиб қўйилган 21 та орден ва медаль, жавондаги ўнлаб фахрий ёр¬лиқлар, миннатдорлик мактублари, отахоннинг уруш майдонида ва меҳнат жаб¬ҳаларида тушган суратлари унинг ҳаётда қолдирган унутилмас изларидан нишона бериб турибди. Ҳа, Облоберди Исомов сафимизда бўл¬маса-да, ундан "яхши инсон" деган муносиб ном қолди.

Зуҳра ҚУРБОНОВА, журналист.

"У кунларни эсламоқ оғир..."

Уруш кўрган, уруш заҳматини чеккан инсонлар гурунгига қулоқ тутганмисиз? Уларнинг ҳар сўзидан ҳикмат топасиз, ҳар каломидан ибрат оласиз. Зеро, тинчлик учун жон олишиб, қон кечган инсонлар осойишталик қадридан, очарчилик, қаҳатчилик йилларида азият чеккан бувиларимиз эса тўқлик, тўкинлик қадридан сўз очишади. Айни кунда орамизда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган, машаққатли даврда яшаган авлоддан саноқли инсонларгина умргузаронлик қилмоқда. Уларнинг дилидан, тилидан шукроналик тушмайди.

—Урушнинг оти ўчсин,—дейди Ғиждувон тумани, "Хавзак" МФЙ, Дарсозлар қишлоғида истиқомат қилувчи 91 ёшли Карим бобо Ашуров.— Аслида у кунларни эслашнинг ўзи оғир. Эсласанг, дилинг пора бўлади, этинг жимирлайди. Лекин даҳшатли уруш жанг¬гоҳларини унутиб бўлармиди... Беш ёшимда отамдан етим қолдим,— дея хотираларини сўзлай кетди Карим бобо.—Ёш бўлганимга қарамай, оиланинг оғир юки онамга қолмасин деб тиришиб-тирмашиб ишлардим. Уруш бошланганида 15 ёшда эдим. Эркаклар юмуши ҳам аёллар зиммасига тушди. Фронт учун, дея боладан тортиб, чолу кампиргача далада тер тўкарди. Бир бурда қора нон биз учун энг тансиқ неъмат ҳисобланарди. Ўрик қоқисидан онам чой дамлаб берар, бурда нонни еб, далага чопардик. Ёзда ялангоёқ, қишда эса оёғи¬мизга бўз ўраб юрганмиз. Ҳозиргидек ранг-баранг оёқ кийимлар қаёқда дейсиз. 1944 йилда мен ҳам урушга жўнадим...

Карим бобо уруш ҳақида сўзлар экан, бир нуқтага тикилганича узоқ ўйланиб қоларди. Уруш! Хотираларни эслаш оғир. Йиллар ўтса-да, бу совуқ сўз қалби жудолик, йўқотиш ва ғамдан зада кишиларни изтироб исканжасига солади. Қалблардаги жароҳат изларида, кекса авлод пешонасидаги ажинларда Ватандан узоқда жисми ўзга тупроқларда қолиб кетган минглаб сафдошларининг очиқ кетган кўзларидаги мунг қиёфаси бор.

—1950 йилда армиядан ярадор ҳолда қайтдим. Раҳматли турмуш ўртоғим Бибиражаб билан тақдиримиз қўшилди. 5 фарзандни вояга етказдик. Қийинчиликлардан ҳайиқмай, меҳнат қилишдан эринмай, фаровон турмушга етдик. Мендан бахтли одам бўлмаса керак, деб ўйлайман. Оиламиз катта, 20 невара, 40 эвара атрофимда парвона. Афсус, кампирим мус¬та¬қиллик йилларининг файзли кунларини кўра олмади. 1987 йилда қазо қилди. Келинларим, невараларим мендан бохабар. Хайриятки, ис¬тиқлолни кўрдим, бир армоним камайди. Набираларимга бугунги тинч, осойишта ҳаётимиз қадрига етиш кераклигини эслатиб чарчамайман.

Яна бир гапим шуки, бизни азиз билиб, эъзозлаётган Юртбошимизга раҳмат. Минг карра шукр, қаерга бормайлик, ҳар қадамда эҳтиром, ҳурматдан баҳрамандмиз.Туриш-турмушимиз, оиламизнинг аҳволи,саломатлигимиз ҳамиша эътиборда. Мана бу йил ҳам Президентимиз бизни моддий ва маънавий ¬жиҳатдан рағбатлантириш ¬борасида Фармон имзоладилар. Яқинда туман мутасаддилари хонадонимга ташриф буюриб, Президентимизнинг 2 миллион сўмлик пул му¬кофоти, навбатсиз енгил -автомашина харид қилиш учун имтиёзли сертификатни топшириб, байрам билан қутлашди. Ҳомий ¬ташкилотлар, саховатпеша инсонларнинг йўқ¬ловларидан ¬бошим осмонга етиб, гўё умримга умр, кучимга куч қўшилаётгандек.

Шаҳло БАҚОЕВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 37, 06.05.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.