Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Хотира—муқаддас, қадр—азиз

Ҳар қандай урушда, модомики, икки куч ўзаро курашар экан, адолатли ва адолатсиз томон бўлади. Ўзбекистон халқи Иккинчи жаҳон урушида адолатли томонда туриб жанг олиб борди. Ер юзидан фашизмдек ўта вайронкор, бир миллатни бошқалардан устун қўйишни кўзлаган шови¬нис¬тик ғояни дастак қилиб олган ёвуз кучни сидириб ташлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

1941-1945 йиллар урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлди.

Ўзбекистоннинг 338 нафар шавкатли фарзанди Қаҳрамон унвонига сазовор бўлди, 53 жанг¬чи эса ҳар учала даражадаги "Шуҳрат" ордени билан тақдирланди. Уруш қатнашчилари ва фронт ортида фидойилик кўр¬сатган ҳамюртларимизнинг 111 минг 959 нафари "Жасорат", 171 минг 856 нафари эса "Шуҳрат" медаллари билан тақдирланди.

Ўзбекистон фронт ҳудудларидан кўчириб келинган 1 миллиондан ортиқ кишини—аёллар, кексалар ва етим болаларни ўз бағрига олди, қўлидаги бир бурда нонини шулар билан бирга баҳам кўрди.

Орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида жонини жабборга бериб, меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг қадрига етиш эса муқаддас бурчдир.

Мустақил Ўзбекистон Республикаси халқи ва давлати аввал-бошдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди.

Ана шу асосларга кўра, мустақиллик йилларида ҳам бизда 9 май умумхалқ байрами—дам олиш куни сифатида нишонлаб келиняпти. 1999 йилдан бошлаб эса уни Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлаяпмиз.

Бу байрамда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар шўро сиёсатининг бегуноҳ қурбонлари сифатида эсга олинади, умуман, ўтганлар руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.

Энди Тошкент шаҳрининг марказида 1999 йил 9 май куни очилган Хотира майдонидаги қадди дол Мотамсаро она сиймоси пойига битилган: "Сен дои¬мо қалбимдасан, жигарим!"—деган сўзларнинг инсонийлигини, самимийлигини ўйлаб, бир юракдан ҳис этиб кўрайлик. Ҳалок бўлган тирик жон кимнингдир жигарпораси, демак, шу Ватаннинг фарзанди-ку! Ҳар бирининг ортидан қанча одам қон йиғлаб қолди. Умрининг сўнгги лаҳзасига қадар кўзларида ёши қуримай, ўғлини—жигарпорасини кутиб ўтган қанчадан-қанча мотамсаро она бор эди. Даҳшатли урушда ҳалок бўлган отажонини кўрмаган, унга, лоақал, бир бора бўлсин: "Дадажон!"—деб мурожаат қилолмай яшаётганлар—қанча.

9 майнинг Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиниши бизда сиёсатнинг инсонийлашганидан, давлатнинг ҳазрати инсонга қа¬йишганидан далолат беради. Урушда ҳалок бўлган ҳар бир ўзбекистонлик—Ватанимиз фарзанди эди. Уларни ёддан чиқаришга ҳеч биримизнинг ҳақ¬қимиз йўқ. Истиқлол йилларида 34 жилдлик "Хотира" китоби чоп этилди. Энди эса уруш қурбонларининг номи мамлакат пойтахтидаги Хотира майдонига ўрнатилган темир "китоб"га зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилди.

Бу ерга зиёратга келган ҳар бир ватандошимиз, албатта, ўз жигари, ҳеч бўлмаганда, бирор қўшнисининг номига дуч келади. Беихтиёр, ўтганлар руҳига тиловату дуолар қилиб, юзига фотиҳа тортади...

...Яқинда Сурхондарё вилояти "китоби" олдига зиёратга келган бир қизнинг, афтидан, онасига қўнғироқ қилиб, йиғлаб: "Бобомнинг исм-фамилияларини топдим! Бор эканлар!"—деб айтаётганига гувоҳ бўлдим. Ўлган ўлиб кетди. Лекин унинг ёди тириклар учун бефарқ эмас-ку. Эҳтимол, она қизини атайлаб шуни аниқлаб келиш учун Тошкент¬га юборгандир...

Болалик хотиралари—ҳамманинг ҳам умрлик ҳамроҳи бўлса керак. Онамиз раҳматли урушда бедарак кетган, ҳалигача қабри бизга номаълум тоғалари—Шофиркон туманидаги Маҳаллайи Шерий қишлоғидан бўлган шоир ва муаллим Қодир Ғафуров армиядан юборган хатлар, ёзган шеърларни темир сандиқда кўз қорачиғидек асрар эдилар. Неча марталаб бизга ўқиб берганлар. Қариндош-уруғ йиғилишиб, бу юраги ўт-олов, завқ-шавққа тўла йигитни, у ўқиган шеърлар, у куйлаган қўшиқлар, у чертган дутор куйларини йиғлаб-йиғлаб эслашар эди. Умримизда кўрмаган бу тоғамизни биз—болалар ҳам кўп бор кўзда ёш билан "соғинганмиз".

Хуллас, Ўзбекистоннинг хоҳлаган шаҳри, исталган қишлоғи ёхуд овулидан келган одам бу ерга кириб, қай бир яқинининг муборак номини топади, албатта. 1999 йил 9 майидан эътиборан бу майдон мамлакатимиз фуқароларининг қалбига яқин, ўтганлар ёдга олинадиган, дуолар ижобат бўладиган гўшасига—муқаддас маконга айланди. Шундан буён бу ер—зиёратчилар билан гавжум.

Ҳозир барча минтақаларимиз, кўплаб шаҳарларимиз ва туманларимиз марказларида ҳам шундай хотира майдонлари барпо этилди, бу хайрли иш изчил давом эттириляпти.

Шу йилнинг 4 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғ¬рисида"ги Фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғ¬рисида"ги қарори қабул қилинди.

Мазкур Фармонга биноан 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 2 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти танта¬нали ва байрамона вазиятда топширилди. Улар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ¬енгил автомашиналарни навбатсиз сотиб олиш ҳуқуқини берувчи сертификат ҳамда маҳаллий ҳокимликлар совғалари соҳиблари бўлишди.

Шунингдек, ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда ўз уй-жо¬йига эга бўлмаганларига турар жой ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Мамлакатимизнинг турли минтақаларида истиқомат қилувчи 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари вакилларининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган маросимларга темир йўл ёки автомобиль транспортида келиб-кетиши, меҳмонхоналарда жойлашиши, овқатланиши, маданий ҳордиқ чиқариши ҳамда зарур ҳолларда кийим-кечак билан таъминланиши ҳам кўзда тутилган.

Давлат тарафидан кўрсатилаётган бу ғамхўрликларнинг бари мазкур умумхалқ байрами мазмунидаги қадрлаш моҳиятининг амалий жиҳатини яққол намоён этади.

Хотира ва қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз—Ватан ҳимоя¬чиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат.

Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди.

Султонмурод ОЛИМ, "Нақшбандия" журнали бош муҳаррири.

:: орқага № 36, 03.05.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.