Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Фахрийларга — ғамхўрлик ва эҳтиром

Халқимиз уч минг йиллик ўз тарихига эга. Бугунги мураккаб замонда айрим давлатларда тарихни қайта ёзиш, уни сохталаштириш, азалий қадриятлардан воз кечишга бўлган уринишлар авж олган бир пайтда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримовнинг ташаббуси билан мана 18 йилдирки 9-май Хотира ва қадр¬лаш куни сифатида мамлакатимизда кенг нишонланиб келинмоқда.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг ҳаёт бизга нафақат Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини шарафлаш, балки уларнинг яқинларини йўқлаш, бугун орамизда яшаётган фахрийларимизни қадрлаш ҳам инсоний бурчимиз эканини ўргатди. Бу мўътабар кексаларимизни тиригида қадрлаш, кўнглини кўтариб, умрини узайтириш, маслаҳатини, дуосини олишдек инсоний бурчимизни адо этишга бўлган интилишларда ўз аксини топмоқда. Шу муносабат билан ҳар йили бутун республика бўйлаб нишонланадиган умумхалқ байрамида халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган "Хотира" ва "Қадрлаш" тушунчалари бутун мазмун-моҳияти билан намоён бўлади. Зотан, Юрт¬бошимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир... Қадр — инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди."

Олимларнинг аниқлашича, инсоният тарихида 15000 дан зиёд урушлар бўлиб ўтиб, унда 4,5 миллиард одам қурбон бўлган. XX асрнинг I чорагидаги урушларда 51 миллион киши ҳалок бўлган бўлса, фақат Иккинчи жаҳон урушида дунё аҳолисининг 4 фоизи, яъни 51,2 миллиони ҳаётдан кўз юмди. Жумладан, собиқ Совет Иттифоқининг ўзидан 27 миллион одам қурбон бўлган. 6,5 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистондан 1,5 миллиондан кўпроқ киши бу урушда қатнашди. 500.000 дан ортиқ мард ўғлонлар жанг майдонида қурбон бўлганликлари, қанча инсонлар ногирон, майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, аёллар бева, болалар эса етим қолганлигини ҳали-бери ҳеч ким эсдан чиқармайди.

1418 кун давом этган бу мудҳиш урушда 74 мингга яқин бухоролик жангчилар ҳам фашистларга қарши мардонавор кураш олиб бориб, уларнинг 30 минг нафари жанг майдонларида ҳалок бўлган. Жангда кўрсатган мардлиги ва жасорати учун 13 нафар юртдошимизга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилган. Бугунги кунда вилоятимизда истиқомат қилаётган 87 нафар уруш қатнашчилари ва 2000 дан ортиқ фронт орти меҳнат фахрийлари давлат ва жамия¬тимизнинг эътибори ва эъзозидалар.

Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор муқаддас айёмнинг бу йилги тантаналари нечоғли юқори савияда ўтказилишини белгилаб берди. Қарорга кўра "Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик" ҳамда "Аждодларни хотирлаш — муқаддас қадрият" шиорлари остида ўтадиган байрам муносабати билан ҳозирги кунда умргузаронлик қилиб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини эъзозлаш, ёлғиз, кам таъминланган фахрийларга ғамхўрлик намунасини кўрсатиш мақсадида уларнинг турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирланиши ва ободонлаштирилиши ҳамда ўз уй-жойига эга бўлмаганларга турар жой ажратилиши назарда тутилган. Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг оила аъзоларига моддий, маънавий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш мақсадида яшаш жойларига мутасадди ходимлар, раҳбарлар ташриф буюриб, улар ҳолидан хабар олмоқдалар. Бу каби йўқловлар уларнинг кўнглини кўтариши баробарида "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури мақсад ва вазифаларига ҳам ҳамоҳангдир.

Бугун вилоятимизда истиқомат қилиб келаётган уруш қатнашчиларининг ҳар бирига Президентимиз Фармони билан белгиланган 2 миллион сўмдан пул маблағи, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган хоҳлаган русумли енгил автомобилларни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини берадиган сертификатлар тарқатилди. 30 га яқин фахрийларнинг турар жойларини таъмирлаш, 10 дан ортиқ уруш қатнашчиларига юмшоқ мебель олиб бериш, шунингдек, жойларда аниқланган талаблардан келиб чиқиб, фахрийларга ногиронлик аравачалари ва эшитиш мосламаларини олиб бериш ҳам мўлжалланган.

Бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини мана шу тарзда ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган мўътабар кексаларни эъзозлаш халқимизга хос энг гўзал азалий қадриятлардандир. Зеро Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, "Йиллар ўтади, замонлар ўтади, лекин хотира ва қадрлаш деган ибора халқимиз ҳаётида абадий қолади."

Фармон АМИНОВ, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси.

:: орқага № 34, 26.04.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.