Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

*Хотира ва қадрлаш куни олдидан

Улуғ шоирга адашлик ғурури

Бир хил исм ва бир хил фамилияга эга бўлган кишиларни ҳаётда жуда кўплаб учратиш мумкин. Улар ўзаро учрашганларида ёки оммавий ахборот воситалари орқали бирлари бошқалари ҳақида маълумотга эга бўлиб қолганларида, табиийки, адашларининг хайрли ишларидан фахрланиб қўядилар. 1965 йил 15 майда мурғак кўзларим билан илк бор оламга назар ташлашим биланоқ "Эркин Воҳидов" дея аталишимга улуғ шоиримиз билан ота-онамнинг руҳий-маънавий яқинлиги боис бўлди, десам янглишмаган бўламан.

Ўша йиллари отам—Раҳим Воҳидов, онам—Муборак Темирова Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси бўлимининг талабалари бўлса, Эркин Воҳидов эса ўзининг дилбар шеърлари билан халқимиз қалбидан ўрин олиб келаётган истеъдодли шоир сифатида танилган эди. Шеъриятга ошуфта бу икки туташ тақдир соҳибларининг кўнгилларида оташнафас шоирга ҳавас туғ¬ён уриб турганини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Йўқса, улар бутун ҳаётларини адабиётнинг гўзал бадиий ифодалар билан ўқувчига тақдим этилган умумбашарий ғояларини ёшлар қалбига сингдиришга сарфлармиди?!

Отам умрларининг 40 йилдан ошиқроқ муддати Бухоро давлат университети билан боғланди. У киши мумтоз адабиётимиз, хусусан, Алишер Навоий ижоди билан шуғулланиб, номзодлик ва докторлик диссертация¬ларини ёқладилар, соҳага оид элликка яқин китоблар ёздилар, 10 нафар фан номзоди сифатида ишлаётган шогирдларига устозлик қилдилар. Онам эса мактабда ўқувчиларга она тили ва адабиётидан сабоқ бердилар. Қарангки, таниқли шоир Эркин Воҳидовнинг Шарқ мумтоз адабиётига бўлган чексиз муҳаббатларию отамнинг қалбларида ҳам ана шундай туйғуларнинг туғён уриши уларни анча яқинлаштириб қўйди. Бу яқинлик ҳамкорликка айланди.

Унинг самараси сифатида улуғ шоир ўзининг кичик адашидан ҳам хабардор бўлди. Мен эса улар ўртасидаги ўзаро ёзишмаларни энг катта хазинамдек кўзимга суртиб эъзозлайман. Ўқувчиларим билан маънавий-маърифий мавзуларда суҳбат қурганимда, уларнинг юксак маънавият соҳиби бўлганини ўрнак сифатида айтиб бериб ҳузурланаман. Шунингдек, ўқувчилик чоғимда, улуғ шоирга ҳавасланиб, "ижод" қилганимни, "Гулхан" журналига юборилган "шеър"ларимга жавобан: "Сиз шоирлар Э.Воҳидов, А.Орипов шеърларини ўқиб ўрганинг, шундай ижод қилишга ҳаракат қилинг!"—дея битилган хатларни олганимни эслаб, севиниб кетаман.

Отам билан Эркин Воҳидовнинг бир-бирларига йўллаган мактублари менга руҳий қувват бағишлайди. Уларни олганимда, ҳар иккалаларини ёнимда бордек сезаман. Негаки, бу хатларда каминанинг исми ҳам тилга олинган-да! Мана шулардан бири: "...Раҳимжон! ...Эркинжоннинг тўйларини еймиз, дўстона алоқаларни мустаҳкам давом эттирамиз, деган умидларимиз бор... Эҳтиром ила Э.Воҳидов 30.09.83".

Бундай ёзишмалар, ўзаро суҳбатлар тезда самарасини ҳам кўрсатди. Отам шоир ижодини баҳоли қудрат таҳлил этиб, 1987 йилда "Шеърият—шоир юраги" номли рисолани чоп этдилар. Бу — улуғ шоирга бўлган чексиз эҳтиром, у яратган ижод намуналарининг қадри баландлигининг ифодаси эди. Шу боис улар тез-тез бир-бирлари билан хабарлашиб турдилар. Каминанинг номи ҳам эсланиб турилди. Уларнинг бирида шундай дейилганди: "Ассалому алайкум, муҳтарам Раҳим ака! ...Мендан барча дўстларга салом. Хусусан, кичик Эркин Воҳидовга алоҳида салом ва эзгу тилакларимни билдираман. Сизга катта ҳурмат билан Эркин Воҳидов 7.02.92".

Табиатдан сўз санъатига бўлган меҳр ота-онамиздан бизга ҳам ўтганини инкор қилиб бўлмаганидек, бундай мактубларнинг келиб туриши қалбимиздаги ҳавасмандликка қанот бағишлаганга ўхшайди. Буни Нозима синглимнинг журналистлик касбини ардоқлаб келаётганида, Ноира гарчанд кимё фанлари доктори бўлса-да, шеър ёзиб туришида, Нофизанинг филология фанлари доктори эканлигию яхши шеърлар битишида туйиб ту¬раман. Мен эса мана шундай оилада камол топиб, улуғ ўзбек шоирининг адаши бўлганимдан фахрланиб юраман. Фарзандлариму ўқувчиларимга ҳали бу шоирнинг юзлаб издошлари етишиб чиқишини ифтихор ту¬йиб айтаман.

Эркин ВОҲИДОВ, Жондор туманидаги 36-мактаб директори, олий тоифали ўқитувчи.

Чаманзорда яшаётганга ўхшайман

Суратда: Ашур ота ва Суқсур момо ёшлар даврасида. Тоҳиржон ИСТАТОВ олган сурат.

Қоракўл туманининг Тожикент маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ашур бобо ва Суқсур ая истиқомат қилаётган хонадондан эртаю кеч меҳмоннинг қадами узилмайди. Маҳалла-кўй, ўқувчи ёшлар, жамоатчилик вакиллари... Албатта-да, тўқсондан ошган бу пиру бадавлат отахону онахонни зиёрат қилишни ким ҳам истамайди, дейсиз. Бири дунё¬да тинчлик ўрнатилиши учун фронтда қон кечган, иккинчиси пахта далаларида тунни тонгга улаб, фидокорона меҳнат қилган...

Қўша қариш саодатига эришган икки нуронийнинг хушчақчақ суҳбатларидан ҳаётнинг энг оғир синовлари, уруш даҳшатлари, очарчилик азоби, собиқ тузум зуғумидан омон-эсон ўтиб, дориломон кунларга етиб келиш бахтидан масрурликни ҳис этасиз.

—Ота-онам эрта қазо қилиб, икки ўғил, икки қиз етим қолганмиз,—дея гап бошлайди Ашур ота Рустамов ўтмишини ёдга олиб.—Рўзғор юки акамнинг зиммасида эди. Уруш бошлангач, аввал акам, кейин мен фронтга жўнадик. Ота-онасидан қолган ёдгори, жигарларини ажал ўчоғига бирин-кетин кузатган опамнинг мунгли нигоҳи, юзимга томган илиқ кўз ёшининг тафти ҳозиргача ёдимда.

Ашур ота 2-Белорус фронтида хизмат қилди. Ватан, она юрт ҳимояси, келажак авлод тинчлиги учун жон олиб жон берди. 1943 йилдаги жангларнинг бирида қаттиқ яраланди. Беҳуш йиқилган ёш йигитни госпиталга олиб келишди. 6 ойда зўрға оёққа тургач, фронтга қайтиш буйруғини олди. Яна икки йил ўт-олов кечди.

Фашизм устидан ғалаба қозонилган бўлса-да, уруш инсоният бошига мусибатлар ёмғирини ёғдириб, тинка-мадорини қуритди. Фронтдан қайтгач, Ашур ота Ватанида тинчлик-омонликда яшашни орзу қилган эди, аммо уни бу ерда ҳам совуқ хабарлар қарши олди.

—Урушдан мен қайтдим, акам қайтмади,—дейди отахон ҳазин товушда.—Сўраб-суриштираверганимиздан сўнг Москвадан бир энликкина "Бедарак йўқолган" деган хат келди. Инсон қадри-қиммати, тақдирини бир зумда ҳал қилиб қўйган бир бўлак қоғоз. Узоқ вақт эшикка илҳақ термулиб, ўлик-тириги номаълум жигаримизни интизор кутганмиз.

Бало-ю офатлар ариб, одамларнинг оғзи ошга етган маҳал Ашур Рустамов Суқсур ая билан турмуш қурди. Икки қиз, олти ўғилнинг ота-онаси бўлишди. Ашур ота молия-банк соҳасида, Суқсур момо эса колхозда ишлади. Фарзандларини тарбиялаб, элга қўшишди. 50 нафар невара-эвара кўриб, кексайганда ҳузур-ҳаловат топишди.

—Биласизми, тенгдошларинг билан хотираларни бўлишиш одамнинг ёшига ёш қўшади. Руҳини тетиклаштиради, яшашга иштиёқини оширади,—дея мулойим оҳан㬬да суҳбатга қўшилади Суқсур момо.—Мен билан фронт ортида меҳнат қилган дугоналаримнинг икки нафари қишлоғимизда яшайди. Тўла Жўраева, Бибиш Очилова. Улар билан тез-тез гурунглашиб, ўтган кунларимизни хотирлаймиз. Куз изғиринида далада оёқяланг чопиқ қилганимиз, тунлари ухламай фронт учун зарур буюмлар тикканимиз, қора хатларни ўқиб, фарзандидан айрилган оналар, бева қолган жувонларнинг дод-фарёдига гувоҳ бўлганимиз, ҳаммаси кечагидай ёдимизда. "Тиқ" этган товушдан юрак ҳовучлаб тонг оттирган бедор тунларимиз кўп бўлган. Бироқ ҳаётнинг барча ташвишу ғамларини, қувончу шодликларини мардонавор қарши олишга ўрганган эдик. Дунё фоний, ғамлар ўткинчи, сиздан қоладигани фақатгина ширин сўз, яхши ном, яхши амал, шарафли меҳнат. Биласизми, кўчадан ўтиб қайтаётган бугуннинг ҳар бир бахтиёр ёшлари кўзимга бир даста чиройли гулга ўхшаб кўринади. Чаманзорда яшаётгандай ҳис этаман ўзимни.

—Мендан кўпинча ҳозирги давр билан олдингисини қиёсланг деб сўрашади,—дейди момонинг гапларини давом эттириб Ашур бобо.—Бу савол чамамда бироз ноўрин. Ҳозирги замон билан олдингисини таққослашнинг ҳеч имкони йўқ. 2015 йилда "Шуҳрат" медали билан тақдирландим. Шу йили уйимизга бепул қуёш батареялари ўрнатиб беришди, замонавий телевизор совға қилишди. Яқинда хонадонимизга туманимиз ҳокими келиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев номидан 2 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ҳамда имтиёзли тарзда енгил автомашинани сотиб олиш сертификатини топширди, ҳокимликнинг қимматбаҳо сов¬ғаларини тортиқ этди... Маҳалламиздаги таълим муассасалари ўқувчиларининг ғамхўрлиги, ҳар ҳафтада уй юмушларига кўмаклашишини айтмайсизми? Тўс-тўполон, олатасирда ўтган олдинги даврларимни бу меҳр-эътибор, ғамхўрлик билан солиштиришнинг иложи йўқ, назаримда.

Дилдора ИБРОҲИМОВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 33, 22.04.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.