Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

Ўн жуфт бахтиёрлар тўйи

Суратда: тадбирдан лав¬ҳа. Сергей ПОЛЕТАЕВ олган сурат.

Кеча, 21 апрелда вилоят марказидаги энг яхши гўзаллик салонлари ўз ишини никоҳ тўйлари бир кун, бир соатда ва бир базмгоҳда нишонланадиган ўн жуфт келин-куёвларга хизмат кўрсатиш билан бошлади. Республика раҳбарияти ташаббуси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан вилоят ҳокимлиги, қатор жамоат ташкилотлари иштирокида хайрия акцияси сифатида ташкил этилган тўй ¬сабабчилари—аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларидан бўлган бу ёшлар дўстлари ва дугоналари ҳамроҳлигида уларни кутиб турган 10 та яп-янги "Малибу" автомобилларига тушиб, Бухоро маданий маркази томон йўл олишди. Касаба уюшмалари маблағи ҳисобига харид қилинган энг гўзал ва асл тўй либосларини кийган, никоҳ узукларини олган, чеҳралари қувончдан порлаб турган келин-куёвлар "Кўҳна ва боқий Бухоро" монументи пойига гуллар қўйиб, ушбу обида барпо этилишининг ташаббускори бўлган республикамиз Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳамда ўтмиш алломалари, она-Ватанимиз озодлиги ва истиқлоли, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлида жонини фидо этган мардлар хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Шундан сўнг автомашиналар кортежи вилоят марказидаги энг катта базмгоҳ—карнай-сурнайлар садоси янграб турган "Паризод" тўйхонасига етиб келди. Ёр-ёрлар остида базмгоҳга кириб келган келин-куёвларни тўйга таклиф этилган меҳмонлар—республика Олий Мажлиси Сенати аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, эл орасида обрў-эътибор қозонган отахон-онахонлар, тантана сабабчиларининг яқин қариндошлари, касаба уюшмалари ва маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ёшлар гулдурос олқишлар билан кутиб олдилар.

Бир олам ҳаяжон оғушидаги келин-куёвлар—Бухоро шаҳридан Бахшулло Кашпиев ва Ферангиз Ҳамидова, Жўра Кашпиев ва Маҳлиё Искандарова, Ромитан туманидан Камолиддин Амонов ва Ойжамол Ашурова, Туроб Остонов ва Зубайда Нутфуллаева, Жондор туманидан Шерали Ҳамроев ва Муҳайё Муродова, Ғиёс Мўминов ва Гулшан Сафарова, Жасур Ражабов ва Маҳлиё Боқие¬ва, Олот туманидан Фаррух Жумаев ва Зулфизар Олимова, Ғиждувон туманидан Азизбек Давронов ва Сарвиноз Собирова, Лазизбек Давронов ва Гулҳаё Шамсиевалар тўйхонанинг анвойи гуллар билан безатилган тўридан жой олишди.

Меҳнат фахрийси Беҳбуд ҳожи Жумаев шодиёна даврани очар экан, оилавий бахт остонасида турган келин-куёвларга энг эзгу тилакларни изҳор этиб, бундай тўйлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада ¬мустаҳкамлашига хизмат қилишини таъкидлади.

Тўй ва висол онларидан масрур келин-куёвларга ни¬коҳ гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.

Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноев ва Транспорт-қурилиш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши раиси Ўктам Турғуновлар келин-куёвларни ҳаётларидаги унутилмас воқеа билан қиз¬ғин муборакбод этиб, уларга Президент совғалари — замонавий мебеллар сертификатларини топширишди.

Никоҳ тўйи нишонланаётган ёшларнинг аксарияти ишсиз ёшлар эди. Шунинг учун ҳам уларни касб-кори ва маълумотига яраша иш ўринлари билан таъминлаш чоралари кўрилди. Ишга жойлашганлари ҳақидаги меҳнат дафтарчаларини келин-куёвларга вилоят меҳнат бош бошқармаси бошлиғи Фурқат Хўжаев давра иштирокчиларининг олқишлари остида тар¬қатди.

Шундан сўнг вилоят жамоатчилик вакиллари, никоҳланаётган ёшларнинг қариндош-уруғлари, дўстлари келин-куёвларга бахт-саодат, ували-жували бўлишни тиладилар, бухоролик ва пой¬тахтлик санъаткорлар ижросидаги куй ва қўшиқларга рақсга тушиб, шодлик даврасига ажиб назокат ва файз бағишладилар.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага № 33, 22.04.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.