Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



Ижтимоий ҳаёт

*Муносабат

Халқ манфаатларига хизмат қилиш — бош мезон

Мустақиллик йилларида ички ишлар органлари жазоловчи ва назорат қилувчи органдан халқ, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қиладиган тузилмага айланди. Ушбу саъй-ҳаракатлар тизим фаолиятининг ¬самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, юртимизда жиноятчиликнинг ўсишига йўл қўймаслик сингари салмоқли натижаларни бераётир.

Бироқ бугунги кунда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар, аввало, халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, ёшлар ўртасида халқимизга ёт ғоялар тарқалишининг кучайиб бораётганлиги ички ишлар органи ходимлари зиммасига ўз вақтида уларнинг олдини олиш ва барҳам бериш бўйича янги вазифаларни қўймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳам айни шу вазифаларни ўз вақтида масъулият билан бажариш, тизимда мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди.

Фармонда ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган профессионал хизматга айлантириш лозимлиги қайд этилган. Шу билан бирга "Халқ манфаатларига хизмат қилиш" фаолиятимизда бош тамойилга айланиши устувор вазифа этиб белгиланган. Фармонда илгари сурилган муҳим жиҳатлардан яна бири — Президентимиз ташаббуси билан туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари — ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиғи лавозимининг жорий этилишидир. Уларнинг зиммасига профилактика инспекторлари иши, айниқса, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича фаолиятни самарали ташкил этиш вазифаси юклатилиши ҳам бу ишларнинг келгусидаги ижобий натижалари учун мустаҳкам асос бўлади.

Ушбу фармон тизим ходимлари зиммасига янгича талаб ва долзарб вазифаларни юкламоқда. Унда санаб ўтилган салбий ҳолатлар вилоятимиз ички ишлар тизимида ҳам учраётгани таҳлиллардан маълум. Масалан, ҳу¬қуқбузарликлар профилактикаси фаолиятида уларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоатчилик билан ҳамкорлиги борасида қатор муаммо ва камчиликларни кузатиш мумкин.

Чунончи, вилоятдаги 558 та ўзини ўзи бошқариш органларида 199 та ички ишлар органларининг таянч пунк¬ти фаолият кўрсатиши белгиланган. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ИИО таянч пункт¬ларини ташкил этиш ва ҳокимият балансига олиш бўйича 2001, 2002 йиллардаги тегишли қарорлари талаблари тўлиқ бажарилмай қолиб кетган. Хусусан, ҳозирга қадар 35 та ИИО таянч пункти ҳокимият балансига олинмаган ¬бинолар ёки фуқароларга тегишли хусусий иншоотларда жойлашган. Айримлари эса таълим муассасаларида вақтинча фаолият кўрсатмоқдаки, у ерга ахлоқсиз, ҳуқуқбузар ҳамда шубҳали шахсларнинг олиб келиниши вояга етмаганлар, айниқса, ёш болалар дунёқараши ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Бундан ташқари, 6 та ИИО таянч пункти умуман ташкил этилмагани оқибатида баъзи жойларда криминоген вазият салбий томонга ўзгариб, мазкур ҳудудларда 2015 йилда 159 та, 2016 йилда 196 та жиноят қайд этилган.

Вилоятдаги профилактика инспекторларининг аксарияти махсус касбий тайёргарликка эга эмас. Уларнинг 15,5 фоизигина олий юридик маълумотли, атиги 12,5 фоизи Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясини тамомлаган. Айни чоғда профилактика инспекторлари бириктирилган маъмурий ҳудудларнинг 22,6 фоизидаги аҳоли сони 10 мингдан ортиқ кишини ташкил этади. Ҳолбуки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ҳар 5 минг аҳолига битта профилактика инспектори тўғри келиши белгилаб қўйилган. Ушбу талаб бажарилиши учун қўшимча 64 та профилактика инс¬пектори штат бирлигини ажратиш лозимлиги эътибордан четда қолиб кетган.

Ёшлар масаласи давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналиши саналади. Бу борада хўжакўрсинга иш юритиш, лоқайдликка берилишни ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди. Зеро, ёшлар юртимиз келажагидир. Афсуски, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳларининг фаолияти етарли даражада ўзини оқламаётганини охирги уч йилда (2014, 2015, 2016 й.) вояга етмаган ёшларнинг 228 нафари жиноят, 1043 нафари маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани мисолида кўриш мумкин.74 нафар вояга етмаганлар ўз жонига қасд қилган, 3160 нафари узоқ муддатга чет элга кетган. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг 3226 нафари диплом олмаган, 970 нафари ўқиш даврида турмуш қурган. Рақамлардан кўриниб турибдики, мазкур масалага ҳам панжа орасидан қаралган.

Фармондан келиб чиққан ҳолда фаолиятимизга танқидий назар ташлар эканмиз, келгусида бажаришимиз лозим бўлган муҳим вазифаларни белгилаб олдик. Тизимдаги туб ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берган мазкур фармон доирасида амалга оширадиган саъй-ҳаракатларимиз вилоятимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ўз вақтида амалга ошириш, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Шуҳрат АЛИЕВ, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи.

:: орқага № 31, 15.04.2017


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.